БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Ультратовуш ёрдамида кўриш қобилиятини тиклаш бўйича жарроҳлик амалиётлари ўтказилаётган Тобольск шаҳрида катарактани даволашнинг янгича технологияси жорий этилди. Эндиликда ушбу кашфиёт самараси ўлароқ AlconInfiniti факоэмульсификатори ва Lumera микроскопи ёрдамида эски кўз гавҳарини олиб ташламасдан, ультратовуш орқали уни майдалаган ҳолда сунъий юмшоқ гавҳар ўрнатиш  имкони пайдо бўлди. Бунда аввалгидек 12 мм эмас, балки 2 мм ли кесим ҳосил қилиш етарли бўлади. Қолаверса, эски усулдаги операциядан фарқли равишда жарроҳликдан кейинги хавфлар камайиб, муолажа муддати 1-2 кунга  қисқаради, кўриш ўткирлиги бирмунча ошишига эришилади. Офтальмолог Анатолий Самохваловнинг таъкидлашича, рухсат берилмайдиган ҳолатлар ва асоратлар эҳтимолини камайтирувчи мазкур илғор чоксиз технология бемор кўзига кам жароҳат етказади ва унинг саломатлигини тезроқ тиклашига ёрдам беради.

30-40 дақиқа давом этган аввалги жарроҳлик амалиётидан фарқли тарзда янги усулдаги операция учун атиги 15 дақиқа кифоя қилади. Бунда бир кунда 15, бир йилда 350 – 500 нафар беморни даволаш имкони мавжуд. Ишим шаҳрида шу кунгача 100 нафардан ортиқ бемор айнан шу услубда жарроҳлик амалиётидан ўтказилди.

ЯНГИ ИНТРАОКУЛЯР ЛИНЗАЛАР

АҚШнинг истеъмол маҳсулотлари ва дори воситаларини назорат қилиш бошқармаси катаракта хасталигига чалинган беморларда фокус (нурларнинг кесишган нуқтаси) чуқурлиги кенгайиши ва кўриш ўткирлиги ошишини таъминловчи интраокуляр линзаларни амалиётга тавсия этди. Ҳозирда қўлланаётган монофокаль интраокуляр линзалар кўриш ўткирлигини фақат маълум масофагача тиклаш имконини берса, янги линзалар эса катаракта олиб ташлангандан сўнг яқин, ўрта ва узоқ масофадаги кўриш даражасини оширишга хизмат қилади. Бу кишиларни жарроҳликдан сўнг қўшимча равишда контакт линза ёки кўзойнак тақиш заруратидан халос этади.

Юқоридаги бошқарма томонидан янги интраокуляр линзалар ўрнатилган 148 ҳамда стандарт монофокаль линзали 151 нафар беморнинг кўриш қобилияти текширилган клиник тадқиқотлар ўрганиб чиқилди. Бунда яқин, ўрта ва узоқ масофадан кўриш ўткирлиги, кўзнинг контраст сезгирлиги ҳамда операциядан кейинги ярим йил мобайнида оғир асоратларнинг юзага келиш ҳолатлари ҳисобга олинди. Тадқиқот натижаларига кўра, янги линзадан фойдаланувчи беморларнинг 77 фоизида рисоладаги кўриш қобилияти кузатилган бўлса, монофокаль линзали беморларда бу кўрсаткич 33 фоизни ташкил этди. Шунингдек, янги линза ўрнатилган беморлар 2-гуруҳга нисбатан кўз учун мўлжалланган стандарт харитада аста-секин кичрайиб борувчи 2 та ҳарфлар қаторини белгиланган масофадан ўқишга муваффақ бўлдилар.

Рус тилидан Зебо БОБОЕВА таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш