БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҚАҲВАНИНГ КЎПИ ЗИЁН

Америкалик олимлар кунига уч финжондан ортиқ қаҳва ичиш кўриш ёмонлашиши ва кўзи ожизлик пайдо бўлиши хавфини сезиларли даражада орттириши мумкинлигини аниқладилар. Ҳатто бу ичимликни кам миқдорда истеъмол қилиш ҳам кўз тўр пардасининг емирилиши ва глаукома ривожланишига замин яратади, дея хабар беради “The Daily Mail” нашри. Глаукома кўз ичидаги дренаж қувурларининг тўсилиб қолиши туфайли бундаги ички босимнинг ортишидан келиб чиқади. Натижада кўзни мия билан боғловчи кўриш нервлари зарарланади. 40 ёшдан ошган 120 минг нафар АҚШ ва Буюк Британия фуқаролари иштирокида ўтказилган тадқиқотлар қаҳва таъсирида кўз ички босими ошиши, кўриш қобилияти пасайиши ва глаукома хасталиги ривожланишини исботлади. Таркибида кофеин бўлган чой, кола каби ичимликлар ёки шоколад истеъмол қилинганда бундай ҳолатлар кузатилмаган. Қаҳванинг фойдали хусусиятлари борлигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз. АҚШ Жануби-Ғарбий университети олимларининг таъкидлашича, у совуқ ҳолда ичилганда эркак ва аёлларда бирдек жинсий майлни оширади.

ЭРКАК-АЁЛЛАРДА КЎРИШ МУАММОСИ

Аёллар эркакларга нисбатан ўрта ҳисобда 10 йил бурун кўриш билан боғлиқ муаммоларга тўқнаш келиши маълум бўлди. Агар кўриш ёмонлашиши 50 ёшли эркакларнинг 40 фоизидагина кузатилса, айни ёшдаги аёллар учун бу рақам 75 фоизни ташкил этади. Натижада кўзойнак ёки бифокаль линзалар тақиш ҳолати аёллар орасида кўп учрайди. Бунинг нима билан боғлиқ эканлиги шу кунгача тиббиётда номаълумлигича қолаётган эди. Гап шундаки, америкалик тадқиқотчилар аёллар ва эркакларда пресбиопиянинг ривожланиш омилларини аниқлаш мақсадида айни ҳодисанинг сабабларини таҳлил қилишга киришдилар. Пресбиопия деганда ёш ўтиши билан яқиндан кўриш қобилиятининг йўқолиши тушунилади. Дастлабки натижалар яқин масофада жойлашган маълум бир объектга фокусланишда эркаклар ва аёлларда мос равишда кўриш қобилиятига таъсир этиши мумкин бўлган гендер фарқлар мавжуд эмаслигини кўрсатди. Аниқроқ айтганда, иккала жинс вакиллари дунёга бир хил кўз билан қарайдилар. Улардаги кўриш аъзосининг функционал қобилиятлари ўртасида бирон-бир фарқ  кузатилмади.

Тадқиқотчилар диққатини тортган яна бир омил кучли кўзойнак ва бифокаль линзалар эркакларга қараганда аёлларга кўпроқ лозим бўлишидир. Аёллар кучли жинс вакилларига нисбатан буюмларни яхшироқ кўриш учун кўзга анча яқин тутишлари ҳақидаги фараз илгари сурилди. Ҳақиқатан ҳам статистик таққослаш ўтказилганда телевизор кўриш, китоб ўқиш каби ҳолларда аёлларнинг эркакларга қараганда буюмни ўрта ҳисобда 15-20 фоиз кўзга яқин тутишга мойил эканликлари аниқланди. Бу ҳолат инсон бош миясининг маълумотлар қабул қилишидаги фарқланишлар билан изоҳланади. Аёллар катта ўлчамдаги объектларни яхшироқ кўра олади. Эркаклар эса худди шу ҳолатда кўз билан илғаш мумкин бўлган буюмларни ҳам фарқлаши мумкин. Бу кашфиёт шунчаки фараз бўлса-да, олимлар аёлларга кўришни яхши сақлаши учун жисмларни ўзларидан узоқроқ тутишга одатланишлари лозимлигини маслаҳат беради.

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш