БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Тахририят

1957 йил сентябрь ойида кўзи ожизлар ҳаёти, фаолияти, қувончу ташвишларига доир турли манзараларни акс эттирувчи, жамият аъзолари ва масъуллари учун минбар вазифасини ўтовчи махсус нашрга асос солинган эди. Ўша пайтдаги ЎзКОЖнинг матбуот органи сифатида дастлаб “Ўзбекистон кўрларининг ҳаёти” – “Жизнь слепых Узбекистана” номи билан иш бошлаган ушбу журнал жамиятнинг ўз сўзини айтиши, оғриқлари ҳақида бонг уриши, умуман, кўзи ожизларга тегишли масалалар атрофлича ёритилишига имкон бериши билан аҳамиятли эди. Махсус матбуот пойдеворини белгиловчи  нашр бора-бора мазмун ва шакл жиҳатдан кўламдорлик касб этиб, ҳозир ҳам ўз доирасида ягоналигича қолмоқда.

Илк нашримиз тарихи гувоҳлик беришича, аввалига ушбу журналда бирйўла ҳам ўзбек, ҳам рус тилидаги материаллар босилган. Кейинчалик ҳар икки тилда алоҳида-алоҳида чоп этилган махсус журнални тўрт вариантда – рельеф-нуқтали ва ясси шрифтларда ўқиш имконияти таъмин этилган. Аниқроғи, 1968 йилдан унинг ясси ёзувдаги русча ва ўзбекча сонлари чиқа бошлаши билан мазкур нашр ўқувчиларининг сафи жиддий кенгайишга юз тутган. Эслатиш жоизки, журнал 1964 йилдан эътиборан “Бир сафда”– деб аталиб, ҳозиргача ушбу номга бўлган садоқатини сақлаб келмоқда. Унга  дастлаб А.Дудников (1957 – 1964), кейин А.Эшонхўжаев (1964 – 1965), Я.Махсумов (1965 – 1968), К.Аҳмедов (1968 – 1990), яна А.Эшонхўжаев (1990 – 1997) йиллар бош муҳаррирлик қилишган. 1997 йилдан бошлаб  эса А.Мирҳамидов муҳарририятни бошқариб келмоқда.

Мана шундай заҳматкаш, фидойи ходимларнинг машаққатли ҳам шарафли меҳнати эвазига журнал нафақат республикамизда, балки собиқ иттифоқ таркибидаги Россия, Украина, Белоруссия,  Молдавия, Грузия, Марказий Осиё давлатлари, ҳатто Польша, Чехословакия, Болгария, Англия каби чет мамлакатларда ҳам муштарийлар орттирган. Журнал бу пайтда Марказий Бошқарувнинг тўла маънодаги моддий қўллаб-қувватлаши остида йил 12 ой чоп этилиб, унда турли йилларда ташкил қилинган “Тифлология”, “Кўзи ожиз даҳолар”, “Қардош жамиятларда”, “Чет элларда”, “Мерос”, “Ўзликни англаш йўлида”, “Теран томирлар”, “Жисмият ва руҳият ”, “Нуқтаи назар”, “Эътироф. Эътироз. Мулоҳаза”, “Оила. Одоб. Ахлоқ”, “Бизнинг анкета”, “Ногирон ва жаҳон” каби бир қатор рукнлар ҳамда мусиқа, шахмат-шашка ва бошқа соҳаларга оид саҳифалар билан муштарийлар эътиборини қозонган. Афсуски, бозор иқтисоди шароитида Марказий Бошқарув ўз матбуот нашрини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қурби етмай қолгач, “БИР САФДА”нинг йиллик сони қисқариши, ойлик нусхаси ҳам  камайиши юз берди. Қисқаси, ҳар икки ойда чоп этилаётган “Бир сафда” журналининг брайлча варианти адади ҳозирда 300 – 400, ясси нашри эса 800 – 1000 нусхани ташкил этмоқда. 

2006 йилдан эътиборан, таҳририят харажатларининг салмоқли қисми давлат томонидан молиялаштирила бошлагач, журнал моддий-техник базасини яхшилаш билан бирга унинг сифати, дизайни, шрифтига алоқадор муҳим масалаларни ҳал этишда имкониятлар кенгайди. Гап шундаки, авваллари моддий имконсизлик туфайли журнал муқоваси бир неча сондагина ўзгартириларди. Эндиликда унинг ҳар бир сони ўзига хос ва бетакрор кўринишдаги рангли муқова билан чиқяптики, бу ўқувчининг журналдан нафақат фикрати озуқа олиши, балки кўзи ҳам қувонишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, “Бир сафда”нинг ички саҳифалари ҳам берилаётган мавзуларга оид оқ-қора тавсирдаги суратлар билан безатилмоқда. Бундан ташқари, заиф кўрувчилар мутолаасини енгиллаштириш учун ясси вариантни анчагина йирик шрифтда босиш йўлга қўйилди. Аниқроғи, илгари 24 бетдан иборат бўлган ясси нашр ҳозирда шрифт йириклашиши ва суратлар берилиши ҳисобига 56 бет ҳажмида босмадан чиқарилмоқда. 

“Бир сафда” журнали кўзи ожизлар учун ахборот манбаи вазифасини ўташда собитқадамликни қўлдан бермай келар экан, у айни пайтда ушбу тоифа инсонлар ҳаёти, уларни бирлаштирган жамият фаолиятига оид кенг қамровли маълумотлар билан соғлом кишиларни таништиришга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, журналимиз кўзи ожиз муаллифларнинг мақола, шеър, ҳикояларига кенг ўрин бериши билан алоҳида эътирофга лойиқдир. Бунинг замирида, шубҳасиз, дарддошларимизнинг ижодий ишларини рағбатлантириш, ёш қаламкашларни ижодга руҳлантирган ҳолда қобилият ва маҳоратлари шаклланишига ҳисса қўшиш, соҳа мутахассислари ҳамда жамият фаолларининг турли масалаларда ўз фикрларини бўлишишлари, мавжуд вазиятга таҳлилий чизги беришларига имкон яратиш каби эзгу мақсадлар мужассам. Сиз журналда турли ёшдаги ва турфа касбдаги жамиятдошаларимизнинг қизиқишлари, ўй-фикрлари, эришаётган муваффақият ва дуч келаётган муаммолари акс этган мақолалар билан танишишингиз мумкин. Шунингдек, унда кўзи ожизларнинг билиш эҳтиёжларини қондириш мақсадида ранг-баранг мавзулар қаламга олиниб, уларга доир кенг кўламли ахборотлар тақдим этилмоқда. Дин, фалсафа, санъат, адабиёт, тарих, илму ахлоқ, психология, ҳуқуқ, тиббиёт ва бошқа мавзулардаги мақолалар шулар жумласидандир. Журналимиз орқали яна таълим, реабилитация, тифлология соҳаларидаги янгиликлар, “Бугуннинг манзараси” рукнида жамият ва унинг аъзолари ҳаётидаги ўзгаришлар, “Чет элларда”, “Дунё билан юзма-юз” рукнларида хорижда яшовчи кўзи ожизлар, махсус халқаро ташкилотларга оид муҳим маълумотлардан воқиф бўлишингиз, “Кутилмаган учрашув” рукнида таниқли кишилар билан ажойиб мулоқотларни ўқишингиз, “Матонатли инсонлар”да машҳурларнинг босиб ўтган умр йўлларидан ибратланишингиз, шунингдек, “Ҳикматнома”да тафаккур дурдоналарига ошно бўлишингиз мумкин. Қолаверса, журналимиз сизни “Илм. Изланиш. Тадқиқот”, “Илҳом ва ижод”, “Ижодий портрет” рукнларида кўзи ожизлар илмий изланишлари, бадиий ижод намуналари ва улар ижоди хусусидаги адабий тақризлардан баҳраманд этишга, “Ҳидоят бекати” “Оила салтанати”, “Имконият уфқлари”, “Ҳаёт дарсхонасида”, “Техника ва биз”, “Бизнинг кутубхона”, “Билиб қўйган яхши”, “Ўқинг, бу қизиқ!” ва бошқа кўплаб рукнлар орқали турли соҳадаги билимларингизни оширишга, ҳаётда асқотувчи турфа хил маслаҳатлардан огоҳ этишга ҳам хизмат қилади. 

Таҳририят жамоаси:

Бош муҳаррир

Бош ҳисобчи

Масъул котиб

Бўлим муҳаррири

Етакчи мутахассис

1-даражали мутахассис

2-даражали мутахассис

-           Ражабов Икром Ҳайитбоевич

-           Санакулова Умида Рамоновна

-           Очилов Қудрат Менглиевич

-           Зокирова Нодира Носиров

-           Қурбонов Озод Сайфиддинович

-           Худайбердиева Муножот Исмаиловна

-           Набиева Шаҳноза Шариф қизи