БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

БАРҲАЁТ САБОҚЛАР

(Охири. Боши ўтган сонда).

 “ДАРСДА ИККИМИЗ – СИЗ ВА МЕН”

         Кўзи ожиз талабани машғулотнинг фаол иштирокчиларидан бирига айлантириш ва унинг тенглар ичра тенгликда таҳсил олишига имкон яратиш тенденциясига домланинг дарсларида қатъий амал қилинарди. Шу тариқа бу тоифа йигит-қизларга билдирилган ишонч, кўрсатилажак эътибор ва айни пайтда уларга нисбатан илгари сурилган ҳақли талаблар илмда юксак марраларни эгаллашларига туртки бергани шубҳасиз. Аксар домлаларнинг дарсларида соғлом талабалар асосий ролларда намоён бўлиши фаол кузатиладиган ҳодиса. О. Мадаев эса аксинча, таҳсил жараёнида бош ролни кўзи ожизларга ишониб топширардики, “ҳозир домла мендан сўраб қоладилар” деган ҳадик уларни сабоқларни пухта ўзлаштириш ва билим эгаллаш йўлида олға интилиш сари ундарди. Муҳими, кўриш имкони чекланган ёшларга муносабат бошқа айрим домлаларники сингари ачиниш, ноўрин раҳмдиллик ҳисси ила йўғрилган эмасди. Айтайлик, ўқимайдиган кўзи ожиз талабалар аяб ўтирилмас, вақти келганда паст баҳо қўйиш, кейинги ўқув мавсумига қолдириш каби жиддий чоралар кўрилишидан улар четда қолишмасди. Ёшларнинг илмга рағбати, ўқишга масъулият билан ёндашиши эса албатта, устоз томонидан муносиб рағбатлантириларди. Қолаверса, Омонулла ака аксар ҳолларда кўзи ожиз талабаларнинг ўқув амалиётига ҳам ўзи раҳбарлик қиларди. Устоз бошқа домлалардан фарқли равишда албатта, кўзи ожиз болалар мактабига ташриф буюрар, амалиётчи олиб борган дарс машғулотларини яқиндан кузатарди.

О. Мадаев гўзал инсоний сифатлари, кишиларга фақат ва фақат соғинган яхшиликлари билан кўпдан-кўп кўнгилларга ўзининг эзгу номини муҳрлаб кетди. Унинг истеъдодли шогирдларидан бири журналист Озод Қурбонов ўз ҳаётида ўчмас из қолдирган устоз номини чексиз ҳурмат билан тилга олади. Кишилар айтмоқчи, домланинг ҳар бири ёқимли қўшиқ каби ёдда қолувчи дарсларида намоён эътиборли ҳолатлар суҳбатдошимиз чизгиларида қуйидагича акс этади:

 - Биз 1-курс талабалари танаффус пайти йиғилиб турган эдик, домла ёнимизга келиб кейинги дарслари бизнинг курсда бўлишини айтдилар. Шу аснода ўз яшаш ҳудудимизда қайси ўзига хос дуолар қўлланиши ҳақида ҳам сўраб қолдилар. Навбат менга келганда бувимдан эшитган “Ҳар ким ўз кунига омон бўлсин”, деган дуони айтдим. Домла эшитмаганлари бу дуони дарҳол ёзиб олдилар. Ҳар фурсати ўрганиш, изланиш ила кечган устоз билан илк танишувимиз шу тарзда рўй берган. Одатда бутун бир курс учун ўқилувчи умумий маърузалар чоғида имконияти чекланган талаба ўз салоҳиятини намойиш этиш, дарсда фаол иштирокчи бўлишга интилмаса, домланинг назаридан четда қолиши ҳеч гап эмас. Омонулла ака қўллаган, ҳамма ўқитувчиларда ҳам кузатилмайдиган яхши усул ҳар бир машғулотда кўзи ожиз илм толибларига бевосита мурожаат қилиб, ўртага ташланган масала юзасидан муносабат билдиришларини сўраш, уларнинг фаоллигини ошириш пайидан бўлишдир. Устозда кўзи ожизларга ўзгалардан-да кўпроқ ишонч, эътибор ва фикрига ҳурмат билан ёндашиш, айни тоифа ёшларни соғлом тенгдошлари билан бир мавқеда кўриш ва албатта, тўлақонли билим эгаси бўлишлари учун интилишдек ажойиб фазилатлар мужассам эди. Бошқа жиҳатдан, муносабатдаги тенглик ифодаси сифатида дарсга тайёргарлиги суст, ёндашуви ҳаминқадар имконияти чекланган талабаларга аямай танбеҳ бериш, адолат тамойилига асосан уларни у ёки бу кўринишда жазолаш ҳолатлари ҳам воқеликда бўй кўрсатган. Кези келганда айтиш лозим, устоз аудиторияда жам бўлган 60-70 чоғли талабанинг барчаси учун эмас, фақат биргина кишига дарс ўтишларини уқтирардилар. Агар ҳар бир таҳсил олувчи “Мана шу бир киши мен бўлишим керак”, деган нуқтаи назар билан дарсга ёндашса, таълим натижадорлиги юқори бўлишига эришилади. Домла дарс қизғин руҳда кечиши ва қатнашчилар эътибори чалғимаслиги учун мавзу доирасида бирор қизиқарли воқеани сўзлаб берар, халқ оғзаки ижодининг ўтилаётган жанри, айтайлик, аския, латифа, қўшиқлардан ўз ижроларида намуналар айтиб берардилар. Йўл-йўлакай бўлғуси ўқитувчиларга фанни ўқитишнинг нозик сир-асрорлари, методик йўл-йўриқларидан ҳам таълим бериларди. Бизни халқ оғзаки ижоди билан руҳан яқинлаштириб, хусусан, достон жанри намуналарига нисбатан қалбимизда айрича муҳаббат уйғота олган ҳам шу жонкуяр устоздир. Ўқув амалиётини ўтаётган кезларимиз ҳали ўқитувчининг машғулотларини кузатмай туриб биринчи кунданоқ “Алпомиш” достони ҳақида муваффақиятли дарс ўтганим ва унинг ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилингани, табиийки, ушбу меҳнатлар ҳосиласидир.

Омонулла ака нафақат адабиёт оламида, балки кишиларнинг кўнгил дунёсида ҳам мустаҳкам мавқега эришганликларини далилловчи мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Чиндан ҳам у киши наинки илмда, балки ҳаётий масалаларда ҳам йўлбошчи, доно маслаҳатгўй мақомида эдилар. Шогирдларининг яхши-ёмон кунларида қувончига шерик ва ғамига қайғудош бўла олганлари суҳбатдошимизнинг қуйидаги ҳикоясидан ҳам яққол англашилади: “Кўз хасталиги билан боғлиқ жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганим туфайли бир-икки ой давомида машғулотларга қатнай олмадим. Натижада сабоқларни ўзлаштиришда бирмунча қийинчилик юзага келди. Шу сабаб бўлибми, назорат ишларини ҳамма билан бир аудиторияда қабул қиладиган домла мени алоҳида пайтда хоналарига таклиф этдилар. Ўқишим пасайишининг сабабларини сўрай туриб, амалиёт муваффақиятсиз кечган бир шароитда йигит киши бу каби синовларга қарши мардона тура олиши кераклигини куюнчаклик билан уқтирдилар. Мен кўнгил тўримиздан жой олган устозимизнинг фақат ўз касбининг эмас, балки инсонийликнинг юксак мартабасини эгаллаганликларини ҳам алоҳида эътироф этишни истардим”. Ҳа, устоз ўзи таълим бераётган адаб илми билан уйғунликдаги етук маънавият, гўзал ахлоқ, меҳр тўла қалб соҳиби эдилар. Қанчалаб инсонлар кўнглига малҳам, руҳига далда бўла олган ушбу меҳрга жавобан шогирдлар муҳаббати ҳам юксакдир.

ШОГИРД УСТОЗ РОЛИДА

     Билимдонлиги, ўзига хос иқтидори билан устознинг назарига тушган ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти докторанти Ўрол Норматов талабалик йиллари билан боғлиқ ёрқин хотираларни шундай ёдга олади: “1-курсда ўзбек халқ оғзаки ижоди фанидан домланинг дарсга киришлари кутилаётган кезлар эди. Ҳали дарсга кирмасларидан туриб у кишининг довруғи талабалар ўртасида кенг ёйилди. Дарслар бошлангач, қулоққа чалинган таърифу тавсифлар бежиз айтилмагани ва биз чиндан ҳам забардаст устоздан сабоқ тинглаш шарафига муяссар бўлганимизни ҳис қилдик. Домла маъруза ўқиш билангина чекланмай, талабалар билимини мустаҳкамлашнинг турли эффектив усулларини ҳам моҳирона қўллардилар. Бир куни улар маъруза орасида арабча саноқ рақамларини ёздирдилар. Кейинги дарсда бу ҳақда сўраганларида шунчаки бир маълумот дея эътиборсиз қараган курсдошларимиз саволга жавоб бера олишмади. Шунда мен домла бу маълумотни бежиз ёздирмаганларини ҳис қилган кўйи уни хотирамга муҳрлаганим боис арабча рақамларни айтиб бердим. Ҳа, устознинг йўл-йўлакай гап орасида муҳим билимларни қистириб ўтиш одати бор эдики, буни билган талаба айтилганларни мумкин қадар назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қиларди. Шу тариқа унинг сабоқларни ўзлаштириш даражаси ҳам баҳоланарди, албатта. Қисқаси, домланинг ҳар бир айтгани замирида зарур билим ва маълумотлар мужассам эди. 1-курсни тугатгач, Омонулла ака етакчилигида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманига фольклор экспедициясида иштирок этиш учун отландик. Кун қизигандан қизир, шундай об-ҳавода гуруҳларга бўлинган талабалар хонадонма-хонадон юриб халқ оғзидан оғзаки намуналарни ёзиб олишлари керак эди. Мен шароит мушкуллигини ўйлаб гуруҳдагилар билан бирга йўлга чиқсамми-чиқмасамми, дея тараддудланиб турсам, домла: “Нимага бормайсан, борасан-да”, деб масалани узил-кесил ҳал қилдилар. Табиийки, у кишидаги бундай тенг ёндашув, барчани бирдек илм йўлида ҳаракат қилишга ундаш ўз-ўзидан имконияти чекланган талабалар манфаати учун хизмат қиларди. Айтиш керакки, устоз қатъиятли, талабчан бўлиши билан бирга вақтида илм толибларини қўллаб-қувватлаш, уларга эркинлик беришни ҳам ўрнига қўярди. Ҳар куни тўпланган фольклор материаллари юзасидан ҳисобот топшириш талаб қилинар, уларни ёзма тақдим этишга улгурилмаган кезларда бу ишни кейинроқ бажариш шарти билан аҳолидан ёзиб олинган намуналарни оғзаки ҳам қабул қилаверарди. Бу бағрикенг инсоннинг ҳар биримиз билан эркин ва ғоят самимий мулоқотда бўлиши, оталарча меҳр ва ғамхўрлик кўрсатиши бизга сафарда заҳмат чекишимизга асло ўрин қолдирмас эди. Амалиётдан қайтгач, устоз матбуот саҳифаларида экспедиция натижаларига бағишланган мақолалар эълон қилдилар. Бунда улар талабалар йиғган халқ ижоди намуналарини ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола этдилар. Қувонарлиси, ушбу эълон қилинган ишлар қаторидан бизнинг гуруҳ изланишлари ҳам ўрин олганди”.

Сир эмас, айрим кўзи ожизларда кишилар овозига тақлид қилиш қобилияти шаклланганининг белгиларини кузатиш мумкин. Шундайлардан бири Ў. Норматов талабалик даврида домланинг овози, гапириш, шеър ўқиш тарзини маҳорат билан ўхшатиш вазифасини яхшигина уддалай олган. Гап шундаки, ўқитувчилар кунига бағишланган тадбирда Омонулла ака устозларидан Ғ. Каримовнинг дарс ўтиш, сўзлаш йўсинига тақлид қилиб, айни пайтда шогирди Ўрол томонидан ўз образи талқин қилинишига ҳам шоҳид бўлади. Албатта, домла мазкур чиқишни табассум билан қарши олади. Шу воқеадан кейин устоз Ўролни ҳар кўрганда “Омонулла ака!” дея мурожаат қилиб, бундай ҳурмат-эътибор бора-бора бошқаларнинг ҳам муносабатига кўчади. Домладан ифодали ўқиш, актёрлик маҳорати кўникмалари пухта ўзлаштирилгани самараси ўлароқ Ў. Норматов факультетлараро ўтказилган фестивалда “энг яхши бадиий сўз устаси” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритади.

Сизу биз домланинг дарсларини кузатиб шунга амин бўлдикки, улар туғма истеъдод, ижодий салоҳият маҳсули сифатида яралиши, дунёга келиши мумкин экан. Шундай, ўзида санъаткорликнинг сўз, мусиқа, саҳна билан боғлиқ қирраларини мужассам этган бу инсон бетакрор дарс намуналарининг ҳақли маънодаги ижодкори, муаллифи эдилар. Бу дарсларнинг ўзгача сеҳру жозибаси, улашажак завқу ҳайратини бошқа ўқитувчилар сабоғидан топиш маҳол. Устоз оддий ўрта мактабда ўтган дарс ҳам етуклиги ва баркамоллиги туфайли манаман деган машғулотларни-да ортда қолдирарди. Шу тариқа О. Мадаев ижодига мансуб энг сара педагогик намуналар авлодлар хотирасига муҳрланди.

Домланинг қатор устозлари ҳақида битган мақолаларини ўқиб уларда забардаст олимлар шахсига нақадар катта ҳурмат, юксак эҳтиром туйғуси ила ёндашилганини ҳис қилиш қийин эмас. Биз шогирдлар О. Мадаевни хотирлашимиз асносида ҳам устозга нисбатан ана шундай туйғулар қалбимизда жўш уриши аниқ. Гап шундаки, 2007 йилда Омонулла ака улуғ устоз Субутой Долимов ҳақида “адабиёт ўқитиш методикасида ёлғиз эди”, деб ёзган эканлар. Наздимизда, С. Долимовдан сўнг сизу бизни маърифат манзиллари сари етаклаган О. Мадаев ушбу фан илмини ўргатишда ягоналик мавқеини мустаҳкам эгалладилар. Авлодларнинг давомли занжирини ҳосил қилган ўқувчи-талабалар қалбида устоз илинган маънавият сабоқлари нури асло сўнмайди. Яратган у кишига охират саодатини насиб айласин!

Нодира ЗОКИРОВА.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш