БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Оила ва жамият ҳаётида муҳим мавқега эга хотин-қизлар мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини ташкил этади. Ҳозирги вақтда улар орасида 514 фан доктори, 6 академик, 15 нафар Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 сенатор, 15 нафар Қонунчилик палатаси депутати борлиги, шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 23, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат соҳаларида фаолият юритаётганларнинг 72 фоизи айнан аёллар ҳиссасига тўғри келишини алоҳида таъкидлаш лозим. Юртимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ЎзР Президентининг 2018 йил 2 февралда қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқиб, барча маҳалла фуқаролар йиғинларида аёллар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни қарор топтириш бўйича мутахассис лавозими жорий қилинди. Ижтимоий жабҳаларда фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг фидокорона меҳнати билан оиланинг шаклланиши ва мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшаётган оналарни тақдирлаш мақсадида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилиб, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди тузилди. Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож аёлларга кўмак берувчи, ҳар йили турли манбалар ҳисобидан 300 млрд. сўмгача маблағ ажратилувчи ушбу жамғарма март ойида фаолиятини бошлади.

Президентимиз ташаббуси билан имконияти чекланган шахслар, муҳтож оилаларга имтиёзли ипотека кредити асосида арзон уй-жойлар бериш йўлга қўйилди. Хусусан, 2017 йилда бошланғич тўлови ҳомийлик маблағлари ҳисобидан амалга оширилган ҳолда ногиронлиги бўлган 1207 нафар аёлга ана шундай уйлар ажратилди. Мазкур масалани оқилона ҳал этиш мақсадида ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 апрелдаги 285-қарори билан “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди. Бундай уйлар Президентнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017 – 2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2639-сон ҳамда 2017 йил 23 октябрдаги “2017 – 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3350-сон қарорларида назарда тутилган дастурлар асосида берилади. Мазкур дастурлар аҳолининг турмуш даражасини ошириш, арзон, замонавий турар жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш, фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, қишлоқ ва шаҳарлар инфратузилмасини янги босқичга кўтариш чора-тадбирларини белгилайди.

Арзонлаштирилган нархида ҳам бошланғич бадалини тўлашга қурби етмайдиган, доимий даромад манбаига эга бўлмаган оилалар борлиги сир эмас. Шуни эътиборга олиб, Ҳукумат қарорида бериладиган уй-жойлар учун тўловнинг 25 фоизи Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, талабгор ишлаётган ташкилот томонидан қайтарилмаслик шарти билан тўланиши ёки қонун ҳужжатларида таъқиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланиши кўрсатилган. Уй-жойнинг қолган 75 фоизи эса тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари эвазига молиялаштирилади. Аёл кам таъминланган оила вакили бўлган тақдирда кредит тўлови у ишлаётган ташкилот, республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши Низомда ўз тасдиғини топган. Ҳар йили ҳар бир туман ва шаҳарда (тоифасига қараб) муҳтож аёлларга 6 – 10 та 2-3 хонали квартира ва 0,02 гектарга тенг (2-3 хонаси бор) ҳовлилар берилади. Ногиронлиги бўлган хотин-қизларга кўп қаватли уйларнинг фақат биринчи ва иккинчи қаватларидаги хонадонлар ажратилади.

Низомда уй-жой учун аризаларни қабул қилиш, талабгорларни танлаб олиш ва уларга ёзма тавсиялар бериш тартиби алоҳида белгиланган. Бунинг учун эҳтиёжманд аёллар уй-жойга муҳтожлиги тўғрисида асослантирувчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда мазкур низом талаблари асосида ишлаб чиқилган анкета-аризани ҳудудий комиссия раиси (туман ҳокими) номига ёзиш орқали мурожаат этишлари мумкин. Тақдим этилган ҳужжатлар ишончлилиги учун ариза берувчи шахсан жавобгар ҳисобланади. Ариза туман (шаҳар) комиссияси раисининг қарори билан тайинланадиган ваколатли шахс томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади. Унинг нусхаси ариза берувчига қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда тилхат билан топширилади. Комиссия ариза ва ҳужжатлар тақдим этилган охирги санадан бошлаб 15 иш куни ичида уларни журналда қайд этилиш навбатига асосан кўриб чиқиши шарт. Текширув якунлари бўйича ижтимоий устуворлик мезонлари асосида танлов натижалари тўғрисида қарор қабул қилинади. Бунда ариза берувчининг уй-жойга муҳтожлик даражаси комиссия томонидан қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади. Шундан кейин ижобий қарор қабул қилинса, имтиёзли кредит асосида уй-жой олиш учун ёзма шаклда тавсия берилади. Икки нусхада тузилган, олинган баллар қайд этилган текширув далолатномасининг бир нусхаси аризачига топширилади. Ариза рад этилган ҳолларда бунинг аниқ сабаблари изоҳланиши шарт. Ҳужжатларни такроран топшириш муддати кўрсатилган ёзма хабарнома олгандан бошлаб талабгор 5 иш кунида мавжуд камчиликларни бартараф этиб, уларни қайта тақдим этишга ҳақли бўлади.

Ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ёки унинг  ижарада, яроқсиз хонадонда яшаши, бошқа оилалар билан бир уйда истиқомат қилиши, кўп болали (3 ва ундан ортиқ) экани, даромади юқори эмаслиги (бир ойдаги жами даромади ҳар бир оила аъзоси учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 3 бараваридан ошмаслиги) ҳисобга олинади. Шунингдек, ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши талаб этилувчи беморлар, I гуруҳ ногирони бўлган ёлғиз аёллар, оила аъзолари орасида айни тоифа ногиронлар бўлган, уй-жой майдони қонун ҳужжатларида белгиланган меъёрга мувофиқ келмаган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. м, аравачали ногиронлар учун 23 кв. мдан кам бўлмаган), ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган болани ёлғиз парваришлаётган, кам таъминланган оилада якка ўзи 2 ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзанд тарбиялаётган оналарга арзонлаштирилган уйлардан берилиши назарда тутилган.Комиссия томонидан талабгор аёлнинг аҳволи ушбу ижтимоий меъёрлар бўйича баҳолаб чиқилади ва ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган аризачига берилади.Талабгорлар рўйхати шакллангач, у хотин-қизлар қўмитасининг ҳудудий тузилмаларига тақдим этилади. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Молия вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, инжиниринг компаниялари билан биргаликда умумлаштирилган рўйхат асосида уй-жойларни қуриш учун зарур маблағ миқдорини аниқлайди. Шундан сўнг жамғарма омонат ҳисоб рақамига бошланғич бадал ўтказилиши таъминланади. Талабгорлар инжиниринг компанияси билан шартнома тузадилар ва тегишли тижорат банки филиалига ипотека кредити ажратилишини сўраб ариза берадилар.  

Маълумот ўрнида айтсак, жорий йилнинг Давлат дастурига асосан оғир маиший шароитларда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парваришлаётган оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2018 йилда 241,8 млрд. cўм маблағ йўналтириш режалаштирилган. Ушбу маблағ ҳар бир туман ва шаҳарда уй-жойи бўлмаган ёки жуда эски, авария ҳолатидаги уйларда яшовчи ўрта ҳисобда 2 – 5 та оилага арзон уй-жойлар бериш, 70 тагача оилага ҳар йили маиший техника воситалари ёки бир бошдан қорамол харид қилиш, оғир касалликлардан азият чекаётган кишилар учун тиббий хизмат ҳақини тўлаш ёхуд 6 тагача кам таъминланган оилага беғараз ёрдам кўрсатиш учун сарфланади. 2017 – 2020 йилларда шаҳарларда 5, 7, 9 қаватли 945 та кўп хонадонли, қишлоқ жойларда эса 85 мингдан зиёд намунали типдаги уй-жойлар бунёд этилади. Жорий йилда Тошкент шаҳрида 28 минг хонадонли 638 та кўп қаватли уйлар қурилмоқда. Уларнинг 334 таси арзон уй-жойлар бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 3 баробар кўпдир.

Фуқароларнинг турмуш фаровонлигини ошириш ва турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида ЎзР Президентининг 2018 йил 18 июлдаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ уйларни кредит ҳисобига олиш тартиби янада соддалаштирилди. Эндиликда дастлабки бадал қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича 0,02 га ўлчамли ер участкаларида қуриладиган 1 – 5 қаватли арзон уй-жойлар учун 10, 0,04 га ўлчамли ер участкаларидаги 2 қаватли ва 0,06 га ўлчамли ер майдонидаги 3, 4, 5 хонали турар жойларга 25, шаҳарларда кўп хонадонли уйлар учун ўртача 15 фоиз этиб белгиланди. Мазкур ипотека кредитлари 2018 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январгача 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йилига 7 фоиз, кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида берилади. Кредитга уй олувчи шахслар учун бир қатор имтиёзлар ҳам кўзда тутилганки, улар қарз тўлаб бўлингунга қадар мулк солиғидан озод этиладилар. Шунингдек, асосий қарз ва ҳисобланган фоизларни қайтаришга йўналтириладиган иш ҳақи ва бошқа суммалар, иш берувчи хўжалик юритувчи субъектдан олинган маблағлар қарз олувчи ва унинг оила аъзолари (эри, хотини, ота-онаси ва фарзандлари)нинг солиққа тортиладиган даромадига киритилмайди.

Давлатимиз ғамхўрлигининг юксак намунаси сифатида тақдим этилган замонавий уйда истиқомат қилаётган тошкентлик кўриш бўйича I гуруҳ ногирони Зулфия Йўлдошева ўз хурсандчилигини шундай изҳор этади: “Ҳукуматимиз томонидан ночор оилаларга имтиёзли уй-жойлар ажратилаётганини эшитиб, биз ҳам 2017 йил май ойида Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги қошидаги махсус ҳудудий комиссияга ариза билан мурожаат қилдик. Сентябрь ойида зарур ҳужжатларни йиғиб топширган бўлсак, ноябрда аризамиз ижобий ҳал қилиниб, Сергели тумани 6-“а” мавзесида қад ростлаган кўп қаватли уйнинг 1-қаватидан бошланғич бадали тўланган 2 хонали квартиранинг калитини беришди. Аллоҳ шундай неъматга мени ҳам сазовор этгани учун беҳад шукроналар айтаман. Президентимизга, туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси вакиллари ва маҳалламиз фаолларига самимий ташаккуримни билдираман. Илгари Шайхонтоҳур тумани Белтепа маҳалласидаги кичик ҳовлида 2 оила, жами 9 киши истиқомат қилардик. Менга имтиёзли уй-жой олишга ҳақли кишилар тоифасига кирганим, кам таъминланган оила вакили бўлганим боис алоҳида турар жой ажратишди. Ҳунарманд аёлларнинг меҳнатда бандлигини таъминлаш мақсадида мен каби ишлаш истагидаги тўқувчи қизларни қизғин фаолиятга жалб этиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилса, айни муддао бўларди”.

Ўксик қалбни шод айлаш вайронани обод этганлик билан баробар, дейди халқимиз. Имконияти чекланган қизим кўрсатилган мурувват боис замонавий уйда яшаш имконига эга бўлгани нафақат унинг қалбини қувончга тўлдирди, балки оиламиз аҳлини ҳам беҳад мамнун қилди, – дейди З. Йўлдошеванинг онаси Заҳро опа. – Бундай эътибордан унинг ҳаётга иштиёқи, эртанги кунга ишончи янада ортди. Мен каби кўнгли ярим онаизорларнинг фарзандларига эмин-эркин, бахтли ҳаёт кечириши учун қулай шароит яратиб бераётган Президентимиз, ҳукуматимиздан ғоят миннатдорман. Илоҳим, юртимиз тинч, давлатимиз раҳбари омон бўлсин!

Сир эмас, ҳаётнинг катта-кичик ташвиши, турмуш қийинчиликлари олдида ожиз қолган инсон кимнингдир яхши сўзи ёки ёрдамига муҳтож бўлади. Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб моҳияти, аввало, шундай вазиятга тушиб қолган кишиларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир. Бинобарин, биз юқорида тўхталган ҳужжатнинг қабул қилиниши ҳам ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлиб, муҳтож хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимояланишини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, салоҳиятини тўла намоён этиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Қудрат ОЧИЛОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш