БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

КўЗИ ОЖИЗЛАР ВА ФУТБОЛ

           Жорий йилги  XVIII Жаҳон биринчилигини катта ҳаяжон билан томоша қилган миллиардлаб футбол мухлислари сафидан кўзи ожизлар ҳам ўрин олганлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз бу борада жаҳон чемпионатларини болаликдан, демакки, қатор йиллардан буён кузатиб келаётган чин маънодаги ишқибозларни учратдикки, айни ҳол кўзи ожизларнинг гарчи ўйинни томоша қилиш, ундан завқланиш имкониятлари чегараланганига қарамай, футболга бефарқ эмасликларини кўрсатди. Дарҳақиқат, бугун миллиардлар қалбини забт этиб, энг оммавий спорт тури таърифини олган футбол кўришдан маҳрум инсонларни-да шиддатли, бетакрор кечими, ўзига хос жозибасидан бебаҳра қўймагани маълум бўлди. Тўғри, сезги, қалб ва тафаккур воситасида ўйиндан баҳраманд бўлувчи, ундаги ҳолатларни идрок этишга уринувчи кўзи ожизлар футболни кўриш орқали томоша қилаётганлар даражасида у ҳақда ёрқин тасаввурга эга бўлмасликлари, юксак завқ-у шавққа берилмасликлари мумкин. Зеро, улар бу жараёнда асосан эшитиш, ҳис этишга таянишиб, бу хил таянчлар эса кўриш билан асло тенглаша олмайди. Ахир, юз марта эшитгандан бир бора кўрган афзал. Авваллари ёруғ дунёни у ёки бу даражада кўриб, лекин ҳозирда ожизлик исканжасига тушиб қолган кишиларгина ўша пайтлар шаклланган тасаввурлари асосида ўйиннинг моҳиятини яхшироқ англаб етишлари, унда рўй берган ҳолатларни табиий суръатда кўз олдиларига келтиришлари мумкин. Туғма кўзи ожизларда эса ўз-ўзидан аҳвол анча мураккаброқ. Уларда футбол бобидаги тушунча ва тасаввурлар анчайин тор бўлиб, кишиларнинг берган маълумот ва шарҳлари ҳам мазкур кемтикни тўлдиришга қодир эмас. Улар мана шу эшитиш орқали олинган маълумотлар ёрдамида ўйин манзарасини тасаввурларида гавдалантиришга интиладилар. Яъни ўқитувчи Ғофир Назаровнинг айтишича, кўзи ожиз киши турли йўсинда йўлланган зарбалар, содир этилган бошқа хил вазиятларни кўз ўнгида жонлантириши учун ақлини ишлатиши, ёрдамчи воситаларни ишга солиши керак бўлади. Соғлом одамдан эса бу борада ортиқча куч ва ҳаракат сарфлаш талаб этилмайди, чунки у бир бор кўриш билан ўйин кечими хусусида ёрқин ва тўлақонли тасаввурга эга бўлади. Бежизга ахборотнинг деярли асосий қисми кўриш орқали қабул қилиниши ҳақида айтилмайди.

         Нима бўлганда ҳам кўзи ожизлар имконлари доирасида ёрдамчи воситалардан фойдаланган ҳолда футбол баҳсларидан баҳраманд бўлаётганлари эътиборга моликдир. Масалан, “ойнаи жаҳон” қаршисидаги дарддошларимиз учун, аввало, шарҳловчининг бераётган шарҳи ўйинни томоша қилиш жараёнида муҳим ўрин тутади. Чунки ишқибозлардан бири Очилхон Абзалхонов таъкидлаганидек, футбол шарҳловчисининг ўйинни етказиб бериш савиясига қараб уни билвосита кузатаётган кўзи ожиз томошабинда нисбатан аниқ ё мавҳум тарзда тасаввур ҳосил бўлади. “Бироқ ҳозирги шарҳловчилар,- дейди у, - кўпроқ статистика, керакли-кераксиз маълумотларга ўрин беришиб, ўйин жараёни, унда гавдаланаётган ҳолатлар хусусида кенг кўламда мушоҳада юритишни иккинчи даражага тушириб қўйишяпти. Бу эса биз каби мухлисларнинг ҳеч бўлмаса  эшитиш орқали ўйиндан баҳра олиш имкониятимизни жиддий равишда чеклаб қўйяпти”. Очилхон аканинг маълумот беришларича, собиқ иттифоқ даврида бизнинг радиога уланмиш Москва каналлари орқали ҳам жаҳон чемпионатларини эшитиш имкони мавжуд бўлганки, рус шарҳловчиларининг уларга берган шарҳлари кишига чин маънода ҳузур бағишлаган. Ҳозир эса айни нуфузли мусобақалар фақат телевидениеда олиб кўрсатилиб, баъзи телешарҳловчиларнинг айтилган ҳолатларни юзага келтириши оқибатида уларни мириқиб томоша қилиш мумкин бўлмаётган экан. Ҳа, суҳбатдошимиз етук шарҳловчилар А.Имомхўжаев, Д.Турдиалиев, навоийлик Р.Болтаевлар каби ўйинларнинг юксак маҳорат ва равон нутқ билан шарҳланишини  жуда-жуда истайди. Қолаверса, кўзи ожиз футбол мухлислари шарҳлар билан бирга яқин кишиларининг берган чизгилари, кучли хотира ва мавжуд тасаввурларига суяниб кечаётган ўйин ҳақида тушунча ҳосил қилишади, маълум мезонлар асосида уни баҳолай ҳам билишади. Шундай экан, футбол баҳслари борасида ўзининг нишонга бехато тегувчи фикрлари ва ўринли баҳолари билан соғлом ишқибозларни ҳисоблашишга мажбур эта оладиган дарддошларимизнинг маҳаллий ҳамда хориж футболида ёқтирган жамоалари, севимли ўйинчиларининг борлиги табиий ҳолдир.

         Эътиборни тортувчи ҳолат дийдаси нурсиз инсонлар орасида бевосита стадионга ташриф буюриб, футбол томоша қилувчиларнинг ҳам учраб туришидир. Айниқса, илгари “Пахтакор” жамоаси ёрқин ва бетакрор ўйинлар намойиш этган пайтда бу ҳол тез-тез содир бўлган. Маълум бўлишича, ўйингоҳдаги соғлом мухлислар сафида кўзи ожизлар ҳам ишқибозлик ҳаяжонларини бошдан кечиришган, яъни улар футболчилар ёки томошабинларнинг кўрсатаётган реакциясига қараб эшитиш ва сезиш қобилиятларига зўр берган ҳолда ўйиндан баҳра олишган. Бу борада ҳуқуқшунос Дилмурод Султоновнинг қайд этишига кўра стадиондаги кўзи ожизларга ўзини муҳитнинг ичида ҳис этиш, яқиндан туриб футбол матчига шоҳид бўлиш, атрофдагиларга қўшилиб ишқибозлик қилиш ҳолатлари кўпроқ завқ-шавқ беради. Эҳтимол, кўриш ногиронлари жисмоний тўсқинлик сабаб ўйиндан тўла маънода завқлана олмаслар, лекин уларнинг ҳаётга бўлган интилишлари, чекловлар асирига айланмасликка қаратилган ҳаракатлари жисмоний қаршиликлар ва машаққатлар устидан ғалаба қилаётгани жасорат намунасидир. Дарҳақиқат, футболда бўлгани каби инсон руҳиятида ҳам ўзига хос кураш кечиши асносида кучга, шижоатга тўла ҳиссиётлар заифроқларини мағлуб этиб, устунлик ўзи томонида эканлигини исботлайди.

         Хўш, бир пайтлар кўп сонли футболсеварларни ўзига оҳанграбодек тортган “Пахтакор” ўйингоҳига бугун ҳам аввалгидек юксак интилиш ва иштиёқмандлик ишқибозларни етаклаб келяптими? Айтишларича, эндиликда стадионга кишиларни мажбурий тарзда олиб келиш, бирор автомобиль ютуғи қўйилган лотерея ёки машҳур санъаткорлар концертини уюштириш билан келувчилар сонини ошириш манзаралари кўпроқ намоён бўляпти. Бу ҳақда Д.Султонов шундай фикр юритади:

         - Афсуски, ҳозирги ўзбек миллий футболида аввалги каби ажойиб баҳсларнинг гувоҳи бўлиш имконсизроқ. Баъзилар жамоамизнинг 1994 йилда Осиё ўйинларида ғолиб чиққани ёки халқаро рўйхатда нечанчидир ўринни эгаллаганини айтиб фахрланишлари мумкин, лекин бу натижалар бизда футбол етарли даражада  ривожланганининг далолати бўлолмайди. Дарҳақиқат, гарчи ўзбек халқининг футболга бўлган қизиқиши ўша Европа, америкалик ишқибозларникидан ҳеч ҳам кам бўлмаса-да, шундай улкан қизиқишларга муносиб жавоб бўлувчи, керак бўлса уларни янада алангалатувчи ўйинлар футболчиларимиз томонидан намойиш этилмаяпти. Бошқача айтганда, айни соҳани тараққий  эттириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар анча суст кетаётган ҳозирги кунда мазкур ҳолат миллий футболимиз ёруғ келажагига боғланган умидларга жиддий раҳна соляпти. Бу эса ўз-ўзидан ўзбек футболининг жаҳон ареналарига чиқиш эҳтимолларини тобора кўпроқ савол остида қолдиряпти.

         Юқорида айтилганидек, жаҳон чемпионатлари вақтида бутун нигоҳи яшил майдонларга қадалувчи курраи заминдаги миллиардлаб ишқибозларнинг маълум бир қисмини кўриш имконияти чекланган кишилар ташкил этадики, жумладан, бу йилги мундиал баҳслари ҳақида ҳам бизнинг кўзи ожизлар ўз нуқтаи назарларига эгадирлар. Ҳа, улар қайси бир жамоа имкониятларини юқори ёки паст баҳолашгани, нималарнидир кутиб, аксинча, баъзи кутилмаган ҳолатлардан ҳаяжонга тушишгани аниқ. Чунончи, Д.Султоновга кўра бу галги чемпионатда гарчи ўйиннинг жозибасига путур етказса-да, футболчилар анчагина эҳтиёткорлик билан ўзаро баҳс олиб боришган. Айни мулоҳазалар эгаси дастлаб кўрсатаётган ўйинларига қараб Франция терма жамоасининг чемпион бўлишини башорат қилгани, аммо омад Италия жамоасига кулиб боққанини ҳам ўз ўрнида эътироф этди. Ғ.Назаров эса чемпионлар сардори Бразилия терма жамоасининг музаффариятига умид қилганини айтар экан, афсуски, мазкур жамоа чорак финалдан сўнг турнирни тарк этишга мажбур бўлди. Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, футболда башорат қилиш унчалик ҳам ўринли эмас. Чунки футболда воқелик кутилганга тескари тарзда намоён бўлиши, яъни имкониятига ишонилган чарм тўп усталари суст ўйин кўрсатиб, аксинча, маҳорати юқори баҳоланмаган ўйинчилар ажойиб футбол намойиш этиш билан юлдуз каби порлаши кўп бора кузатилган. Қолаверса, мухлисни қойил қолдирадиган ҳолат ҳам айнан мағлуб бўлаёзган жамоанинг ўйиннинг охирги дақиқаларига келиб кутилмаганда рақиблар дарвозасини кетма-кет ўз зарбалари билан ишғол қилиши-ю ҳисобда олдинга ўтиб олишидир.

         Нақ 40 йилдан буён жаҳон биринчиликларини томоша қилиб келаётган О.Абзалхонов ҳозирги ўйинлар уни ўзига ром этмай қўйганини ўкинч билан изҳор этади. У 1966 – 1986 йилларда кечган ёрқин, эсда қоларли баҳсларга кейинчалик гувоҳ бўлганини эслай олмайди. Дарддошимизнинг қарашига кўра ҳозирда футболга бизнес аралашиб, яъни тўланадиган катта маблағдан иборат моддий манфаатлар бирламчи аҳамият касб этиб, ўйиннинг жозибаси тобора йўқолиб бораётгандек гўё.

         Кўзи ожизлар футболни нафақат томоша қилувчи, баъзан уни амалга оширувчи сифатида ҳам гавдаланадиларки, бунга уларнинг ёшликда ўз ўқитувчилари ёки тенгдошлари билан ўтказган беллашувлари ёрқин мисолдир. Кўпроқ заиф кўрувчилар иштирок этган мазкур ҳаваскорлик баҳсларида гарчи тўп нотўғри тепилишига ўхшаш зид ҳолатлар юз берувчи шароитда росмана ўйин кўрсата олишмаса-да, футболга бўлган муҳаббат уларни имконсизлик чегараларини ёриб ўтишга, яхшими-ёмон ўйнаш завқини туйишга ундарди. Ҳатто айни ҳол эгаларининг ўзларини чекловлар таъсиридан озодроқ ҳис этишлари учун ўйин давомида махсус овоз чиқарувчи тўплардан фойдаланганлари ҳақида маълумотлар бор. Қисқаси, улар қай йўл билан бўлмасин футбол ўйнашга бўлган юксак майлларини қондиришга, натижада ўйин жараёнини яхшироқ тасаввур этиш, у билан боғлиқ руҳий кечинмаларни ўзларида кечиришга муваффақ бўлишган. Албатта, заиф кўрувчиларда ўйинчи вазифасини бажаришдан ташқари, нисбатан кенгроқ кўламда футбол мусобақаларини томоша қилиш имконияти ҳам мавжуд бўлади. Бу эса олдини кўрмаслик девори тўсиб турувчи кишилардан кўра уларнинг футболга яқинроқдан ошно бўлишларини англатади. Бироқ тўсиқ ва чекланишлардан бироз холидек кўринган қисман кўрувчилар ҳам зарурат туғилганда тўлароқ ахборот олиш мақсадида ёрдамчи воситалардан фойдалансалар ажаб эмас.

         Гапнинг сираси, биз футболга алоқадор қайси мақомни қай даражада эгаллай олишларидан қатъи назар дарддошларимизнинг айни олам фуқаролари орасида борликларидан бахтиёрмиз. Ҳар қандай ҳолда ҳам кўзи ожизлар дунёқарашининг маълум қисмини футболга оид билимлар банд қилиши ва уларнинг таъбир жоиз бўлса миллиардлар ўйинига  ошнолик бобида умумдан ажралиб қолмасликларини истардик. Зеро, ҳаёт кемасидагилар билан баробар сузаётган, ўзида жисмоний ғовларни енгишга, юксакликлар сари интилиб яшашга куч топаётган инсонлар мазмунли умр кечираётганлардир!         

 НОДИРА ЗОКИРОВА.

 

 

 

Ўн саккиз саҳифалик тарих

            Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 июнидан 9 июлига қадар Германия яшил майдонларида футбол бўйича XVIII жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Ушбу жаҳоншумул турнир ўзининг хос ўйинлари, фавқулодда кашфиётлари, умуман, бор ютуқ ва камчиликлари билан футбол тарихида яна бир саҳифа очганлиги ҳақиқат. Бундан олдин ўн етти бор ўтказилган жаҳон чемпионатлари ҳам мазкур тарихнинг қатор саҳифалари битилишига олиб келдики, дастлаб уларни варақлаб кўриш ниятидамиз.

         Ҳеч бир ишнинг бошланиши енгил кечмаганидек, бутун курраи заминни қамраб олувчи футбол биринчилигини йўлга қўйишга ҳам осонликча эришилмаган. Дастлаб футбол бўйича жаҳон чемпионатини ташкил этиш ғояси 1904 йилда ҳали тузилганига кўп вақт бўлмаган Халқаро Футбол Федерацияси – ФИФАниниг биринчи Президенти Р.Герен (Франция) ва Вице-Президенти  К.Хиршман (Голландия) томонидан илгари сурилган. Бу борада ажойиб режа тақдим этилган бўлса-да, лекин у мамлакатларда футболга ҳар хил қоидалар асосида ёндашилишини айтиб чиққанларнинг қаршилиги билан аввалига амалга ошмаган. Кейинроқ эса франциялик Жюль Римэ ва Хиршманларнинг саъй- ҳаракатлари натижасида 1914 йил июнь ойида бўлиб ўтган ФИФА конгрессида 1916 йил Берлинда ўтказилажак олимпия турнирига расман жаҳон чемпионати мақомини бериш тўғрисида қарор қабул қилинган. Аммо ушбу қарор ҳам биринчи жаҳон уруши туфайли ижро касб этмаган. Ж.Римэ ФИФАни бошқаришга киришгач, футбол бўйича жаҳон чемпионатларини доимий тарзда уюштириш имкониятлари ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг 1928 йил 29 майда Амстердамда ўтган ФИФА конгрессида 1930 йилдан бошлаб ҳар тўрт йилда бир марта футбол бўйича Жаҳон Кубогини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Дастлабки турнир 1924 ва 1928 йилги Олимпиадаларда футболчилари кетма-кет ғалаба қозонган, қолаверса, айнан 1930 йилда мустақилликка эришганининг 100 йиллигини нишонлайдиган Уругвай мамлакатида ўтказиладиган бўлди. Унга атаб бор-йўғи 8 ой ичида Уругвай пойтахтида замонавий “Семтенарио” стадиони қуриб битказилди. ФИФА ишлаб чиққан қоидаларда чемпионатда 16 терма жамоа қатнашиши қайд этилган бўлса-да, илк мусобақада 13 мамлакат жамоаси саралаш ўйинларисиз жаҳон чемпиони унвони учун баҳс олиб боришди. Иштирокчилар орасида Европадан Бельгия, Югославия, Франция, Лотин Америкасидан  Бразилия, Аргентина, Парагвай, Перу, Чили, Мексика, АҚШ ва бошқа давлатларнинг термалари бор эди. Айтиш жоизки, Европа давлатларининг кам сонда қатнашишига Уругвайгача океан ва денгиз орқали уч ҳафталик йўл босишнинг осон кечмаслиги сабаб бўлганди. Хуллас, 13 июлда Франция-Мексика  терма жамоаларининг ўйини билан очилган чемпионатнинг охирги ҳал қилувчи беллашувида Уругвай термаси Аргентиналикларни 4:2 ҳисобида енгиб, биринчи жаҳон чемпиони бўлишдек тарихий муваффақиятни қўлга киритди. Дарҳақиқат, айни жамоа ФИФА буюртмаси билан 1928 йилда Парижлик машҳур заргар Абель Лефлер томонидан 1800 граммлик соф олтиндан ясалган, юнонларнинг афсонавий ғалаба маъбудаси – Нике тасвири туширилган “Олтин маъбуда” аталмиш Кубокнинг илк эгаси бўлди. Айтиш керакки, футбол бўйича жаҳон чемпионатининг ташкил этилишида Ж.Римэ улкан хизмат кўрсатгани боис “Олтин маъбуда” нафақат “Жаҳон Кубоги”, “Жюль Римэ Кубоги” деб ҳам юритилган.

         II жаҳон чемпионатида 32 мамлакат қатнашиш хоҳишини билдирар экан, бу ҳол саралаш ўйинларини ўтказиш заруратини юзага келтирди. Натижада айни босқичдан ўтган 16 давлат терма жамоаси финал турнирида қатнашиш шарафига муяссар бўлди. Улкан футбол фестивалига айланган мазкур чемпионатда чех Планичка, испан Замора, австриялик Платцер, итальян Комби каби кучли дарвозабонлар юксак даражада ўйин кўрсатиш билан унинг футбол тарихидан алоҳида ўрин олишини таъминладилар.

         III жаҳон чемпионатида эса иштирок этиш истагидаги терма жамоалар сони 35 тага етди. Умуман, чемпионатдан-чемпионатга  айни истак эгаларининг сони кескин ўсиб борар экан, улар сафига кейинчалик Осиё ва Африка қитъалари вакиллари ҳам қўшилди. Шунингдек, III жаҳон чемпионатида ФИФАнинг қарори билан уни ўтказаётган мамлакат жамоаси ва олдинги жаҳон чемпиони саралаш ўйинларидан озод бўлган ҳолда тўғридан-тўғри финал турнирида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдилар. 1934 йилда жаҳон чемпионлигига эришган Италия терма жамоаси 1938 йил 3-бор ўтказилган чемпионатда ҳам ғалабанинг умрини узайтирган ҳолда иккинчи мартда жаҳон Кубоги соҳибига айланди.

         Иккинчи жаҳон уруши кечаётган паллаларда олтин Кубокни сақлашдек мушкул вазифа Италия Футбол Федерацияси раҳбарларидан бири Оттарино Барассига топширилади. Унинг уйида тинтув ўтказган фашистлар “Олтин маъбуда”ни қўлга тушириш учун кўп заҳмат чекишади, лекин улар Кубокнинг каравот тагидаги эски йиртиқ этикка яшириб қўйилганини хаёлларига ҳам келтиришмайди. Шу тариқа жўнгина беркитилган “Олтин маъбуда” омон қолади ва 1946 йили Люксембургда ўтган ФИФА конгрессида Президент Ж.Римэ уни қабул қилиб олади.

         Ниҳоят, уруш сабабидан узоқ давом этган танаффусдан сўнг 1950 йилда Бразилия давлати IV жаҳон чемпионатига мезбонлик қилар экан, Рио-де-Жанейрода айни нуфузли мусобақага атаб бунёд этилган дунёдаги энг катта 200 минг кишилик “Маракана” стадиони илк бор ишқибозлар билан лиқ тўлди. Гап шундаки,  мазкур жаҳон чемпионатида мағлуб бўлган ҳар бир жамоа турнирни тарк этишига асосланган олимпия усулидан воз кечилиб, жамоаларнинг 4 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро баҳс юритиши, гуруҳ ғолиблари финал ўйинларида беллашиши, шундан сўнг кўрсатган натижасига қараб чемпионат ғолиби белгиланиши тартиби жорий этилди. Бундай тартибда ўйновчилар сафида эндиликда Англия терма жамоасини ҳам кўриш мумкин эди. Зеро, ўзларини футбол ватанидан деб билиб, шу вақтгача жаҳон чемпионатини тан олмай келган Англия футболчилари 1-бор чемпионатда қатнашишга жазм этишган эди. Лекин улар гуруҳ баҳсларидаёқ етарли натижа кўрсатмай, турнирни тарк этдилар. 16 июлда турнирнинг Бразилия-Уругвай термалари иштирокида кечган охирги ўйинида Андраде, Чиггиа, Варела, Скиаффино каби улкан футбол юлдузларига эга Уругвай жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ҳолбуки, бунгача уругвайликларда 3, бразилияликлар ҳисобида эса 4 очко мавжуд эди. Хуллас, майдон эгаларининг мағлубиятидан бутун Бразилия аҳолиси кўз ёши тўккан 16 июль Уругвай давлатида миллий байрам дея эълон қилинди. Буни қарангки, 1954 йилдаги V жаҳон чемпионатида ҳам дунёдаги кучли термалар қаторида бўлган Венгрия жамоаси Ғарбий Германия футболчиларига 3:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, кутилмаганда мағлубиятга учради. Ҳа, омад кучлидан юз ўгириб, кучсизроқ кўринганига кулиб боқиши ҳеч гап эмас. Шу тариқа кутилмаган натижа қайд этилган ушбу чемпионат ҳозирга қадар энг кўп, яъни 26 ўйинда 140 маротаба тўп киритилган биринчилик сифатида ҳам эътироф этилади.

         Бир неча Европа, Америка мамлакатлари қаторида илк бор собиқ иттифоқ терма жамоаси иштирок этган, 2 мартадан жаҳон чемпионлари Италия ва Уругвай жамоалари эса саралаш мусобақаларидан ўта олмаган VI жаҳон чемпионатининг финал баҳсида бу гал Бразилия футболчилари яхши ўйин кўрсатиб финалгача чиққан швецияликларни 5:2 ҳисобида енгиб, ниҳоят, юксак чемпионлик мартабасини забт этдилар. Бу муваффақиятга, табиийки, Бразилия футболида юлдуз сингари порлаган ўйинчилар – Вава ҳамда 17 ёшли Пеленинг 2 мартадан киритган тўпи салмоқли ҳисса қўшди. Бразилия термаси бир овоздан жаҳоннинг энг кучли жамоаси дея тан олинар экан, чемпион унвони қўлга киритилган 29 июнь куни мамлакатда миллий байрам сифатида нишонланадиган бўлди. Шунингдек, Бразилия Президенти иштирокида тантаналар ўтказилиши, кўчаларга чемпионлар номи қўйилиши сингари ғолибни шарафлаш тадбирлари ҳам амалга оширилди. VI жаҳон чемпионатида яна шу вақтгача кузатилмаган рекорд натижа қайд этилдики, бу француз Ж.Фонтеннинг ўйинлар давомида 13 тўп киритгани билан боғлиқдир.

         Бразилия терма жамоаси кейинги 1962 йилда ўтган биринчиликда ҳам гарчи аввалгидек эътирофга арзирли даражада ўйнамаган бўлса-да, чехословакияликларни 3:1 ҳисобида мағлуб этиш билан иккинчи марта зафар байроғини баланд кўтарди.

         У, шунингдек, 1970 йилда Мексикада ўтказилган IX жаҳон чемпионатида футбол қироли Пеле етакчилигида 3-бор ғолиблик шоҳсупасига кўтарилдики, натижада низомга кўра Бразилия жамоаси 3 карра жаҳон чемпиони бўлгани шарофати билан “Олтин маъбуда”нинг доимий соҳибига айланди. Қизиғи шундаки, айни ғалабага Италия футболчиларидан 4:1 ҳисобида устун келиб эришган Бразилия термаси 1994 йилги АҚШда ўтган XV жаҳон чемпионати финалида ҳам яна италияликлар билан беллашишига тўғри келди. Бошқача айтганда, 1982 йилда 3-бор чемпионликка эришган Италия ва у билан тенг кўрсаткичга эга  Бразилия жамоалари ғалабалар сонини 4 тага етказиш учун жиддий кураш олиб боришди. Дарҳақиқат, юксак маҳоратли жамоаларнинг кураши шу қадар кескин эдики, асосий ва қўшимча вақтда ҳисоб очилмагандан сўнг чемпионатлар финалида илк марта пенальтилар серияси ўтказилди ва бразилияликлар фойдасига 3:2 ҳисоби қайд этилди. Шундай қилиб, Жанубий америкаликлар Италиядан бир поғона юқорилаб олди. Қолаверса, “Қора бозор”да чипталари нархи 1000 долларгача етган мазкур чемпионатда ФИФА фойдали мақсадларни кўзлаб ғалаба учун 3 очко беришга ва пассив ўйиндан ташқари ҳолат қоидасини жорий этишга қарор қилганини таъкидлаб ўтиш жоиз. IX чемпионатдан бошлаб эса беллашув давомида ўйинчиларни алмаштиришга изн берилганди.

         1998 йилдаги финал учрашувида моҳир ўйинчиси Рональдонинг ўйини қовушмай, Французлардан йирик 3:0 ҳисобида енгилган ва уларнинг илк дафъа чемпионлик шарафига эришишларини таъминлаган Бразилия терма жамоаси кейинги чемпионатда  яна Рональдонинг киритган икки тўпи эвазига немис футболчиларидан 2:0 ҳисобида устун келиб, нақ 5-бор жаҳон Кубогини қўлга киритди. Эътиборлиси, Жаҳон биринчиликларида энг кўп ўйин ўтказган ва бунга қадар 14 та чемпионат давомида бирор марта ҳам юзма-юз бўлмаган Бразилия ва Германия жамоалари илк бор ана шу ўйинда ўзаро рўбарў келишганди.  Айни жамоа мисли кўрилмаган рекорд кўрсаткични забт этар экан, бунда мундиалнинг энг сермаҳсул тўпурари деб топилган Рональдо билан бирга унинг жамоадошлари Кафу, Роберто Карлос, Ривальдо, Роналдиньо каби юлдузларнинг ҳам  салмоқли ўрни бор. Қўшимча ўлароқ айтиш лозимки, энг кучли Бразилия термаси билан деярли тенгма-тенг тўп сурган, ўзининг ҳужумкор, юксак техника заминига қурилган ўйинлари билан турнирнинг кашфиётига айланган Туркия жамоаси эса ушбу биринчиликда 3-ўринни эгаллади.

         Чемпионлар орасида мустаҳкамроқ ўрин тутишга интилаётган ГФР терма жамоаси ҳам бор эди, лекин у Англия футболининг 100 йиллиги муносабати билан 1966 йилда айни шу давлатда ўтказилган VIII мундиалнинг финал баҳсида англияликларга  4:2 ҳисобида ўйинни бой бериб қўйди. Бу эса ўз-ўзидан Англия жамоасининг илк чемпион бўлиши билан натижаланди. Интилиш ва ҳаракатларини кучайтира борган ГФР жамоаси, ниҳоят, X жаҳон чемпионати финалида ўз уйида Голландия футболчиларини енгишга муваффақ бўлди. Диққатга молик жиҳати, “Олтин маъбуда” доимий эгасини топгандан сўнг миланлик заргар С.Гаццанига томонидан соф олтиндан тайёрланган 4970 граммлик янги жаҳон Кубоги  биринчи маротаба ушбу немис жамоасига топширилди. XII, XIII Жаҳон биринчиликлари финалларида Италия ва Аргентина футболчиларидан кетма-кет енгилган, лекин XIV мундиалда аргентиналиклардан устун келган     Ғарбий      Германия терма жамоаси 3-бор чемпионлик нашидасини суришга мушарраф бўлди. Эслаб ўтганимиз Жанубий Американинг етакчи  жамоаларидан ҳисобланган Аргентина термаси эса XI ва XIII мундиал баҳсларида икки марта жаҳон чемпиони сифатида эътироф этилди.

         Чемпионатни ўтказиш тартибига қатнашувчи жамоалар сони ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда турлича ўзгартишлар киритилгани маълум. Хусусан, 16 жамоа иштирок этган пайтда улар 4 гуруҳга бўлиниб баҳс юритишган бўлса, XII жаҳон чемпионатидан эътиборан иштирокчи термалар сони 24 тага етиб, уларнинг 6 гуруҳга жамланган ҳолда ўйинлар ўтказиши йўлга қўйилди. Яъни 1-босқичда 6 гуруҳ иштирокида кечган баҳслардан сўнг иккитадан гуруҳ ғолиблари 4 та гуруҳга бўлиниб ўзаро куч синашиши, кейин гуруҳларда 1-ўринни эгаллаган жамоалар ярим финалга чиқиши, жуфтликларда зафар қучганлар 1, ютқазганлар эса 3-ўрин учун баҳс олиб боришига асосланган тартиб амалга киритилди. Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, мазкур турнирда англиялик чарм тўп устаси Робсон 27-сонияда энг тезкор гол ургани,  Венгрия жамоасининг заҳирадан майдонга тушган ҳужумчиси Киш 7 дақиқа ичида 3 та тўп киритиб, чемпионатларнинг энг тезкор хет-трикига эришгани билан боғлиқ рекордлар ҳам ўрнатилди. XVI жаҳон биринчилигидан бошлаб 32 терма жамоага финал турнирида қатнашиш ҳуқуқи берилиб келаяптики, улар чўққини ишғол этиш йўлида эндиликда 8 гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро беллашишяпти. Қолаверса, ушбу оламшумул мусобақада Франция ўйинчиси Лоран парагвайликлар билан кечган нимчорак финал баҳсининг қўшимча вақтида илк бор “олтин гол”га муаллифлик қилдики, зеро бу қўшимча вақтда ўйинни ниҳоясига етказувчи дастлабки зарба эди.

         Қатнашчилар сонининг оширилиши билан Осиё ва Африка қитъаларида ҳам футбол ривожланиш сари юз тутар экан, натижада ФИФА томонидан XVII мундиал ўйинлари илк дафъа Осиё қитъасида уюштирилди. Шунингдек, финал турнирининг икки давлат ҳудудида (яъни Япония ва Жанубий Корея) ўтказилиши ҳам биринчи марта шу биринчиликда юз берди.  Яна бир алоҳида воқелик нимчорак, чорак финал ўйинларида жуда кучли Италия, Испания футболчиларини енга билган Жанубий Корея терма жамоаси осиёликлар орасида биринчи бўлиб ярим финалда иштирок этишида намоён бўлди. Эслатиш жоизки, Африка қитъасидан Камерун чорак финалда тўп сурган (1990) илк жамоадир.

         Ниҳоят, шу йил ўтган XVIII жаҳон чемпионатига келсак, унда ҳам одатдагидек Европа, Жанубий Америка мамлакатлари етакчилигини акс эттирувчи анъанвий манзара зоҳир бўлди. Лекин айтиш жоиз,  қудратли  термаларга нисбатан заиф жамоаларни адолатли тарзда  тақсимлаш билан авваллари кузатилган  фақат кучлиларни қамраб олувчи “ўлим гуруҳлари”га деярли барҳам берилди. Масалан, “А” гуруҳидан Германия билан бирга Польша, Эквадор, Коста-рика, “F” гуруҳидан Бразилия, Хорватия, Австралия, Япония жамоаларининг ўрин олганлиги фикримиз исботидир. Назаримизда, 2006 йилги финал турнирининг асосий кашфиёти  илк қатнашишдаёқ чорак финал беллашувларига чиққан Украина терма жамоаси бўлди. Шунингдек, у билан бирга чорак финал ўйинларида Германия, Аргентина, Италия, Англия, Португалия, Бразилия, Франция жамоалари тўп суришди. Бироқ қайд этилган натижаларга кўра фақат Европадан бўлган Германия, Италия, Португалия, Франция терма командалари ярим финалга йўлланма олишди. Ҳолбуки, имкониятлари юқори баҳоланиб, ғолиб ва совриндорликка лойиқ кўрилганлар орасида Германия, Италиядан ташқари Бразилия, Аргентина ва Англия жамоалари ҳам бор эди. Қисқаси, олдинги чемпионатда гуруҳ босқичидан сўнг турнирни тарк этган Франция ҳамда 1/8 финалдан орқага қайтган Италия термалари бу гал ҳал қилувчи ўйинда ўзаро тўқнаш келишиб, учрашув пенальтилар ҳисобига кўра Италия жамоасининг 4-бор жаҳон чемпиони бўлиши билан натижаланди. 3-ўринни эса майдон эгалари бўлмиш германияликлар қўлга киритишди.        

         Шундай қилиб, жаҳон футболида илғорликни қўлдан бермай келаётган Европа ва Жанубий Америка терма жамоаларининг чемпионатларда эришган натижалари ўзаро тенглашди, яъни ушбу иккала қитъа вакиллари ҳам 9 бор мундиалларнинг олтин медалларини қўлга киритиб, тенг миқдорда оламшумул муваффақият соҳиблари бўлишди. Лекин улар орасида 5 бор жаҳон Кубоги эгаси Бразилия терма жамоаси пешқадамлик қилаётган бўлиб, Италия 4, Германия 3, Уругвай , Аргентина 2, Англия ва Франция эса 1 карра жаҳон чемпионлигига эришган жамоалардир.

                                                                                              НОДИРА мавзуни

ёритишга ҳаракат қилди.