БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Бунга қадар 1981 йилнинг “Халқаро ногиронлар йили” деб эълон қилиниши, имконияти чекланган кишиларга оид умумжаҳон ҳаракат дастури қабул қилиниши каби эътиборли воқеликлар юз бердики, дастурда айни тоифа вакилларининг тенг ҳуқуқлилиги, жамият тараққиётида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш зарурлиги эътироф этилиши билан бирга бу борада халқаро ҳамкорликни кучайтириш масаласи алоҳида урғуланган эди. Бош Ассамблея 1992 йилда 3 декабрни Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилиши ҳам мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу билан ногиронлик масалалари дунё миқёсида доимий эътибор марказида бўлишига эришилди дейиш мумкин. Аммо айни масалалар ечими йўлида кўплаб ҳужжатлар қабул қилингани ва жаҳон жамоатчилиги томонидан ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор салмоқли ишлар амалга оширилганига қарамай, ҳамон аксар давлатлардаги ногиронлар тенг имкониятларга эга бўлмай, умумжамиятдан ажралган, ижтимоий жараёнлардан узилган ҳолда ҳаёт кечиришга маҳкумлар. Шундан келиб чиқиб, жисми нотўкис кишилар ҳуқуқлари ҳурматланиши ва ҳимоя қилинишини таъминлашнинг мустаҳкам қонуний асосини яратиш мақсадида БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Халқаро Конвенцияси қабул қилинди. Ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олувчи ва турли тоифадаги ногиронларга тенг имкониятлар яратишни кўзда тутувчи ушбу халқаро ҳужжатга ҳукуматимиз томонидан 2009 йил 27 февраль куни имзо чекилди.

Конвенция преамбула, 50 та модда ва қўшимча тарзда факультатив баённомада келтирилган 18 та моддадан таркиб топган. Мазкур ҳужжатда уни ишлаб чиқишда қатнашган барча давлатлар томонидан ногиронлик такомиллашиб борувчи қадимий тушунча эканлиги, унинг натижасида инсоннинг чекланишга юз тутган жисмияти билан атроф-муҳитдаги тўсиқлар ўртасида тўқнашув содир бўлиши ва бу ҳолат жисми кемтик кишиларнинг бошқалар билан тенгма-тенг ҳолда жамият ҳаётида тўлиқ ва фаол иштирок этишларига монелик қилиши якдиллик билан баён қилинади. Шунингдек, ҳар бир мамлакатда, айниқса, ривожланаётган давлатларда ногиронларнинг турмуш шароитини яхшилаш, айни тоифадаги хотин-қизларга нисбатан оилада ва ундан ташқарида юз бераётган камситиш, жабр кўрсатиш (дискриминация) ҳолларини бартараф этиш, жисмоний имконияти чекланган болаларнинг эса соғлом тенгдошлари билан баробар равишда барча ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишларига кенг йўл очиш лозимлиги алоҳида таъкидланади. Унда яна қайд этилишича, ногиронлар ва уларнинг оила аъзолари давлат ва жамият томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда уларга кенг кўламда ёрдам кўрсатилиши ҳам инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш тадбирларига салмоқли улуш бўлиб қўшилади.

Умуман, Конвенциянинг мақсади имконияти чекланган инсонларнинг барча ҳуқуқлар ва асосий эркинликлардан тўла ва тенг даражада фойдаланишларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қадр-қимматини юксакка кўтариш ва ушбу йўналишдаги ишларни рағбатлантиришдан иборатдир. Мазкур ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатда жисмоний, ақлий, руҳий ёки сенсор (сезги аъзолари билан боғлиқ) нуқсонлари борлиги туфайли ижтимоий ҳаётда бошқалардек тўлиқ ва самарали иштирок эта олмайдиган ва натижада турли тўсиқларга учрайдиган шахслар ногиронлар тоифасига киритилади. Унда қуйидаги масалалар алоҳида қайд этилади: инсонга хос бўлган қадр-қимматни, унинг эркинлиги ва мустақиллигини ҳурматлаш, камситмаслик, тенг кўриш ва дискриминация қилмаслик, жамият ишига тўла ва самарали жалб этиш, имконияти чекланган кишилардаги ўзига хосликларга ҳурмат билан ёндашиш, уларни умумжамиятнинг бир қисми сифатида қабул қилиш, тенг имкониятлар, қулай шароитлар яратиш, эркак ва аёлларнинг ўзаро тенглигини таъминлаш, ногирон болаларда қобилиятларни ривожлантириш ва уларнинг ўзлигини сақлаб қолиш ҳуқуқларини ҳурматлаш, шунингдек, Конвенцияни амалга оширишда қатнашувчи давлатларнинг умумий бурчлари, ногирон аёллар ва болалар ҳуқуқлари, маърифий-тарбиявий ишлар, қонун олдида тенгликни таъминлаш, эксплуатация, зўравонлик ва таҳқирловчи муносабатларга йўл қўймаслик, уйда ва ташқи муҳитда ҳурмат кўрсатилишига эришиш, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, абилитация ва реабилитация, меҳнат ва бандлик, фаровон турмуш тарзи ва ижтимоий ҳимоя, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда иштирок этиш, дам олиш, спорт билан шуғулланиш, статистика ва маълумотларни тўплаш, халқаро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш, ногиронлар ҳуқуқлари бўйича қўмита таъсис этиш ва бошқалар. Санаб ўтилган масалалар батафсил ёритилган ушбу Конвенция умумногиронларга тегишли ҳуқуқ ва меъёрларни тартибга солиши, иштирокчи давлатларга айни йўналишда зарур йўл-йўриқлар кўрсатиши ва шу тариқа инсонлараро тенгликни таъминлашга хизмат қилиши билан алоҳида аҳамиятлидир.

Шокир ҚОСИМОВ.  

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш