БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИРОДА ВА ШИЖОАТ НАМОЙИШИ

 ХI ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

2014 йилнинг 7 – 16 март кунлари Россиянинг Сочи шаҳрида ХIҚишки Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтди. Сочи ушбу Ўйинларга мезбонлик ҳуқуқини Халқаро Олимпия Қўмитасининг Гватемала пойтахтида ўтказилган 119-сессиясида қўлга киритди. Мазкур беллашувлар рамзлари сифатида қарама-қаршилик ва уйғунликни ифодаловчи Лучик ва Снежинка персонажлари танланди. Боиси, уларнинг тимсолида икки зиддият дўстлашиб, қийинчиликларни енгиб ўтиб, биргаликда катта ютуқларга эришади. 2013 йил май ойида омма эътиборига ҳавола қилинган паралимпия медалларининг юз қисмига 3 та ярим сферадан иборат Паралимпия рамзи  туширилган бўлиб, орқа томонида “Қишки Паралимпия ўйинлари – 2014” тимсоли ва унда беллашилувчи спорт турларининг рус ва инглиз тилидаги номлари битилган. Медаль қиррасида Ўйинларнинг расмий номланиши рус ва инглиз тилларида акс этган. Шунингдек, кўриш ногиронлари учун Брайль шрифтидаги битиклар ҳам мукофотлардан ўрин олган.

Сочидаги олимпия объектларини қуриш ҳамда мусобақаларни ўтказиш учун ажратилган умумий маблағ 214 млрд. рублни ташкил этди. Ушбу маблағнинг 100 млрд. рубли давлат томонидан, 114 млрд. рублга тенг улуши инвесторлар ҳисобидан молиялаштирилди. Сочи ўйинлари доирасида имконияти чекланган кишилар учун қулай муҳит яратилиб, 1400 дан ортиқ транспорт воситалари, кўчалар ва йўллар, маданият ўчоқлари, соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари уларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишлари учун мослаштирилди.

ХIҚишки Паралимпия ўйинлари олови 2014 йил 26 февралдан эътиборан 10 кун ичида Россиянинг 45 та шаҳри, шунингдек, паралимпия ҳаракати ватани бўлмиш Буюк Британиядаги Сток-мандевилл ҳудудидан олиб ўтилди. Россия тарихида илк бор ўтказилаётган айни беллашув 7 март куни “Фишта” ўйингоҳида старт олди. Очилиш маросимида 1000 дан ортиқ санъаткорлар (шундан 140 нафари ногиронлиги бўлган шахслар), 7 ёшдан 63 ёшгача бўлган 2500 нафар кўнгиллилар қатнашишди. “Фишта” аренаси бўйлаб машъалани паралимпия чемпионларидан енгил атлетикачилар –  Алексей Ашапатов, Ольга Семенова, чанғи пойгачиси Тарас Крыжановский, сузиш устаси Оксана Савченколар олиб ўтишди. Паралимпия оташдони Прибрежной ва Горный Деревеньмэрлари, сузиш,чанғи бўйича паралимпия чемпионлари Олеся Владыкина ва Сергей Шиловлар томонидан ёқилди. Ушбу маросимда илк бор давлатимиз байроғини тоғ чанғиси бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Рамил Гаязов стадион узра баланд кўтарди.

Паралимпия мусобақаларида 45 мамлакатдан 567 нафар атлет иштирок этди. Улар Ўйинлар дастурига киритилган спортнинг чанғи пойгалари, биатлон, тоғ чанғиси, аравачада следж-хоккей ва кёрлинг турлари бўйича 79 медаллар жамланмаси учун қизғин баҳс юритдилар. Беллашувнинг сноуборд, тоғ чанғиси йўналишларида Евгений Слепов ва Рамил Гаязовлар Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Ҳар икки спортчимиз 2013 йили Голландиянинг Ландграф шаҳрида бўлиб ўтган халқаро мусобақада Паралимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишган. 69 нафар атлетдан иборат Россия терма жамоаси 30 та олтин, 28 та кумуш, 22 та бронза медаль жамғарган ҳолда рекорд натижа қайд этди. Германия жамоаси 9 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан 2-ўринни эгаллади. Ўйинларнинг ҳал қилувчи кунида Канада спортчилари 3-ўринга даъвогарликни қўлдан бермай келаётган украиналикларни 4-ўринга тушириб юборди. Ушбу қарағай барги мамлакати вакиллари 7 та олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза медални қўлга киритган бўлса, украиналиклар 5 та олтин, 9 та кумуш ва 11 та бронза медаль совриндорлари бўлишди. Кучли ўнликнинг кейинги поғоналаридан Франция (5, 3, 4), Словакия (3, 2, 2), Япония (3, 1, 2), АҚШ (2, 7, 9), Австрия (2, 5, 4) ва Буюк Британия (1, 3, 2) вакиллари жой олдилар. ХIҚишки Паралимпия ўйинлари киши қатъияти ва матонати билан исталган мақсадга, демакки,  юксак натижаларга эришиши, “мумкин эмас” деган чекловларни енгиб ўта олишини амалда яна бир карра исботлади.

ХII ҚИШКИ ПАРАЛИМПИЯ ЎЙИНЛАРИ

2018 йил9 – 18 март кунлари Жанубий Кореянинг Пхёнчхан шаҳрида бўлиб ўтган XII Қишки Паралимпия ўйинларида дунёнинг 49 мамлакатидан 570 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Улар биатлон, тоғ чанғиси, чанғи пойгалари, сноуборд, следж-хоккей, аравачада кёрлинг турлари бўйича 80 та медаллар шодаси учун ўзаро кураш олиб бордилар. Сноуборд илк марта алоҳида спорт тури сифатида Паралимпия ўйинлари таркибига киритилди. Жанубий Корея президенти Мун Жэ Ин ушбу спорт байрамини расман очиқ деб эълон қилди. Мусобақалар Россия Паралимпия Қўмитасининг мамлакатдаги допинг можароси оқибатида лицензиядан мосуво бўлиши туфайли мазкур давлат терма жамоаси иштирокисиз кечди. Можародан энг кўп жабр кўрган Сочи ўйинларининг бронза медаль совриндорлари бўлмиш следж-хоккейчиларни беллашувга яқин йўлатишмади.

Россиялик 30 та паралимпиячи Пхёнчхан Ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритиб, нейтрал байроқ остида беллашишди. Паралимпия олтин медали учун курашган чанғичи ва биатлончи Михалина Лысовани сўнгги лаҳзалардагина ўйинга қўйишди. Екатерина Румянцева 3 та олтин, 2 та кумуш, Михалина Лысова 2 та олтин, 3 та кумуш, 1 та бронза, Анна Миленина 2 та олтин, 3 та кумуш, Алексей Бугаев 1 та олтин, 1 та кумуш, Марта Зайнулина 1 та кумуш, 3 та бронза, Валерий Рендкозубов 2 та бронза, Ирина Гуляева 1 та бронза медаль соҳиблари бўлишди. 

Якунда умумжамоа ҳисобида АҚШ терма жамоаси 13 та олтин, 15 та кумуш, 8 та бронза, жами 36 та медаль совриндори сифатида ғолибликни қўлга киритди. 8 та олтин, 10 та кумуш, 7 та бронза, жами 25 медалга эришган Россиянинг норасмий терма жамоаси 2-поғонани эгаллади. Кучли учликка Канада терма жамоаси 8та олтин, 4та кумуш, 16та бронза,жами 28медальтўплаган ҳолда якун ясади. Умуман олганда, иштирокчи 26 давлат терма жамоаларига Жанубий Кореядан камида битта бронза медаль билан қайтиш насиб этди. Мазкур ўйинларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган ягона вакиламиз Ёқутхон Холбекова тоғ чанғиси баҳсларида иштирок этди.

Пхёнчхан ўйинларга бағишлаб зарб этилган эсдалик тангаларида спортнинг қишки турлари ифодаланган. Масалан, 30000 корея вони миқдоридаги олтин тангада тоғ чанғиси, 20000 корея вони қийматига эга кумуш тангада шорт-трек, чанғида трамплиндан сакраш ва чана спорти тасвирланган.  

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Рус тилидан Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш