БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Шундай экан, 2011 йилнинг июнь ойида Қирғизистон Кўзи Ожизлар ва Карлар Жамияти тасарруфидаги “Орбита” пансионатида Осиё Кўзи Ожизлар Уюшмаси (ОКОУ) ташаббуси билан ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласи юзасидан уюштирилган халқаро семинарни бу борадаги долзарб муаммоларни ҳал этиш йўлида ташланган муҳим бир қадам сифатида эътироф этиш мумкин. Зеро, унинг давомида айни муаммолар эътибор саҳнига олиб чиқилиб, улар ечимига дахлдор зарур чора-тадбирларнинг белгиланиши бу соҳадаги ишларнинг бир қадар олдинга силжишига ўз ҳиссасини қўшса ажабмас.

Иссиқкўл соҳилида жойлашган сўлим гўшада ўтказилган мазкур тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон, тожикистонлик дарддошларимиз ҳамда ОКОУнинг адвокатлик қўмитаси раиси, Ҳиндистон Кўзи Ожизлар Федерацияси бош котиби Сангтош Кумар Рунгта жаноблари иштирок этишди. Унда номи санаб ўтилган давлатлардан ташриф буюрган делегациялар раҳбарлари ўзлари етакчилик қилаётган жамият фаолияти ҳақида атрофлича маълумот бериб, шунинг баробарида иштирокчилар ижтимоий ҳимояни кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва бошқа қатор тегишли масалаларни муҳокама ва мушоҳада чиғириғидан ўтказдилар. Айниқса, кун тартибидаги асосий масала – ҳуқуқ ва манфаатларнинг амалда таъминланиши, улар миллий ва халқаро қонунчиликда нечоғли акс этгани билан боғлиқ вазият таҳлили қатнашчилар диққат марказида бўлди. Шу тариқа ўзаро тажриба алмашув, қизғин баҳс ва савол-жавоблар билан кечган ушбу нуфузли анжуман асносида бундан буён ҳуқуқлар тантанасига эришиш йўлида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан ҳам келишиб олинди. 

Авваллари жамоатчилик орасида жисмоний имконияти чекланган кишиларга нисбатан жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этишга нолойиқ шахс сифатида қараш устунлик қилгани сир эмас. Шунингдек, уларнинг сиёсий ва бошқа ҳақ-ҳуқуқлари маҳаллий ҳам халқаро миқёсда тан олинмагани ушбу камситувчи муносабатнинг оғриқли ҳосилаларидан эди. Шу тариқа улар кишилик жамиятида қуйи мавқени эгаллашга маҳкум, айни пайтда дуч келинувчи турли хил тўсиқларни енгиб яшашга мажбур бўлганлар. Қолаверса, юқоридаги носоғлом ёндашув таъсирида қонунчилик ҳам жисмоний нуқсони бўлган кишилар манфаатини ҳимоя қиладиган даражада мукаммал бўлмаган. Мазкур тоифа инсонлар ўзгалар билан ҳамқадам тарзда ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳаларда фаол иштирок этиш, мавжуд ҳуқуқлардан тенг равишда фойдаланиш имконига эга бўлиш йўлида миллий ва халқаро миқёсда кураш олиб боришларига тўғри келган.

Ўтган асрнинг 70-йилларига келибгина жисмоний чекловлар исканжасида яшаётган кишилар ҳуқуқларини барча даражада тан олиш ҳаракатлари юз берди. Шу кезлардан эътиборан БМТнинг ҳам ногиронлар ҳақ-ҳуқуқларига оид қатор халқаро ҳужжатлари – халқаро келишув, шартнома, декларация ва қоидалар бирин-кетин эълон қилина бошлади. Айнан жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг ўз муаммоларини ҳал этишга қаратилган жиддий саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ уларнинг жамиятда тутган ўринлари мустаҳкамланиб, ижтимоий жабҳаларда иштирок этиш имкониятлари кенгайиб борди. Эътиборлиси, тегишли халқаро қонунчиликнинг такомиллашиши, ер юзидаги дард машаққатларини енгиб яшаётган инсонлар ҳаётига бефарқ бўлмаган турли ташкилотларнинг хайрли мақсад йўлидаги салмоқли уринишлари, охир-оқибат, БМТ томонидан барча тоифадаги ногиронлар ҳақ-ҳуқуқларини қамраб олувчи халқаро конвенция ишлаб чиқилишига замин яратди. 2006 йилда қабул қилинган ушбу аҳамиятли тарихий ҳужжат нафақат халқаро, балки миллий доирада ногиронлар ҳуқуқлари учун курашаётганларга ҳам самарали иш юритишларида мустаҳкам қонуний таянч сифатида хизмат қилиши шубҳасиз. Конвенция билан биргаликда унинг факультатив баённомаси (протоколи) ҳам ишлаб чиқилдики, у ўз навбатида мазкур халқаро ҳужжатнинг бажарилишини мониторинг қилишда ўта муҳимдир.

“Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция кўздан кечирилар экан, унда айни  тоифа вакилларининг барча ҳуқуқ ва эркинликлари назарда тутилгани, ушбу ҳуқуқларни амалга ошириш, ҳимоя қилиш ва ҳурматлаш тамойилларига қатъий амал қилингани, қолаверса, мазкур қатламга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳоллари юз беришига қарши зарур чоралар кўрилиши кафолатланганини кузатиш мумкин. Ногиронлар ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи ушбу ҳужжат мазкур тоифа манфаатларига мувофиқ тарзда мавжуд ҳуқуқлардан унумли фойдаланиш, соҳалар ишида фаол қатнашиш, ҳомийлик ёрдамларига таяниб иш кўриш, зарур пайтда ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиш каби қатор масалаларда керакли ҳуқуқий-меъёрий асосларни белгилаб бергани билан алоҳида этиборга моликдир. Семинар координатори С. К. Рунгта ўз сўзида конвенция ер юзи давлатларининг ногиронлар масалалари бўйича ўрнатган ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳам сезиларли ҳисса қўшишини эътироф этди. Зеро, қандай тузум ҳукм суриши, хоҳ  у демократия, хоҳ диктатура ёхуд бюрократияга асосланганидан қатъи назар, давлатлардан бошқа ижтимоий қатламлар каби ногиронлар муаммоларини ҳал этиш ҳам бирдек талаб этилади.

Аввало, бирламчи вазифа сифатида ҳозир амалда бўлган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги халқаро Конвенциянинг ҳар бир мамлакатда имзоланиши ва ратификация қилинишига эришиш лозим. Бунда қизиқиш ва манфаатлари ўзаро мос келувчи фуқаролар ҳамда гуруҳларнинг фаол ҳамкорлиги ҳам зарурдир. Айтиш жоиз, мақсад рўёбига эришишда нуфузли даражадаги халқаро конференция ва бошқа хил анжуманлар ўтказилиши, ҳукумат органлари томонидан айрим сиёсий, ижтимоий-иқтисодий масалалар қайта кўриб чиқилиб, қонунчиликда маълум ўзгаришлар амалга оширилиши, шунингдек, натижага тезроқ олиб борувчи муайян стратегиянинг ишлаб чиқилиши яхши самара беради. Қисқаси, конвенция талабига мувофиқ ногиронларга нисбатан юритилаётган сиёсатни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Ушбу ҳужжатни ратификация қилгандан сўнг эса давлатлар унда белгиланган барча мажбуриятларни ўз зиммаларига олиш ва уларнинг бажарилишини таъминлашга масъулдирлар. Бундай масъулиятни ҳозирги кунга келиб дунёнинг юздан зиёд давлатлари ўз зиммасига олганини эътироф этиб ўтиш жоиз. Аммо таассуфки, Марказий Осиё давлатларида ҳозирча бу билан боғлиқ вазият кўнгилдагидек эмас. Бундай ҳолни қатор халқаро шартнома ва бошқа ҳужжатлар имзоланмагани манзарасида ҳам кузатиш мумкин. Хуллас, ҳозирча Марказий Осиёдаги жорий вазият юқоридаги конвенциянинг Ўзбекистонда имзолангани ва фақатгина Туркманистонда ратификация қилинганидан бизга хабар беряпти. Туркманистонда дардманд инсонлар манфаатини кўзлаб шундай хайрли тадбирга қўл урилган бўлса-да, сўз юритаётганимиз нуфузли халқаро семинарда ушбу юртдан вакиллар иштирок этишмагани ажабланарлидир. Бу мазкур мамлакатда ҳали ҳам ногиронлар ҳуқуқлари масаласи эътибор юксаклигига кўтарилмаганини англатса эҳтимол.

Анжуман давомида конвенциянинг мақсад ва вазифалари, умумий тамойиллари ҳақида батафсил тушунча берилгандан сўнг иштирокчилар гуруҳларга бўлиниб, ушбу халқаро ҳужжатни ратификация қилиш ва амалий ижросини таъминлаш атрофидаги масалаларни қизғин муҳокама этдилар. Марказий Осиё мисолида бунга тўсиқ бўлаётган ҳолатларга чизги берилар экан, аввало, минтақа давлатларининг миллий қонунчилик ҳужжатларида ногиронларнинг кўпгина муаммолари қамраб олинмагани қайд этилди. Мазкур қонунчилик халқаро талабларга етарли даражада жавоб бермаслиги ҳам уни такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳуқуқ тамойиллари ва мезонлари асосида ислоҳ қилишга жиддий зарурат мавжудлигини кўрсатади. Конвенцияни ҳаётга татбиқ этишга имкон бермайдиган ҳолатлардан яна бири давлатлардаги моддий етишмовчилик ва молиявий имкониятларнинг кенг эмаслиги билан боғлиқдир. Вазиятнинг шу каби муаммоли кўринишларидан келиб чиқиб, семинар қатнашчилари томонидан юқоридаги масалалар ечимига дахлдор қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди:

1. Ижтимоий сўровлар ўтказиш орқали жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил этиш, ногиронлик билан боғлиқ муаммолар ҳолати юзасидан мониторинг ишларини олиб бориш зарур.

2. Ҳар бир давлатда ҳукумат органлари ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида ногиронлар ҳуқуқлари ва уларнинг ижтимоий ҳимоясига оид маъруза ёки ҳисобот тайёрлаб, БМТга тақдим этиш лозим.

3. Ушбу конвенция шартлари бўйича миллий дастур ва концепциялар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилиши даркор. Ўзбекистонда жорий йилнинг 30 майида эълон қилинган “2011 – 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги давлат дастури ҳам ушбу мамлакатда имконияти чекланганлар қизиқиш ва манфаатларини ҳимоя қилувчи конвенцияни ратификация қилиш сари қўйилган қадам дейиш мумкин.

4. Конвенцияни ратификациялаш ва уни амалда қўллаш учун биринчи навбатда миллий қонунчиликка халқаро ҳуқуқий меъёрларга мос келадиган қўшимча ва ўзгартишлар киритишдек мураккаб жараённи ўташ керак бўлади. Ўзбекистон тажрибасида ушбу амалиёт муваффақият билан қўллаб келинмоқда.

 5. Конвенция мажбуриятлари бажарилиши учун ҳар бир давлат молиявий манбаларга эга бўлмоғи ва йирик ҳажмдаги, мустаҳкам моддий-техник базани бунёд этмоғи талаб этилади. Эслатиш жоиз, юқоридаги дастурни амалга ошириш учун сарфланадиган сармоянинг асосий қисми давлатимиз ғазнаси ҳисобидан бўлиши кўзда тутилган.

6. Соҳа ривожини таъминлашда тегишли инфратузилма объектларини барпо этиш ҳам муҳим ўрин тутади. Бунда ногиронларга хизмат кўрсатувчи ва улар фаолият юритадиган корхоналар ҳамда ижтимоий-маданий аҳамият касб этувчи объектлар назарда тутилмоқда.

7. Конвенцияни ҳаётга татбиқ этишда аҳолининг тушунчасини шакллантира бориш энг муҳим омиллардандир. Бу ҳам ногиронлар ташкилотларининг самарали фаолият кўрсатишига ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. Зеро, кўпгина давлатларда турли йўналишдаги конвенция ва бошқа халқаро ҳужжатларни қўллаб-қувватлаш борасида аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари юритилиб, имзолар тўпланиши маълум.

8. Юқоридаги мақсадларга эришиш йўлида наинки ногиронлар жамиятлари, балки улар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳам ўзаро бирлашиб, яқиндан иш олиб боришлари зарур. Ўзбекистонда бир неча йиллардан буён нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси фаолият юритиб келади. Ҳозирда бундай ташкилотларнинг иш самарадорлигини ошириш чоралари кўрилмоқда.

9. Мавжуд сиёсий партиялар билан ҳамкорлик фаолиятимиз ривожига сезиларли таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Биламизки, барча давлатларда сиёсий партиялар сайловолди жараёнларида қатор ижтимоий масалаларни кўтариб чиқиш билан фаол иштирок этадилар. Бу ўз-ўзидан уларнинг рейтинги ошишига хизмат қилади. Шундай экан, ташкилотларимиз жамиятда роли ортиб бораётган сиёсий партиялар имкониятларидан унумли фойдаланмоқлари кутилган натижани беради.

10. Келгусида ногиронлар муаммоларини ҳал этиш, қизиқиш ва ҳуқуқий эҳтиёжларини қондириш каби масалалар билан шуғулланувчи махсус адвокатуралар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Маълумки, ҳозирда имконияти чекланган кишилар орасида ҳуқуқшунослар кўпчиликни ташкил этади. Айни тоифадаги мутахассислардан юқоридаги тузилмаларни таркиб топтириш билан соҳада қўлга киритилажак натижалар салмоғи янада ошишига эришилса ажабмас.

Мазкур халқаро анжуманда фикрлар хилма-хиллиги, ахборотлар кенг қамровлилиги ва кўтарилаётган масалаларга ёндашувларнинг теранлиги намоён бўлар экан, шу аснода Ўрта Осиё ҳудудида истиқомат қилувчи жисмоний нуқсони бўлган кишилар фаолиятида кузатилаётган муаммоли ҳолатлар ҳам таҳлилий назардан ўтказилди. Қайд этилишича, минтақа таркибига кирувчи айрим давлатларда ногиронлар ҳақидаги жамоатчилик фикри етарлича шаклланмаган. Буни ижтимоий-психологик факторлар билан боғлаш ўринли бўлади. Кўп ҳолларда кенг жамоатчилик ногиронлар ташкилотларини демократик институтларнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилмайди. Ваҳоланки, айни давлатлар қонунчилигида ушбу тузилмалар нодавлат-нотижорат ташкилотлари сифатида демократик жамиятнинг муҳим элементи экани белгилаб қўйилган.

Қирғизистонлик вакилларнинг таъкидлашича эса чекка жойларда фаолият юритувчи ногиронлар билан ишлаш борасида ҳали ҳам кўпгина камчиликлар мавжуд. Айни инсонларга ўз ҳақ-ҳуқуқларини танитиш баробарида уларда ҳукумат идоралари билан ҳамкорликда ишлаш кўникмаларини шакллантириш лозим. Зеро, давлат органлари билан фаол ҳамкорлик муносабатларига киришиш орқали жисмида нуқсони бўлган кишиларни умумжамиятга интеграциялаш, уларнинг фаолият кўлами, молиявий имкониятларини кенгайтириш, қолаверса, ушбу тоифага нисбатан жамоатчилик эътибори кучайишига эришиш мумкин.

Шу ва бошқа муаммолар чекиниб, улар ўрнини муваффақиятлар эгаллаши, фаолиятда янгидан-янги марралар забт этилишига эришиш жамиятлар олдида турган қуйидаги долзарб вазифалар бажарилишини таъминлашни талаб этади: жисмоний имконияти чекланган кишиларнинг бошқалар қатори ижтимоий-сиёсий ҳаётда фаол қатнашишларини таъминлаш, уларнинг ҳаёти, фаолияти, ютуқ ва муаммолари оммавий ахборот воситаларида етарли даражада ёритилишига эришиш, айни тоифа хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, тегишли инфратузилмани ривожлантириш ва бандлик даражасини юксалтириш, ижтимоий реабилитация масалаларини ҳал этиш, тегишли қонун лойиҳаларини тайёрлаш, уларни қабул қилиш ва ижро этиш жараёнида ногиронларнинг фаол иштирокини таъминлаш, сиёсий партиялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ногиронлар ташкилотлари фаолиятини ўзаро якдиллик ва ҳамжиҳатлик асосига қуриш,  ушбу тоифа инсонлар тайёрлайдиган маҳсулотлар учун давлат буюртмасини ташкил этиш, инклюзив таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, иш ва ўқиш жараёнини замон талабига мос равишда илғор технологиялар асосида олиб бориш, ногиронлик муаммолари билан шуғуллашувчи психолог ва бошқа мутахассислар доирасини кенгайтириб, улар малакасини юқори даражага кўтариш, жисмида нуқсони бўлган кишиларни уй-жой билан таъминлаш, уларга юксак савияда тиббий, транспорт хизмати кўрсатиш, ижтимоий аҳамиятга молик объектларни қуриш ҳамда жиҳозлашда ногиронлар имкониятларини эътиборга олиш ва бошқалар. Мазкур  вазифалар ижроси юқорида тўхталинган конвенцияни қабул қилиш ва амалга киритишдан кўзланган мақсаднинг қадам-бақадам рўёбга ошишига ҳам хизмат қилади. Демак, давлатларда ногиронларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар яратилиши учун семинарда иштирок этган сафдошларимиз бу ерда ўрганган билим ва тажрибаларини амалиётга муваффақиятли татбиқ этишлари лозим бўлади.

Абдусаид МИРҲАМИДОВ.

 

 

 

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш