БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

 

МАХСУС ХАЛҚАРО ТУРНИРЛАР ЮРТИМИЗДА

Кейинги йилларда тизимимизда спорт мусобақалари нафақат республикамиз миқёсида, балки қўшни мамлакатлар, ҳатто хорижий давлатлар билан ҳамкорликда уюштирилаётгани бу борадаги янги-янги марраларга йўл очмоқда. Жорий йилнинг март ойида Янгийўлдаги юрак ва асаб касалликлари сиҳатгоҳида имконияти чекланган спортчилар ўртасида шашка бўйича бўлиб ўтган Осиё очиқ чемпионати ҳамда жаҳон кубоги баҳсларини айни йўналишдаги яна бир жиддий қадам сифатида баҳолаш мумкин. Халқаро Ногиронлар шашка қўмитаси ҳамда ЎзКОЖ Марказий Бошқаруви ташаббуси билан ўтказилган мазкур турнирларда 7 давлатдан кўриш, эшитиш, ҳаракатланиш имкони чекланган 37 нафар шашкачилар иштирок этишди. Дастлаб Халқаро Ногиронлар шашка қўмитасининг ташкил этилиш тарихи ва бугунги фаолияти хусусида қисқача сўз юритсак.

2000-йилларнинг охирларига келиб Халқаро шашка Федерацияси  таркибида имконияти чекланган шашкачилар бўлими очилди. 2009 йилда илк маротаба шашка бўйича жаҳон чемпионатига параллел равишда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи спортчилар ўртасида ҳам мусобақа ўтказилди. 2010 йилда айни тоифа шашкачилар иштирокида мустақил тарзда Европа чемпионати ташкил этилди. Бора-бора айтилган бўлим негизида Халқаро Ногиронлар шашка қўмитасини таъсис этиш эҳтиёжи туғилиб, унинг илк конгрессида бир овоздан польшалик Лешек Петлиски президент этиб сайланди. Мазкур қўмита мустақил ташкилот сифатида фаолиятга киришар экан, нафақат кўриш, балки эшитиш, ҳаракатланиш, ақлий имконияти чекланган шашкачиларни ҳам ўз доирасига қамраб олди. Бугунги кунда 12 давлат билан фаол ҳамкорлик ўрнатган қўмита томонидан ташкил этилувчи мусобақалар 5 тоифадаги ногиронлиги бўлган шашкачилар ўртасида ўтказиб келинмоқда.  

Юз катакли шашка бўйича швейцарча тизимда кечган Осиё очиқ чемпионатида спортчилар классик ва рапид йўналишларида ўзаро куч синашдилар. 23 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда ўзбекистонлик  А. Равшанов ва Ф. Мардиевлар айрича фаоллик намойиш этдилар. Уларга россиялик И. Сумурков ҳам муносиб қаршилик кўрсата олди. Якуний натижаларга кўра, ҳар иккала йўналишда ҳамюртимиз А. Равшанов мутлақ ғалабани қўлга киритди. Айни гуруҳда қизлар иштирокидаги беллашувлар ҳам қизиқарли комбинацияларга бой тарзда ўтди. Классик йўналишдаги курашларда рақибларини ортда қолдирган самарқандлик Ч. Баликова сўнгги партияда М. Халилова билан муросасиз ўйин намойиш этди. У охирги дақиқаларгача имкониятни қўлдан бой бермай, 9 очко билан 1-ўрин соҳибасига айланди. Рапид йўналишидаги ақл жангида эса М. Халилова бошқа шашкачилардан устун келган ҳолда шоҳсупани эгаллади.

23 ёшдан катталар ўртасида ўтказилган мусобақаларда заиф кўрувчи эркаклар жамоаси вакиллари орасида маҳоратли шашкачилар кўплиги ўйинлар суръати янада юқори бўлишини таъминлади. Бунда нафақат имконияти чекланган, балки соғлом шашкачилар орасида ҳам қатор муваффақиятларга эришган халқаро тоифадаги спортчи қозоғистонлик Ю. Носов ва ҳамюртимиз Ҳ. Азизовлар тенгма-тенг кураш олиб боришди. Натижада классик йўналишда Ю. Носов, рапид йўналишида Ҳ. Азизов олтин медаль совриндори бўлди. Мазкур турдаги аёллар баҳсида маҳоратли спортчимиз С. Ҳасанова мўғулистонлик ва туркманистонлик шашкачилар билан дона суриб, ҳар иккала йўналишда чемпионликка эришди. Кўзи ожиз шашкачилар орасида Тожикистон вакили Ғ. Алиев қозоғистонлик рақиби Г. Никифоров устидан ғалаба қозониб, энг юқори натижани қайд этди. Эшитиш ва ҳаракатланиш имконияти чекланган шашкачилар аралаш тарзда беллашган ўйинларда эркаклардан таянч-ҳаракат аъзоларида нуқсони бўлган ҳамюртимиз С. Ҳамроев, аёллар орасида эса мўғулистонлик М. Хишикбаяр олтин медалларни қўлга киритишди.

Халқаро Ногиронлар шашка қўмитаси президенти Л. Петлиски турнир борасидаги ўз таассуротларини шундай баён этди: “Фаолиятимизнинг илк давриданоқ ўз олдимизга нафақат Европа, балки бошқа қитъалардаги давлатлар билан ҳам ҳамкорлик қилишни мақсад қилиб қўйган эдик. Шу маънода ўтган йилнинг сўнгги чорагида Ўзбекистон вакилларига шашка бўйича биринчи Осиё чемпионатини уюштириш таклифини билдирдим. Ўйин юқори савияда ўтишини таъминлаш, унда иштирок этувчи давлатлар қамровини кенгайтириш мақсадида мусобақа очиқ чемпионат шаклида ташкил этилди. Яна бир эътиборга молик жиҳати, беллашувларга кўзи ожизлар билан бирга бошқа тоифадаги ногирон шашкачилар ҳам жалб этилди. Бу эса мазкур чемпионатнинг юқори савияда ўтишига хизмат қилди.

         Жисмоний имконияти чекланган шашкачилар ўртасида 2017 йилдан буён ташкил этиб келинаётган жаҳон кубоги ҳар йили 5 босқичда амалга оширилади. Ҳар бир босқич Халқаро Ногиронлар шашка қўмитаси билан ҳамкорлик қилувчи давлатларда навбатма-навбат ўтказилади. Мусобақаларга мезбонлик қилувчи давлатлар рўйхати келишув асосида олдиндан тасдиқланади. Бу йилги жаҳон кубогининг дастлабки босқичи Молдова давлатида бўлиб ўтди. Унда мезбон мамлакат ҳамда Украина спортчилари қатнашган бўлса, мазкур ўйинларнинг юртимизда ташкиллаштирилган 2-босқичида давлатлар сони 5 тага етди. Л. Петлискининг таъкидлашича, қўмита 2020 йилга мўлжалланган имконияти чекланган спортчилар ўртасидаги шашка бўйича жаҳон чемпионатини Ўзбекистонда ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Жаҳон кубогининг ватанимизда бўлиб ўтган 2-босқичида Россия, Польша, Мўғулистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистондан жами 19 нафар шашкачи иштирок этди. Эркаклар баҳсида россиялик ёш спортчи И. Сумурковнинг иштироки ҳакамлар томонидан алоҳида эътироф этилди. У юқори тажрибага эга шашкачилар билан муносиб тарзда беллашиб, 9 очко жамғарган ҳолда 3-ўринни эгаллади. Аввалги партияларда юқори натижа кўрсатган Ҳ. Азизов ҳал қилувчи паллада рақибига имкониятни бой бериб, 10 очко билан 2-поғонадан жой олди. Ҳужумкор ўйини билан яна бир карра кучли шашкачи сифатида намоён бўлган Ю. Носов 12 очко тўплаган ҳолда энг юқори маррани забт этди. Аёллар баҳсида М. Хишикбаяр ва М. Халилова бир хилда 8 очко жамғарган бўлсалар-да, ўйин коэффициентига кўра Хишикбаяр 2, Халилова 3-ўринга муносиб деб топилди. Ушбу жаҳон кубогида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган С. Ҳасанова барча рақибаларини ортда қолдириб, 9 очко билан олтин медални қўлга киритди.

Мусобақадан сўнг моҳир шашкачи Ю. Носовнинг мулоҳазалари билан қизиқдик:         “Ўйинларда қатнашган ўзбекистонлик спортчилар орасида мактаб ёшидаги шашкачиларнинг борлиги алоҳида эътиборимни тортди. Таассуфки, кейинги йилларда Қозоғистонда кўзи ожиз шашкачилар авлоди янгиланиши кузатилмаяпти. Аслида ёшларнинг камол топиши мамлакатнинг ушбу соҳада янгидан-янги чўққиларни забт этишига замин яратади”.

         Спорт нафақат саломатлик гарови, балки миллатлар ҳамдўстлиги омили сифатида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу маънода тизимимизда уюштирилаётган бу каби халқаро мусобақалар хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш баробарида улар билан ўзаро дўстлик алоқалари мустаҳкамланишига ҳам йўл очади.

Озод ҚУРБОНОВ.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш