БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

 МИНИ-ФУТБОЛДА ҲУЖУМКОР ЎЙИНЛАР

ЎзКОЖ тизимида спортнинг шахмат-шашка турлари бўйича мусобақалар ўтказиш доимий воқелик ўлароқ юз кўрсатиши маълум. Ҳозирда жамият аъзолари ўртасида дзюдо, сузиш, енгил атлетика, мини-футбол каби ҳаракатли ўйинларнинг тобора оммалашиб бораётгани жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш саъй-ҳаракатлари янада кенг кўлам касб этаётганидан далолатдир. Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциациясининг Наманган вилоят бўлими ва вилоят кўзи ожизлар жамияти  ҳамкорлигида мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан жамиятдошларимиз ўртасида мини-футбол биринчилиги ўтказилгани бунинг амалий исботидир. ЎзР Президентининг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3610-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Косонсой туманидаги 45-кўзи ожиз болалар мактаб-интератида ташкил этилган мазкур турнирда Наманган ВБнинг шаҳар ва туман бўлинмаларидан ташриф буюрган 9 та жамоа иштирок этди. 3 гуруҳга бўлинган ҳолда бир даврали тизимда ўзаро қизғин баҳсга киришган жамоалар ўзларининг ёрқин ва ҳужумкор ўйинлари билан мухлисларни хушнуд қилдилар.  

Паралимпия беллашувларида амал қилувчи қоидалар асосида ташкиллаштирилган мусобақа “А” гуруҳи вакиллари – Норин ва Уйчи жамоаларининг ўйини билан бошланди. А.Қозоқов томонидан киритилган ягона гол норинликларнинг1:0 ҳисобида ғалаба қозонишини таъминлади.“В” гуруҳидаги 1-турда майдон эгалари бўлмиш косонсойликлар билан Учқўрғон жамоаси ўртасида кечган учрашувда ўйиннинг 1-дақиқасидаёқ Косонсой ҳужумчиси И. Абдураҳмонов киритган гол томошабинларнинг гулдурос қарсаклари билан олқишланди. Кўп ўтмай учқўрғонликлар жавоб тўпини йўллаб, ҳисобни тенглаштирдилар. И. Абдураҳмоновнинг 2-голи Косонсойни яна олдинга олиб чиқди. Р. Исоқовнинг жавоб тўпи ҳисобдаги мувозанатни тиклади. Учрашувнинг 2-бўлимида косонсойликларнинг ўйин бошидаги шиддатидан асар қолмай, бундан унумли фойдаланган Учқўрғон ҳужумчиси Б. Турғунов рақиб дарвозасига яна 3 та гол уришга муваффақ бўлди. Ўйин йирик 2:5 ҳисобидаги натижа билан якунланди. “S” гуруҳида Наманган шаҳар ва Чуст жамоалари ўртасида бўлиб ўтган 1-учрашувда наманганлик ҳужумчи Н. Зокиржонов “дубль”га эришган бўлса, У. Қосимов яна 1 та гол уриб, ушбу жамоа ғалабасини мустаҳкамлади. Ўйин тугашига 5 дақиқа қолганда Наманган жамоасига автогол ёзилиб, 3:1 ҳисоби қайд этилди.

“А” гуруҳидаги 2-турда Тошбулоқ жамоаси Норинни синовдан ўтказди. Норин ҳужумчиси А. Қозоқовнинг ягона голига тошбулоқликлар 3 та гол билан жавоб бердилар. Натижада Норин жамоаси гуруҳ босқичидан чиқа олмай, беллашувни тарк этди. “В” гуруҳидаги Янгиқўрғон ва Учқўрғон ўйини голларга бой бўлди. 5:5 ҳисоби билан кучлар тенгликка эришган бир пайтда Р. Мелибоевнинг сўнгги дақиқаларда урган голи Учқўрғон жамоасини ярим финалга олиб чиқди. “S” гуруҳидаги 2-турда Тўрақўрғон Чуст жамоасини кичик 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Кескин курашлар остида ўтган 3-тур ўйинлари қолган 3 та ярим финалчини аниқлаб берди. “А” гуруҳида Тошбулоқ Уйчини 3:2 ҳисобида енгган бўлса, “В” гуруҳида олдинги турда мағлубият аламини тотган косонсойликлар Янгиқўрғон жамоасини 4:0 ҳисобида мағлуб этдилар. “S” гуруҳида Наманган шаҳар жамоаси Тўрақўрғон устидан 3:2 ҳисобида зафар қучиб, ярим финалга йўл олди. Мусобақа низомига кўра, гуруҳ босқичида энг яхши натижа кўрсатган 2-ўрин соҳиби Косонсой жамоасига 4-ярим финалчи бўлиш насиб этди.

Ярим финал баҳсларида косонсойликлар Наманган шаҳар жамоасига рўбарў келди. Наманганлик ёш ҳужумчи Н. Зокиржоновнинг биргина голига жавобан косонсойлик М. Дарвешов, Б. Ҳамдамов ва И. Абдураҳмоновлар 3 та гол билан жавоб қайтариб, финал йўлланмасини қўлга киритди. 2-ярим финалда Тошбулоқ Учқўрғон жамоасини 3:2 ҳисобида енгди ва финалга йўлланма олди. Учқўрғонликлар устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган Наманган шаҳар жамоаси 3-ўринга сазовор бўлди.

Ниҳоят, финал ғолиблигига даъвогарлар сифатида майдонда Косонсой ва Тошбулоқ жамоалари сафланишди. Улар томошабинларнинг гулдурос қарсаклари остида шилдироқли тўпни эгаллаб, ўзаро баҳсга киришдилар. Ҳисобни дастлаб Тошбулоқ ҳужумчиси А. Қўчқоров очган бўлса, Косонсой жамоаси сардори Д. Султонов жавоб тўпини йўллаган ҳолда мувозанатни тиклади. Дуранг ҳисоби ўйин охиригача ўзгармай қолди. Навбат чемпионни аниқлашга қаратилган 7 метр масофадан тепилувчи пенальтилар сериясига етди. Жамоалар берилган 5 та имкониятдан баробар фойдаланиши ва бу жараёнга дарвозабонларнинг жалб этилиши-да ҳисобдаги тенгликни ўзгартиролмади. Иккинчи бор пенальтилар серияси бошланганда Тошбулоқ жамоаси ўйинчиси хатоликка йўл қўйди. Тўп олдига яқинлашган Д. Султонов имкониятдан унумли фойдаланиб гол урди ва Косонсой жамоасига чемпионликни тақдим этди. Тошбулоқ жамоаси 2-ўрин билан турнирни ниҳоялади.

Вилоят биринчилиги якунида дарвозабонларни 10 маротаба доғда қолдирган учқўрғонлик Б. Турғунов “мусобақа тўпурари”, ўз дарвозасидан атиги 3 та тўп ўтказиб юборган Норин посбони Т. Самадов “энг яхши дарвозабон”, Чуст дарвозасини қўриқлаган 65 ёшли М. Раҳимбердиев “мусобақа фахрий ўйинчиси”, Наманган жамоаси ҳужумчиси Н. Зокиржонов “энг ёш ўйинчи”, Тошбулоқ сардори К. Деҳқонов “энг яхши спорт ориентировкаси учун” номинациялари ғолиби сифатида эътироф этилди. Наманган ВБ раиси К. Шералиев, мактаб-интернат касаба уюшмаси етакчиси И. Эргашев, ҳомийлар вакили А. Темировлар совриндорларга кўчма кубок, медаль ва фахрий ёрлиқлар, қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширдилар. Косонсой соҳилида футболчиларнинг мириқиб дам олишлари учун турли маданий тадбирлар ҳам ўтказилди. Туман кўзи ожизлар кутубхонаси мудираси С. Исоқова бошчилигида уюштирилган “Футбол билағонлари” савол-жавоб кечасида фаол қатнашган спортчиларга китоблар туҳфа қилинди.

Мақсуджон УСТАБОЕВ,

Республика халқ таълими аълочиси.

  

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш