БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Бу атрофдагиларнинг ногиронлар меҳнат лаёқати, улар бандлигини уюштиришнинг ижтимоий шарт-шароитлари ва ҳуқуқий асослари ҳақида етарли билимга эга бўлмагани натижасидир. 1991 йилнинг 18 ноябрида “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани, шундан сўнг имконияти чекланганлар реабилитациясига оид 433 ва 520-сонли давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилгани, қолаверса, 2008 йилда янги таҳрирдаги “Ўзбекистон республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг ишлаб чиқилгани юртимизда ўзгалар кўмагига муҳтож кишиларнинг ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамланганидан далолат беради.     

Даставвал республикамизда ногиронлар билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишда муҳим ўринга эга бўлган ҳамда халқаро майдонда кўпгина давлатлар томонидан тан олинган “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция хусусида тўхталсак. Унинг ногиронлар меҳнати ва бандлиги масалаларига бағишланган 27-моддасига қуйидаги қайдлар киритилган: “Иштирокчи давлатлар ногиронларнинг меҳнат қилишда бошқалар билан тенг ҳуқуқли эканлигини тан оладилар. Бу ҳуқуқ меҳнат бозори ва ишлаб чиқариш муҳити ногиронлар учун очиқ, тенг имконли бўлган тақдирда ногирон томонидан эркин танланган ёки ўз ихтиёри билан рози бўлган меҳнат воситасида пул топиш имкониятини ўз ичига олади. Иштирокчи давлатлар иш жараёнида ногирон шахсларнинг меҳнат ҳуқуқи рўёбини қонунга мос чоралар кўриш йўли билан таъминлаб, рағбатлантирадилар”. Бу чоралар қуйидагиларда акс этади:

“А) Бандликнинг барча турлари, жумладан, ишга олиш, ёллаш, ишни сақлаб қолиш, хизматда ўсиш, соғлом меҳнат муҳитини қарор топтириш масалаларида илгари сурилувчи нотенглик асосидаги ёндашувларга барҳам бериш;

Б) Ногиронларнинг бошқалар билан тенг равишда, адолатли, хавфсиз ва қулай меҳнат шароитида ишлашлари ҳамда рағбатлантирилишлари учун шароит яратиш, уларни тазйиқлардан ҳимоялаш ва бу борадаги шикоятлари қондирилишига кўмаклашиш;

Ц) Ногиронлар ўз меҳнат ҳуқуқларини бошқалар билан баробар амалга оширишларини таъминлаш;

Д) Ногиронлар касбий таълим олишлари, меҳнат билан бандлик хизмати ва бошқа тегишли дастурлардан фойдаланишларига имкон бериш;

Е) Ногиронларнинг иш излаш, топиш, уни сақлаб қолиш ва янгилаш, умуман, меҳнат бозорида иш билан таъминланиш, хизмат мавқеини юксалтириш имкониятларини кенгайтириш;

Ф) Хусусий меҳнат фаолияти, тадбиркорлик, кооператив ва шунинг доирасидаги бошқа йўналишларни ривожлантириш;

Г) Ногиронларни давлат секторларига ёллаш;

Х) Ҳаракатлар дастури, муҳим мақсадларга йўналтирилган стратегия ва чоралар ёрдамида ногиронларни хусусий секторларга жалб этишни рағбатлантириш;

И) Ногиронларнинг иш жойларига рисоладагидек мослашувларини таъминлаш;

Ж) Жисмоний нуқсони бўлган инсонларнинг очиқ меҳнат бозори шароитида иш тажрибаларини оширишлари учун имкон яратиш;

К) Ногиронларнинг касбий ва малакавий реабилитация, ишни сақлаб қолиш ва ишга қайтиш дастурлари кўламини кенгайтириш”.

Шунингдек, иштирокчи давлатлар ногиронларнинг қуллик ёки тазйиқ остида яшаш ҳолатига тушиб қолмасликлари ва бошқалар билан тенг тарзда мажбурий меҳнатдан ҳимояланишларини таъминлайдилар. Шу каби аҳамиятли чора-тадбирларни ўзига жо этган юқоридаги конвенция ҳукуматимиз томонидан маъқулланган ва имзоланган.

ЎзР Конституцияси фуқаролар ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида тенг ҳуқуқли эканлигини кафолатловчи бош қомус бўлиб, унда ҳар бир шахснинг эркин касб танлаш, меҳнат қилиш ва ишсизликдан ҳимояланиш бўйича ҳақ-ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, Меҳнат кодексида айни меъёрлар муфассал тарзда баён этилганини кўриш мумкин. Хусусан, унинг 220-моддасига мувофиқ, иш берувчи корхонада мавжуд минимал ўринларга ўрнатилган тартибда маҳаллий меҳнат органи томонидан йўлланган ногиронларни ишга қабул қилиши шарт. I ва II гуруҳ ногиронларига меҳнатига ҳақ тўлаш камайтирилмаган ҳолда иш вақтининг ҳафтасига 36 соатдан ошмаган қисқартирилган муддати белгиланади. Шунингдек, уларга 30 календарь кунидан кам бўлмаган йиллик узайтирилган асосий таътил берилади. Ногиронларни тунги вақтдаги, режимдан ташқаридаги ёки дам олиш кунларидаги ишларга жалб этиш бундай хизмат турлари тиббий тавсияларда тақиқланмаган тақдирда уларнинг ўз розилиги билан амалга оширилади. Бундан ташқари, “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 23-моддасида ташкилотларда банд бўлган жисмоний имконияти чекланган шахсларга ногиронларни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастурига мувофиқ зарур шарт-шароитлар яратилиши, жамоа ёки меҳнат шартномаларида улар учун ойлик маошлар миқдори, иш ва дам олиш вақти режими, йиллик ҳамда қўшимча таътиллар муддати норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганидан кам бўлмаган талаблар асосида белгиланиши кўрсатиб ўтилган. 24-моддада эса ногирон киши меҳнат шароитлари одатдагича бўлган ёки ихтисослаштирилган корхона, ташкилотларда, цехлар ва участкаларда, шунингдек, қонун нуқтаи назаридан тақиқланмаган якка тартибдаги бошқа хўжалик субъектларида фаолият юритиши белгилаб қўйилган. Қонунчиликда  ногиронлиги туфайли фуқаро билан меҳнат шартномаси тузиш юридик шахслар томонидан рад этилишига, айни шартнома иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинишига, ногироннинг ўз розилигисиз бошқа вазифага ўтказилишига йўл қўйилмайди. ТМЭК хулосасида кўрсатилган ногироннинг соғлиғи ва меҳнат хавфсизлигига таҳдид қиладиган ҳоллар бундан мустасно. Бундай ҳолатлар юз берган тақдирда кишилар ўз меҳнат қобилиятини тиклаганидан кейин илгариги ёхуд шунга тенг касб-ҳунар билан шуғулланиш имкониятига эга бўладилар.

Қайд этиш жоизки, юқоридаги қонун ҳужжатларида ногиронлар учун бандлик, солиқ ва суғурта соҳаларига доир бир қатор имтиёзлар ҳам белгиланган. Чунончи, Меҳнат кодексининг 57-моддасида “Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият билан шуғулланиш ҳар кимнинг мутлақ ҳуқуқидир”, деб аниқ кўрсатилган бўса-да, ногиронлар бу ҳуқуқдан тўлақонли равишда фойдаланишда тўсиқларга дуч келишмоқда. Шунингдек, “Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 25-моддасида улар учун 20 нафардан ортиқ киши меҳнат қиладиган корхона, ташкилот ва муассасаларда умумий ходимлар сонининг камида 3 фоизи миқдорида иш ўринлари жорий қилиниши бўйича талаблар ҳам кўпинча амалиётда ўз аксини топмаётгани ачинарлидир.

Эслатиш ўринлики, ЎзР Солиқ кодексига мувофиқ, ишловчилар сонининг 50 фоиздан зиёдини ногиронлар ташкил этган корхоналар даромад, ер, мулк, ягона солиқлар тўловидан озод қилинган. Вазирлар Маҳкамасининг 528-сонли қарорида эса ишловчи ногиронларнинг иш ҳақи фондидан 4,7 фоиз миқдорида ягона ижтимоий тўлов ундирилиши кўрсатиб ўтилган.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда ногиронлар меҳнатини оқилона уюштиришга доир ҳақ-ҳуқуқ ва имтиёзлар юқоридаги қонун ҳужжатларидан ташқари, ЎзР Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг кўпгина фармон ва қарорлари асосида йилдан-йилга такомиллаштириб борилмоқда.

Мамаюнус АЛЛАЁРОВ,

Қарши ЎИЧК МЧЖ директори.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш