БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

БУЙРАК ТОШИДАН НИМА ХАЛОС ЭТАДИ?

         Буйрак хасталиклари шамоллаш, заҳарланиш, қовуқни мунтазам тўлдириб юриш оқибатида юзага келади. Хасталик яна буйракда тош пайдо бўлиши билан кечиб, сийдикнинг аввалда қуюқ, кейин эса суюққа айлана боришида намоён бўлади. Ҳаракатланганда бел пастида бир нарса қадалиб тургандек оғирлик ва оғриқ сезилиши бу далилни қувватлайди.

          Абу Али ибн Сино далачой ўсимлигидан сийдик ҳайдовчи, буйрак тошини майдаловчи, қон тўхтатувчи, оғриқ қолдирувчи восита ўлароқ унумли фойдаланган. Далачойдан қайнатма тайёрлаш учун оғзи берк идишга бир стакан қайноқ сув қуйиб, устига ўсимликнинг майдаланган ер устки қисмидан 15 г солинади ва 10 дақиқа қайнатилади. Қайнатма совугач, докадан ўтказилади ва кунига 2 – 4 маҳал овқатдан ярим соат олдин икки ош қошиқдан ичилади. Маймунжон илдизидан тайёрланган қайнатма ҳам буйракдаги тошни тушуриш хусусиятига эга. Уни тайёрлаш учун идишга бир ош қошиқ майдаланган ўсимлик илдизи солинади ва бир стакан қайноқ сув қуйиб, 10 дақиқа паст оловда қайнатилади. Сўнг докадан сузиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин 1-2 ош қошиқдан ичилади.

Халқ табобатида қирқбўғим дамламаси сийдик ҳайдовчи, буйракдаги тошларни эритиб туширувчи сифатида беморга ичирилади. Айни дамламани тайёрлаш учун кичикроқ чойнакка 4 чой қошиқ майдаланган қирқбўғим солинади ва устига 2 стакан қайнаган сув қуйиб, 5 – 10 дақиқа дамланади. Сўнгра докадан сузиб, иссиқ ҳолида кун бўйиоз-оздан ичиб туриш тавсия этилади.

Рўян илдизидан тайёрланган қайнатма ёки дамлама буйрак ва ўт йўлларидаги тошларни туширишда қўл келади. Дамлама тайёрлаш учун идишга бир стакан қайнатиб совутилган сув қуйиб, устига майдаланган ўсимлик илдизидан 1 чой қошиқ солинади ва 8 соат тиндириб қўйилади. Сўнг докадан ўтказилиб, яна бир стакан қайнаб турган сув қўшилади ва 10 дақиқа дамланади. Ушбу дамламадан кунига 4 маҳал ярим стакандан ичилади.  

Шафтоли данаги, мағзи буйрак ва қовуқдаги тошларни эритиб тушириш хосиятига эга. У яна пешоб ҳайдовчи восита ҳамдир. Бунинг учун шафтоли мағзи қовун, турп уруғларидан 24 г дан олиб 16 г асал ва 20 г шакар билан қўшиб мураккаб қоришма тайёрланади. Уни ҳар куни наҳорда истеъмол қилиш тавсия этилади.

Абу Али ибн Сино чилонжийда мевасини буйрак ва сийдик пуфаги касалликларини даволашда фаол қўллаган. Унинг ёзишича, чилонжийда ўткир буйрак ва қовуқ оғриғи, жигар хасталигига шифо бўлиб, қон ҳаракатини фаоллаштиради. Буйраги оғриган кишига чилонжийда дамламасини ичиш тавсия этилади. Уни тайёрлаш учун ярим литрли чойнакка 10 – 12 дона йирик ва ранги қизил чилонжийда, кичкина қошиқда кўк чой солинади. Устига қайнаб турган сув қуйиб, чойнакни сочиққа ўраган ҳолда 10 – 12 соат тиндириб қўйилади. Дамлама кунига уч маҳал бир стакандан ичилади.

Майиз (кишмиш)ли дамлама буйрак ва қовуқ хасталикларида яхши шифодир. Дамлама тайёрлаш учун ярим литрли чойнакка кичкина қошиқда қуруқ чой, 0,5 стакан майиз солиб, устига қайноқ сув қуйилади. Чойнакни сочиққа ўраб 5 – 7 дақиқа дам едирилади. Ушбу дамламадан овқатдан олдин 1-2 пиёла ичиб туриш тавсия этилади. Бу жараён бир ой давом этса, буйракдаги шамоллаш қайтади.

Абу Али ибн Синонинг қайд этишича, седана дамламасига асал қўшиб ичилса, буйрак, пешоб йўлларидаги тошни майдалайди. Дамлама тайёрлаш учун ярим литрли чойнакка бир чой қошиқ қора ёки кўк чой, 25 – 35 дона седана солиб, устига қайноқ сув қуйилади ва 3-4 дақиқа дамланади. Унга асал қўшилиши дамламанинг фойдалилик даражасини янада оширади.

Кийикўти ўсимлиги пешоб ҳайдаш, жигарни мустаҳкамлаш хусусиятига эгадир. Унинг қайнатмаси ёки дамламаси пешобни яхши ҳайдайди, буйрак ва сийдик қопидаги тошларни йўқотади. Дамлама тайёрлаш учун ярим литрли чойнакка бир чой қошиқ майдаланган кийикўти солиб, устига қайнаб турган сув қуйилади ва 5 дақиқа дамланади. Сўнг докадан сузиб, кунига 3-4 маҳал 1-2 пиёладан ичиб турилади.

Петрушка ғоят фойдали зиравор ўсимлик бўлиб, унинг ҳамма турлари буйрак, қовуқ ва бачадонни тозалашга ёрдам беради. Халқ табобатида петрушка ел ҳайдовчи, буйрак ва сийдик қопидаги тошларни эритувчи омил бўлиб хизмат қилади. Петрушка мевасидан дамлама тайёрлаш учун оғзи ёпиладиган идишга 2 стакан қайнатиб совутилган сув қуйиб, устига ярим чой қошиқ майдаланган петрушка солинади ва 8 соат тиндириб қўйилади. Сўнгра докадан ўтказилиб, кунига 3-4 маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичиб турилади.

Буйрак, сийдик қопи йўлидаги тошларни туширишда олма шарбати билан қилинажак муолажа катта фойда беради. Буйракдаги тошни тушириш учун олма шарбатидан эрталаб наҳорга 240 г, соат 10, 14, 16, 18, 20 да 480 граммдан ичилади. Эртаси ҳам худди шу муолажа қайтарилади. Агар қабзиятдан азият чекилса, маккаи сано қайнатмасидан бир пиёла ичиш керак бўлади. Учинчи куни наҳорга яна 480 г олма шарбати ичилади ва ярим соатдан кейин 120 г эритилган сариёғ истеъмол қилинади. Кетидан озгина сув қўшилган бир стакан олма шарбати ичилади.

Пешоб пайтида майда яшил рангдаги тошлардан бошлаб чумчуқ тухуми катталигидаги тошларгача тушиши мумкин. Буйрак тоши юмшоқ, қизғиш ва юмалоқ, қовуқдагиси эса қорамтир, яшил, кулранг ва оқиш бўлади. Буйрак тошининг оғриғи қовуқникидан кўра кучлироқ кечади. Чунки қовуқдаги тош бўшлиқда туради, тош сийдикни тўсиб турган ҳол бундан мустаснодир. Дори-дармонлар қабул қилингани сабабли буйракдаги тош қовуққа сирпаниб тушса, оғриқ тўхтайди. Гоҳо бадантарбия қилиш, йўрға отга миниш ва зинадан тушиш тошни тушириш учун кифоя қилади. Агар тош қовуқдан олат йўлига ўтса, оғриқ кучаяди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш