БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Йирик “Quantel Medical” офтальмология кoмпанияси кўз хасталикларини ташхислаш ва даволашнинг илғор технологияларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Ушбу компаниянинг хабар беришича, бирламчи очиқ ва ёпиқ бурчакли глаукомани даволашнинг хавфсиз ва самарали усули сифатида лазерли SubCyclo муолажаси амалиётга татбиқ этилмоқда.  

         Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунёда глаукомадан 6,5 млн. дан ортиқ киши азият чекади ва у кўзи ожизликка олиб борувчи етакчи сабаблардан иккинчиси ҳисобланади. Глаукомага қарши самарали даво чораси бўлган термик транссклерал циклофотокоагуляция кўзнинг цилиар қисмида намликнинг ҳосил бўлишини камайтиради. Бироқ бу қўшимча воситалар билан боғлиқ деструктив муолажа эканлигидан уни фақат олдинги даволаш усуллари наф бермаган рефрактор глаукомали беморларда қўллаш тавсия қилинади.

Лазерли SubCyclo тезкор усули очиқ ва ёпиқ бурчакли глаукома касаллигининг илк босқичларида қўлланиши асносида наркоз орқали бор-йўғи 2 дақиқа ичида амалга оширилади. “Глаукомани даволашда олға силжиш ҳисобланган бу ажойиб кашфиётнинг айни хасталикдан азият чекаётган миллионлаб инсонларга фойдаси тегаётганидан хурсандмиз”, – дейди “Quantel Medical” компанияси бош директори Жан Марк Жендр.   

АНТИБИОТИКЛАР ЭНДОФТАЛЬМИТНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Кейптауннинг Гроут Шур госпиталида кўз соққаси очиқ жароҳатидан кейинги эндофтальмитнинг олдини олишга қаратилган антибиотик билан даволашга доир тадқиқот ўтказилди. Ўткир юқумли эндофтальмит аксар ҳолларда кўз соққаси жароҳатидан кейинги бир ҳафта ичида содир бўлиб, антибиотиклар воситасида даво чораларини кўришни тақозо этади. Бундан аввал уларнинг зарарсиз ва самарадор эканлигини исботлаш, хусусан, перораль антибиотикларни қўллашнинг қандай натижалар беришини аниқлаш мақсадида илмий изланишлар оиб борилган эди.

Тадқиқотга кўз соққаси очиқ жароҳатига йўлиққан катта ёшдаги беморлар жалб қилинди. 3 кун давомида вена ичига цефозалин, бўксага ципрофлоксацин ёки цефуроксим антибиотиклари юборилди. Бемор жароҳат олгандан кейин 6 ҳафта ичида эндофтальмит хасталиги ривожланмаса тадқиқот кутилган натижани берган ҳисобланади.

Ҳар бир гуруҳ учун 150 нафар бемор рўйхатга олинди. Вена ичи ва бўксасига олдиндан дори юборилганига қарамай, 7 нафар беморда (2 фоиз) эндофтальмит ривожланиши кузатилди. Перораль антибиотикларни қабул қилганларнинг эса 2,7 фоизида ушбу ҳолат рўй берди. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, профилактика даврида касалликнинг қайталаниши 2-3 фоизни ташкил этди. Ўткир эндофтальмитнинг олдини олиш мақсадида вена ичига цефозалин, бўксага ципрофлоксацин ёки цефуроксим юбориш усули беморларнинг стационарда бўлиш муддатини қисқартириш ва сарф-харажатларни камайтириш жиҳатидан афзалликкка эга.  

                                      ИНТЕРНЕТ материаллари асосида тайёрланди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш