БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ХАСТА КЎЗГА ТИШ КЎЧИРИБ ЎТҚАЗИШДИ

         “Америкалик жарроҳлар кўзга кўчириб ўтқазилган тишга мустаҳкамланган сунъий биллур ёрдамида бемор аёлнинг кўриш қобилиятини тиклашди”, деб хабар беради Lenta.ru сайти. Миссисипи штатида яшовчи 60 ёшли Шерон Торнтон 2000 йилда Стивен-Жонсон синдроми (тери эпителий тўқималари ва шиллиқ пардалар ҳалокатига олиб борувчи оғир аллергик таъсир) зўрайиши натижасида кўриш имкониятидан маҳрум бўлган эди.

БОЛАЛАРДА АСТИГМАТИЗМ

“Астигматизм” сўзи лотин тилида фокус нуқтасининг йўқлигини англатади. Ушбу хасталикка йўлиққан кишиларда кўз мугуз пардаси эллипс шаклида бўлиб, ёруғликнинг мугуз парда орқали ўтишида ҳосил бўладиган тасвир ҳам ўзгарган ҳолатда намоён бўлади. Бунда баъзи чизиқлар тўғри, баъзилари чаплашиб кўринади. Ҳар уч кишининг бирида учровчи бу касаллик кўп  ҳолларда ирсий характерга эга бўлади.

ҚАҲВАНИНГ  ШИФОБАХШ ТАЪСИРИ

Япон олимлари қаҳва кишини “қуруқ кўз” синдромидан ҳимоя қилишда кўмак беради, деган хулосага келдилар. Айни синдромга компьютер олдида узоқ муддат ўтирадиган кишилар йўлиқадилар. Бундай ҳолларда кўзда қуруқшаш, ачишиш, толиқиш аломатлари пайдо бўлиб, натижада у оғриққа юз тутади. Бу нохуш ҳолатлардан қутулишда қаҳва шифобахш таъсир кўрсатади.

ШИРИНЛИКЛАР КЎЗГА ЗАРАРЛИМИ?

Америка парҳезшунослари хамирли таомлар, пишириқ ва ширинликларга ружу қўйиш нафақат вазн ортишига, балки кўриш қобилияти пасайишига ҳам сабаб бўлади, деган хулосага келдилар. Улар бу турдаги егуликлар истеъмоли кўриш ўткирлигига салбий таъсир этишини тажриба ўтказиш орқали аниқладилар. Айни тажриба амалиётида 50 – 80 ёш оралиғидаги 4000 нафар киши қатнашган.

КАТАРАКТАГА ҚАРШИ ДАРМОНДОРИ

Ҳиндистонда ўтказилган тадқиқотлар хулосасига кўра, инсон таомномасида С дармондориси етишмаслиги катаракта билан хасталаниш ҳоллари кўпайишига сабаб бўлар экан. Овруполик олимлар фикрича, айни тадқиқот ишларининг Ҳиндистонда олиб борилгани бежиз эмас. Чунки мамлакат аҳолисининг аксар қисми қашшоқлик сабабли тўйимли ва дармондориларга бой озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол этолмайдилар.