БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Кенгаш тузилганидан сўнг республикамизда имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётдаги фаоллигини оширишда ННТлар роли, айни йўналишда иш олиб борувчи давлат органлари ва кузатувчи сифатида қатнашувчи бир қатор халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик кўлами янада кенгайди. Биз Ўзбекистон Ногиронлар Жамияти раиси ўринбосари, ЎзННТМА ҳузуридаги Ногиронлар масалалари бўйича Маслаҳат Кенгаши мувофиқлаштирувчиси Ойбек Исоқовга мазкур тузилма фаолиятига доир бир нечта саволлар билан мурожаат этдик:  

– Ойбек ака, Маслаҳат Кенгашининг ташкил этилиши, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида журналхонларимизга қисқача маълумот берсангиз.

– Маълумки, юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами саналган ногирон инсонларни кенг кўламда муҳофаза қилиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон бу тоифа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланишларига шароит яратиш, имкониятлари чекланишини бартараф этиш, жамоат ишларида, шунингдек, фуқаролик мажбуриятларини бажаришда бошқалар билан тенг ҳуқуқлилигини таъминлашга қаратилган қонунни биринчи бўлиб қабул қилганлиги бунга яққол мисолдир. Ушбу ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат давлатимизнинг ногиронларга бўлган муносабати ҳамда ижтимоий мавқеини белгиловчи муҳим асос ҳисобланади. Бундан ташқари, бюджет маблағларининг 60% дан кўпроғи муҳим ижтимоий вазифалар ечимига йўналтирилган бўлиб, ҳар йили давлат дастурларида айни тоифадаги инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш назарда тутилади. Қолаверса, мамлакатимизда “2011 – 2015 йилларда ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги махсус Давлат дастури амалга оширилиши эътиборга моликдир.

Албатта, давлатнинг қонунларда белгиланган устувор вазифаларини адо этишда, айниқса, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини ҳимоялаш, улар бандлигини таъминлаш ва турмуш шароитини яхшилашда бугунги кунда Ўзбекистонда рўйхатга олинган ногиронлар масалалари билан бевосита шуғулланувчи 76 та ННТнинг алоҳида ўрни бор. Бир-биридан бехабар, тарқоқ ҳолда фаолият юритувчи ана шу тузилмалар саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, ҳамкорлигини йўлга қўйиш мақсадида Маслаҳат Кенгаши ташкил этилди. Мазкур Кенгаш имконияти чекланган шахслар ҳақ-ҳуқуқларини амалга ошириш, ногиронлик масалалари билан шуғулланувчи етакчи ННТлар ва давлат органлари вакилларини бирлаштириш, ушбу йўналишда жамоатчилик назорати ҳамда ижтимоий шерикчиликнинг амалий шакли ва механизмларини мувофиқлаштириш мақсадида ташкил этилган жамоат органи ҳисобланади. Шунингдек, у ҳукуматимизнинг кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини таъминлашга йўналтирилган қонун ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш ишига ННТларни жалб этишга кўмаклашади.

Биламизки, БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция”си Ўзбекистон Ҳукумати томонидан 2009 йил 27 февралда имзоланган. XXI асрда  инсон ҳуқуқлари бўйича дастлабки шартнома саналувчи ушбу Конвенцияда имконияти чекланган инсонлар мурувват кўрсатиладиган объект эмас, балки ҳуқуқ ва эркинликларга эга, фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий соҳаларда тенг ҳуқуқли равишда иштирок этувчи, жамият ривожида муҳим ўрин тутувчи шахслар экани эътироф этилган. Ногирон инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, улар турмушини яхшилаш учун қўшимча кафолатлар яратувчи мазкур халқаро ҳужжат Олий Мажлис ва Сенат тасдиғидан ўтганидан сўнг кучга киради. Маслаҳат Кенгаши Конвенцияни ратификация қилиш бўйича семинарлар, анжуманлар уюштириш, айни йўналишдаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, ногиронларга тааллуқли масалаларни миллий ва давлат дастурларига киритиш учун таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Шу билан бирга мавжуд муаммолар ечими йўлида ҳукумат идоралари билан ҳамкорлик қилиш, ратификация жараёнида ногиронлар ташкилотларининг фаол иштирокини таъминлаш, имконияти чекланган шахсларга тааллуқли қонун лойиҳаларини тайёрлашда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси билан ишлаш унинг асосий вазифаси саналади.

– Кенгаш томонидан амалга оширилаётган ишлар, унинг Конвенцияни ратификация қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари хусусида ҳам тўхталсангиз.

Кенгаш таъсис этилганидан буён ўтган давр мобайнида бирмунча ишларни амалга оширишга улгурди. Жумладан, ННТлар, давлат органлари ва бошқа ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, қўшма фаолият режаларини ишлаб чиқиш, ахборот алмашинувини фаоллаштириш бўйича турли йиғилишлар ўтказиб келмоқда. Йиғилишлар дастури доирасида давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, сиёсий партиялар вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторлар имконияти чекланган инсонлар масалалари билан шуғулланувчи ННТлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган, бу тоифа кишиларни қўллаб-қувватлаш бўйича бажарилган ва бажарилиши кўзда тутилаётган ишлар ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган маърузалари билан иштирок этмоқда. Шунингдек, Конвенцияни ратификация қилишга босқичма-босқич тайёргарлик кўриш учун амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилмоқда.  

Таъкидлаш жоизки, Маслаҳат Кенгаши ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази саъй-ҳаракати билан Конвенциянинг ўзбек тилидаги нашри босмадан чиқарилди. Олий Мажлис депутатлари, сенаторлар иштирокида унинг тақдимотига бағишланган тадбир уюштирилди. Ҳозирда Ўзбекистон Ҳукумати томонидан Конвенцияни ратификация қилиш масаласи кўрилмоқда. Бугунги кунга келиб айни ҳужжатни имзолаган 158 мамлакатнинг 147 тасида у расман тасдиқланди. Кенгаш аъзо ташкилотлар билан ҳамкорликда юртимизда Конвенцияни ратификация ва имплементация қилиш юзасидан ногиронлар муаммолари ечимига қаратилган 80 банддан иборат Миллий Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиб, уни мутасадди давлат органларига кўриб чиқиш учун тақдим этди. Эндиликда мазкур лойиҳани ЎзННТМА орқали Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги ва Инсон ҳуқуқлари Миллий марказида тасдиқлатиш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шу кунгача Кенгаш ташаббуси билан ННТлар ва расмий доиралар иштирокида Конвенцияни ратификация қилиш, ногиронлар муаммоларини ҳал этиш масалаларига бағишланган қатор  тадбирлар анжуман, давра суҳбати ва йиғилишлар тарзида ўтказилди.

Конвенцияда таъкидланганидек, ушбу халқаро ҳуқуқий ҳужжат тасдиқланганидан сўнг давлат ундаги мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олади ва тегишли моддалар бўйича ҳар 4 йилда БМТга ҳисобот маърузасини йўллайди. Ўз навбатида БМТга ННТлар томонидан тайёрланган муқобил (альтернатив) маъруза ҳам топширилади. Бундай маъруза бўлмаса, давлат ҳисоботи кўриб чиқилмайди. Ногиронлар ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳисобот маърузасини тайёрлаш, Конвенциянинг бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказиш ҳам Маслаҳат Кенгашининг вазифасига киради.

БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йил 16 декабрда иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро Пакт қабул қилинган. Дунёдаги 162 та давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ушбу Пакт қатнашчиси ҳисобланади. БМТнинг иштирокчи давлатлар томонидан Пакт қоидаларининг бажарилиши мониторингини олиб борувчи шартномавий органи бўлган Қўмитага Ўзбекистон Ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш соҳасида юртимизда кўрилаётган қонунчилик, институционал ва амалий чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот юборади. Маслаҳат Кенгаши ташаббуси билан илк бор ана шу Қўмитага қўшимча ахборот сифатида тақдим этиш учун ногиронларга тегишли масалалар бўйича Пакт қоидаларининг амалга татбиқ этилиши юзасидан муқобил ҳисобот маърузаси тайёрланди. У Ўзбекистон давлати ҳисоботи билан бирга Женевада кўриб чиқилади.

Конвенцияда қайд этилган  иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқлар билан бир қаторда ногиронларнинг сиёсий соҳадаги тенг ҳуқуқлилиги ҳам кафолатланган. Маслаҳат Кенгаши томонидан бу тоифа шахсларнинг сиёсий, жамоатчилик йўналишларидаги ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш, ижтимоий шерикчиликни кучайтириш мақсадида Миллий дастур лойиҳаси ишлаб чиқилиб, бугунги кунда ЎзЛиДеП, ХДП, “Адолат”, “Миллий тикланиш” партиялари билан имконияти чекланган инсонларни сайловларда номзод сифатида кўрсатиш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Ғолиб партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларига қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда ногиронлар ташкилотлари вакилларини эксперт сифатида жалб этиш масаласи қўйилди. Бундан ташқари, Марказий сайлов комиссиясига имконияти чекланган шахсларнинг конституциявий сайлаш ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида бажариладиган вазифалар хусусида 9 банддан иборат тавсиялар йўлланди. Масалан, аравачали ногиронларга қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир сайлов участкасига пандуслар ўрнатиш, жисми нуқсонли кишилар учун ногиронлар жамиятларининг рамзий белгилари бўлган, алоҳида мослаштирилган сайлов кабиналарини ажратиш, кўзи ожиз сайловчилар учун ҳар бир номзодга оид маълумотларни махсус шрифтда қайд этиш, заиф кўрувчиларга ўқиш қулай бўлишини кўзлаган ҳолда ёзув варағи ёнига лупа қўйиш, номзодларнинг сайловолди дастурлари ва варақаларини муқобил тарзда Брайль ёзувида тайёрлаш ҳақида таклифлар берилди. Шунингдек, имконияти чекланган инсонлар образини телевидение, театр ва кинофильмларда қай тариқа яратиш хусусида Маданият ва спорт ишлари вазирилиги, Ўзбекистон Миллий телерадио компанияси, “Ўзбекфильм” киностудиясига 9 банддан таркиб топган тавсиялар тақдим этилди. Аксарият фильмларда улар бечораҳол, раҳм-шафқатга муҳтож шахс сифатида талқин этилади. Ваҳоланки, ногиронлар орасида академиклар, иқтисодчилар, сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, бизнесменлар, ҳаётда ўз ўрнини эгаллаган, жамоатчиликка ибрат бўлган инсонлар бўла туриб, уларнинг ҳаққоний образини гавдалантиришга киришилмаётир.

– Маслаҳат Кенгашига аъзо бўлиш тартиби қандай? Унинг бошқа ташкилотлар, жумладан, ЎзКОЖ билан ҳамкорлиги ҳақида нима дея оласиз?                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                     

МаслаҳатКенгаши асосан ногиронлар ташкилотлари билан ишлайди, уларга ҳуқуқий йўл-йўриқлар кўрсатади, қонун лойиҳалари тайёрлаш, ушбу ҳужжатларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Молия вазирлигида тасдиқлатиш каби масалаларда кўмаклашади. Кенгаш аъзолигига фақат юридик шахслар қабул қилинар экан, бунинг учун Миллий Ассоциация номига иштирок этувчи ташкилот вакилининг объективкаси, алоқа телефонлари, манзили қайд этилган мурожаат хати тақдим этилади. Ушбу вакил Маслаҳат Кенгашида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиб, унинг ҳар бир йиғилишига таклиф қилинади. Ҳозирги кунда Тошкентда фаолият юритувчи, айнан ногиронлар масалалари билан шуғулланувчи 30 та ННТдан 26 таси Маслаҳат Кенгаши аъзосидир. Вилоятларда иш олиб бораётган худди шундай 46 та ННТни ҳам жалб қилиш имкони туғилса, улар сони бундан-да ортади. ЎзКОЖ ҳам таъсисчи сифатида Кенгаш аъзоси ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан бунда тайёрланадиган ҳужжат лойиҳаларида кўзи ожизларга тааллуқли муаммолар ечимига алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Кенгашнинг ногиронлар ҳуқуқларига оид халқаро Конвенцияни ратификация қилиш бўйича Миллий ҳаракат дастуридан юртимизда кўзи ожизларни массажчилик ҳунарига ўргатиш, уларга айни соҳада шуғулланиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан лицензия берилишига эришиш, кўриш ногиронлари яшаш жойларига яқин чорраҳаларга овозли светафорлар ўрнатиш, кўзи ожиз фойдаланувчилар учун мослаштирилмаган хориж технологияларини республикага киритмаслик каби масалалар ўрин олган.  

Маслаҳат Кенгашининг халқаро тенглик инъикосини таъминлаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатларига яна ушбуларни қўшимча қилиш мумкин. БМТда 2015 – 2020 йилларга мўлжалланган ногиронлар масалаларига доир махсус ривожланиш дастури ишлаб чиқилмоқда. Кенгаш томонидан йўлланган 8 та тавсиядан 3 таси ана шу дастурга киритилган. Унинг ташаббуси билан яна оммавий ахборот воситалари ўртасида Конвенциянинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тарғиб этиш, тегишли ННТлар вакиллари ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган энг яхши мақолалар танлови ўтказилмоқда. Ғолиб ва совриндорлар 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни арафасида эълон қилинади. 

Маслаҳат Кенгашининг “Имконияти чекланган инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда ННТлар ўрни” мавзусидаги кенгайтирилган навбатдаги йиғилишида ҳам Конвенцияни ратификация қилиш хусусида сўз борди. Инсон ҳуқуқлари бўйича республика Миллий маркази, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Адлия, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликлари, Миллий Ассоциация, ННТларни қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди  ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари  иштирок этган мазкур йиғинда Конвенцияни ратификация ва имплементация қилиш юзасидан ишлаб чиқилган миллий  ҳаракат режаси лойиҳасининг асосий қоидалари, халқ таълими, транспорт ва йўл инфратузилмаси, архитектура ва қурилиш, соғлиқни сақлаш, бандлик ва бошқа соҳаларда қулай шароитлар яратишга оид қатор масалалар кўриб чиқилди. ҚатнашчиларКонвенцияни ратификация қилиш келажакда ННТлар ва давлат органларининг ижтимоий шерикчилигини янада кучайтириш, жамоат ташкилотларининг мавқеини юксалтириш, имконияти чекланган инсонларнинг ҳаёт фаровонлигини оширишга хизмат қилишини қайд этдилар.

Қудрат ОЧИЛОВ. 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш