БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Тадқиқотчилар гуруҳи кўзнинг беихтиёр ҳаракатланиши билан характерланувчи нистагмни даволашда магнит имплантатларни муваффаққиятли қўллашга эришди. “Офтальмология” нашрида ёзилишича, Оксфорд университети ҳамда Лондон университети коллежи мутахассислари раҳбарлигида ўтказилган тадқиқотларда яқинда ишлаб чиқилган магнит комплекти нистагми бор беморнинг ҳар бир кўзи чуқурлигига ўрнатилган. Бу кўз ҳаракатини назорат қилувчи окуломоторли протез ёки имплантатдан амалиётда фойдаланиш йўлида ташланган муҳим қадамдир. “Тадқиқотимиз тананинг бирон қисми ҳаракатини оптималлаштиришда магнит имплантатларни қўллашнинг янги йўналишини очиб берди”, дейди мақола муаллифи доктор Парашкев Начев.

Нистагм кўзнинг ритмик тебранма ҳаракати бўлиб, баъзан уни “ўйноқи кўз” ҳам дейишади. Қарийб ҳар 400 кишидан биттасида учровчи бу ҳолат ички бузилишлар ёки кўриш ўткирлиги пасайиши орқали келиб чиқиши мумкин. Доктор Начевнинг таъкидлашича, марказий асаб тизими билан боғлиқ турли сабабларга эга бўлган нистагмни даволаш фармацевтика соҳаси  олдига кўплаб муаммоларни кўндаланг қўймоқда. Бироқ шу пайтгача кўзнинг табиий ҳаракати – нигоҳни бирон нарсага қаратишга зиён етказмасдан туриб даволаш ечимларини топиш қийин бўлиб турибди.     Тажриба амалиётида қатнашган беморларнинг бирида юзага келган нистагм унинг ҳаётига кучли таъсир кўрсатди. Ҳатто севимли ишидан айрилишига сабаб бўлди. Айни муаммолар охир-оқибат, тадқиқотчиларнинг окуломоторли протезни синовдан ўтказишлари учун туртки берди.

Магнит қўлланилган протез кўз айланаси тагига жойлаштирилиб, у кўз ҳаракатини назорат қилиб турувчи экстраокуляр мушаклардан бирига ўрнатилган кичикроқ магнит билан ўзаро алоқада бўлади. Магнитлар титан ичига жойлаштирилганлиги уларни хавфсиз ўрнатиш, қолаверса, магнит кучидан зиён-заҳматсиз фойдаланиш имконини яратади. Протез дизайни устида иш олиб борган профессор Квентин Панкхерстнинг изоҳ беришича, кўзни ихтиёрий ҳаракатлантиришга унинг ноихтиёрий ҳаракатига нисбатан кўпроқ куч сарф бўлади. Шунинг учун анча кичик магнитдан фойдаланишга тўғри келади. Натижада кўзнинг қимирламай қолиш хавфи кескин камаяди.

Имплантациядан аввал буюртма бўйича тайёрланган контакт линзага бириктирилган магнитлар синовдан ўтказилди. Магнитли протезлар Мурфилд кўз касалликлари шифохонасида икки босқичда беморлар кўзида синаб кўрилди. Жараённинг кўрсатишича, муолажа ўтказилган беморлардан бирининг умумий кўриш ўткирлиги сезиларли даражада яхшиланган ҳамда ҳаракатнинг функционал диапазонига ножўя таъсир кузатилмаган. Тўрт йил мобайнида беморнинг кўриш кўрсаткичлари барқарорлигича қолди. У давлат ишига қайтди ва ўқиш, телевизор кўриш каби кундалик юмушларда кўриш қобилияти кўмагидан унумли фойдаланишга киришди.

     “Нистагмни келтириб чиқарувчи аниқ нейрон механизмлари ҳалигача тўла ўрганилмаган бўлса-да, бироқ уни неврал сабабларга мурожаат этмасдан, яъни протез ёрдамида бартараф этиш мумкинлиги исботланди. Бу ерда кўзнинг ҳаракати муҳим, уни пайдо қилувчи сабаблар эмас”, дейди Оксфорд университети профессори Кристофер Кеннард. Тадқиқотчилар нистагми бўлган барча беморлар учун ҳам протез бирдай самарали эмаслигидан огоҳ этадилар. Негаки, магнитли имплантатлар мунтазам равишда магнит-резонанс томографияга тушадиганларга тўғри келмайди. Протез қайси беморлар учун ўнғай бўлишини аниқлайдиган бошқа текширишлар ўтказиш зарурати мавжуд.  

                                            ИНТЕРНЕТ материаллари асосида тайёрланди.

                                                                                                  

 

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш