БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИРОДА ВА ШИЖОАТ НАМОЙИШИ

IXҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Дунёнинг 39 мамлакатидан келган паралимпиячи атлетлар спортнинг чанғи пойгалари, биатлон, хоккей, тоғ чанғиси ва кёрлинг турлари бўйича беллашиш учун серқуёш ва меҳмондўст Италиянинг Турин шаҳрида тўпландилар. 2006 йилнинг 11 – 19 март кунлари бўлиб ўтган мазкур беллашувда спортчилар 58 та медаллар шодасини қўлга киритиш учун қизғин баҳс олиб бордилар. Туриннинг марказий ўйингоҳида 25000 нафар спорт ишқибози гувоҳлигида ўтказилган Ўйинларнинг тантанали очилиш маросимида Дания, Нидерландия, Швециянинг қироллик сулолаларига мансуб шаҳзода ва маликалар, давлат раҳбарлари, Халқаро паралимпия қўмитаси аъзолари фахрий меҳмон сифатида иштирок этишди.   Италия Республикаси президенти Карло Адзельо Чами IXқишки Паралимпия ўйинлари очилганини расман эълон қилди. Байрам намойишида байроқдорлар, атлетлар, ҳакамлар, мураббийлар ва спорт делегациялари раҳбарлари томошабинларнинг шодиёна қутловлари остида минбар олдидан ўтишди.   Фабрицио Зардини мусобақанинг 486 нафар қатнашчиси номидан қасамёд қабул қилди. Туринлик кўзи ожиз қизча Сильвия Баттаглио ва Римдаги 1960 йилги I Ўйинлар фахрийси Арольдо Рушиони Паралимпия оловини ёқишди.

1,5 миллиондан ортиқ чипта сотилган беллашувларнинг муваффақиятли ўтишига 3000 нафарга яқин кўнгиллилар беғараз ёрдами билан ҳисса қўшишди. Томошабинларда катта қизиқиш уйғотган спартакиадада иштирок этган иқтидорли атлетлар мардлик ва матонатнинг ёрқин намунасини намойиш этишди. Россия, Украина, Германия, Скандинавия мамлакатлари вакиллари юқори натижалар қайд этиб, янги жаҳон рекордларини ўрнатдилар. Маҳоратли ўйин кўрсатган Германия фахрий паралимпиячиларидан Мартин Браксентхалер 3 та олтин, Герд Шонфельдер 2 та кумуш, 1 та бронза медаль соҳиби бўлдилар. Германиялик чанғичилар умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллашди. Хоккей мусобақасида олтин медаллар норвегиялик рақибларини доғда қолдирган канадаликларга насиб этди.   

Чанғи пойгалари, биатлон турлари бўйича қатнашган Украина спортчилари 25 та медални қўлга киритдилар. 29 нафар спортчидан таркиб топган Россия жамоаси учун ўйинлар ёрқин ғалабаларга бой бўлди. Россиялик паралимпиячилар  қатъий интилишлар ҳосиласи ўлароқ 1-ўринни эгаллашида Любовь Васильева (чанғи пойгалари, 3 та олтин, 1 та бронза), Алена Горбунова (биатлон, 3 та олтин), Рустам Гарифуллин (биатлон, 2 та олтин, 1 та кумуш), Владимир Киселёв (биатлон, 2 та олтин), Тарас Крыжановский (чанғи пойгалари, 2 та олтин, 2 та кумуш медаль) каби маҳоратли спортчилар ва мураббийларнинг беқиёс хизматлари борлиги шубҳасиз. Ўйинлар якунида россияликлар 13 та олтин, 13 та кумуш, 7 та бронза, жами 33, Германия вакиллари 8 та олтин, 5 та кумуш, 5 та бронза, жами 18, украиналиклар 7 та олтин, 9 та кумуш, 9 та бронза, жами 25 медалга сазовор бўлган ҳолда умумжамоа ҳисобида энг юқори натижа қайд этдилар.Маълумот ўрнида айтиш жоиз, чанғи пойгалари масофа жиҳатдан спринт, қисқа, ўрта, узун ва жамоавий эстафета турлари бўйича ўтказилади. Яккалик пойгаларда турли тоифадаги спортчилар бир-бирларидан алоҳида тарзда мусобақалашадилар. Эстафета йўналишида эркаклар ва аёллар учун қатъий қоидалар амал қилади. Ампутантлар махсус кўмакчи воситалар, кўзи ожизлар етакчилар ёрдамидан фойдаланишса, аравачалилар эса ўтирма чанғиларда беллашадилар.

X ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

Ванкувердаги Қишки ўйинлар бошланишидан 10 кун олдин Канада парламенти биноси олдида миллий маданият анъаналарига мос тарзда паралимпия оловини ўт олдириш маросими ўтказилди. Паралимпиячи атлетлар аҳолининг тантанавор қутловлари остида ушбу олов эстафетасини бир-бирлари билан алмашган ҳолда Канада шаҳарлари бўйлаб авайлаб олиб ўтишди. Эстафетанинг охирги куни сафида россиялик вакиллар ҳам бўлган 300 нафар маёқбардорлар 50 мингдан ортиқ томошабинлар ҳозир бўлган марказий “Би-Си Плэйс” ўйингоҳига машъалани етказишди.

Канада генерал-губернатори Микаэль Жан Х Қишки Паралимпия ўйинлари очилганини тантанали равишда эълон қилди. Бош спорт аренасини 15 ёшли канадалик паралимпиячи Зак Бомон ёққан олов ёритиб юборди. Канадалик хоккейчи Эрве Лорд атлетлар, кёрлинг машғулотларига қирқ йиллик умрини бағишлаган машҳур спортчи аёл Линда Киртон ҳакамлар номидан қасамёд қабул қилди. Тадбирнинг очилиш маросимида иштирок этган канада аборигенлари – Миксим ҳинду қабиласи вакиллари билан бирга миллий мусиқий жамоалар, машҳур санъаткорлар ҳамда томошабинлар спортчиларни қизғин қарши олишди.

2010 йил 12 – 21 февраль кунлари Ванкувер ва Уистлер шаҳарларида параатлетлар спортнинг чанғи пойгалари, биатлон, кёрлинг, хоккей, тоғ чанғиси турлари бўйича “Жўшқин юраклар ила” шиори остида60 та медаллар шодаси учун қизғин баҳсга киришдилар. 44 мамлакатдан 600 га яқин спортчи қатнашган мазкур беллашувда тоғ чанғиси бўйича Германия, Канада, Словакия жамоалари муваффақиятли иштирок этди. Айниқса, кўриш ва таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган спортчи аёллар юқори натижаларни қайд этишди. Словакиялик Хенриетта Фаркашова гигант қияликда учиш, супергигант баҳсларида ёрқин ўйин кўрсатиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Унинг ватандоши Якуб Крако ҳам гигант слалом йўналишида ғолибликка эришди.

Аёллар орасидаги чанғида учиш баҳсида канадалик кўзи ожиз Вивен Форест илк олтин медални қўлга киритди. Тоғ чанғиси мусобақаларида Франция жамоаси 6 та медаль совриндори бўлди. Хоккей беллашувида АҚШ, Япония, Норвегия вакилларининг қўли баланд келган бўлса, кёрлингда Канада, Жанубий Корея ва Швеция атлетлари ажойиб натижалар кўрсатишди. Аёл спортчилардан канадалик тоғ чанғиси устаси Лаурен Уолстенкрофт ва германиялик чанғичи ва биатлончи Верена Бентеле ўзлари иштирок этган 5 спорт турида ҳам ғалаба нашидасини сурдилар. 3 та олтин, 1 та кумуш медаль соҳибалигига эришган ёш қатнашчи Александра Кононова ўйинлардаги илк иштирокидаёқ алоҳида ўрнак кўрсатди.

Натижаларга кўра, россияликлар биатлон спорт турида 5 та олтин, 7 та кумуш, 4 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида ғалаба қозондилар. Таянч-ҳаракат аъзолари шикастланган 27 ёшли Ирек Зарипов 4 та олтин ва 1 та кумуш медаль соҳиби сифатида Ўйинлар қаҳрамонига айланди. Чанғи пойгалари ва биатлонда унга тенг келадигани топилмади. 3 та олтин медални қўлга киритган Кирилла Михайлова, 2 тадан олтин медалга эгалик қилган Анна Бурмистрова ва Сергей Шиловлар айни ажойиб ютуқлари билан эътирофга сазовор бўлдилар. Михалина Лысова, Николай Полухин, Любовь Васильевалар ҳам совриндорлар сафидан жой олдилар. Ўйинларда илк бор қатнашаётган Мария Иовлева 2 та олтин, 1 та кумуш медалга сазовор бўлди.  

 Беллашув якунида Германия паралимпиячилари 13 та олтин, 5 та кумуш, 6 та бронза, жами 24 медаль жамғарган ҳолда умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладилар. Россияликлар 12 та олтин, 16 та кумуш, 10 та бронза, жами 38, канадаликлар 10 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза, жами 19 медаль билан 2, 3-ўринларни банд этдилар.

“О мужестве, подвиге, славе” китобидан

Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

 

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш