БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

“Узоқ вақт телевизор томоша қилиш болалар учун зарарли экани, уларнинг кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатиши” ҳақидиги гаплар бот-бот қулоққа чалинади. Аммо бугунги илмий изланишлар асносида мультфильмларни томоша қилиш аксинча, боланинг кўриш фаолияти яхшиланишига хизмат қилиши билан боғлиқ хулосалар илгари сурилмоқда.

“Ялқов кўз” синдроми бўлмиш амблиопия болалар кўриш қобилияти бузилишининг асосий сабабларидан бири ҳисобланади. Ушбу паталогия тўр парда, кўриш йўллари ва бош миянинг кўрув марказларидаги органик шикастланишларсиз кечадиган кўриш ўткирлиги пасайишида намоён бўлади. Айнан шу сабабли олимлар болаларга кўпроқ махсус мультфильмлар намойишини кузатишни таклиф қилмоқда. Тадқиқотда 4 ёшдан 10 ёшгача бўлган “амблиопия” ташхиси қўйилган 8 нафар бола иштирок этди. Улар 2 ҳафта давомида ҳар куни 3D экранда, махсус кўзойнак таққан ҳолда 3 та дихоптик мультфильмни томоша қилиши керак эди. Натижада ҳар бир кўзга турлича юклама юкловчи ушбу мультфильм намуналари болаларга экранни биокуляр кўриш лаёқати ёрдамида томоша қилиш имконини яратди. Бунда соғлом кўзга узатиладиган тасвирда ранглар кескин фарқланмагани ҳолда бемор кўз қабул қилувчи тасвирий ахборотларда улар ёрқинлиги ва кескинлиги билан ажралиб туриши эътиборни тортди. Айни номутаносиблик бемор кўзга узатиладиган тасвирни мослаштирибгина қолмай, кўриш ўткирлигининг яхшиланишига ҳам сабаб бўлди.

Иккинчи ҳафтанинг охирига келиб барча болаларнинг кўриш тарзида ижобий ўзгариш юз бергани, яъни кўриш қобилиятини текшириш жадвалида 2 қатордан 4 қаторгача белгилар кўрилгани қайд қилинди. Дихоптик мультфильмларни томоша қилиш орқали бундай самарага эришиш учун 9 соат сарфланди, холос. Ҳолбуки, “ялқов кўз” синдромини бартараф этиш учун  тайинланадиган одатдаги тиббий муолажа ёрдамида 12 – 16 ҳафтада 120 соат давомида атиги бир қатор символларнигина кўришга муваффақ бўлинган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, янада кенг кўламда изланишлар олиб бориш билан юқоридаги натижалар салмоғи ортгудек бўлса, махсус мультфильмларни томоша қилиш болаларда амблиопияни даволашнинг яна бир самарали усулига айланиши мумкин.

Интернет саҳифаларидан олинди.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш