Вашингтондаги Спокан университети тадқиқотларида хабар берилишича, кўзнинг тез ҳаракатланиши ёки тез уйқуга чўмиши кун давомида олинган таассуротларни ривожланаётган мияда мустаҳкам хотира унсурларига айлантирар экан. Болаларнинг уйқуга бўлган эҳтиёжларини ўрганиш асносида келинган хулосага кўра, стимулятор ва антидепрессантларни кўпроқ қўллаш тез уйқуга чўмиш фазаси издан чиқишига сабаб бўлади.

Ҳайвон болалари ҳаётининг илк босқичларини тез уйқуга кетиш фазасида ўтказиши аввалдан олимларга маълум эса-да, бироқ бунинг хотирага таъсири ҳақида кам маълумотга эга бўлишган. Изланишлар жараёнида ҳайвонлар атроф-оламни қандай ўрганишига қараб миясининг кўриш қобиғидаги схемалар ўзгаришга юз тутиши аниқланди. Бироқ бу ўзгаришларни эслаб қолиш учун тез уйқуга кетиш зарур. Айтиш жоиз, айни ҳолатлар ERK ферменти уйқу пайтида фаоллашиши ҳисобига юз беради..

– Уйқу билан тезда ошно тутиниш мияга худди эски суратлардаги тасвирни кўринарли қилувчи кимёвий препарат каби таъсир кўрсатади.   Уйқусизликда эса мия кўп ҳолларда кўрганларини унутади, – дейди тиббиёт профессори Маркос Фрэнк. Унинг таъкидлашича, инсон боласи миясида кўриш, ҳаракат, нутқий, лисоний ва бошқа олий когнитив функциялар ривожланиши асносида тез уйқуга чўмиш ўсаётган миянинг мустаҳкамланиши ва атроф-муҳитга оид тушунчалар пухта ўзлаштирилишига ёрдам беради.

Тажриба ўтказиш вақтида тез уйқуга чўмишнинг кўриш ривожидаги конкрет эффектларини аниқлаш мақсадида ҳайвонларнинг бир кўзи елимли қоғоз билан ёпилиб, уларнинг мия фаолияти ухлаган ва ухламаган пайтларида жиддий назорат қилинган. Уйқуга кетиш фазаси ишлаши даврида ҳайвонлар вақт-вақти билан секингина уйғотиб турилган. Таҳлилларнинг кўрсатишича, уйқу тезкорлиги етишмаган ҳайвонларда мўътадил кўриш ривожланмай қолган. Уйқусизликда кўз қобиғида доимий пластик ўзгаришлар содир бўлмаслиги устига ERK ферменти ҳам фаоллашмайди.  

Боланинг нормал ўсишида уйқу аҳамиятли ўрин тутиши сир эмас. Унинг зарурати эмизикли болаларда ўта юқори. Шунингдек, ўсмирлар ҳам бунга жиддий эҳтиёж сезадилар. Қолаверса, педиатрлар ўртасида гўдак ҳаётининг илк босқичларида мия фаолиятига таъсир қилувчи риталин, антидепрессант ва бошқа дори восталарини тайинлаш амалиёти оммалашган. Ҳолбуки, мазкур дори-дармонларнинг синовдан ўтказилиши борасида жуда кам маълумот мавжуд. Улар кўпинча сездирмасдан тез уйқуга чўмиш ҳолатини сўндириши, ушбу фазани жуда осон издан чиқариши мумкин.          

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.