БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҲУҚУҚ 2007 ЙИЛ 6-СОН

Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб Президентимиз томонидан аҳоли даромадлари ва фаровонлиги даражасини муттасил ўстириб бориш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган барқарор ижтимоий сиёсат амалга оширилмоқда. Ҳар уч йилда фуқароларнинг иш ҳақи ва пенсиялари ўрта ҳисобда 2-2,5 баробар оширилишини таъминлаш муҳим стратегик вазифа сифатида қўйилмоқда. 1992 йилдан бери юртбошимизнинг айни мақсадга қаратилган 40 га яқин фармонлари эълон қилинди. 1999 йилдан буён камида 20 йиллик суғурта бадаллари тўланган меҳнат стажига эга аёлларимиз одатдагидек 55 ёшдан эмас, имтиёзли равишда 54 ёшдан пенсияга чиқарила бошланди. 2002 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда пенсияни ҳисоблашда эътиборга олинадиган меҳнат стажи давомийлигини таъминлаш йўлга қўйилди. 2005 йилдан эса пенсия маблағларини фуқароларнинг жамғарма ҳисоб варақаларида якка тартибда жамғариш тамойилларига асосланган тизим  жорий этилди.

Ҳозирги кунда республикамизда 3 млн.га яқин пенсионер мавжуд. Уларнинг 1 млн. 973 минг 626 нафарини ёшга доир, 526 минг 361 тасини ногиронлик, 219 минг 524 нафарини боқувчисини йўқотганлик учун пенсия, 242 минг 18 тасини  ижтимоий нафақа олувчилар ташкил этади. Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 24 июндаги 319-сонли Қарорига асосан 16 ёшгача бўлган ногирон болага ижтимоий нафақа ота ёки онадан  бирига яшаш жойидаги туман (шаҳар) ижтимоий таъминот бўлими томонидан энг кам пенсиянинг 100 фоизи миқдорида тайинланади. 16 ёшга тўлгач, соғлиғи ва меҳнат қобилиятига қараб ногиронликнинг уч гуруҳи (I, II, III) белгиланади. Ногиронлик сабаблари, гуруҳлари, шунингдек, у бошланган вақт ва қанча муддатга белгиланиши тиббий-меҳнат эксперт комиссияси (ТМЭК) тарафидан аниқланади. I ва II гуруҳдагилар қонунга биноан маълум иш стажига эга бўлганларидан сўнг ўз нафақаларини пенсия даражасига етказадилар, яъни иш ҳақини ҳисоблатган ҳолда унинг миқдорини кўпайтира оладилар. 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 17-моддасида фуқароларнинг ёшига қараб талаб қилинадиган иш стажи белгиланган. Жумладан, ногиронлар 23 ёшгача 2,26 ёшгача 3,31 ёшгача 5 йиллик ва ҳоказо меҳнат стажига эга бўлишлари зарур. Айтиш лозимки, уларнинг олий ўқув юртида таҳсил олган даври ҳам умумий стажга қўшиб ҳисобланади. Лекин иш стажисиз, фақат ўқиш даврида олинган стипендиялар йиғиндиси билан пенсия ҳисоблатиш мумкин эмас. Маълум иш ҳақини ҳисоблаб пенсия кўпайтириш тартиби ойликнинг ўртача миқдорига асосланади. Ўртача иш ҳақи деганда, айтайлик, 5 йиллик меҳнат стажига эга кишининг барча ойлик миқдорлари бир-бирига қўшилади ҳамда чиққан натижавий ҳисоб 5 йилга, яъни 60 ойга бўлинади. Ўшанда шахснинг ўртача маош миқдори келиб чиқади. Ҳар бир киши умри давомида фақат бир мартагина пенсиясини қайта ҳисоблата олади.

Президентимизининг  2003 йил 23 мартдаги “2003 йилнинг 1 апрелидан бошлаб уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича бериладиган имтиёзлар ўрнида компенсация пул тўловларини жорий этиш тўғрисида”ги Фармонига асосан бир қатор тоифадаги шахсларга, хусусан, кўриш бўйича I гуруҳ ногиронларига энг кам иш ҳақининг 45 фоизи миқдорида компенсация тўлаш йўлга қўйилди. У кўзи ожиз талабаларга, аниқроғи, университет ётоқхоналарида бепул яшаш ҳуқуқига эга кишиларга ўқиш тугагунига қадар тўланмайди. Таҳсилни тугатиб, бирор ишга жойлашган шахс пенсия ва компенсацияни ҳар ойда ўз ишхонасидан олишга мажбурдир. Фуқаролар, яъни эркаклар 60, аёллар 55 ёшдан ёшга доир меҳнат пенсиясига чиқадилар. Ногирон фарзанди бор оналарнинг боласини парваришлаш учун кетган даври иш стажига қўшиб ҳисобланганда камида 20 йилни ташкил этса, умумий белгиланган 55 ёшни 5 йилга қисқартирган ҳолда уларга пенсия тайинланади. Шунингдек, қонунга асосан 16 ёшгача бўлган ногирон болага, ўзгалар парваришига муҳтож  (даволаш муассасасининг хулосасига кўра) 80 ёшга тўлган қарияларга ишламасдан қараб турган шахс пенсия олиш ҳуқуқига эришганида унинг иш стажига ўша кетган вақт қўшиб ҳисобланади. Ногиронлар эса меҳнат пенсияси ёшига етгач, ўз ихтиёрига қараб ё ёшга доир, ё ногиронлик пенсиясини олишлари мумкин.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 17 сентябрида Президентимизнинг “Пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. У том маънода кўплаб юртдошларимизнинг ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланишига хизмат қилди, десак муболаға бўлмайди. Албатта, муштарийларимиз орасида фармоннинг асл моҳиятини англолмаган,  пенсияларнинг айнан қайси миқдордагилари ошиши ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган кишилар учрайди. Ушбу масалани ойдинлаштириш мақсадида уни баҳоли қудрат шарҳлашга ҳаракат қиламиз. Аёнки, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига биноан шу пайтгача пенсия ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг 7 каррасидан ошмайдиган ўртача иш ҳақи даражасига амал қилинарди. Эндиликда, яъни шу йилнинг 1 октябридан  бошлаб пенсия ҳисоблаш учун асос бўладиган иш ҳақининг максимал миқдори энг кам ойлик миқдорининг 7 дан 8 каррасигача оширилди. Содда қилиб айтадиган бўлсак, кимнинг ўртача ойлиги энг кам иш ҳақининг 8 баробари миқдорида ёки ундан кўп бўлса, пенсия 14 фоизга, агар 7 ва 8 баробар  орасида бўлса, тегишлича 14 фоизгача кўпаяди. Мазкур Фармон кучга кирган пайтда  энг кам ойлик 15525 сўмни (16 ноябрдан 18630 сўм этиб белгиланди) ташкил этган. Олайлик, кимнингдир ўртача иш ҳақи 155 минг сўмдан кўпроқ (бу энг кам иш ҳақининг 10 баробари демакдир), бошқа бировники эса 108 минг 675 сўм атрофида, бу энг оз ойликнинг 7 каррасига тенг келади ва уларнинг иккаласига ҳам 108 минг 675 сўм миқдоридан келиб чиқиб пенсия тайинланарди. Чунки биринчи келтирилган шахс юқори маош олгани билан ўрнатилган чегара иккинчи мисол қилинган кишидан кўпроқ пенсия олишига йўл қўймайди. Янги ҳуқуқий ҳужжат асосида эса энди биринчи шахсга 108 минг 675 сўм эмас, 124 минг 200 сўм миқдоридан келиб чиқиб пенсия тайинланади. Қайд этиш лозимки, илгари тайинланган пенсиялар миқдори ҳам янги норматив асосида кўриб чиқилади. Яъни кимнинг пенсияси ҳисоблатилган вақтда ўша пайтда энг кам ойликнинг 7 карраси миқдорига тўғри келса, у энди яна бир каррага ошади. Масалан, қайсидир фуқаронинг ҳақиқий ҳисоблаб чиқилган ўртача бир ойлик иш ҳақи 138 минг 750 сўмни, жами иш стажи 32 йилни (ортиқчаси 7 йилни) ташкил этиб, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун бу иш ҳақи 108 минг 675 сўм билан чегараланган ва 67 минг 378 сўм 50 тийин (108675 х 55% – таянч миқдор + 108675 х 7% – стаж учун ошириш) пенсия тайинланган. Ўртача иш ҳақи энг кам ойликнинг 8 каррасидан (124200 сўм) юқори бўлганлиги учун эндиликда ушбу пенсияни ҳисоблашда энг кам иш ҳақининг 8 карраси инобатга олинади. Ҳисобга олинган янги ўртача бир ойлик иш ҳақидан пенсиянинг таянч миқдори (124200 х 55% = 68310 сўм) ва стаж учун ошириш (124200 х 7% = 8694 сўм) ҳисоблаб чиқарилади. 2007 йил 1 октябрдан бошлаб ушбу пенсиянинг умумий миқдори  77004 сўм қилиб (68310 +8694) белгиланган. Яна бир мисол.   2007 йил 1 августдан ҳисоблаб чиқарилган ўртача бир ойлик иш ҳақи 97 минг 800 сўмни ташкил этади. Мазкур ўртача иш ҳақи энг кам ойликнинг 7 каррасидан кам бўлганлиги сабабли у қайта ҳисобланмайди. Қайси вақтда ҳисобланганига қарамай, кимнинг пенсияси энг кам иш ҳақининг 7 баробари миқдорига етмаса, ушбу сумма ўз ҳолича сақланиб қолади.

Эслатиш жоизки, аҳоли даромадларини янада кўпайтириш мақсадида шу йилнинг 23 октябрида Президентимиз тарафидан ойлик, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдорини 1,2 фоизга ошириш тўғрисида янги  фармон қабул қилинди.                                         

Икром РАЖАБОВ.     

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш