БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Мутахассислар кузатувларига кўра, жиддий юқумли кўз касалликларини чақирувчи бактериялар контакт линзаларни тозаловчи эритмаларда илгари аниқланган микробларга қараганда кўпроқ яшаши маълум бўлди. Хусусан, микробли кератит (яллиғланиш ва мугуз парданинг яра-чақа босиши)га мойиллик туғдирувчи кўк йирингли таёқчаларнинг штаммлари ўрганиб чиқилди. Буюк Британиядаги клиникалардан бирида беморлардан олинган бактериялар штаммларини одатда учровчи штаммлар билан солиштириб кўриш орқали уларни дезинфекцияловчи эритмаларни текшириш амалиёти ўтказилди. Эритма таркибида аксарият микроблар 10 дақиқа ўтиб ҳалок бўлган бўлса, узоқ муддатли даволанишни талаб қиладиган кератитнинг оғир формаларини чақирувчи  штамм (бактерия)лар 3 соатдан ортиқ яшади. Тадқиқот раҳбари Крейг Уинстенлининг таъкидлашича, зарарсизлантирувчи эритмани такомиллаштириш орқали беморга ҳалокатли таъсир этувчи микробли кератитга чалиниш хавфини камайтириш мумкин. 

* * *

 “Investigative Ophthalmology & Visual Science” нашрида чоп этилган маълумотлардан аён бўлишича, шамол эсиб турган ва совуқ об-ҳавода кўзнинг қуруқшаши ва қичишиши уни ўраб турган ҳимоя қоплами структурасининг ўзгариши билан боғлиқ равишда юз берар экан.Тадқиқот натижаларига кўра, ҳарорат 30 даражадан паст бўлганда мейбомия безлари ажратиб чиқарувчи ёғсимон модданинг қотиб қолиши аниқланди. Оқибатда кўз соққасининг айрим қисмлари шамол ва патогенли микроорганизмлар таъсиридан ҳимоясиз қолади. Қотиб қолган секрет мейбомия безлари оқимини тўсиб қўяди. Аммо кўз соққасининг ҳарорати кўтарилиши биланоқ модда ўзининг бошланғич ҳолатига қайтади. Кўп учрайдиган “қуруқ кўз” синдромининг олдини олиш учун совуқ иқлимда кўзни имкон қадар унинг таъсиридан ҳимоялашга ҳаракат қилиш зарур. Офтальмологлар шамолли кунларда мейбомия безлари секрети бекорга буғланиб кетмаслиги учун ҳимоя кўзойнакларини тақишни тавсия этадилар.

* * *

Google Glass дисплейли кўзойнаклардан фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган тажриба синовлари мазкур анжомнинг периферик кўришни қисман чеклашига ойдинлик киритди. Бошга тақиш мумкин бўлган Google Glass дисплейидан фойдаланишга бўлган қизиқиш кўплаб моделларнинг ишлаб чиқарилиши билан янада ортиб бормоқда. Бироқ унинг кўришга таъсири кам ўрганилган. Гап шундаки, муҳим аҳамиятга эга периферик кўриш кишиларга автоулов бошқариш, хавфсиз ҳаракатланиш, спорт билан шуғулланиш каби жараёнларда жуда асқотади.Оддий кўзойнаклар ҳам баъзида мутлақо кўринмайдиган зоналар вужудга келиши ҳисобига кўриш майдонини чегаралаши мумкин. Аммо дисплейли қурилмаларда бу ҳолат яққолроқ кўриниш касб этади. Махсус қурилмали кўзойнак таққан тажриба қатнашчилари текширувдан ўтказилганда ўнгдаги юқори квадратда кўриш майдонининг қисқарганлиги маълум бўлди. Бу нуқсон кўзойнак дизайнига тааллуқли бўлиб, дастурий таъминотнинг чалғитувчи эффектига алоқадор эмас. Эндиликда кишилар орасида бундай қурилмалардан фойдаланиш тобора оммалашиб борар экан, уларнинг кўриш функциясига таъсирини ўрганиш учун қўшимча тадқиқотлар ўтказиш талаб этилади.

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш