Россия тиббиётида москвалик жарроҳлар томонидан илк бор кўзи ожиз инсон кўзига жисм ва рангни ажратишда ёрдам берувчи “бионик кўз” қўйилишидек кескин бурилиш юз берди. Тиббий реабилитациянинг кейинги босқичида шифокорлар ва муҳандислар иштирокида мижозга кибернетик кўриш усулидан фойдаланиш ўргатиляпти. Асосийси – йигирма йиллик зулматдан сўнг кишининг кўришига имкон берган бу метод шу дардга чалинган минглаб россияликларга умид бағишламоқда.

           Кўз бойлағичликни хуш кўрган Григорий Ульянов ўтган йигирма йил ичида коптокчаларни фақат ҳис қилган бўлса, эндиликда улар шуълаланаётганини кўриб ҳайратланарди. Хасталик зўрайиши оқибатида кўришдан маҳрум бўлган бу инсон ниҳоят, дунёни қайта кашф этишга муваффақ бўлди.

Мана бу шкаф, буниси каравот, у ерда эса Лена турибди, тўғрими?

Ҳа-ҳа!

Ана, кўриб турибман!

Григорий “бионик кўз” тизими ёрдамида кўриш қобилияти тикланган илк россиялик бўлиб, видеокамерали кўзойнак, мўъжаз компьютер ва микрочипдан иборат ушбу инновацион ишланма унинг кўз тўр пардасига кўчириб ўтказилган. Камерадаги тасвир электр импульсларига айлантирилиб, кўриш толалари орқали бош мияга узатилади. “Бош мия ғоят юқори самарадорликка эга бўлган улкан сервер каби бу маълумотни таҳлил этади, зеро, биз миямиз орқали кўрамиз. Янгиликнинг моҳияти шундаки, бунда мия билан алоқа ўрнатилади. Бу гўё Галактикага бошқа тамаддунларни топишга сигнал юбориб, кутилмаганда кимдир бизни эшитгани билан баробар”, – дейди Пирогов номидаги РНИМУ офтальмология илмий-тадқиқот маркази директори Христо Тахчиди. Бироқ камера ҳали такомиллашмагани важидан Григорий бемалол рангларни ажрата олмайди. Буюмларни ноаниқ, чаплашган асосан оқ-қора тусда кўришнинг ўзи ҳам катта бахт.

Г. Ульяновнинг қизи Елена Бутконинг айтишича, унинг уйда мўлжал олиши анчайин осонлашган. Аслида у фақат шарпаларни кўрса-да, ўзи бундан қониқади. Шифокорлар ҳам икки ой бурун ўтказилган жарроҳлик амалиёти муваффаққияли амалга ошганини эътироф этадилар. Григорий эндиликда  дўконга ҳамроҳсиз бориб-келиш, спорт билан фаол шуғулланиш имконига эга бўлгани бунинг ёрқин исботидир. “Мен рафиқам кузатувида мустақил ҳаракатланишга киришдим. Дўконга кирганимда аравача, сават кабиларни кўра бошладим”, дейди у.

Кибернетик кўриш тизимини бугунда офтальмологиядаги инқилоб деб баҳолаш мумкин, Зеро, бу билан кўзи ожизликни даволаш йўлида улкан қадам ташланишига эришилди. Аниқроғи, бу Россиядаги 50 000, бутун дунёдаги 30 миллиондан ортиқ кишини тўлақонли ҳаётга қайтариш имконияти деганидир.   Айни пайтда федерал илмий клиниканинг отоларингология марказида шунга ўхшаш иккинчи жарроҳлик амалиётига тайёргарлик кўриляпти.  

Интернет материаллари асосида тайёрланди.