БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

МАҲОРАТЛИ ДЗЮДОЧИЛАР ЕТИШМОҚДА

Жисмоний етуклик, маънавий юксаклик, руҳий тетиклик, мустаҳкам саломатлик омили бўлган спорт ҳар бир кишида ирода, матонат, интилувчанлик, изланувчанлик, ўз-ўзига ишонч фазилатларини шакллантиради. Айниқса, у жисмоний имконияти чекланган шахслар реабилитацияси ва ижтимоий интеграциясида муҳим аҳамиятга эга. Сўнгги пайтларда ЎзКОЖ раҳбарияти томонидан тизимимизда кўзи ожизларнинг  ҳаракатли спорт турлари билан мунтазам шуғулланишига қулай шароит яратиш, бу борада ёшларимизнинг иқтидор ва маҳоратини ривожлантиришга йўналтирилган кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йилнинг сўнгги чорагида полвонлар юрти бўлган кўҳна Сурхон воҳасининг Термиз шаҳрида Сурхондарё ВБ,вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси (ЎзМПА) ва унинг ҳудудий бўлими, вилоят Маданият ва спорт ишлари бошқармаси ҳамда дзюдо федерацияси, Қизириқ ТТ ҳамкорлигида жамият аъзолари ўртасида иккинчи бор ўтказилган дзюдо бўйича республика очиқ чемпионати юқоридаги фикримизни тасдиқлайди.

Юртимизда паралимпия ҳаракатини қўллаб-қуватлаш, кўзи ожизлар орасида дзюдо спорт турини кенг тарғиб қилиш, иқтидорли полвонларни аниқлаш ва моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш мақсадида   уюштирилган ушбу турнир ўтган йилдагидан иштирокчилар сонининг кўплиги, яъни унда хотин-қизлар ва мактаб ўқувчилари ўртасида беллашувлар ташкил этилгани билан алоҳида ажралиб турди. Тадбир доирасида ЎзКОЖ мутасадди раҳбарлари, спорт мутахассислари, қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирокида “Мамлакатимизда кўзи ожизлар спортининг бугуни ва эртаси” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда  сўзга чиққан ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиев  ватанимизда соғломлар қатори ногиронлар спортини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилаётгани, бунинг натижасида вакилларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларида салмоқли ютуқларга эришиб, юртимиз довруғини дунёга ёйишга ҳисса қўшаётганини фахр билан эътироф этди.

“Кўзи ожизлар шуғулланадиган спорт турлари  ва уларнинг ўзига хос хусусиятлари” мавзусида маъруза қилган Қашқадарё ВБ раиси Ҳ. Пўлатовнинг билдиришича,  ўтмишда тизимимизда жисмоний ҳаракат билан боғлиқ спорт турлари дарддошларимиз жисмиятига ортиқча шикаст етказиш эҳтимолидан келиб чиқиб, улар асосан ақл ёрдамида бажариладиган шахмат-шашка, нарда, домино каби ўйинларга жалб қилинган. Албатта, бундай машғулотлар руҳиятни тетиклаштиришга хизмат қилади. Аммо камҳаракатлилик ногирон кишида асаб тизимининг зўриқишига, юрак қон-томир хасталикларининг вужудга келишига сабаб бўлади. Кўзи ожизлар ҳаётидаги ҳаракат заифлигининг ўрнини тўлдиришда паралимпия ўйинлари фаол кўмакчи вазифасини ўтайди. Истиқлол йилларида юртимизда кўриш имконияти чекланган шахсларнинг енгил атлетика, дзюдо, мини-футбол, сузиш каби ҳаракатли спорт ўйинлари билан кенг миқёсда шуғулланишлари учун шароит яратилди. Сўнгги ўн йил давомида ЎзМПА ва унинг жойлардаги бўлимлари ҳузурида юқоридаги йўналишлар бўйича ногиронлар терма жамоалари тузилиб, улар сафидан жой олган кўзи ожиз ёшлар малакали мураббийлар кўмагида тажриба ва маҳорат поғоналаридан тобора юқорилаб боришмоқда. Ушбу соҳани ривожлантиришда ЎзКОЖ ташкилотлари ҳам бир четда тургани йўқ. Зеро, кейинги вақтларда айрим ҲБлар томонидан тегишли ННТлар ҳамкорлигида жойларда жамият аъзолари ўртасида енгил атлетика, дзюдо бўйича мусобақалар ўтказиш анъана тусини олмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: Спорт ногиронлар ҳаётида нечоғли аҳамиятга эга? Аввало, у жисмоний нуқсон исканжасидаги кишининг фаол ҳаракатланишга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга умумжамиятга интеграциялашувида муҳим восита ҳисобланади. Шундай экан, ногиронлар иштирокидаги мусобақаларни фақат маълум бир тизим доирасида эмас, балки соғломлар билан инклюзив шаклда олиб бориш мақсадга мувофиқдир. Айни тадбирлар ўз навбатида жисмоний имконияти чекланган инсонларнинг атрофдагилар билан ижтимоий алоқалари мустаҳкамланиши, натижада уларга нисбатан умумжамият муносабати соғломлашувига хизмат қилади. Маълумки, ривожланган давлатларда, хусусан, Россияда ногиронлар алоҳида спорт майдончалари, махсус теннис столи ва бошқа кўплаб тегишли мосламалардан фойдаланадилар. Дунё тажрибасига таянган ҳолда юртимиздаги спорт мажмуаларини ҳам кўзи ожизларнинг турфа хил спорт турлари билан шуғулланишларида енгиллик яратувчи махсус тренажёрлар билан таъминлаш давр талабидир.

         Тадбирда қатнашган ЎзМПА бош менежери А. Азизов республикамизда паралимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар хусусида қисқача маълумот берди. Таъкидланишича, Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси 2007 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳудудий бўлимлари фаолият юритмоқда. Паралимпия ўйинлари таркибига 22 спорт тури киритилган. Мамлакатимиз ногиронлари орасида асосан енгил атлетика, дзюдо, сузиш турлари кенг тарқалган. Яқин вақт оралиғида қиличбозлик, камондан ўқ отиш ўйинлари ҳам оммалаша бошлади. Бугунги кунда ЎзМПА ногиронлар ташкилотлари билан ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашга астойдил интилмоқда. Мақсад имконияти чекланган ёшларни ҳаракатли спорт ўйинларига янада кўпроқ жалб қилиш, маҳаллий доирада турли хил мусобақаларни тез-тез уюштириш орқали уларнинг қобилият ва интилишларини кенг оммага намойиш этиш, қолаверса, халқаро турнирларга муносиб номзодларни тайёрлашдан иборат.

Давра суҳбатида Сурхондарё вилоят махсус ахборот-ресурс маркази ходимаси Н. Мамадалиева дзюдо спорт тури тарихи, унинг ўзига хос қоидалари ва киши саломатлигига ижобий таъсири ҳақида муфассал тўхталди. Маълумотларга кўра, дзюдо спортига япониялик профессор Дзигоро Кано томонидан 1882 йилда асос солинган бўлиб, у японларнинг Чиу Жицу яккакурашидаги инсон жисмиятига зиён етказмайдиган усулларни ўз ичига қамраб олган. Дзюдо кишида ўз кучига ишониш, ўз-ўзини назорат қилиш, ҳар қандай вазиятда дадиллик билан олдга интилиш сифатларини тарбиялайди. 1987 йилда кўриш ногиронлари ўртасида дзюдо бўйича илк бор Европа чемпионати ўтказилган. Ушбу спорт тури 1988 йил Жанубий Кореяда эркаклар ўртасида, 2004 йил Грецияда аёллар иштирокида ўтган паралимпия ўйинлари дастурига киритилган. Ўйин жараёнида ногиронлик ҳолатига кўра уч синфга таснифланган спортчилар ўз оғирлик вазнига тенг рақиб билан ўзаро кураш олиб борадилар. 

Энди тизимимизда ўтказилган дзюдо бўйича республика чемпионати тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, мусобақалар олдидан барча иштирокчилар кўриш даражаси ва оғирлик вазнига кўра тегишли гуруҳларга ажратилди. Шундан сўнг Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуида  юзга яқин томошабин кўз ўнгида қизғин беллашувлар бошланиб кетди. Турнирда Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент, Наманган, Фарғона вилоятларидан ташриф буюрган жами 55 нафар спортчи, яъни 43 та эркак ўз вазн тоифасига кўра 10 та, 12 нафар аёл 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда совринли ўринлар учун кескин кураш олиб бордилар. Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятлари жамоалари таркибидан ўрин олган ўқувчи-ёшлар кураш бобида кўникмалари шаклланиб бораётганини амалда исботладилар. Айниқса, пойтахтлик Н. Абдураимов, Я. Абдувоитов, Ж. Жалилов, Д. Кароматовлар мусобақанинг саралаш ва финал баҳсларида рақибга қарши тактик усулларни қўллаб, мутлақ чемпионликка эришдилар. Шунингдек, 81, 90, 100 кг вазн тоифаларидаги полвонлар орасида кечган беллашувлар ҳам қизғин тус олди. Республика турнирида илк бор ўз қобилиятини синовдан ўтказган самарқандлик А. Жўраев, сурхондарёлик О. Хўжамқулов, Ш. Норқобилов каби қатнашчиларнинг кутилмаганда тажрибали спортчилар устидан ғалаба қозониши томошабинлар ҳайратини оширди. Жамиятдошларимиз орасидан етишиб чиқаётган ёш дзюдочи қизлар ҳам бор куч ва имкониятларини ишга солган ҳолда ғолиблик сари дадил интилдилар. Хусусан, қашқадарёлик М. Ризаева, бухоролик С. Ҳасанова, Тошкент шаҳри вакиласи А. Нурматовалар муросасиз курашлари билан ўзига хос жасорат намуналарини кўрсатдилар.

Мусобақа якуний натижаларига кўра, эркаклар ўртасидаги шахсий биринчиликда 46 кг вазн тоифасида Тошкент шаҳридаги кўзи ожизлар интернат-мактаби ўқувчиларидан Н. Абдураимов 1, Д. Аҳмедов 2-ўринларни  банд этган бўлишса, 50 кгли курашчилар ичида Я. Абдувоитов, Ҳ. Нурматов ҳамда С. Ҳотамовлар кучли учликдан муносиб жой эгалладилар. 55 кг вазн тоифасида Ш. Қурбонов ва Ж. Жалиловлар 1, 2-ўринларга лойиқ кўрилди. 60 кгли полвонлар орасида Д. Кароматов 1, сурхондарёлик Ш. Ҳасанов 2, яна шу вилоятлик И. Иномжонов ҳамда қашқадарёлик Ў. Раимовлар 3-ўринга мушарраф бўлди. 66 кг вазндаги дзюдочилар баҳсида 1-ўринни Ў. Усмонов (Самарқанд), 2-поғонани Б. Тўраев (Қашқадарё), 3-ўринни А. Сирожиддинов (Наманган) ва Ҳусан Абдиев (Тошкент шаҳри)лар забт этган бўлсалар, 73 кг вазнли иштирокчилар орасида Сурхон воҳасидан С. Абдуллаев 1, пойтахт вакили Б. Шомуродов 2, Тошкент шаҳридан Ҳасан Абдиев ҳамда бухоролик С. Холлиевлар 3-ўринни эгаллашди. Шунингдек, 81 кг вазнда самарқандлик А. Жўраев (1-ўрин), Сурхон воҳасидан Ў. Ёқубов (2-ўрин) ва О. Мўминов (3-ўрин)лар пешқадамликка эришдилар. 90 кгли полвонлар ўртасида кечган беллашувларда энг юқори учта поғонани мезбон вилоят жамоаси вакиллари О. Хўжамқулов, Р. Исмоилов ва наманганлик Б. Мирабдуллаевлар эгаллади.  100 кг вазндаги дзюдочилар ичида сурхондарёлик Ш. Норқобиловга тенг келадиган номзод топилмади. Унинг қашқадарёлик рақиби Э. Жўраев эса 2-ўрин билан кифояланди. Ниҳоят, ўта оғир вазн тоифасида гиламга тушган курашчилар баҳсида Тошкент вилояти жамоасидан маҳоратли полвон С. Дангалов 1, сурхондарёлик Э. Отахонов 2-поғонага муносиб деб топилди.

Қизлар ўртасидаги мусобақаларда 46 кг вазнда қашқадарёлик М. Ризаева 1, бухоролик С. Ҳасанова, сурхондарёлик З. Бегимқулова ҳамда Тошкент шаҳридан Ш. Эгамбердиевалар 2, 3-ўринларни банд этди. 52 кг оғирликдаги спортчилар орасида 1, 2-ўринларга пойтахтлик А. Нурматова ва Р. Мусурмоновалар, навбатдаги поғонага яна Тошкент шаҳри вакиласи У. Маматова ва Сурхондарёдан Н. Норқобиловалар лойиқ кўрилди. Шунингдек, 57 кг вазнда сурхондарёлик курашчи қизлардан Ф. Мустафоқулова ҳамда 78 кг вазн тоифасида С. Йўлдошевалар ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди.

Турнир сўнгида ғолиб иштирокчиларга тадбир ташкилотчилари ва ҳомийлар томонидан тегишли даражадаги диплом ва медаллар ҳамда пул мукофотлари топширилди. Мусобақада фаол қатнашган дзюдочилар алоҳида совринлар билан рағбатлантирилди. Мазкур спорт байрами доирасидаги ажойиб беллашувлар билан бирга кўнгилочар тадбирлар, имом Ат-Термизий мажмуига уюштирилган зиёрат ҳам меҳмонлар қалбига хушнудлик бағишлади. Биз тизимимизда паралимпия ҳаракати кенг қулоч ёйиб, тегишли давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликдаги спорт мусобақалари анъанавийлик касб этиши ҳамда бу борада ёшларимизнинг тажриба ва маҳоратлари янада юксалишига тилакдошмиз.

Икром РАЖАБОВ.     

ПАРАЛИМПИЯЧИЛАРИМИЗ ЮКСАК МАРРАЛАРДА

Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида жисмоний имконияти чекланган кишилар ўртасида бўлиб ўтган II Параосиё ўйинларида қитъамизнинг 41 давлатидан ташриф буюрган 2448 нафар спортчи спортнинг 24 тури бўйича жами 1345 та, яъни 443 та олтин, 433та  кумуш, 469 та бронза медаллари учун баҳсларга киришди. Мазкур турнир бундан тўрт йил аввал Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтказилган I Параосиё ўйинларидан спортчилар сонининг кўплиги, иштирокчи мамлакатларнинг биттага, спорт турларининг эса тўрттага ортганлиги билан муҳим аҳамият касб этди. Унда камондан ўқ отиш, енгил атлетика, бочча, велоспорт, футбол 5+5, футбол 7+7, голбол, дзюдо, пауэрлифтинг, байдарка, парус спорти, ўқ отиш, ўтириб ўйналадиган волейбол, сузиш, теннис, стол тенниси, баскетбол, спорт рақслари, қиличбозлик, регби ҳамда Паралимпия ўйинлари дастурига киритилмаган бадминтон, 10-кегилли боулинг ва боулз йўналишларида беллашувлар ўтказилди. Мусобақаларда қатнашган 27 нафар ҳамюртимиз сузиш, енгил атлетика, дзюдо ва ўқ отиш спорт турлари бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Инчеондаги “Мунхак” стадионида бўлиб ўтган Параосиё ўйинларининг тантанали очилиш маросимида делегациямиз аъзоси Мавлонбек Ҳайдаров мамлакатимиз байроғини боши узра баланд кўтарди. Турнирни дастлаб 50 м масофага эркин усулда сузиш мусобақаси билан бошлаб берган сузувчиларимиз Дмитрий Хорлин ва Кирилл Паньков ўзларига билдирилган ишончни юксак даражада оқладилар. Маҳоратли сузувчи Д. Хорлин 50 м масофани 25,66, 100 м масофани 56,50, 400 м масофани эса 4 дақиқа 14,02 сонияда эркин усулда сузиб ўтиб, бирйўла учта олтин медалга сазовор бўлишдан ташқари ҳар учала масофада ҳам Осиё рекордини янгилади. Шунингдек, К. Паньков 50 м масофага эркин усулда 24,08, 100 м масофага чалқанча сузишда 1 дақиқа 2,08 сония натижа кўрсатиб, олтин медаллар соҳиби бўлиш билан бирга қитъа рекордларини ҳам янгилашга муваффақ бўлди. У яна 100 м масофага эркин усулда (54,51 сония), 200 м га комплекс сузиш (2 дақиқа 18,80 сония) баҳсларида маррага биринчи бўлиб етиб келиб, “ПараОсиё-2014” ўйинларида эришган олтин медаллари сонини 4 тага етказди.

Спортчиларимизнинг енгил атлетика беллашувларида қайд этган натижалари ҳам таҳсинга лойиқ. Ушбу спорт тури бўйича нафақат қитъамизда, балки жаҳонда етакчилардан бири сифатида тилга олинувчи паралимпиячиларимиз 8 олтин, 4 кумуш, 3 бронза медалини қўлга киритиб, бу эътироф тасодиф эмаслигини яна бир карра исботладилар. Маҳоратли атлетимиз Фахриддин Ҳамроев 800 м масофага югуриш мусобақасида марра чизиғини ҳаммадан олдин 1 дақиқа 57,19 сонияда босиб ўтиш билан Осиё рекордини янгилаб, дастлабки олтин медаль соҳиби бўлди. У яна 200 м (23,10 сония) ва 400 м (50,19 сония)га югуришда ҳам рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади. Унинг 400 м масофада эришган натижаси Осиё ҳамда Параосиё ўйинлари рекорди сифатида қайд этилди. Айни масофалар бўйича ўтказилган мусобақаларда маррани 24,43 ва 55,04 сонияларда ишғол этган ҳамюртимиз Миран Саҳатов 2 та кумуш медалга мушарраф бўлди. 4х100 м га эстафета югуриш бўйича жамоавий баҳсларда эса М. Саҳатов, Д. Солиев, У. Чориев ва Ф. Ҳамроев тўртлиги энг юқори 44,25 сония натижа билан таиландликларни сониянинг юздан бир қисмига ортда қолдириб, навбатдаги олтин медални терма жамоамиз ҳисобига ёзиб қўйди. Улар кўрсатган натижа ҳам Осиёнинг янги рекорди сифатида тарихга муҳрланди. Ушбу баҳсни қўшиб ҳисоблаганда Ф. Ҳамроев томонидан мазкур турнирда қўлга киритилган олтин медаллар сони тўрттага етиб, сузиш бўйича мусобақаларда ана шунча медалга сазовор бўлган Кирилл Паньковнинг ўзига хос рекордини такрорлади. Шунингдек, 800 м (1 дақиқа 57,88 сония) ҳамда 1500 м (4 дақиқа 10,60 сония) масофаларга югуришда Маъруфжон Муродиллаевга етадиган рақиб топилмади. Ҳар икки масофада ҳам Осиё рекордини ўрнатган атлетимиз 2 та олтин медални қўлга киритди. Айни масофаларда марра чизиғини учинчи бўлиб босиб ўтган спортчимиз Сирожиддин Норов 2 та бронза медали соҳибига айланди. 800 м га югуриш баҳсида қатнашган яна бир вакилимиз Дамир Пашаев бронза медали совриндори бўлди.

Навбатдаги олтин медалга эришган терма жамоамиз байроқдори М. Ҳайдаров ядро улоқтиришда 14 м 39 см натижа қайд этиб, Осиё рекордини янгилади. Ушбу мусобақада тажрибали спортчимиз Ҳусниддин Норбеков 14 м 32 см натижа кўрсатиб, кумуш медаль билан тақдирланди. У диск улоқтириш баҳсларида энг юқори кўрсаткич (53 м 84 см)га эришиб, олтин медаль соҳиби ва Осиё рекордчисига айланди. Енгил атлетиканинг узунликка сакраш мусобақаларида иштирок этган Фаррух Мирзақулов эса 6 м 58 см натижа билан кумуш медаль совриндори бўлди.

Турнирда дзюдочиларимиз ҳам маҳоратларини ёрқин тарзда намойиш этишди. Бир йўла етти нафар спортчимиз ғолиблик шоҳсупасининг энг юқори поғонасига кўтарилиб, олтин медалларни қўлга киритдилар. Хотин-қизлар ўртасида 52 кг вазн тоифасида Севинч Салаева барча рақибалари устидан ғалаба қозонди. Эркаклар ўртасида кечган беллашувларда эса 60 кг оғирликда Шерзод Намозов ҳамда 66 кг вазнда Нурбек Бердиёров ўз тоифасида қитъамизнинг энг кучли полвонлари эканликларини амалда исботлашди. Вазни 73 кг гача бўлган полвонлар мусобақасида Феруз Саидов, 81 кг вазнда Шариф Халилов мутлақ ғолибликка эришди. Дзюдо бел олишувларида 90 кг оғирликда Шуҳрат Бобоев ҳамда 100 кг дан ортиқ вазн тоифасида Одилжон Тулендибоев барча рақибларидан устун келди. Шунингдек, Гулрух Раҳимова (70 кг) кумуш, Ширин Шарипов (100 кг) бронза медали соҳиби бўлдилар. Шу тариқа матонатли спортчиларимиз 22 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза, жами 31 та медалга сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 41 давлат вакиллари орасида фахрли 5, Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни банд этишди. Шу билан бирга улар II Параосиё ўйинларида 12 маротаба Осиё рекордини янгилаб, ўзларининг ажойиб ғалабалари билан юртдошларимизни хушнуд қилишди. Эътиборлиси, терма жамоамиз ҳисобидаги 19 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медали кўриш бўйича ногирон спортчилар ҳиссасига тўғри келди.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз паралимпиячилари Параосиё ўйинларидаги муносиб иштироки билан халқаро майдонлардаги муваффақиятлари салмоғини йил сайин юксалтириб бораётганликларини амалда кўрсатдилар. Таққослаш учун I ПараОсиё беллашувларида 21 нафар спортчимиз қатнашиб, 1 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалига сазовор бўлганини эсласак, бу галги кўрсаткичлар, эришилган натижаларда юқори ўсиш кузатилгани таҳсинга лойиқдир. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, терма жамоамиздан юқори ўринларни эгаллаган Чин юрти вакилларининг 226 нафар иштирокчиси 317, Жанубий Корея делегациясининг 321 нафар спортчиси 211, Япония термасининг 291 нафар вакили 143, эронлик 198 нафар спортчи 120 та медаль жамғарди. Биздан кейинги ўринда жойлашган Таиланд термасида 217 нафар спортчи 107 та медални қўлга киритди. 27 нафар хамюртимизнинг жами 31 та медалга сазовор бўлиши эса ростакамига шов-шувли натижадир. Олимпия ўйинларининг шиори билан айтганда,” янада кучлироқ, тезроқ, баландроқ” кўрсаткичларга эришиб Параосиё ўйинларида улкан ғалабаларни қўлга киритган, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини оширишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган терма жамоамиз аъзоларига ҳамиша омад ёр бўлишини тилаб қоламиз. Спортчиларимиз келгусидаги нуфузли мусобақаларда, жумладан, 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XV Паралимпия ўйинларида бундан-да юксак марраларни забт этишига умид билдирамиз.  

 Қудрат ОЧИЛОВ.

УМИДЛИ СПОРТЧИЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА

Жамиятдошларимиз ўртасида шахмат-шашка спорт турлари бўйича турли хил мусобақалар ўтказиш яхши анъанага айланганки, бу орқали кўзи ожиз спортчиларнинг фаоллигини ошириш, айни соҳада янгидан-янги истеъдодларни кашф этишга эришилмоқда. Ўтган йилнинг ноябрида ЎзКОЖ Самарқанд ВБ мезбонлигида бўлиб ўтган шахмат, Бухоро шаҳрида уюштирилган шашка бўйича республика шахсий биринчиликлари шундай беллашувлар сирасига киради. Шахмат бўйича республика турнирида 18 нафар эркак, 14 нафар аёл спортчи иштирок этиб, баҳслар қизиқарли комбинацияларга бой тарзда кечди. Уларда ёшларнинг тажрибали шахматчилар билан тенг равишда ўйин намойиш этишга интилгани, айниқса, қувонарлидир. Жумладан, самарқандлик Д. Жуманова ҳамда бухоролик М. Мақсудова каби ёш шахматчиларнинг ўйини ҳакамлар томонидан алоҳида эътироф этилди. Гарчанд ёшларга совринли ўринларни қўлга киритиш насиб этмаган бўлса-да, улар учун кучли бешликка кирганликларининг ўзиёқ кейинги ғалабалар сари қўйилган жиддий қадам ҳисобланади.

Турнир натижаларига кўра, эркаклар ўртасида кечган баҳсларда қорақалпоғистонлик спорт устаси Қ. Жақашев 6 очко билан пешқадамликка эришган бўлса, самарқандлик И. Ғуломов ва фарғоналик Н. Абзаров бир хилда 5 очкодан тўплаб, коэффициентлар инобатга олинган ҳолда 2, 3-ўринларга муносиб деб топилдилар. Хотин-қизлар беллашувларида эса самарқандлик З. Қўчқорова кучли ўйин намойиш этиб, 6 очко билан барча рақибаларини ортда қолдирди. Бухоролик С. Тўхтаева ҳам 6 очко жамғарган бўлса-да, ўйин коэффициентига қараб ҳакамлар томонидан 2-ўринга лойиқ деб топилди. Андижонлик З. Қодирова эса 4,5 очко билан 3-поғонани эгаллади. Бундан ташқари, 4 нафар иштирокчи рағбатлантирувчи ўринга муносиб кўрилди. Самарқанд ВБ йўриқчиси А. Абдуллаев мазкур мусобақадан олган таассуротларини биз билан қуйидагича ўртоқлашди:

– Шу вақтга қадар шахмат ўйинлари айланма усулда ташкил этилган бўлса, бу йилгиси швейцарча тизимда ўтказилди. Янги тизимнинг мусобақа савиясига ижобий таъсири билан бир қаторда регламент жиҳатидан ҳам қулайлиги амалда намоён бўлди. Турнир аввалги йиллардагига қараганда анча қизиқарли кечди. Шахсан мени қувонтирган ҳолат ёш спортчиларнинг фаоллигидир. Уларнинг шахмат спортидаги келажагига эътиборни кучайтириш лозим. Бу борада 25 ёшгача бўлганлар ўртасида алоҳида беллашувлар ўтказишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир.

Шашка йўналишида уюштирилган республика биринчилигида 16 та эркак ва 14 та аёл рус шашкаси, 14 нафар эркак спортчи юз катакли шашка бўйича ўзаро қизғин кураш олиб бордилар. Мазкур мусобақада ҳам ўйинларнинг қизиқарли кечишига ёш шашкачилар сезиларли даражада ҳисса қўшишди. Натижада ғолиблар рўйхати бир неча янги номлар билан бойиди. Ана шундай ёшлардан С. Ҳасанова, А. Ибодов ҳамда С. Холлиев каби шашкачиларнинг ўйинлари кўпчиликда илиқ таассурот қолдирди.

Ҳакамлар ҳайъати томонидан эълон қилинган натижаларга кўра, рус шашкаси бўйича эркаклар ўртасидаги баҳсларда Тошкент шаҳридан Б. Қосимов 6 очко билан юқори поғонани забт этди. 2-ўринни пойтахтнинг яна бир вакили Ю. Югай 5,5 очко тўплаган ҳолда қўлга киритган бўлса, бухоро вилоятидан А. Ибодов 5 очко билан кучли учликнинг сўнгги поғонасини эгаллади. Хотин-қизлар ўртасида кечган беллашувларда ёш бўлишига қарамай, ҳаммадан кучли ўйин кўрсата олган бухоролик С. Ҳасанова 5,5 очко билан ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. 5 очко жамғарган самарқандлик С. Қамаровага 2, 4,5 очко тўплаган наманганлик С. Пўлатовага эса 3-ўрин насиб этди. Юз катакли шашка бўйича тошкентлик  Ҳ. Азизов (6,5 очко) 1, хоразмлик Б. Қўчқоров (5,5 очко) 2, қашқадарёлик Н. Худоёров (5 очко) 3-ўринга сазовор бўлишди. Шу билан бирга ҳар иккала шашка тури бўйича жами 6 нафар спортчи рағбатлантирувчи мукофот билан тақдирланди. Биз ёшларнинг бу борадаги имкониятлари хусусида ўйин бош ҳаками Н. Муродов фикрлари билан қизиқдик:

– Юқори савияда ташкиллаштирилган мазкур турнирда ёшларнинг иштироки фаол кўриниш касб этди. Тўғри, уларда ҳали тажриба у қадар кучли эмас. Бироқ шашкага оид назарий билимларни чуқур эгаллаганликлари яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам доимий ғолиблар билан тенгма-тенг кураш олиб боришга ҳаракат қилишди ва гувоҳи бўлганимиздек, айрим ёшларимиз устунликка ҳам эришишди. Афсуски, сўнгги вақтларда бу каби мусобақалар интернат-мактаблар ўқувчилари ўртасида ўтказилмай қўйди. Бугун олдимизда турган аҳамиятли вазифалардан бири ушбу анъанани қайта тиклаш, янги истеъдодларни тарбиялаб, шахмат-шашка бўйича ёшлар терма жамоасини шакллантиришдан иборат.

Бир сўз билан айтганда, юқоридаги каби тадбирлар кўзи ожиз спортчиларнинг тажриба ва маҳоратларини синовдан ўтказиш билан бирга бу борада келгусида бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаш ва улар ижросини таъминлаш учун муҳим туртки вазифасини ўтайди.

Озод ҚУРБОНОВ.