БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҲАР КИМДА ИМКОН ЎЗГАЧА

         Инсон жисми ва руҳини бирлаштирувчи, ундаги жисмоний, ақлий, ҳиссий қобилиятларни бошқарувчи бош мия ўзига хос биологик компьютерга ўхшатилади. Тана умумий вазнининг 2 фоизини ташкил этувчи бу аъзода ахборот қабул қилиш, уни қайта ишлаш, сақлаш, тиклаш, кераксизларидан воз кечишдек муҳим жараёнлар рўй беради. У орқали бир кеча-кундузда 2000 –2200 л миқдорида қон ўтиши етарлича кислород етказиб бериш билан миянинг юқори даражадаги иш фаолиятини таъминлайди. Бошқа жиҳатдан, бош мияда жойлашган чап ва ўнг ярим шарлар фикрлаш, эслаб қолиш каби турфа хил қобилиятларнинг фаол ҳаракатда бўлиши ушбу мураккаб механизмнинг самарали ишлашига имкон беради. Биз хотира имкониятларини таҳлилий ўрганар эканмиз, унинг иштирокида юз берган ажойиботлар, эътиборли ҳодисалардан ғоят ҳайратландик.

         Ҳикоя қилишларича, муҳаддис олимлар саййиди имом Ал-Бухорий ёшлик чоғларидаёқ билимларни ўзлаштириш ва ёдда сақлаб қолишнинг энг юксак намунасини намойиш этганлар. У киши дарс вақтида ҳадис илмидан берилаётган сабоқларни ёзиб олишга ҳаракат қилмас, бунга зўр бериб уринувчи сабоқдошлари эса, табиийки, нима учун бундай йўл тутишлари сабаби билан қизиқишарди. Шунда бўлғуси аллома бошқалар ёзиб олганига қўшимча равишда яна 15 минг ҳадисни ёддан айтиб бериш билан комил қуввайи ҳофиза эгаси эканликларини исботлайдилар. Натижада у киши билан бирга таҳсил олувчилар ёзганларидаги кемтикни тўлдириш, йўл қўйилган хатоларни тузатиш орқали билимларини мустаҳкамлашга муваффақ бўладилар. Буюк муҳаддис бўлиб етишган бу инсон 100 минг саҳиҳ, 200 минг заиф ҳадисни ёд билганлари манбаларда зикр қилинади. Хотира қуввати зиёда бўлишининг яна шундай эътиборли мисолларини келтириш мумкин. Улуғ саркардалар И. Зулқарнайн, Н. Бонапарт кўп минг кишилик қўшиндаги аскарларни номма-ном айтиб бера олган бўлса, машҳур компьютер дастурчиси Билл Гейтс минглаб кодларни ёддан билган.

         Хотира хазинасига ахборотлар турли йўллар билан кириб келар экан, кишилар уларни қабул қилиши ва ёдда сақлаш имкониятлари турфа хиллиги жиҳатидан бир неча тоифаларга бўлинади. Руҳшуносларнинг таъкидлашича, кўрганларини ёдга муҳрлаш, яъни кўриш орқали маълумотни қабул қилиш қобилияти шаклланган шахслар визуал хотира соҳиблари дейилади. Бундайлар “тасаввур қиляпсизми, кўз олдингизга келтиряпсизми”, деган ибораларни фаол қўллашлари билан бошқалардан ажралиб туради. Ахборотни эшитиш воситасида ёрқин эслаб қолувчилар, яъни аудиал хотираси ривож топган инсонлар 2-тоифага мансуб. Улар ўз нутқида “мени эшитяпсизми, мени тушуняпсизми”, деган жумлаларга кўпроқ ўрин бериши кузатилади. Демак, ён-атрофдагилар хотира типологияси нуқтаи назаридан қайси гуруҳга дахлдор эканликларини аниқлашда улар мулоқот давомида қўллаётган таянч ибораларга эътибор қаратиш муҳимдир. Механик хотира эгалари жараёнларни амалда бевосита кузатиш орқали маълумотларни яхши эслаб қолсалар, мантиқий хотира тараққий этган кишиларда нарса-ҳодисалар юзасидан таҳлилий мушоҳада юритиш ва муайян хулосаларга келиш асносидаги ахборотлар тўлақонли даражада сақланади. Қисқаси, инсон ўзида шаклланган қуввайи ҳофиза турини аниқ белгилаш ва имкониятларини тўғри йўналтириш орқали фаолиятда хайрли самараларга эришиши мумкин.

ХОТИРА СПОРТИ УСТАСИ

         Айтишларича, Марк Твен ўйнаши керак бўлган роль сўзини ёдида сақлаб қололмагач, суратлар билан ишлаш усулини қўллаган ҳолда мақсадига эришган экан. Шу ўринда айнан кўриш ёрдамида қабул қилинган маълумотлар хотирасидан чуқур ўрин олувчи, аниқроғи, бу борадаги ноёб қобилияти билан ҳайрату эътироф юксакликларига кўтарилган юртдошларимизнинг бири ҳақида сўзлаб бермоқчимиз. Ҳусниддин Исмоилов дастлаб 2014 йилда Хитойнинг Ҳайнан шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон хотира чемпионатида қатнашиб, турли давлатлардан келган 169 иштирокчи орасида 22-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. 2015 йили яна шу мамлакатнинг Ченгду шаҳрида ўтказилган Жаҳон хотира чемпионатида эса муваффақиятли иштироки туфайли “Халқаро хотира спорти устаси” деган юксак унвонни қўлга киритди. У бунга 1 соат давомида 1460, 5 дақиқада 290 та рақамлар кетма-кетлигини эслаб қолиш, бошқа йўналишларда ҳам юқори кўрсаткичларни қайд этиш орқали эришди. Зеро, мусобақа қатнашчилари белгиланган 10 та шарт доирасида ўйин карталари, сўз ва тарихий саналар, абстракт расмларни ёдда сақлаб қолиш бўйича ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар. Ҳамюртимиз 1 соатда 16,  бор-йўғи 76 сония ичида 1 қути ўйин карталари кетма-кетлигини эслаб қола олгани натижалари салмоғи янада юксалишини таъминлади. Эслатиш жоиз, 1991 йил Лондон шаҳрида ибтидо топган Хотира чемпионатларида Германия, Америка, Хитой, мўғулистонлик вакиллар ҳам устунликларини намойиш этадилар. Хўш, қаҳрамонимизда юқоридаги муваффақиятларга асос сифатида фавқулодда эслаб қолиш қобилиятининг шаклланиши қандай омилларга боғлиқ? У қуввайи ҳофизанинг бундай юқори нуқтасини қай тарзда забт этгани хусусида қуйидагиларни ҳикоя қилади:

– Мен Тошкентдаги Сингапур Менежментни ривожлантириш институтида таҳсил олаётган кезларимда таълимда юксак натижаларга эришиш мақсадида кўп миқдордаги маълумотни тез фурсатда осонлик билан ёдга муҳрлаш имконини берувчи мнемоника техникаларини ўрганишга жазм этдим. Аниқроғи, устозим - Ўзбекистондаги биринчи мнемонист Шоҳрух-Мирзо Раҳмонов етакчилигидаги Хотирани ривожлантириш клуби машғулотларида қатнашиб, қуввайи ҳофизам имкониятларини кенгайтириш устида ишлай бошладим. Бу, албатта, ўз самарасини берди ва кўплаб ахборотларни қисқа вақтда хотира заҳирасига жойлаш санъатини эгаллашим натижасида илмий, кейинчалик касбий фаолиятда қатор ютуқларни қўлга киритдим. Мнемоника санъати дастлаб қадимги Рим ва Юнонистонда кенг тарқалган бўлиб, нотиқлар унинг кўмагида катта-катта маърузаларни ёд олиш билан кишилар кўз ўнгида соатлаб нутқ сўзлашган. Мен ҳам мнемотехникалардан унумли фойдаланган ҳолда юзлаб, минглаб сонлар, бир кўришда кишилар қиёфалари, исмлари, телефон рақамларини бехато эслаб қолиш, ҳатто ўзга давлатлардаги бир маротаба борилган жойларни-да қийинчиликсиз топа олиш имконига эгаман. Шуниси борки, ушбу алоҳида усуллар ёрдамида хотирага ўрнашган маълумотлар нари борса бир ҳафтагача тўлақонли сақланиши мумкин. Айни муддат ўтгандан сўнг ахборотларнинг 60 – 70 фоизи эсланса, такрорланмаган тақдирда буни ҳам автоматик равишда унутиш хавфи мавжуд. Ўрни келганда айтмоқчиманки, ёдда сақланаётган информация қайтариб турилмаса, вақт ўтиши билан кераксиз деб топилиши боис унутила боради. Эслаб қолишда қийинчилик туғилган ҳолларда вазиятни ўнглашга хизмат қилувчи юқоридаги техникаларни қўллашда тасаввур, ассоциациялаш усулларидан кенг фойдаланилади. Ассоциациялаш деганда бирор нарсани онгда мавжуд у ёки бу ахборотлар билан боғлаш асосида эсда олиб қолиш тушунилади. Айтайлик, рақамлар кетма-кетлигини ёдда сақлаш учун 0 дан 99 гача бўлган ҳар бир рақамни маълум суратлар билан боғлаган ҳолда ўзингиз билган жойларга тартибли равишда жойлаштириб чиқасиз. Шу тариқа қайси бир рақамлар эсланганда уларни акс эттирувчи суратлар кўз олдингизда намоён бўлади. Аниқроғи, юзлаб рақамларни хотирага муҳрлаш учун шунча расм ва таниш маконларни сониялар ичида зудлик билан тасаввурда гавдалантиришингизга тўғри келади. Зеро, Альберт Эйнштейн “билимдан ҳам кучли” дея таърифлаган тасаввурнинг ғоят кенг доирасига нарса-ҳодисаларга оид ахборотларни истаганча қамраб олиш мумкин. Боз устига у ёки бу маълумотни шунчаки ёдлагандан кўра тасаввур, онг заҳирасида мавжуд тушунчалар билан боғлаш ёрдамида эслаб қолиш унинг ёдга мустаҳкамроқ ўрнашишини таъминлайди. Унутмаслик керакки, инсон миясидаги камҳаракатлик, фаолиятнинг чекланиши унинг янги ахборотларни қабул қилиши у ёқда турсин, ўзида бор билимларни-да бой беришига олиб келади. шу боис миядаги нейронлар фаоллашиши, дунёқараш кенгайиши йўлида мутолаага ошно бўлиш, тил ўрганиш, бошқотирмалар ечиш каби ақлий фаолиятнинг ҳар хил турлари билан шуғулланишни канда қилмаслик даркор.

         Ҳ. Исмоилов “Россия 1” телеканалининг “Удивительные люди” (“Ноёб қобилиятли одамлар”) кўрсатувида 51 йўловчи авиачипталаридаги барча маълумотларни эслаб қолиб, қолаверса, шулар орасидан танлаб олинган 5 та чиптага тегишли қайдларни бехато айтиб бериш билан хотира бобидаги етук салоҳиятини ажойиб тарзда намойиш этди. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, бизнинг юртимизда ҳам қаҳрамонимиз ва бошқа мнемонистлардан ушбу санъат сирларини ўрганган ёшлар иштирокида хотира чемпионатлари ташкил этилди. Бу, шубҳасиз, хотира беллашувлари спортининг ўзига хос тури сифатида тобора оммалашиб бораётганининг далолатидир.

ТУРФА САҚЛАНМИШЛАР ХАЗИНАСИ

         Махсус эслаш техникаларини қўлламай туриб, ўзининг табиий асосга эга ўткир қуввайи ҳофизаси билан кишиларни лол қолдираётганлар ҳам орамизда оз эмас. Улар орасида, айниқса, эшитиш хотираси юксак даражада тараққий этган кўзи ожизларнинг ўрни бўлакча. Чиндан ҳам ахборотни эшитиш орқали эслаб қолиш йўналишида дарддошларимиз етакчилик қилишларига шубҳа йўқ. Бугина эмас, ўқиб-ўрганиш, изланишлар олиб бориш, воқеликни кузатиш жараёнидаги ахборотлар ҳам ушбу тоифа инсонларнинг хотира кенгликларига жо бўлмай қолмайди. Эшитиш қобилияти ривожлангани, бундан бошқа сезгилар, ҳиссиётларнинг-да фаол иш бажариши, киши тингланаётган манбага бутун фикру зикрини қаратиши, ҳар бир ҳолатни теран таҳлилдан ўтказиши, қолаверса, вазият тақозоси билан эсда сақлаб қолишга жиддий эҳтиёжнинг мавжудлиги каби омиллар бирлашиб хотиранинг ўзидаги табиий заминга таянган ҳолда устунлик касб этишини таъминласа эҳтимол. Руҳшунос Н. Шомуродованинг мутахассис сифатида масалага берган изоҳи эса қуйидагича:

– Инсонда у ёки бу хотира турининг шаклланиши ундаги жисмоний ҳолат билан узвий боғлиқки, жумладан, кўзи ожизлик шароитида кўриш вазифасини бошқа сезгилар бажаришидек компенсация ҳодисаси юз беради. Дунёни кўра олмаслик уни ботинан қабул қилиш туйғусининг кучайиши, руҳиятга мурожаат, ташқи муҳитдан кўра ички оламга боғланиш ҳолатлари фаол равишда рўй беришига сабаб бўлади. Яъни кўзи ожизларда билиш жараёнида дуч келинувчи саволлар жавобини кўпроқ онг қатламларидан, ички руҳий ҳолатлардан излаш кўзга ташланади. Шу зайл синчковлик, эътиборлилик, зеҳнлилик сифатлари шаклланиши таъсирида улар кўриб қабул қилиш имконсиз бўлган ҳолатларни илғаш, кишилардаги ички қувват, ботиний заҳирани ҳис этишга муваффақ бўладилар. Муҳими, бунинг турткиси билан сабр, ирода, мантиқий мушоҳада, қалбдаги ҳис-туйғулар теранлиги ва албатта, хотира мустаҳкамлиги юзага келади. Кўзи ожизларда ижодкорлик, новаторлик билан бирга диққатни жамлаш, онгни бирор нарсага йўналтиришнинг-да кенг имкониятлари мавжудлиги кузатилади. Улар чекланган шароитда ҳам ўз дунёсини ярата олган ва шу оламда ички қобилиятлари, қалб гўзалликларини намоён эта биладиган руҳан етук инсонлардир.

         Кўриш имкони чекланган кишиларда бошқа психик жараёнлар қатори хотира имкониятлари кенглигини-да тасдиқловчи ҳаётий вазиятларга бот-бот дуч келиш мумкин. Оддий мисол: кўзи ожиз яшовчи оила аъзолари зарур телефон рақамларини излаш муаммоси билан деярли тўқнаш келишмайди. Улар ушбу рақамлар қайд этилган ён дафтарга эмас, балки бу каби маълумотлар муқим сақланмиш мукаммал хотирага таянишни афзал кўришади. Телефон хотирасига мурожаат этиш авжига чиққан бугунги техника даврида ҳам қуввайи ҳофизасини дангасалик “касал”ига мубтало қилаётганлар билан бирга юқоридаги табиий имкониятларга ошно тутинишда давом этаётган дарддошларимиз оз эмас.

         Воқеа-ҳодисалар юз берган саналар, алоҳида кунларни эслаб қолиш бобида кўриш чекловига юз тутган инсонларнинг қойил қолдириш кўрсаткичлари юқори. ЎзКОЖ аъзоси Н. Жўраев жамият ҳаётида рўй берган тарихий воқеликларнинг қайси йил, ой, ҳатто ҳафта кунида содир бўлганини аниқ-тиниқ хотирлаши, бу бўйича баҳсли вазиятлар вужудга келган тақдирда масалага тезкор ойдинлик киритиши билан танилган. Қайси бир воқеа санаси ҳужжатлар ёки архив материалларидан топилмаган кезларда шу кишининг ишончли ахборотлар сақланувчи мустаҳкам хотираси кўмакка келгани бунинг бир далилидир. Бунда у ҳаётидаги бирор аҳамиятли воқелик рўй берган муддатга таянган ҳолда шу йилдаги ҳодисаларни эслай олишини таъкидлайди. Жамиятдошимиз кўзи ожизлар қуввайи ҳофизасининг яна бир ўзига хос қирраси сифатида улар хатто хотираси ёрдамида ва тегишли анжомларни қўлламасдан соғлом кишилар билан шахмат-шашка ўйнай олишларига эътибор қаратади.

         Айтилишича, эшитиш хотираси ривожланган инсонлар маълумотларни батафсил тарзда, образларда гавдалантирган ҳолда етказишга мойил бўладилар. Самарқанддаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатида узоқ йиллар ўзбек тили ва адабиёти фанларидан сабоқ берган А. Абдуманнонов мисолида бунинг равшан исботини кузатиш мумкин. Бу инсоннинг бой хотира бисоти кўпдан-кўп шеър, қўшиқ намуналари, қатор халқ достонлари ҳамда бошқа ажойиб сақланмишларни қамраб олган. Мазкур хазинадаги ижод маҳсуллари ранг-баранг ва ҳажман салмоқли. Дарддошимиз санъат дарғалари саҳнада гавдалантирган роллар, керак бўлса, куйлаган ашулаларгача ўзларига ўхшатиб ижро эта олади. Ижрочилик маҳорати ва ёрқин эслаб қолиш иқтидори уйғунлигининг бу каби ҳайратга сабаб бўлувчи маҳсуллари қай тарзда бўй кўрсатиши хусусида унинг ўзи шундай дейди: “Мен санъатга қўйган айрича меҳрим, устоз санъаткорлар ижоди билан юксак муҳаббат ришталари орқали боғланганим ва ижроларини қалбимга жо этганим туфайли улар бир эшитишда хотирамга муҳрланиб қолган. Ш. Бурҳонов, О. Хўжаев, Т. Азизовларнинг ўйнаган роллари ёки Ю. Ражабий хонишларини уларнинг овози, сўзлаш оҳанги-ю куйлаш тарзини сақлаган ҳолда аслига монанд равишда ижрода акслантиришга ҳаракат қиламан. Шунингдек, хотирамда мустаҳкам ўрин эгаллаган “Ошиқ ғариб ва шоҳсанам”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли” туркумига кирувчи “Бозиргон” сингари катта-катта достонларни ҳам ёддан айтиб бера оламан. Фикримча, санъат асарлари хотира саҳифаларига ўчмас бўлиб муҳрланишида мавжуд имкониятлар билан бирга қуввайи ҳофиза соҳибининг айни намуналарга нечоғли эътибор қаратиши, муносабат ва ёндашуви ҳам муҳим аҳамиятга молик. Яъни кишида тинглаётган ахборотига нисбатан қизиқиш, рағбат ва уни эслаб қолишга интилиш бўлиши ёдда сақлаш жараёнига бевосита таъсир кўрсатиб, сақланмишлар умри бардавомлигини таъминлайди”.

Манбаларнинг бирида келтирилган фикрга кўра: “Кенг кўламдаги билимларни эгаллашга интилиш бу онгнинг доимо ёш бўлиши калитидир”. Айни интилиш ўз навбатида хотиранинг ҳам навқирон ва саломат бўлиши,  юқорида шоҳид бўлингани каби бой хазинага айланишига хизмат қилса ажабмас.

                                                                  Нодира ЗОКИРОВА.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш