БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИРОДА ВА ШИЖОАТ НАМОЙИШИ

I ҚИШКИ ОЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Иккинчи жаҳон урушидан сўнгяраланган аскар ва фуқароларни сафга қўшиш, уларни фаол ҳаётга қайтариш масаласи устуворлик касб этиб, шунинг турткиси билан Европада спортнинг қишки турлари изчил ривожлана бошлади. Хусусан, имконияти чекланган спортчилар иштирокида чанғида учиш ва чанғи пойгаси йўналишларида халқаро мусобақалар ўтказилди. 1976 йил 21 – 28 февраль кунлари Швецияда бўлиб ўтган I Қишки олимпия ўйинлари жаҳон спорти тарихидаги улкан воқеага айланди. Бунинг учун иқлими ва табиий шароитлари ўйин талабига жавоб берувчи мўъжазгина Орнсколдевик шаҳарчаси танланди. Мусобақа Швеция қироли Густав Карл XVI ва рафиқаси қиролича Сильвиянинг ҳомийлигида уюштирилгани унинг нуфузини янада оширди.

Ўйинларнинг тантанали очилиш маросими кўп сонли қишки спорт ишқибозлари иштирокида бўлиб ўтди. Таниқли швед спортчиси Арнольд Фатраманен Олимпия оловини ўт олдирди. Атлетлар номидан қасамёдни эса Афзал Панжу қабул қилди. Спортнинг бирлаштирувчи кучини намойиш этган Қишки ўйинларда қўл-оёғидан айрилган, кўриш қобилиятини йўқотган ва бошқа тоифага мансуб 250 га яқин спортчи тоғ чанғиси, чанғи пойгаси, классик усулда югуриш турлари бўйича 141 медаллар шодасини қўлга киритиш учун қизғин баҳс олиб борди. Мусобақага жалб этилган кўнгиллилар қатнашчиларга яқиндан ёрдам кўрсатишди. 16 иштирокчи мамлакатдан 9 тасининг спортчилари халқаро спорт байрамидан ватанларига медаллар билан қайтишди.

Беллашувлар давомида иштирокчилар махсус жиҳозларни қўллаган ҳолда 4 йўналишдаги қияликдан тушиш баҳсларида ўзаро куч синашдилар. Швециялик спортчилар илк бор муз устида чанада учиш пойгасини намойиш этишди. Ўйинлар якунида германияликлар 10 та олтин, 12 та кумуш, 6 та бронза, жами 28, Швейцария вакиллари 10 та олтин, 1 та кумуш, 1 та бронза, жами 12, Финляндия спортчилари 8 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза, жами 22 медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида энг юқори натижа қайд этдилар.

II ҚИШКИ ОЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Жисмоний нуқсони бўлган спортчилар иштирокидаги I Қишки олимпиаданинг муваффаққиятли ўтиши унинг янада оммалашиши ва такомиллашишига замин яратди. Норвегия аҳолиси айрича қизиқиш билдирувчи чанғи спорти бўйича мусобақалар тарихи 150 йилдан зиёд муддатни қамраб олади. Бундаги ажойиб шимол иқлими ва ўзига хос табиий шароитлар туфайли II Қишки олимпия ўйинларини ўтказиш жойи сифатида норвег шаҳри Гейло танланди. 1980 йилда ушбу беллашув қишки спорт турлари бўйича энг кучли атлетлар иштирокида кечди.

Орнсколдевикдагига нисбатан анча кўп қатнашчилар ташриф буюрган мусобақанинг очилиш маросими Ейлобаккендаги ўйингоҳда бўлиб ўтди. 18 давлат байроғи остида 350 нафар атлет ранг-баранг спорт намойишларини томошабинларга тақдим этишди. Ўйинларни очган Норвегия қироли Улаф V атлетларга муваффақият, ҳаққоний кураш, спорт ишқибозларига эса ёрқин таассуротлар тилади. Чанғичилар Юрхе ва Ингивилид Гаральдсен томонидан Қишки ўйинларнинг олимпия олови ёқилди. Атлетлар номидан қасамёдни Янхи Свальбард қабул қилди.

1 – 7 февраль кунлари ҳаво жуда совуқлигига қарамасдан қишки трассаларда спортнинг 3 тури бўйича 168 та медаль учун кечган баҳслар қизғин тус олди. Уларда барча тоифадаги ногирон спортчилар иштирок этишди. Финляндия, Австрия, Канада, Франция, Швеция вакиллари юқори натижаларни қўлга киритишди. Норвегия жамоаси Гейлодаги мусобақалар етакчиси бўлди.

Дарвозабонни қўшиб ҳисоблаганда ҳар бири 6 кишидан таркиб топган икки жамоа следж-хоккей, яъни муз устида чанада учиш баҳсларида ўзаро беллашдилар. Ҳар бири 15 дақиқадан бўлган 3 давр давомида иштирокчилар шайбани олиб юришга мўлжалланган илмоқли калта клюшкани қўллаган ҳолда сирпанувчи махсус чаналарда ўйин намойиш этдилар. Шундай қилиб, II Қишки олимпия ўйинларида Норвегия вакиллари 23 та олтин, 21 та кумуш, 10 та бронза, жами 54, финляндияликлар 15 та олтин, 7 та кумуш, 12 та бронза, жами 34, австрияликлар 6 та олтин, 10 та кумуш, 6 та бронза, жами 22 медалга сазовор бўлган ҳолда энг юқори натижа кўрсатдилар.

“О мужестве, подвиге, славе” китобидан

Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш