БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ВАКИЛЛАРИМИЗ СЕРМАҲСУЛЛИКДА ТЕНГСИЗ

Ўзбек спорти учун муваффақиятли кечган 2018 йилда энг нуфузли спорт анжумани – Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида атлетларимиз улкан зафарларга эришиб, ютуқлар солномаси яна бир ёрқин саҳифа билан бойишига ўз ҳиссаларини қўшдилар. Зотан, шу вақтгача Осиё ўйинларида 6 маротаба иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси бу қадар салмоқли ғалабани қўлга киритмаган эди. Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган тўрт йилликнинг энг катта мусобақасида спортчиларимиз 21 та олтин, 24 та кумуш ва 25 та бронза, жами 70 та медаль совриндори бўлишди. Мамлакатимиз олтин медаллар жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллагани ўзбек спорти тарихида энг яхши натижа қайд этилгани далолатидир. Мусобақага Ўзбекистондан 234 нафар спортчи ташриф буюриб, улар спортнинг 30 турида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

III ёзги Параосиё ўйинларига старт берилар экан, аввалги беллашувдаги муваффақиятли одимлар кетма-кетлиги бунда ҳам давомийлик касб этди. Унда Осиё қитъасининг 43 мамлакатидан келган 3 мингга яқин паралимпиячи 18 спорт тури бўйича ўзаро беллашдилар. Мазкур ўйинлар 54 нафар атлетдан иборат Ўзбекистон спорт делегацияси учун ҳар қачонгидан ҳам муваффақиятли якунланди. Терма жамоамиз вакиллари 5 спорт турида ўз кучини синовдан ўтказиб, уларнинг 4 таси, яъни сузиш, енгил атлетика, дзюдо, пауэрлифтинг бўйича мусобақаларда 35 олтин, 24 кумуш, 18 бронза, жами 77тамедаль жамғардилар. Ваҳоланки, бунгача паралимпиячиларимизга ушбу ўйинларда бу қадар кўп медаллар насиб этмаган эди. Ортда қолган Параосиё беллашувларида медаллар сони бўйича ҳам рекорд ўрнатилиб, энг кўп соврин сузиш баҳсида қўлга киритилди.

Мусобақада кучли ўнликка кирган мамлакатлар орасида Жакарта-2018 нинг сермаҳсул жамоаси бўлмиш бизнинг термамиз энг кам спортчи билан иштирок этди. Зеро, Хитой 232, Жанубий Корея 201, Эрон 210, Япония 303, Индонезия 295, Таиланд 237, Малайзия 139, Ҳиндистон 193, Гонконг 100 нафар атлет билан беллашувга ташриф буюрди. Жамоамизнинг 2 вакиласи – Ф. Амилова ва Ш. Тошпўлатовалар 7 та йўналишдаги баҳсларнинг барчасида совриндорлар сафидан жой олдилар. Бу 2 спортчи биргаликда 7 та олтин, 6 та кумуш, 1 та бронза медаль билан умумий жамғарма салмоғи ошишига баракали улуш қўшдилар. Шунингдек, сузувчиларданД.Хорлин ва И. Асланов5тадан медалга сазовор бўлди. Ўзбекистонлик спортчилар Параосиё ўйинлари давомида 39 та рекордга муаллифликқилдилар. Хусусан, сузишда2 марта жаҳон, 12 қитъа ва 13 та Параосиё ўйинлари, енгилатлетика бўйича 1та жаҳон, 2 та Осиё, 9 марта Параосиё беллашувлари рекордлари ўзбекистонлик атлетлар томонидан янгиланди. Эътиборлиси, Ф. Амилова  икки йўналишда, яъни 200 м масофага комплекс ва 100 мга эркин сузиш мусобақасида дунё рекордини қайд этишга эришди. 100 м масофага эркин усулда сузиш бўйича эркаклар беллашувида шоҳсупага кўтарилган И. Асланов олтин, М. Турсунхўжаев кумуш ва Д. Хорлин бронза медаллари соҳиби бўлдилар. Диққатга молик жиҳати, И. Асланов маррага биринчи бўлиб етиб келиш баробарида Параосиё ўйинлари рекордини янгилади.400 мга эркин сузиш баҳсида иштирок этган Д. Хорлин ҳам барча рақибларини ортда қолдириш билан бирга Осиё рекордини ўрнатди. Шу билан бирга ватандошларимиз учун сузиш баҳсларининг 4 йўналишида И. Асланов, М. Турсунхўжаев, Д. Хорлин, К. Паньков, Ш. Тошпўлатова, Ф. Амилова ва Н. Мирзоҳидовалар шарафига 4 маротаба шоҳсупада Ўзбекистон байроғи ҳилпирашидек ёқимли ҳодиса юз берди. 50 мга эркин усулда сузишда аёллар ўртасидаги мусобақаларнинг яққол фаворитлари –Ф. Амилова олтин, Ш. Тошпўлатова кумуш, 200 мга комплекс сузиш баҳсида Ф. Мусабеков кумуш медаль билан тақдирланди.

Мусобақа давомида бир қатор йўналишлар бўйича Ўзбекистон ўз чемпионларини Осиёга кўз-кўз қилди. Термамиз байроқдори Ҳ. Норбеков ўзи учун янги йўналиш ҳисобланган ядро улоқтиришда 16,35 м натижа кўрсатиб, ўн йил давомида ўзгармай келган жаҳон рекордини янгилади. Кашф этилган янги номлардан бири К. Абдуллаева аёллар ўртасидаги узунликка сакраш баҳсларида 4,71 м натижа билан чемпионликни қўлга киритган ўзбекистонлик дастлабки спортчи сифатида эътироф этилди. Баландликка сакраш беллашувида энг яхши натижани қайд этган Т. Ғиёсов юртдошларимиз орасида илк олтин медаль совриндори бўлди. Д. Солиевузунликка сакраш баҳсида барча рақибларини ортда қолдириб, Параосиё ўйинлари чемпионига айланди. Айни йўналишда япониялик спортчидан 1 см ортда қолиб, 2-ўринни эгаллаган атлетимиз А. Мирзаёровабронза медалга эга чиқди. С. Бурхонова диск ирғитиш беллашувида кумуш, ядро улоқтиришда олтин, айни йўналишдаги эркаклар баҳсида М. Рихсимов бронза медалларни қўлга киритди. Диск ирғитишда бронза, ядро улоқтиришдаолтин медалга сазовор бўлган Э. Султонов Рио-2016 чемпиони, эронлик атлет С. Пакбазни ортда қолдирган ҳолда Параосиё ўйинлари рекордини янгилади.Найза отиш беллашувларида А. Свечников 67,92 м, Р. Эргашева 34,10 м, пауэрлифтинг баҳсида 55 кг вазн тоифасида қатнашган Р. Қўзиева 113 кг натижа кўрсатиб, терма жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйишди.

Югуриш мусобақасида С. Суханова 1 та кумуш, 3 та бронза медални қўлга киритган бўлса, М. Сахатов кумуш медаль соҳибига айланди. 200 мга югуриш баҳсида Д. Аҳмедов 22,79 сония натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб келди ва олтин медаллар сонини яна биттага оширди. 100 мга югуришда М. Абдурашидов 11,21 сония натижа кўрсатиб, рекорд ўрнатишга муваффақ бўлди. 1500 мга югуриш мусобақасида М. Муродиллаев шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. У аввалги Параосиё ўйинларида ҳам шу йўналишда ғолибликка эришган эди. Мазкур масофани босиб ўтишда олтин медалга сазовор бўлган Ф. Ҳамроев 5000 мга югуришда марра чизиғини иккинчи бўлиб кесиб ўтди ва ўзбекистонликлар ҳисобидаги медаллар шодасини яна бир кумуш медаль билан бойитди.

Юртимиз вакилларидан 9 нафар дзюдочи шоҳсупага кўтарилди. 73 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Ф. Саидовжанубий кореялик Сеунгжун Янг билан бўлган баҳсда кумуш медаль билан кифояланган бўлса, 81 кг вазнда курашган Н. Мирзаеволтин медаль учун кечган баҳсда айни юртнинг яна бир вакили Юнгмин Ли устидан ғолиб чиқди. Аёллар ўртасида 70 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган В. Алибоева олтин, 63 кг вазнда гиламга чиққан П. Самандарова бронза, 57 кг вазнда беллашган Н. Шерипбоевакумуш медалларга сазовор бўлишди. Шунингдек, Ш. Намозов (60 кг) ва Ў. Ниғматов (66 кг) олтин, Л. Хуррамова (48 кг) кумуш, С. Салаева (52 кг) бронза медалларни қўлга киритишди. Эркаклар ўртасида ўтказилган жамоавий беллашувларда ўзбекистонлик спортчилар 3-ўрин учун баҳсда мўғулистонлик рақибларни мағлуб этиб, бронза медаллар билан тақдирландилар. Аёллар иштирокидаги жамоавий баҳсларда эса юртимиз вакилалари финалгача етиб боришса-да, ҳал қилувчи курашда жанубий кореялик рақибларига имкониятни бой бердилар. Шу тариқа юртдошларимиз III Параосиё ўйинларида умумжамоа ҳисобида 6-ўринни банд этдилар.

Паралимпиячиларимизни муваффақият юксакликларига олиб чиққан яна бир нуфузли мусобақа тарих зарварақларига битилди. Параосиё ўйинларида улкан жасорат кўрсатган, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў ва нуфузи янада юксалишига муносиб ҳисса қўшган ғолиблар орасида олтин медаль совриндорлари Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси томонидан 10, ҳукумат томонидан белгиланган тартибга кўра 5, кумуш медалчилар 3, бронза медаль соҳиблари 2 минг доллардан пул мукофотлари билан тақдирландилар. Умид қиламизки, кунчиқар юртда ўтказиладиган Токио-2020 Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон терма жамоаси юртимиз байроғини юксакларга кўтарган ҳолда ушбу зафарли юришларини давом эттиради.

Қудрат ОЧИЛ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш