БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ЭЛЕКТРОН КЎЗОЙНАКЛАР ВА ЭЛЕКТРСТИМУЛЯЦИЯ

Канадалик мутахассислар томонидан кўришда жиддий нуқсони бўлган инсонлар учун дунёни бор ранглари билан кўриш имконини берувчи қурилма яратилди. “E Sight” номли ушбу янги гаджет линзалар ўрнида юқори тезликка эга камерага уланган OLED экранлари бўлган кўзойнак ҳисобланади. Қурилманинг бошқарув пульти орқали бемор нарса-ҳодисалардаги қарама-қаршилик, кескин ҳолатлар, ўлчам катталашиши, ранг билан боғлиқ ўзгаришлардан хабар топиш имконига эга. Кўзойнак макулодистрофия, диабетик ретинопатия, глаукома каби кўплаб кўз хасталиклари билан оғриганлар учун асқотса-да, бироқ кўзи мутлақо кўрмайдиганлар унинг кўмагини ҳис қилишмайди.

Болаларда кўриш пасайишини юзага келтирувчи фаол омиллардан бири амблиопия ҳисобланади. Бу хасталик илк болалик кезларида кўриш аъзосининг нотўғри ривожланишидан келиб чиқади. 8 ёшгача бўлган кўз ва мия ривожланиши даврида мазкур патологияга қарши даво чораларини кўрган маъқул. Касалликни даволашда томчи дорилар томизиш билан бирга соғлом кўзни боғич билан боғлаган ҳолда окклюзия методи ҳам қўлланилади. Суюқ кристалли Amblyz кўзойнаклари муқобил даволовчи восита ҳисобланиб, ундан фойдаланишда соғлом кўзнинг кўриш сифати белгиланган дастур асосида даврий равишда камайтириб борилади. Шу йўл билан кўришда ортда қолаётган кўзнинг тўла ривожланиши учун имкон яратилади. Болалар офтальмологи Даниел Неелйнинг фикрича, электрон кўзойнак таққан болакай кўришнинг даврий ноаниқлиги вақтинчалик ҳодиса экани ва бир-икки дақиқадан сўнг ўтиб кетишини яхши тушунади. Шу боис унда даволанишга нисбатан кучли иштиёқ наиоён бўлади.

Маълум бир ёшга етгач, кишилар кўзойнакдан фойдаланишга эҳтиёж сезишлари бор гап. Бу пайтда италиялик олимлар томонидан ишлаб чиқилган, кўзни яқиндан ўқишга мослаштириш учун хизмат қиладиган кўз мушакларини электрстимуляция қилиш усули ёрдамга келади. 40 ёшдан бошлаб мушаклар аста-секин бўшашиши ва тахминан 60 ёшларга бориб ишлашдан умуман тўхташи кузатилади. Афсуски, бу жараён рўй беришининг олдини олиш имконсиз. Фақат уни бироз секинлатиш мумкин, холос. Айни секинлашувни таъминлашда янги методнинг ўрни муҳим.

Даволаш босқичи тугагач, беморларнинг матнни ўқиш масофаси 5 см га қисқаради. Даво амалиётининг ижобий самараси электрстимуляция босқичини ўтаган баъзи кишиларда 2, айримларда 4 ойгача ўз кучини сақлаб қолади. Хасталикни даволашга эрта киришиш мазкур усулнинг муваффақиятини таъминлайди. Бошқача айтганда, яқиндан кўриш муаммосига эндигина йўлиққанлар электрстимуляциядан энг кўп манфаат топувчилар ҳисобланади.

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш