БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИРОДА ВА ШИЖОАТ НАМОЙИШИ

VII ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

1998 йил Осиё қитъасида илк маротаба Японияда ўтказилган қишки Паралимпия ўйинларида 32 давлатдан жами 600 нафарга яқин спортчи иштирок этди. “Нагано” марказий стадионида Япония шаҳзодаси Нарухито ҳазрати олийлари мусобақанинг очилганини расман эълон қилди. Паралимпия оловини Наойя Маруйама ёқди. Яное Руэй барча спортчилар номидан қасамёд қабул қилди. 10 кун давом этган мусобақаларда 150 мингдан ортиқ томошабин Норвегия, Германия, АҚШ, Япония, Россия, Украина ва бошқа мамлакатларнинг кучли спортчилари иштирокидаги қизғин беллашувларнинг гувоҳига айланишди. Атлетлар тоғ чанғиси, конькида югуриш, чанғи пойгалари, биатлон ва следж-хоккей бўйича ўзаро баҳслашдилар. Ўйинларнинг қишки дастурига илк маротаба яккачанғи мусобақалари киритилиб, унда таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган спортчилар қатнашишди.

31 марта фахрий шоҳсупага кўтарилган россиялик иштирокчилар орасида чанғи пойгалари, биатлон йўналишларида маҳоратини намойиш этган Валерий Купчинский (4 та олтин) ва Александр Насарулин (3 та олтин, 1 та бронза) айрича жонбозлик кўрсатишди. Алексей Мошкин тоғ чанғиси беллашувида илк бор паралимпия олтин медалини қўлга киритди. Чанғида югуриш баҳсида иштирок этган Николай Ильюченко билан эса шундай воқеа содир бўлди. Гап шундаки, мусобақа ўтказилишидан бир кун олдин заиф кўрувчилар гуруҳида қатнашган иштирокчини чанғи йўли бўйлаб олиб юрадиган етакчи спортчи кутилмаганда оғриб қолди. Шунда Япония терма жамоаси аъзоси Норио Одайра етакчи вазифасини бажариш учун ёрдамга келди. Рус-япон жуфтлиги спортда бир-бирини тушуниш ва ўзаро бирдамликни намоён этиб, бронза медаль соҳиби бўлдилар. 12 та олтин, 10 та кумуш ва 9 та бронза медаль жамғарган Россия терма жамоаси паралимпиячилари умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллашди. Шундай қилиб, VIIҚишки паралимпия ўйинларида Норвегия спортчилари 18 та олтин, 9 та кумуш, 13 та бронза, жами 40, германияликлар 14 та олтин, 17 та кумуш, 13 та бронза, жами 44, АҚШлик вакиллар 13 та олтин, 8 та кумуш, 13 та бронза, жами 34 медалга эришган ҳолда мусобақа жадвалининг кучли учлигидан жой олдилар. 

VIII ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Дунёнинг 36 мамлакатидан ташриф буюрган спорт юлдузлари VIII Қишки Паралимпия ўйинларида иштирок этиш учун 2002 йил 7 мартда АҚШнинг Юта штатидаги Солт-Лейк-Сити шаҳрида тўпланишди. Уммон ортида илк дафъа ўтказилган Қишки ўйинлар дастуридан жой олган қорли қияликлар ва чанғи трассаларида 416 нафар атлет чемпионлик учун даъвогарлик қилишди. “Rice-Ecces” стадионида бўлиб ўтган беллашувнинг тантанали очилиш маросимида 40 мингдан ортиқ томошабин ҳозир бўлди. Солт-Лейк-Сити бош спорт аренасини Паралимпия мусобақасида ақл, куч ва кайфиятни англатувчи анъанавий қизил, яшил, кўк ранглари безади. Қишки ўйинлар рамзи сифатида қадимий ҳинду қабилалари энг кучли ҳайвонлардан бири деб билган, эпчиллик ва ҳаётий қувват манбаи ҳисобланган видра танланди. АҚШ Президенти Жорж Буш нуфузли спорт тадбирини тантанали равишда очиқ деб эълон қилди. Кўзи ожизлар орасида дунёда биринчи бўлиб Эверест чўққисини забт этган Эрих Вайхенмайер етакчи итлар кўмагида ўйингоҳга чиқиб, паралимпия оловини ёқди. Жамоалар гулдурос олқишлар остида тантанали намойишдан бирма-бир ўтдилар. Мусобақага АҚШ делегацияси энг кўп сонли – 57, кунчиқар юрт Япония 37, Германия, Канада, Норвегия 27 нафардан спортчи билан ташриф буюрди. Хитой, Чили, Греция, Венгрия атлетлари баҳсларда илк маротаба иштирок этдилар.

Солт-Лейк-Сити ўйинларидан жой олган тоғ спорти, биатлон, чанғи пойгалари, чанада хоккей спорт турлари бўйича ёрқин мусобақаларда паралимпиячилар 276 медаллар шодаси учун куч синашдилар. Скандинавия мамлакатлари, Польша, Россия, Германия атлетлари юқори натижаларни қўлга киритишди. Украина жамоаси 6 тадан кумуш ва бронза медалларни ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Следж-хоккей бўйича ўтказилган финал ўйинида АҚШ ва Норвегия жамоалари рўбарў келиб, 3:3 ҳисобдаги дурангдан кейинги пенальтилар сериясида АҚШ хоккейчилари ғалаба қозонди. Чанғи пойгаси ва эстафета мусобақаларида Россия пойгачилари ўз дадилликлари ва қатъиятларини намойиш этган ҳолда 7 та олтин, 9 та кумуш ва 5 та бронза, жами 21 медаль билан ватанларига қайтишди.

Беллашувлар якунида Германия паралимпиячилари умумжамоа ҳисобида 17 та олтин, 1 та кумуш, 15 та бронза, жами 33 медални қўлга киритган ҳолда 1-ўринни эгалладилар. Америкаликлар 10 та олтин, 22 та кумуш, 11 та бронза, жами 43, норвегияликлар 10 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза, жами 19 медаль билан 2, 3-ўринларни банд этдилар.

“О мужестве, подвиге, славе” китобидан

Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш