БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ТУНГИ КЎРИШНИ ЯХШИЛАЙДИ

Калифорниядаги Science for the Masses (“Илм омма учун”) деб номланмиш мустақил тадқиқотчилар гуруҳи томонидан нарса-буюмлар ва инсонларни қоронғиликда 50 метргача бўлган масофада илғай олиш имконини берувчи кўзга  томизиш учун мўлжалланган дори воситаси ишлаб чиқилди. Инсулин ва хлорин е6 аралашмасидан иборат ушбу СЕ6 томчиси хлорофиллнинг ўхшаши бўлиб, анча йиллардан буён ўсма касалликларини лазер усулида даволашда қўлланиб келмоқда. У ёруғликни кучайтириш хусусиятига эга бўлиб, ўсма ҳужайраларини йўқотишда яхши наф беради. Кейинги тадқиқотларда СЕ6 шабкўрлик ва бошқа кўз нуқсонларини бартараф этишда самарали таъсир кучига эга экани исботланди. Кўз ҳужайра мембраналарининг сингдирувчанлигини ошириш учун СЕ6 эритмасига яна бир диметилсульфоксид моддаси қўшилиши натижасида ёруғликнинг кескин кучайиши маълум бўлди.

Кўзни зарарли таъсирлардан ҳимоялаш даражасини аниқлаш мақсадида томчи дори тадқиқот иштирокчиси Габриэл Лисинада синовдан ўтказилганда у кучли ёруғликдан сақланиш учун ҳимоявий контакт линзалар ва кўзойнакларни тақиб олди. Икки соатлик кўникишдан сўнг унинг кўриши қоронғилаштирилган зонадаги 4 та назорат объекти ёрдамида текшириб кўрилди. Қатнашчиларга рақам, ҳарф, шакллардан иборат, шунингдек, ранглар фонида ҳаракатланувчи ҳар хил белгиларни   турли масофалардан аниқлаш, дарахтзорда кишининг турган жойини лазерли кўрсаткич билан белгилаш таклиф қилинди. Қолаверса, тажриба иштирокчисининг 25 – 50 м узоқликдаги кузатув нуқтасидан кўмакчи инсонлар ўрин олиши таъминланди.

Натижа шундай бўлдики, Лисина СЕ6 томчиси шарофати билан белгиларни тўла аниқлай олди. Қатнашчиларда қоронғи дарахтзордаги одамларни таниш 33, Г. Лисинада 100 фоизли кўрсаткични ташкил этди. Тадқиқотчилар бу билан қаноатланмай, кўриш кучайишини янада ҳаққоний баҳолаш учун қўшимча синовлар ўтказишни режалаштирмоқда. Кейинги текширувлар мазкур томчи дорининг қўлланиши оқибатида тунги кўришнинг яхшиланиш даражасини ўлчаш ва айни ҳолатни тасдиқлашга хизмат қилади.

ТУСЛАНУВЧИ ЛИНЗАЛАР

Шаффофлик даражасини ёруғлик интенсивлигига қараб ўзгартирадиган замонавий фотохром линзалар бугунга келиб мижозлар эҳтиёжларини тўла қондирмаётгани ҳақиқат. Айтайлик, улар жуда кескин ёруғлик, масалан, қорнинг ёки озиқ-овқат дўконидаги светодиоднинг ёрқин нурини тўса олмайди. Бундан ташқари, ҳозирги линзаларнинг рангсизликдан рангинликка қараб ўзгариши бир неча дақиқа давом этади. Бу ҳол асаблари заиф ва бесабр кишилар учун маълум бир ноқулайликлар туғдириши табиий. Ёруғлик кучайишига қараб тусланувчи мавжуд фотохром линзаларнинг яна бир камчилиги шаффофликни доим ҳам керакли пайтда ўзгартирмаслигидир. Айтайлик, сиз бейсбол кийимида ёки автоулов рулида бўлсангиз, линзалар ҳатто ёрқин қуёш нурида ҳам шаффофлигича қолаверади.

Олимлар шаффофлик ва қорайишнинг мижоз буйруғига кўра саноқли сониялар ичида ўзгаришини таъминловчи янги оптик восита устида иш олиб бордилар. Ҳозирда кўзойнаклар учун яратилган ушбу ашё Атлантадаги Жоржия технологик институтининг кимё ва биокимё, материалшунослик ва муҳандислик бўйича профессори Жон Рейнолдс раҳбарлигидаги мутахассислар гуруҳи ҳамда Германия “ВАСҒ” техника фирмаси ҳамкорлигида ишлаб чиқарилмоқда. АСS Applied Materials and Interfaces журналида хабар берилишича, эришилган муваффақиятга кўра эндиликда янги материал ранги электр заряди ўзгаришига қараб мижоз томонидан ўзгартиргич ёрдамида бошқарилиши мумкин. Тадқиқотчилар фикрича, мазкур тез ўзгарувчан оптик восита учувчилар ва қўриқчилар учун ғоят қўл келади. У электрохром полимерлар бирикмасидан иборат бўлиб, мижозлар томонидан бошқариладиган электрохром кўзойнаклар учун фаол материал сифатида хизмат қилади.

Тадқиқот муаллифлари субтрактив рангли модел ёрдамида ҳаворанг, сариқ, тўқ сариқ ва жигаррангнинг турли тусларини яратдилар. Лаборатория синовларида барча рангдор аралашмалар бир неча сония давомида қорайишдан шаффофликка  қараб ўзгариш хусусиятини намоён этди. Бунда ёруғлик ўтказувчанлиги 10 фоиздан 70 фоизга ошиши кузатилди. Шунингдек, сотувда бўлган қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаклар барча тусларининг тўлиқ спектрини яратиш имкони мавжудлиги таъкидламоқда.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.  

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш