БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

2010 йилнинг 1 январидан бошлаб пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни тайинлаш, молиялаштириш, шунингдек, тиббий-меҳнат экспертиза масалаларига оид вазифаларни бажариш айни ташкилотлар ихтиёрига ўтказилди. Шунга кўра, ўтган йилнинг декабрида ЎзР Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенатининг 3-ялпи мажлисида тасдиқланган ЎРҚ-272-сонли қонунига, ЎзР Президентининг 22 декабрдаги Фармонига мувофиқ “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга ҳамда “Меҳнат кодекси”га бир қатор жиддий ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, қонунчилигимизда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқини берувчи меҳнат стажининг қуйи чегараси белгиланмаган эди. Эндиликда “Фуқароларнинг Давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасига киритилган ўзгартишга биноан етарлича иш стажига эга бўлмаган шахсларга ёшга доир пенсиялар камида 5 йил иш стажи мавжуд бўлган тақдирда тайинланади. Талаб этилаётган муддатдаги стажга эга бўлмаган ёхуд умр бўйи ишламаган фуқароларнинг кексаликдаги ижтимоий ҳимояси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 24 июндаги 319-сонли қарорига асосан амалга оширилади. Яъни мазкур ҳужжатда болаликдан ногиронларга, меҳнатга лаёқатсиз кишиларга ҳамда зарур иш стажига эга бўлмаган қарияларга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида нафақа тайинлаш белгиланган.

         Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эгадирлар. Айни моддага киритилган ўзгартишга кўра,экология фалокати минтақасида ишлаган фуқаролар учун бундай имтиёз бекор қилинди. Чунки уларга пенсия тайинлаш ҳуқуқи Чернобиль атом станциясида юз берган ҳалокат сабаб жорий этилган бўлиб, бундай пенсия тайинлаш нормаси бошқа бирор давлат қонунчилигида учрамайди. Айни пайтда республикамиздаги экологик ноқулай ҳудудлар саналган  Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий ва Тошкент вилоятининг айрим жойларида меҳнат қилувчиларнинг ойлик иш ҳақларига белгиланган минтақавий коэффициентлар сақлаб қолинган.

         “Фуқароларнинг Давлат Пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг “умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқи” деб номланган 12-моддаси “з”, “к”, “л” бандларига мувофиқ ўқитувчилар ва таълим соҳасининг бошқа ходимлари, шифокорлар, тиббиёт мутахассислари, шунингдек, 5 ва ундан ортиқ фарзанд туққан, уларни саккиз ёшгача тарбиялаган аёллар муддатдан илгари пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга эдилар. Янги таҳрирга кўра, мазкур тоифалар оптималлаштирилиб, муассасалар тури бўйича имтиёзлар умумтаълим мактаблари мураббийларидан иш стажи камида 25 йил бўлган ногирон болаларга ихтисослашган интернатлар, меҳрибонлик уйлари, ҳарбий академик лицейлар, тарбия колониялари ўқитувчиларига ўтказилди ҳамда барча турдаги тиббиёт мутахассислари ўрнига иш шароити оғир ва зарарли бўлган саломатлик муассасалари ходимлари учун сақлаб қолинди. Шунингдек, муддатидан олдин пенсияга чиқишда болаликдан ногирон фарзандларни тарбиялаган, камида 20 йиллик иш стажига эга оналар, башарти аёл ўгай қиз ва ўғилни улар саккиз ёшга тўлгунга қадар камида 5 йил парваришлаган бўлса, пенсия тайинлашда улар ҳақиқий фарзандлар билан тенг равишда ҳисобга олиниши кўрсатиб ўтилган. Эслатиш жоизки, иш фаолиятидан қатъи назар, суғурта бадаллари тўлаган, камида 20 йиллик меҳнат стажига эга аёллар муддатидан бир йил олдин, яъни 54 ёшда пенсияга чиқишлари мумкин.

         Расмий маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда юртимизда III гуруҳ ногиронлари 112600 кишини ёки жисмоний имконияти чекланганлар умумий сонининг 19,9 фоизини ташкил этади. Лекин улар орасида муайян соҳаларда меҳнат қилишга ярайдиган, иқтисодиётнинг турли жабҳаларида фаолият юритаётган шахслар кўпчиликни ташкил этади. Қайд этиш лозимки, жаҳон амалиётида ногиронлик икки тоифага бўлинади: меҳнатга умуман ёки қисман лаёқатсизлик. Аксарият давлатларда эса меҳнатга лаёқатсизлик сезиларли даражада пасаймаган ҳолларда ногиронларнинг жамиятда тўлақонли равишда реабилитация қилинишига, даволанишига эътибор қаратилади. Меҳнат қобилияти 50 – 60 фоиз чекланган тақдирдагина пенсия тайинланади. Дунёда қўлланилаётган бундай талаб ва нормалар мамлакатимизда амалда бўлган таснифлаш бўйича ногиронликнинг I, II гуруҳларига тўғри келади. Шу боис, қонуннинг янги таҳририга асосан 2011 йилнинг 1 январидан бошлаб янги белгиланадиган III гуруҳ ногиронларига пенсия тайинлаш бекор қилинди. Шу билан бирга, ушбу тоифадаги ногиронларни квоталар асосида ишга жойлаштириш, уларни бепул тиббий анжомлар билан таъминлашга оид қонунчиликда мавжуд меъёрлар ўз кучини йўқотмаган.

         Мазкур Қонуннинг 37-моддасида қайд этилган иш стажига қўшиб ҳисобланадиган фаолият турларидан ўрта махсус билим юртлари, кадрлар тайёрлаш, малака ошириш, янги ихтисосни ўрганиш мактаблари ҳамда курсларида ўқиш даврлари олиб ташланди. Бунга сабаб юртимизда сўнгги  йиллар мобайнида юқоридаги муассасалар ўрнини замонавий билим беришга ихтисослашган коллеж ва лицейлар эгаллагани ҳамда 12 йиллик мажбурий таълим тизими жорий этилганидир. Шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш таътилларининг муддатлари қайта кўриб чиқилиб, болани парваришлаш таътилларида бўлган вақтнинг ҳаммасини жамлаганда кўпи билан 3 йили умумий стажга киритилиши белгиланди.

Пенсия қонунчилигида бир қатор нормативларнинг тартибга солиниши ўз навбатида “Меҳнат кодекси”га ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо этди. Аввало, ишлаётган пенсионер билан иш берувчи ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси хусусида тўхталсак. Зеро, “пенсия ёшига етганлар меҳнат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлармиш”, деган миш-мишлар қулоққа чалинмоқда. Албатта, айни овозалар мутлақо асоссиз. Чунки Меҳнат Кодексининг 100-моддасига янги матндаги 7-банд киритилиб, унга кўра, эндиликда корхона, ташкилот ва муассасалар маъмурияти пенсия ёшига тўлган ходим билан меҳнат шартномасини ихтиёрий равишда бекор қилиш ёхуд давом эттириш ҳуқуқига эга. Модомики, раҳбар қўл остидаги пенсия ёшига етган шахс фаолиятидан манфаатдор бўлса, у билан меҳнат шартномасини узайтириши, зарурат туғилганда бундай ишчиларни жисмоний ҳолатига мос енгилроқ вазифаларга ўтказиши мумкин. Қолаверса, айни кодекснинг 102-моддасида кўрсатилишича, меҳнат шартномаси, штатлар сони ёхуд иш ҳажмининг қисқартирилиши, корхонанинг тугатилиши ва ходимнинг пенсия ёшига тўлиши муносабати билан бекор қилинар экан, иш берувчи бу ҳақда қўл остидаги кишиларни камида 2 ой олдин огоҳлантириши шарт.

Ёшга доир давлат пенсиясига чиқаётган шахс ўз турар жойидаги пенсия жамғармаси бўлимига асосий ва қўшимча иш жойларидаги фаолияти тўғрисида маълумотнома, меҳнат дафтарчаси билан биргаликда охирги ишлаган 10 йиллик даврнинг исталган кетма-кет 5 йили давомидаги ойлик иш ҳақи кўрсатилган бланкаларни тақдим этиши лозим. Бунда фуқаро ойлик маошлари нисбатан юқори бўлган меҳнат даврини танлаши мақсадга мувофиқдир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, маълум бир стажга кўра тайинланган ногиронлик пенсияси ўз навбатида ёшга доир пенсия сифатида ҳам баҳоланади. Демак, I ва II гуруҳ ногиронларининг, шунингдек, 60 (55) ёшдан ўтган кишиларнинг кейинги ишлаган даври учун пенсия қайта ҳисобланмайди.

         Хулоса қилиб айтганда, ҳар иккала қонунга юқоридаги ўзгартишларнинг киритилиши фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти масалалари ва меҳнат муносабатларини тартибга солишга, уларнинг илғор хорижий тажриба ҳамда ижтимоий адолат принциплари, қолаверса, бозор иқтисодиёти тамойилларига мослигини таъминлашга хизмат қилади.  

Икром РАЖАБОВ.   

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш