БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

“МАЪРИФАТ ФИДОЙИСИ” ТОПҚИРЛИК МАШҚЛАРИ

         ТОПШИРИҚ. Энига: 1. 1864 – 1927 йилларда яшаб ўтган, Беҳбудий билан янги усулдаги мактаб очишда ҳамкорлик қилган, асл исми Саидаҳмад Ҳусанхўжа ўғли Сиддиқий бўлган маърифатпарвар шоир, таржимон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи.

         2. Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллуд топган шаҳар.

         3. М. Беҳбудий ўз мақолалари билан фаол иштирок этган, 1907 йилда Мунавварқори Абдурашидхонов муҳаррирлигида нашр этила бошлаган илмий-адабий, сиёсий, миллий газета.

         4. Беҳбудий драмаси саҳналаштирилган театр труппаси.

         5. Ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган, Маҳмудхўжа Беҳбудийга бағишлаб марсия ёзган ёзувчи, олим, жамоат арбоби.

         6. Жадид бобомиз фаолиятда издошлик қилган буюк қрим-татар маърифатпарвари.

         7. Абдурауф Фитратнинг Беҳбудий томонидан рус тилига таржима қилинган асари номидан: “Баёноти ... ҳинди”.

         8. Атоқли ўзбек шоири, “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотираси” марсияси муаллифи.

         9. Аждодимиз ёшлигидан қизиққан ва мукаммал ўрганган ижтимоий фанлардан бири.

         10. Туркистон мусулмонлари қурултойида М. Беҳбудий ўлка мусулмонлари шўросининг раиси этиб сайланган шаҳар.

         11. Ўзбекистонда жадидчилик ҳаракати мавзусида илмий тадқиқотлар олиб борган атоқли адабиётшунос олим, “Маҳмудхўжа Беҳбудий” асари муаллифи.

         12. Бобомиз ўрганишга тарғиб этган тиллардан бири.

         13. Маърифатпарвар 1909 йилда чоп эттирган китобларнинг бири номидан: “Тарихи ...”.

         14. Ижодкорнинг драматик асари.  

         15. 1913 йилда чоп этила бошлаган ўзбек тилидаги ҳафталик “Ойна” журнали етиб борган мамлакатлардан бири.

         16. Тошкент театри саҳнасида Беҳбудий драмасидаги Бой образини ижро этган атоқли ўзбек маърифатпарвар шоири.  

         17. 1926 – 1937 йилларда Беҳбудий номи билан аталган шаҳар.

         18. Жадидлар етакчисининг сафдошларидан бири, 1903 йил Самарқанд атрофидаги Ражабамин қишлоғида янги усулдаги мактаб очган маърифатпарвар.

         19. Ижодкор шажарасига мансуб XI асрнинг иккинчи ярмида яшаб ижод қилган ўзбек мумтоз адабиётининг буюк намояндаси, “Девони ҳикмат” асари муаллифи.

         20. Маърифат фидойисининг таъкидлашича, отаси ёзиб қолдирган, тақдирида катта аҳамият касб этган ислом дини ҳуқуқига оид шарҳлар баён этилган асар.

         21. Жадид бобомиз ўтган аср бошларида сафар қилган мамлакатлардан бири.

         22. Маҳмудхўжа Беҳбудий муҳожирликда бўлган Ливан давлатидаги шаҳар.

         Топшириқни ҳал этгач, шаклнинг ажратилган катакларига зарур ҳарфларни “бўйига” йўналишида жойлаштириш билан серқирра ижодкорнинг ҳикматли сўзини билиб оласиз.

          МУАММОНОМА. Калит сўзлар: 1. “Падаркуш” ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” фожиа саҳна асаридаги янги фикрли мулла образи – 13, 14, 10, 6, 2, 2, 14.

         2. 1917 йил ноябрда ўлка мусулмонларининг IV фавқулодда қурултойи бўлиб ўтган, Туркистон мухторияти эълон қилинган ва Маҳмудхўжа Беҳбудий унинг маънавий отаси бўлган шаҳар – 12, 5, 12, 14, 7.

         3. Беҳбудий сафар қилган Туркиядаги шаҳар – 9, 11, 8, 1, 7, 3, 6, 2.

         4. Маърифатпарвар бобомиз халқи олдида адо этиши мажбурий деб билган вазифа, мажбурият – 3, 6, 4, 16.

         5. Биринчи ўзбек драмасидаги қотил образи – 8, 1, 7, 15, 4, 9, 15, 6, 2.

         Энди шакл атрофидаги рақамларни калит сўзлардаги тегишли ҳарфлар билан алмаштириш орқали муаммономани ҳал этинг. Бунда халқимиз оташин маърифатпарварининг ҳикматли мисралари аён бўлади. 

ЖУРНАЛИМИЗНИНГ 2020 ЙИЛ 3-СОНИДА БЕРИЛГАН

ХАЛҚАРО ФАН ОЛИМПИАДАЛАРИ ВИКТОРИНАСИНИНГ ЖАВОБЛАРИ

1.2019 йил 3 май.

2. 2017 йил сентябрда Остона (ҳозирги Нурсултон) шаҳрида бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар бўйича I саммитида ЎзР Президенти Ш. Мирзиёев томонидан Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро фан олимпиадасини ўтказиш ташаббуси илгари сурилиб,2018 йил 28 – 30 октябрь кунлари Урганч шаҳрида ташкил этилган илк беллашувда 20 та давлатдан334 нафар иқтидорли талаба-ёшлар қатнашган.

3. Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ҳар икки йилда бир марта ўтказилувчи мазкур халқаро фан олимпиадасида ғолибликка эришган юртдошларимиз математика, физика, ахборот технологиялари йўналишлари бўйича магистратура босқичига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади.

4. 2017 йил Туркияда бўлиб ўтган IX Халқаро билимлар беллашувида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Туркия, Ўзбекистон, Украина, жами 7 давлатдан иштирок этган 500 нафар ўқувчи математика, география, физика, кимё, биология, жаҳон тарихи, рус, инглиз ва турк тиллари, тасвирий санъат бўйича ўз илм ва иқтидорини намойиш қилган.

5. Тошкент шаҳридаги “Intellect” боғча-мактаб нодавлат таълим муассасасининг 25 ўқувчисидан иборат Ўзбекистон жамоаси вакиллари IX Халқаро олимпиадада 6 та олтин, 20 та кумуш, 23 та бронза, жами 49 медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 1-ўрин ҳамда математика, рус, инглиз тиллари, тасвирий санъат бўйича 4 та кубокка сазовор бўлдилар. Беллашувда энг билимдон иштирокчи сифатида қайд этилган Н. Иноятова, И. Юсупов 4, Ж. Миркомилова, О. Муҳиддиновлар 3 тадан медални қўлга киритди.

6.  ЎзР Президентининг 2020 йил 3 февралдаги ПҚ-4306-қарорига биноан Халқаро математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика олимпиадаси ғолиблари олий таълим муассасаларига тест синови ва қўшимча имтиҳонларсиз ўқишга қабул қилинади.

7. 2015 йил Хитой Халқ Республикасининг Чанчунь шаҳрида бўлиб ўтган анъанавий Халқаро математика мусобақасида кубокни қўлга киритган ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Беллашувда Ж. Тўраев, А. Сайлиевлар кумуш медаль, С. Муродуллаев, Р. Честновлар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.

8. Кимё фани бўйича ўқувчилар ўртасидаги илк халқаро олимпиада 1968 йил Чехияда ўтказилган.

9.2016 йил Тбилиси шаҳрида кимё фани бўйича уюштирилган жаҳон олимпиадасидаС. Шоюнусов кумуш,Ж. Фахриев ва Ч. Омоновалар бронза, 2018 йил Сингапурда ўтган айни халқаро беллашувда Ж. Ҳабибуллаев олтин, М. Тоирова кумуш, Р. Носиров, Ж. Акбаров, Ж. Охунов, М. Матмуродовлар бронза медалларига сазовор бўлдилар.

10. Кимё фанига оид Халқаро Менделеев олимпиадаси ҳар йили баҳор ойларида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Болтиқбўйи ва Европанинг Жануби-Шарқий мамлакатлари вакиллари ўртасида ўтказилади.

11. 2008 йил Ўзбекистонда ўтган Менделеев олимпиадасида 15 давлатдан 85, 2013 йил 17 мамлакатдан 118 ўқувчи қатнашган. Айни йўналишдаги 48-олимпиадада вакилларимиз I даражали диплом, умумжамоа ҳисобида 3-ўрин ҳамда 8 та медални қўлга киритишган.

12. 2018 йил май ойида Минск шаҳрида бўлиб ўтган 52-Халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекситондан 12 нафар ўқувчи иштирок этиб, улар орасида Д. Ҳакимбоева ва З. Турсуновалар кумуш, С. Ортиқбоева, И. Каримов, У. Бойирбеков, Ж. Оловиддиновлар бронза медали совриндори бўлишди. 2019 йил апрелда Санкт-Петербургда кечган 53-Менделеев олимпиадасида юртдошларимиз 1 тадан олтин ва бронза, 3 та кумуш медалга сазовор бўлдилар.

13. 2020 йил февралда юртимиздаги Ҳиндистоннинг Шарда университети филиали билан ҳамкорликда Андижон вилоятида “Талабаликка бир қадам” очиқ олимпиадаси ташкил этилди.

14. 2019 йил Италиянинг Венеция ва Лидо Де Жесоло шаҳарларида 40 та давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган “HIPPO” халқаро инглиз тили олимпиадаси финалида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Р. Муҳаммаджонов энг юқори – 101 балл билан 1-ўринни эгаллаб, Pearson, IESOL халқаро инглиз тили ташкилотлари сертификатлари ҳамда Американинг Mizzou Academy мактабида 2 ҳафталик бепул таълим олиш ҳуқуқига эга бўлди.

15. 1959 йилдан буён дунёнинг турли мамлакатларида мунтазам ўтказиб келинаётган халқаро математика олимпиадасида Хитой Халқ Республикаси, АҚШ, Жанубий Корея ҳамда Россия вакиллари кучлилар сафидан жой олдилар. 

16. Табиатшунослик бўйича илк халқаро олимпиада Индонезия пойтахи Жакарта шаҳрида 2004 йил дунёнинг 36 давлати вакиллари иштирокида ташкил этилган. Унда 15 ёшдан катта бўлмаган ўқувчилар қатнашади.

17. Лингвистика бўйича халқаро олимпиада рус тилшуноси Альфред Журинский томонидан таъсис этилган ва 1965 – 1982 йиллар давомида мунтазам уюштирилган.

18. Фалсафа бўйича илк халқаро олимпиада 1993 йил Болгарияда бўлиб ўтган.

19. Астрономия бўйича илк расмий халқаро олимпиада 1996 йил ноябрда Россия Фанлар Академиясининг Нижний Архиз шаҳридаги Махсус астрономик обсерваторияда 4 та давлат вакиллари иштирокида ўтказилган.

20. 2018 йил Сингапурда Ментал арифметика бўйича бўлиб ўтган халқаро олимпиадада 365 финалчи қатнашиб, ҳамюртларимиз умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади. Унда З. Фахриддинов, С. Рашидов, Э. Аҳмедова, А. Хайрутдинов, Р. Муталова, М. Нормуҳаммедов, А. Нормуҳаммедов каби ёш билимдонларимиз ўз илм ва салоҳиятини халқаро миқёсда намойиш этди.  

21. Илк халқаро география олимпиадаси 1996 йил Гаага шаҳрида 5 та давлат вакиллари иштирокида кечган.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш