БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Гуллар уйингиз чиройи

         Хона гулларини ўстириш биздан ортиқча вақт ва парвариш талаб қилмайди, озгина эътибор бўлса кифоя. Шундай бўлса-да, гуллар ўстиришга жуда қизиқадиган, ҳатто буни ўз хоббиларига айлантирган бекаларимиз учун баъзи маълумотларни келтириб ўтмоқчимиз.

         Уй ўсимликларини кўпайтириш ва парвариш қилиш учун уларнинг ватанини билиб, хонада шунга мос шароит яратиш керак. Гулхоналардан олинган ўсимликлар аввалига бироз қуриб, барглари тўкилиб кетади, лекин яхши парвариш қилинса, улар янги новда ва барглар чиқаради. Ёш ниҳоллар янги шароитга тез мослашади. Уларни деразага яқин жойга қўйиш, иссиқ кунларда қуёш нуридан, қишда совуқдан асраш зарур. Уй ўсимликлари хона ҳароратидаги ёки ундан бироз юқори даражадаги сув билан ёзда кечқурун, қишда эрталаб суғорилади. Суғориш жараёни тувакдаги тупроқ ҳўл бўлгунча ва сув тагликка оқиб тушгунча давом этади. Заранг тупроқли гултувак таглигидаги сув тезда тўкиб ташланади. Бўш тупроқли гултувак таглигидаги сув эса бирор соатлардан кейин тўкилади. Лекин намсевар ўсимликлар (масалан, циперус) экилган туваклар таглигида ҳар доим сув туриши зарур. Гултувак тупроғи ҳамиша юмшоқ бўлиши лозим, акс ҳолда сув қотиб қолган тупроқни намлантирмай, тўғри тагликка ўтиб кетади.  

         Сувда эриган озиқ моддалар ўсимлик илдизлари орқали аста-секин ўзлаштирилиши натижасида тупроқ кучсизланиб қолади. Шунинг учун вақти-вақти билан гултувакдаги тупроқни янгилаб туриш лозим. Ўсимлик яхши ўсмай, барглари сўлий бошласа ҳамда илдизлари бутун тупроқни ўраб олиб, майда илдизлар патак ҳосил қилсагина кўчириб ўтказилади. Бу ишни бажаришдан олдин эски тувакдаги тупроқ батамом нам бўлгунича сув қуйилади. Сўнг ўсимликни илдизларида қолган тупроқ билан олдиндан тайёрлаб қўйилган бошқа бир тувакка солиб, янги тупроқ тўлдирилади. Эслатиш жоизки, ўсимликлар асосан эрта кўкламда кўчириб ўтқазилади. Лекин касалланган ва гуллаган ўсимликларга нисбатан бундай амални қўллаб бўлмайди.  

         Уй ўсимликлари уруғи ёки қаламчаларидан (поя, барг, илдиз), илдизи бўлаклари, туганаклари, пиёзидан кўпайтирилади. Уни қаламчаларидан кўпайтириш учун ёш, соғлом ва яхши ривожланган ўсимликдан 1 – 3 та, баъзан кўп баргли новдаси остидан қия қилиб қирқиб олинади. Буғланишни камайтириш учун қаламчадан баргларнинг 1-2 таси ёки ярми олиб ташланади. Кейин чиринди барг ва қум аралаш юмшоқ тупроққа юзароқ экилиб, атрофига ҳам яхшилаб тупроқ бостирилади. Қаламча яхши илдиз олиши учун нам ҳаво зарур. Бунинг учун қадалган қаламчалар суғорилгач, идиш усти шиша қопқоқ билан ёпилиб, ёруғ жойга қўйилади. Қаламчаларга кунига 2 марта сув пуркаб турилади. Улар ўса бошлаганда қопқоқ олиб қўйилади. Қаламчаларнинг баравж ўсиши уларнинг яхши илдиз олганидан дарак беради.  ринди барли и..сизланиб қолади.        

ҚЎЛЛАРИНГИЗГА ЭЪТИБОРЛИМИСИЗ?

         Қўлнинг тозалиги, текис ва чиройли бўлиши кайифиятга ижобий таъсир қилади. Уни парваришлаш алоҳида вақт талаб этмайди. Бунинг учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилсангиз кифоя.

Қўлни кирсовунга ювмаган маъқул. Боиси, кирсовун таркибида ишқор кўп. У терини қуритиб, қўлнинг ёрилишига олиб келади. Қўлни ювгандан сўнг, албатта, артиш лозим, акс ҳолда сув буғланиб, тери қуриқлашади ва қипиқланиб ёрилади. Жароҳатланган қўлга йод ёки зелёнканинг спиртдаги эритмасини суртиш тавсия этилади.

         Қўлни илиқ сувда ювиш зарур. Совуқ сув терининг қаттиқ, иссиқ сув эса ёғсиз, қуруқ ва ғадир-будур бўлишига олиб келади. Ҳаво совуқ пайтида ёки шамол эсаётганда ҳўл қўл билан очиқ  ҳавога чиқманг. Акс ҳолда қўл териси қўполлашиши ва шўралаши мумкин. Узоқ вақт кир ёки идиш-товоқларни ювганингиздан кейин қўлингизни илитилган ўсимлик ёғига ботириб олинг, сўнгра озиқлантирувчи крем суринг.

         Қўлга хина қўйиш – яхши одат. Унинг таркибидаги танин тер безлари кавакларини торайтириб, қўл терлашини камайтиради. Шунинг учун хинани қўлнинг кўп терлайдиган кафт ва панжа ораларига қўйиш лозим. Қўл терисини юмшатиш учун мойли ва эмульцияли кремлардан суртиш керак. Агар тери таъсирчан бўлса, мойчечакли кремдан фойдаланинг. Бундай крем тери шилинганда ҳам катта ёрдам беради. Қуруқ тери учун алоэ, глицеринли кремнинг фойдаси катта. Кремни терига юпқа қилиб, айланма шаклда сургач, қўлларни бир-бирига ишқалаш ва уқалашни унутманг. Қўлингиз кўп терласа, эман пўстлоғи дамламаси билан ванна қилинг, сўнг 2  фоизли салицил спирти билан артинг. Шунингдек, лимон шарбати ва сувли ванналар ҳам қўл териси учун анча фойдалидир.

Тирноқ остидаги кирни ўткир металл асбоблар билан тозалашни одат қилманг. Бунинг учун резина чўтка ёки ёғочдан ясалган тирноқ тозалагичдан фойдаланган маъқул.

ИЧАК ХАСТАЛИКЛАРИ БЕЗОВТА ҚИЛСА...

Ичак касалликларига чалинган кишилар ўткир таъсир кўрсатувчи таомларни истеъмол қилишдан тийилишлари зарур. Ахлатнинг ўз вақтида чиқмаслиги зарарлидир. Чиқарилмай сақланган ел кўпинча қуланж ҳосил қилади, чунки у ахлатни юқорига ҳайдаб туради. Йўғон ичак ва унга ёндош ичакларда юзага келувчи қуланж касаллиги натижасида оғриқ зўрайиб, ахлатнинг чиқиши қийинлашади, иштаҳа пасайиб, ёғли ва ширин нарсалар исталмай қолади. Беморда сийдик қизариши, кўнгил айниши, ташналик ҳолатлари рўй беради. Кейин бу белгилар кучайиб, ич батамом тўхтайди. Бундан ташқари, ичаклар шамоллаши ва унда яралар пайдо бўлиши, турли озиқ-овқат ва ичимликларнинг меъёридан ортиқ истеъмол қилиниши ичак касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлади. 

Хасталикнинг бошланғич аломатлари сезилиши биланоқ уни даволаш амалиётига киришиш лозим. Бунда касалликни келтириб чиқарган сабабларни аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилади. Қуланжни даволаш учун қоринда ел ва чиқиндилар туриб қолишига қарши юмшатувчи ҳуқна (клизма) қилиш керак бўлади. Шунингдек, қуйидаги шифобахш ўсимликлардан фойдаланиш ичак касалликларини даволашда яхши наф беради.

Халқ табобатида кўнгил беҳузур бўлиши, қайт қилиш, бош оғриғига қарши шафтоли барги дамламасини ичиш тавсия этилади. Бунинг учун бир сиқим шафтоли барги чойнакка солиниб, устидан қайнаб турган сув қуйилади. 5-6 дақиқада дамлама тайёр бўлади. Ундан ярим пиёла миқдорида ичилса, 10 – 15 дақиқадан сўнг ичакдаги безовталик ва бош оғриғи таққа тўхтайди.

Абу Али ибн Сино исмалоқ баргларидан тайёрланган қайнатма ични юмшатиш, сафро ва елни ҳайдаш, қорин ҳамда ичаклардаги яллиғланишга чек қўйишда самарали таъсир кўрсатишини таъкидлаган. Қайнатма тайёрлаш учун идишга 1 ош қошиқ миқдорида қуритиб майдаланган исмалоқ барги, 1 стакан сув солиб, 10 дақиқа қайнатилади ва 1 соат давомида дамлаб қўйилади. Сўнгра докадан сузиб олиниб, шарбатидан кунига 3 маҳал овқатдан олдин ярим пиёладан ичилади.

Ичак оғриқларини қолдирувчи доривор воситалардан яна бири укроп (шивит) ва унинг уруғи дамламасидир. Бунинг учун чойнакка 2 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устидан майдаланган укроп уруғидан 2 чой қошиқ миқдорида солинади ва 10 дақиқа дамлаб қўйилади. Докадан ўтказилган мазкур дамламадан овқатдан олдин ярим стакандан ичилади.

         Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асарида қайд этилишича, олма ва асалли чой ичак касалликларини даволаш, ушбу аъзо фаолиятини мустаҳкамлашда яхши кўмак беради. Бунда 1 пиёла қора чойга олма бўлаклари ва 1 чой қошиқ миқдорида асал солиб ичиш тавсия этилади. Ичак қаттиқ оғриган вақтда майизли дамлама ҳам яхши шифо бериши айтилади. Ошқозон-ичак оғриқларини аритиш, ичак яраларини даволаш, ички қон кетишни тўхтатишда эса далачойдан тайёрланган дамлама фойдали таъсир кўрсатади. Бунинг учун оғзи ёпиладиган идишга 1 стакан қайнаб турган сув, ўсимликнинг майдаланган ер устки қисмидан 10 г солиб дамлаб қўйилади. Докадан ўтказилгач, ушбу дамламадан кунига 2 – 4 маҳал овқатдан кейин 1 ош қошиқ миқдорида ичилади.

Меъда-ичак яллиғланишидан азият чекаётган кишилар тугмачагул ўсимлигининг барги ва гулига қанд қўшиб тайёрланган дамламани ичишлари фойдалидир. Бунинг учун идишга 1 стакан қайнаб турган сув қуйиб, устига ўсимликнинг майдаланган барг ва гулидан 1 ош қошиқ солинади ва 2 соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докадан сузиб олиниб, озроқ қанд қўшган ҳолда кунига 3-4 маҳал 1-2 ош қошиқдан ичилади.

Меъда-ичак касаллигида яна сувда эритилган  2 г тоғ мўмиёсига қора зира қўшиб ичиш буюрилади. Ич кетишида носоғлом ҳолат кузатилган тақдирда 5 дона ёнғоқ мағзини эчки сутида қайнатиб истеъмол қилиш тавсия этилади. Қовурилган ёнғоқ мағзини майдалаб, киндик устига сепиш усули ҳам ичак оғриқларини босиши ва ич кетишини тўхтатиши айтилади. Яна бир жиҳати, ёнғоқни вақт-вақти билан тановул қилиш, кўричак хасталигига йўлиқишнинг олдини олади.

Меъда ва ўн икки бармоқли ичакда яра бўлса, асалари елимидан катталиги мошдек келадиган миқдорда бир ой давомида кунига 3 маҳал овқатдан ярим соат олдин истеъмол қилиш яхши наф беради. Яъни ушбу муолажа таъсирида ичак ва меъдадаги яралар тезда битади. Ичакларда оғриқ сезган кишининг ошқовоқ пўстини хом ҳолида ейиши ё бўлмаса, чилонжийда, янтоқ ва сабзини мижозга қараб истеъмол қилиши ҳам фойдалидир.

Ошқозон-ичак безлари фаолиятини яхшилаш, бундаги яраларни бартараф этиш ҳамда гастрит касаллигини даволашда алоэ ўсимлигидан кенг фойдаланилган. Хусусан, мазкур ўсимликнинг сиқиб олинган шарбати, яъни сабур ичакдаги яраларни шифолашда яхши натижа беради. Халқ табобатида кунига наҳорда ва ётишдан олдин битта алоэ баргини чайнаш тавсия этилади. Шу усулда бир ой муолажа қилинганда ошқозон ва ичакдаги яралар битиб, гастрит ҳам барҳам топар экан.

         Гулхайри илдизидан тайёрланган дамлама юмшатувчи хусусиятга эга бўлиб, у меъда ва ўн икки бармоқли ичак яраси хасталигида қўлланилади. Дамлама тайёрлаш учун идишга майдаланган гулхайри илдизидан 4 чой қошиқ миқдорида солиниб, устига 2 стакан қайнатиб совутилган сув қуйилади. 8 соат тиндириб қўйилгач, докадан ўтказилган ушбу дамламадан кунига 3-4 маҳал овқатдан олдин ярим стакандан ичилади.