БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

СОВУҚ ОБ-ҲАВО КЎЗГА ЗАРАР

         “Офтальмология тадқиқотлари ва кўз касалликлари ҳақидаги фан” ойномаси бир тадқиқот натижаларини омма эътиборига ҳавола қилди. Унга кўра, изғиринли шамол эсаётган совуқ кунда кўз соққасини қоплаб турувчи ҳимоя пардаси зичлиги ўзгариши сабабли кўзда қичишиш ва қуруқшаш ҳолати юз берар экан.

КЎЗ ТЎРПАРДАСИ ДАВОСИ

         Орегон дорилфунуни олимлари кўз тўрпардаси асаб ҳужайраларининг мўътадил ишлаши учун С дармондориси зарур эканлигини кашф этдилар. Фан доктори, тадқиқот муаллифларидан бири Энрике фон Герсдорфнинг хабар беришича, тўрпарда фаолияти учун С дармондорисининг бир қадар юқори миқдори зарурлиги аниқланган.

          МИТТИ ОБЪЕКТИВЛАР КЎРИШГА КЎМАКЛАШАДИ

Кўз соққасига кўчириб ўтказилган митти объективлар кўз тўр парда (сетчатка)си шикастланган беморларга дунёни кўриш имконини беради. Бу ихтирога бўлган зарурат тобора ортиб бормоқда. Биргина АҚШда у туфайли йилига ўн минглаб инсонларнинг кўриш қобилияти тикланмоқда. Эҳтиёжмандларнинг кўпчилигини кўз тўр пардасининг кўриш ўткирлигини бошқариб турадиган қисми ишдан чиққан кексалар ташкил этади.

ТОЗА ҲАВО – КЎЗГА ДАВО

         Британиялик тадқиқотчилар болаларнинг очиқ ҳавода бўлишлари узоқни яхши кўролмаслик ёки миопия хасталигининг ривожланиш хавфини камайтиришини аниқладилар, деб ёзади Би-Би-Си. Кембриж университети ходимлари бу борада ўтказилган тадқиқотларни таҳлил қилиб чиқдилар. Тадқиқотларда 10 мингдан зиёд бемор иштирок этган.

ТЕЗКОР ЖАРРОҲЛИК

Франциялик жарроҳ-офтальмолог Ален Теландро узоқни кўролмаслик касаллигини даволашда янги усулни қўллади. Дастлабки тўртта операцияни у Франциянинг Канн шаҳрида бир куннинг ўзидаёқ ўтказди. Жарроҳлик амалиётини тез ва осон ўтказишда у тиббиёт лазеридан фойдаланди. Ален Теландронинг таъкидлашича, янги технология икки йил давомида АҚШда тадқиқ этилган бўлса-да, уни Европада қўллаш учун узоқ вақт сертификат берилмаган.