БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИРОДА ВА ШИЖОАТ НАМОЙИШИ

V ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

1992 йил 25 мартда Франциянинг Тинь қўрғончасидан старт берилган V Қишки Паралимпия Ўйинларида 24 мамлакатдан 365 спортчи қатнашди.  Иштирокчилар махсус жиҳозланган турар жой мажмуасига жойлашишди. Франция Президенти Франсуа Миттеран ўйинларнинг очилганини расман эълон қилди. Мусобақа оловини Люк Сабатье ёқди. Людвиг Рей Роберт барча спортчилар номидан тантанавор қасамёд қабул қилди. Паралимпиячилар тоғ чанғиси, биатлон ва чанғи пойгалари турлари бўйича 79 медаллар шодаси учун беллашишди. Ғолиб ва совриндорларни минглаб томошабинлар завқ-шавқ билан олқишлаб туришди.  Бундаги жўшқинлик, курашчанлик руҳи етти кунгача сўнмай турди. Паралимпия ўйинларига бағишлаб кумуш югуртирилган, оғирлиги 22,2 г бўлган 100 франклик эсдалик тангалари зарб этилди. Мусаввир Жан-Мишель Фолон тасвирини акс эттирган баланд тоғлар устида синган қанотлари билан парвоз этмиш бургут ўйинларнинг ўзига хос тимсолига айланди. Бу тимсол халқаро спорт анжуманининг бош ғояси – имконсиздай туюлган синовларни енгиб ўтиш, шижоат ва орзуга интилишни акс эттиради.  

Беллашувларда АҚШ паралимпиячилари пешқадамлик қилишди. Колли Чад, Густафсон Нанси, Бильмер Сара (тоғ чанғиси), Кейли Дэвид, Евангелатос Грег (гигант слалом), Пейджелс Джефф (чанғи пойгалари) ва бошқа атлетлар шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар. Германиялик паралимпиячилар ҳам ёрқин чиқишлари билан ўз маҳоратларини намойиш этдилар. Улар орасида Рейнхильд Моллер (тоғ чанғиси), Хефле Фрэнк (чанғи пойгалари), Шонфельдер Герд (супер-гигант), Пальмер Герда (слалом) каби спортчилар ғолиблар сафидан жой олишди. Ўйин мезбони бўлмиш Франция жамоаси умумжамоа ҳисобида 6-ўринни эгаллади. Брюн Лионель (гигант слалом), Жан-Ив Арвье (чанғи пойгалари), Стефан Саас (супер-гигант) ва бошқа француз атлетлари олтин медални қўлга киритдилар.

МДҲ терма жамоаси аъзоларининг натижалари ҳам қувонарли бўлди. Улар спорт оламида чин маънода жасорат намунасини кўрсатишди. 3х5 км ли масофага бўлган эстафета пойгасида Валерий Купчинский, Николай Ильюченко, Сергей Ложкин сингари жасур чанғичилар юксак маҳорат ва қатъиятни намойиш этган ҳолда ўз жамоасига олтин медалларни туҳфа этди. Яккалик чанғи пойгасида Купчинский ва Ильюченко, биатлонда Борис Богданов пешқадамлик қилган бўлса, Альбервиллдаги чанғи пойгаларида Алевтина Елесина, Надежда Чиркова, Любовь Паниных, Ольга Назаренколар ҳақли равишда шоҳсупанинг юқори поғоналаридан жой олдилар. МДҲ терма жамоасининг барча ёрқин чиқишлари спортчиларга ишонч ва янги рекордларга умид бағишлади. Ўйинлар якунида америкаликлар 20 та олтин, 16 та кумуш, 9 та бронза, жами 45, Германия вакиллари 12 та олтин, 17 та кумуш, 9 та бронза, жами 38, МДҲ паралимпиячилари 10 та олтин, 8 та кумуш, 3 та бронза, жами 22 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида энг юқори натижа қайд этдилар.

VI ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Норвегиянинг халқаро спорт пойтахтига айланган Лиллехаммер шаҳрида Қишки Олимпия ўйинлари тугаши биланоқ паралимпиячилар иштирокида навбатдаги беллашувлар ташкил этилди. 1994 йилнинг 8 – 20 март кунлари бўлиб ўтган ушбу нуфузли спорт тадбирида 31 мамлакатнинг жисмоний имконияти чекланган пара-атлетлари ҳозир бўлдилар. VI Қишки паралимпия ўйинларини табрик сўзи билан очган Норвегия қироличаси Соня ҳазрати олиялари иштирокчиларга муваффақият тилади. Дунёга таниқли норвег чанғичиси Като Заль Педерсен барча атлетлар номидан қасамёд қабул қилди. Бурғуларнинг тантанавор садолари остида спортчи аёл Хельга Бьёрнстад қўлида машъала тутган ҳолда симарқонда юқорига кўтарилиб, ўйингоҳ устида юксалган улкан оташдонда паралимпия оловини ўт олдирди. 500 нафарга яқин атлетлар иштирок этган  беллашувлар сўнгида Норвегия миллий жамоаларининг саҳналаштирилган чиқишлари томошабинларни хушнуд этди.  

Мусобақаларда паралимпиячиларнинг 5 турдаги дастурлари намойиши ўта ҳаяжонли кечди. Норвегиялик таниқли атлет Като Заль Педерсен ўз жамоасига тоғ спорти бўйича 2 та олтин, 1 та кумуш медаль туҳфа этди. Германия спортчилари ҳам мардонавор кураш олиб боришди. 3х5 км ли эстафета баҳсида Бруно Циммерманн бронза медални қўлга киритди. 20 км масофа учун кечган чанғи пойгасида Аксель Хеккер кумуш медаль совриндори бўлди. Классик чанғи пойгасида Франк Хёфла олтин медаль билан ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.  Слейд-хоккей бўйича илк маротаба ўтказилган мусобақалар томошабинларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Мухлислар тўлиб-тошган спорт залларида Норвегия, Канада, Швеция, Буюк Британия ва бошқа давлатлар паралимпиячилари ўртасида бўлиб ўтган баҳслар ҳис-ҳаяжонларга бой тарзда кечди. Финал учрашувида Швеция жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

Илк бор ўз байроғи остида 16 нафар спортчи билан иштирок этган Россия терма жамоасининг байроқдори машҳур чанғичи Валерий Купчинский бўлди. Қизғин курашларда россияликлар 10 та олтин, 12 та кумуш, 8 та броза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгалладилар. Л. Паниных, А. Насарулин, Н. Чиркова, А. Елесиналар қисқа, ўрта ва узоқ масофаларга ўтказилган чанғи пойгаларида, А. Мошкин эса супер-гигант баҳсида ажойиб натижа кўрсатдилар. Беллашувларда қатъият, улкан ирода ва шижоат намойиш этган ушбу атлетлар шарафига бир неча бор Россия мадҳияси янгради. Шундай қилиб, VI Қишки паралимпия ўйинларида Норвегия спортчилари 29 та олтин, 22 та кумуш, 18 та бронза, жами 69, германияликлар 25 та олтин, 21 та кумуш, 23 та бронза, жами 69, АҚШлик вакиллар 24 та олтин, 12 та кумуш, 7 та бронза, жами 43 медалга сазовор бўлган ҳолда мусобақа жадвалининг кучли учлигидан жой олдилар.

Ўйинларда илк бор томошабин ва қатнашчиларга биатлончиларнинг ўқ узишлари натижаларини билиш имконини берувчи технологик янгилик жорий этилди. Паралимпия медали Бергенов, Мельби ва Розенбаум дизайн фирмаларининг чизмалари бўйича тайёрланди. Медалнинг график асоси қадим замонлардаги қоятош рассомчилигининг пиктограммасидан олинган бўлиб, унда инсоннинг ов қилиш жараёни тасвирланган. Медалнинг орқа томонида Брайль ёзувидаги маълумот қайд этилган.

“О мужестве, подвиге, славе” китобидан

Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш