БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал


НОГИРОНЛАР УЧУН МАХСУС ЖАМҒАРМА

Маълумки, ЎзР Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ юртимизда айни тоифа инсонларнинг долзарб муаммоларини ҳал этишга қаратилгагн жамғарма фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган эди. Шундан келиб чиқиб, ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 мартдаги 190-қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида Низом тасдиқланди. Қабул қилинган ушбу ҳужжат ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш, уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш, реабилитация сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш ишларини жадаллаштиришга йўналтирилган Жамғарма фаолиятини бошқариш, маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.  

Жамғарма маблағлари ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек, уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органлари (ҳокимлар)нинг қарорлари бажарилмаганлиги учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 10 фоизи миқдоридаги ажратмалар, юридик ва жисмоний шахслар, халқаро ташкилотлар ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. Ушбу маблағлар ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, уларни протез-ортопедия буюмлари, техник реабилитация воситалари ва махсус аравачалар билан таъминлаш, организмнинг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини тиклаш ва компенсация қилиш, ҳаёт фаолияти чекланганлигини бартараф этиш, мазкур шахсларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятлари ҳамда ихтисослаштирилган иш ўринларини яратиш, улар ўқийдиган таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш, ташкилотларда техник реабилитация, протез-ортопедия маҳсулотлари ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва технологик янгилаш лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа шу каби тадбирларни молиялаштиришга сарфланади.

Жамғарма фаолияти ногиронлик масалалари билан шуғулланувчи масъул шахслардан таркиб топган Бошқарув Кенгаши томонидан амалга оширилади ва назорат қилинади. Жамғарманинг даромад ва харажатлар сметаларининг бажарилиши бўйича йиллик ҳисобот Соғлиқни сақлаш вазирилиги ҳайъати мажлисида кўриб чиқилиб, ҳар йили 15 мартгача Кенгаш томонидан тасдиқланади. Вазирликнинг Иқтисодиёт, молиялаштириш ва истиқболни аниқлаш бош бошқармаси Жамғарманинг ишчи органи ҳисобланиб, у келгуси йил учун даромад ва харажатлар прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқади, Жамғарма тушумларини кўпайтириш, маблағлари мақсадли ва самарали сарфланишига эришиш бўйича таклифлар тайёрлайди. Жорий йилда ишлатилмай қолган маблағлар келгуси йилда ҳам фойдаланишга жалб этилади. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш муассасалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳодир Каримов ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг 190-қарори ижросини таъминлаш юзасидан тизимда олиб борилаётган ишлар хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

– Юртимизда бугунги кунда давлат ва жамият ривожининг устувор йўналишларини белгилашда олий қадрият бўлмиш инсоннинг эҳтиёжлари янада кенгроқ кўламда ҳисобга олиниб, шунга монанд кучли ва манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатиш сиёсати амалга оширилмоқда. Айтиш керакки, бу каби хайрли ишлар дардманд кишиларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг мушкулини енгиллатишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.Вазирликнинг юқоридаги қарор асосида қабул қилинган 2018 йил 5 апрелдаги 213-сон буйруғига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирининг 1-ўринбосари раислигида масъул ходимлар, Ногиронлар ассоциацияси, кўзи ожизлар, карлар ва ногиронлар жамиятларидан тегишли мутасаддилар жалб қилинган ҳолда жамғарманинг 11 кишидан иборат бошқарув кенгаши таркиби тасдиқланди. Шунингдек, республика ипотека банки томонидан Молия вазирлиги ғазначилигида жамғарма маблағлари жамланадиган ғазна ҳисобварағи очилди. Кенгаш ҳамда жамғарма ишчи органи ташаббуси билан ЎзР Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ногиронлар ассоциацияси, жамиятлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари масъуллари иштирокида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда 10 фоизли ажратмалар тушуми, ўзаро ҳамкорлик ва кўрсатиладиган ёрдам сифатини яхшилаш юзасидан келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, жамғарма фаолиятини такомиллаштириш, ажратмалар миқдорини ошириш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда имконияти чекланган кишиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ижтимоий роликлар тайёрлаш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўйлаймизки, саховатпеша инсонлар хайрли ташаббуслар рўёби, ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашишга оид лойиҳаларни молиялаштиришга ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Маълумки, протез-ортопедия, реабилитация воситалари, эшитиш мосламалари, ҳассалар ва аравачалар таъминоти учун бюджетдан ҳам маблағ ажратилади. Жамғарма маблағларидан эса мураккаб турдаги протез-ортепедия маҳсулотлари, хусусан, бўғимларида нуқсони бўлган ногиронларни жарроҳлик йўли билан эндо-протезлаш учун зарур сунъий бўғимлар харид қилишда ҳам фойдаланилади. Шунингдек, кўзи ожизлар, кар-соқовлар учун ихтисослаштирилган таълим муассасаларини Брайль ёзувидаги ўқув адабиётлари, махсус техник мосламалар билан таъминлашга кўмаклашилади. Ногиронлиги мавжуд шахслар учун ташкил этилажак иш ўринлари рўйхати ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан шакллантирилмоқда. Жамғарма кўмагига эҳтиёжманд кишилар Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармалари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари орқали вазирликка мурожаат қилишлари мумкин. Фуқаро аризасига унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат, ТМЭК ёки ТМК хулосаси, қайси турдаги маҳсулотга муҳтожлиги тўғрисида, шунингдек, жарроҳлик амалиётига эҳтиёж сезувчилар учун касаллик ташхиси қайд этилган тиббий маълумотнома илова қилинади. Бошқарув Кенгаши мурожаатларни ўрганиб чиққач, комиссия тавсиясига мувофиқ тегишли маблағлар ажратилади. Жамғарма фаолиятига алоқадор ташкилий ишлар якунлангандан сўнг Низомда белгиланган лойиҳаларни амалга оширишга киришилади. Бу эса ижтимоий соҳа ривожини янада юқори босқичга кўтариб, ногиронлиги бўлган инсонларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилади.  

Қудрат ОЧИЛОВ.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш