БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ХОТИРА ҚАНДАЙ ШАКЛЛАНТИРИЛАДИ?

         Бахтиёр болаликнинг бетакрор онлари. Бу дамларни яшаётган ҳар бир болага дунёни англаш, моҳиятини идрок этиш ва шу аснода илм сари қатъий интилиш истаги ҳамроҳ. Ушбу истак рўёбига эса қуввайи ҳофиза кучига таянмай туриб эришиш имконсиз. Аслида инсон туғилгандан бошлаб атроф-оламга оид тушунча ва тасаввурлар унинг онгига ўрнашиб, демакки, хотира заҳирасини бойитиб боради. Улуғ аждодимиз Абу Али Ибн Сино ёшлик чоғида онасидан авваллари осмон катакчалардан иборат бўлгани, ҳозир эса нима учун бундай эмаслиги ҳақида сўраган экан. Бундай дейишига сабаб онаизор уни гўдаклигида ҳар хил ҳашаротлардан ҳимоялаш мақсадида юзига элак ёпиб қўяр экан. Буюк табиб мурғаклик пайтидаги бу манзарани кучли қуввайи ҳофизаси ёрдамида хотирлагани аниқ. Бола хотираси қанчадан-қанча билим ва сабоқларга ўз бағридан жой бериш даражасидаги кенг имкониятларга эга. Ундан самарали фойдаланиш учун қандай йўл тутмоқ лозим? Ушбу саволга жавоб излаш асносида баъзи муҳим тавсия ва усулларга диққатингизни қаратамиз.

         Болаларнинг эслаб қолиш қобилияти юқори бўлиши учун табиийки, ота-оналар улар билан жиддий шуғулланишлари зарур. Аввало, ёш авлоднинг кун тартибини тўғри белгилаш, атроф-муҳитга мослашиш кўникмасини ривожлантириш, бунинг учун болаларни янгиликларга ошно этиш, “мураккаб, қизиқарли” йўналишдаги машғулотларга жалб қилиш лозим. Миянинг самарали ишлаши, имкониятлар кўлами кенгайишида жисмоний фаолликнинг ўрни муҳим. Шифокорлар жисмоний машқ ва ҳаракатлар бажариш бош миянинг қон, кислород билан етарлича таъминланиши ва бунда қон айланиши кучайишига сабаб бўлишини таъкидлайдилар. Демак, айни ҳолат мия ҳужайраларига ижобий таъсир кўрсатиш билан хотира ривожланишига ҳам йўл очади. Қолаверса, рисоладаги уйқу, овқат рационининг турли фойдали маҳсулотларга бойлиги хотира заминини мустаҳкамлашда аҳамиятли саналади.

         Боланинг кун тартибида турфа хил машқ ва ўйинлар алоҳида ўрин эгаллаши лозим. Зеро, улар наинки қуввайи ҳофиза, балки эътибор, тасаввур, ҳис этиш ва ҳаракатланиш кўникмаларининг-да шаклланишига хизмат қилади. Бола бирор нотаниш жойга олиб борилганда диққатини қизиқарли объектларга қаратиш, унга илк бор кўрилган нарса ёки жонзот ҳақида батафсил тушунча бериш, керак бўлса, янги буюмни ушлаб кўришига имкон яратиш хотира ва эътиборни кучайтиришга кўмаклашади. Шундай машқ бор: кичкинтой аввал “ўрдакча”, сўнг қўғирчоқ билан таништирилади. Боладан ўйинчоқларнинг қай бири “ўрдакча” экани ва уни кўрсатиб бериши сўралади. Эртаси куни яна шу ўйинчоқлар иштирокида машқни такрорлаш мумкин. боланинг диққати қай тарзда ривожланишига қараб улар сони ошириб борилади.

         Болалар авжи ахборот қабул қилиш ёшида бўлгани билан уларнинг эслаб қолиш имкониятлари турлича. Кимдир маълумотни ҳеч бир қийинчиликсиз, автоматик равишда ўзлаштирса, кимдир уни хотира заҳирасига жойлашда у ёки бу тўсиққа учрайди. Болаликда фаол кузатилувчи воқелик – шеър ёдлаш жараёни кимда осон, кимда мушкуллик билан кечиши бунинг оддий мисолидир. Руҳшунослар фарзандига шеър ёдлатишда муаммога дуч келувчи ота-оналарга шундай маслаҳат берадилар: дилбандингиз шеър ёд олишга киришганда сиз ҳам сатрларни бола тилида такрорлаб, унинг қайси бир сўздан кейингисига ўтишида муаммо туғилган вақтда сўзлар орасида қисқа танаффуслар қилишингиз зарур. Қолаверса, болага ҳар бир ёдлаётган сўзининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, башарти у моддий нарсани англатган тақдирда ранги, шакли, кўриниши ҳақида айтиб бериш билан ҳам мақсадга тезроқ эришиш мумкин. Бу пайтда болакайни қўрқитиш, қаттиқ койиш, жазолаш, вазиятини танқидий баҳолаш унинг хотирасини заифлаштирувчи, тормозловчи фактор бўлиб хизмат қилади. Хуллас, болага шеър ёдлатиш амалиёти катталардан сабр, чидам билан бирга масалага болаларча ёндашиш, кичкинтойни руҳан қўллаб-қувватлаб, ҳолатини ҳис қила олишни тақозо этади. Шеър, тез айтиш, топишмоқ кабиларнинг ёд олиниши бола хотирасида янги саҳифалар очилиши, унда сақланаётган маълумотлар кейингилари билан осон ассоциация ҳосил қилишига йўл очади. Қисқаси, фарзандлар қуввайи ҳофизасини болалик чоғидаёқ фойдали билимлар билан бойитиш, уларни кўпроқ ўрганиш ва изланишга ундаш ота-оналар наздида муҳим вазифага айланмоғи даркор.

                                               КЕКСАЛАР – ТАЛАБА

         Инсон умрнинг кексалик фаслига қадам қўяр экан, ундаги хотира фаолиятининг сусайиши, маълумотлар аввалгидек изчил қабул қилинмаслиги ҳақида кўп айтилади. Бугунги тадқиқотлар эса қариликни хотира заифлашуви сабаблари қаторига киритиш ўринсиз эканини исботламоқда. Калифорния университети тадқиқотчиси доктор Марион Даймонднинг хулосасига кўра, қариш жараёни рўй берган вақтда мия фаолиятига путур етмай, аксинча, бунда фаол ҳаракат таъминланган тақдирда ҳужайралараро боғланишлар янада мустаҳкамлик касб этади. Кекса ёшли актёрлар бутун-бошли матнларни қийналмай ёд олишлари, Германия, АҚШ каби хориж давлатларида қариялар нафақага чиққандан сўнг ижтимоий-гуманитар факультетларга ўқишга кириб, талабага айланишлари ва ёш ҳамкурслари билан баробар машғулотларни ўзлаштиришлари юқоридаги тадқиқотлар ҳақиқатга асосланганини кўрсатиб турибди. Кексайган чоғида ижодини авж нуқтада давом эттирганлардан бири - олмон шоири Иоганн Вольфганг Гёте узоқ йиллик ижод маҳсули бўлмиш машҳур “Фауст” асарини нақ 87 ёшида ёзиб тугатгани яна бир эътиборли далилдир. Кишилар 70, 80 ёшида ҳам ақлий-ижодий фаолиятда юксак натижаларга эришишининг бир жиҳати хотира имкониятларига бориб тақалиши яхши маълум. Демак, бунда яна ўша – хотирани доимий чархлаб туриш, яъни мутолаадан узилмай, билимларни янгилаш ва бойитишдан чекинмай фақат олға интилиш кераклигига ишора мавжуд.

Бир ҳақиқат равшанки, танадаги бошқа аъзолар сингари мия ҳам парваришга жиддий эҳтиёж сезади. Яъни унинг саломатлигида керакли озиқ моддалар билан бирга қизғин ақлий фаолиятнинг-да аҳамияти катта. Айни зарурат ўз-ўзидан қуввайи ҳофизага ҳам бирдек тааллуқли. Мутахассисларнинг қайд этишича, инсон ўзига инъом этилмиш баркамол хотирани эътибор ва амалий ҳаракатдан бенасиб қолдирар экан, бора-бора у ҳам сўнишга юз тутиши мумкин. Мазкур етук қобилият устида ишлаш, унинг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш хотира заҳираси бундан-да кенгайиб, янги-янги қирралари кашф этилишига туртки беради. Хотира заиф пойдеворга асосланган ҳолларда эса ўз-ўзидан бунинг икки ҳисса кўпроқ ғамини чекиш, онгу шуурга хабар ва маълумотларни фаол равишда йўналтириш зарурати ўртага чиқади.

ХОТИРА КАСАЛЛИКЛАРИ

         Қуввайи ҳофиза пасайишга юз тутишининг қатор омиллари борки, жисмоний заифлик, кучли руҳий зарба ва салмоқли юкламалар, кўп ҳолларда организмда кечажак баъзи касалликлар таъсирида айни ҳолат бўй кўрсатиши мумкин. Хусусан, марказий асаб тизимидаги салбий ўзгаришлар, юрак ва қон томирлари склерози, гипертония, инсульт каби қатор хасталиклар оқибати сифатида бу нуқсон ўзини намоён этади. Ёдда тутиш қийинлашиб, унутиш жараёни фаоллашиши асосий белгиси бўлган склероз касаллиги у ёки бу сабабга кўра, турли ёшдаги кишиларни ўз хасталанувчилари сафига қамраб олади. Мутахассислар жарроҳлик амалиётини бошдан кечириш, кучли дори препаратларини қабул қилишни-да бунга туртки берувчи омиллар сирасига киритадилар. Умуман, бош миядаги интегратив жараёнларга салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай дард хотира носоғломлигини юзага келтириши манбаларда қайд этилган. Республика Ихтисослаштирилган кардиология маркази катта илмий ходими Мажид Шокиров биз билан суҳбатда хотира имкониятлари чекланишининг инсон жисмияти, руҳияти билан боғлиқ омиллари хусусида қуйидагиларни гапириб берди:

          – Қуввайи ҳофиза Яратганнинг сизу бизга ато этган улкан неъматларидан бирики, чек-чегара билмас бу қобилият шахснинг ўтмиши, бугуни ва эртасини ўзаро боғловчи кўприк вазифасини бажаради. Киши 18 ёшга тўлгунига қадар унинг мия соҳасида ўсиш-ривожланиш жараёни рўй беради. Бу даврга келиб мия тўқималарида чиниқиш, ҳар хил таъсирларга чидамлилик ҳосил бўлади. Атеросклероз, бош мия чайқалиши, қон айланиши, модда алмашинувининг бузилиши натижасида ушбу тўқималар ишига путур етса, миядаги турли жароҳат ва ўсмалар, заҳарланишлар туфайли улар батамом заволга юз тутиши мумкин. Эслатиш жоиз, нобуд бўлган нерв тўқималарини қайта тиклаш имконсиздир. Хотирага зарба берувчи стресс, кучли ҳаяжон, бирор воқеликдан қаттиқ таъсирланиш, оғриқли ўйларга банди бўлиш каби руҳий ҳолатлар ҳам миядаги фаол ҳаракатга раҳна солмай қолмайди. Ғоят мослашувчан этиб яратилган инсон миясининг айни шу хусусиятидан самарали фойдаланиш, шароитга тезда кўникма ҳосил қилиш орқали бунга ўхшаш муаммоли вазиятлар чекинишига эришиш мумкин. Ўз ўрнида киши вужудида рух, магний сингари дармондорилар, фойдали микроэлементлар етишмаслиги, камқонлик, айримларда кузатилувчи ичкиликка ружу қўйиш, кашандалик ҳолатлари ҳам ёдда сақлаш қобилиятига жиддий путур етказади. Бугун тиббиётда фармацевтика соҳаси тараққиётидан далолат сифатида хотира пасайишига қарши эффективлиги анчайин юқори дори-дармонлар қўлланиши баробарида айни сусайишни келтириб чиқарувчи касаллик турлари-да тобора кенг кўлам касб этмоқда. Айтайлик, айрим кексаларда бош миядаги жиддий зарарланишлар боис альцгеймер, дименция ва бошқа даволаниши мушкул бўлган нейродегенератив хасталикларга чалиниш ҳолати кузатиляпти. Кўчага бемақсад чиқиб кетиш, уйини тополмай қолиш, қачон таом егани, фарзанди ишдан келган-келмаганини унутиш каби носоғлом ҳолатлар қуввайи ҳофиза кескин издан чиқишидан юзага келувчи нохуш оқибатлардир. Зикр этилган касалликларга даво топиш масаласи бугун бутун дунё олимларининг диққат марказида. Миянинг 90 фоизини сув ташкил этиши эътиборга олинса, қарияларда рўй берувчи айни аъзодаги сувсизланиш, камқувватлик саломатлик учун нақадар хатарли экани яққол англашилади. Боз устига бугун ёшларда ҳам паришонхотирлик, хотира заифлиги кўзга ташланяптики, бунинг юқоридаги каби организмда маром бузилиши билан боғлиқ ички, қолаверса, замонавий техника воситалари билан фаол муомала қилишдан мия зўриқиб ишлаётгани, кучли чарчоқ ҳис этаётганига ўхшаш ташқи сабаблари ҳам бор. Гап шундаки, маълумотнинг ёдга муҳрланиши бош миянинг турли қисмлари ўртасида физиологик ва нейропсихологик боғланишлар рўй бериши асосида амалга ошади. Бунда мувозанат бузилган тақдирда ўз-ўзидан қуввайи ҳофизада заифлашув белгилари бўй кўрсатади. Демак, ушбу ҳолатга қарши даво чораларини кўришда биргина шифокор тавсиясига амал қилиш ва у буюрган дори воситаларини истеъмол этиш масалага ечим бўла олмайди. Кўнгилли ҳордиқ чиқариш, кундалик машғулотлар хилма-хиллигини таъминлаш, вақтида ғам-андуҳни енга билиш ҳам асаб тизими билан узвий боғлиқ эслаб қолиш жараёнини яхшилашда аҳамиятлидир. Яна шуни таъкидлаш лозимки, хотира нуқсонлари турли касалликлар доирасида юз кўрсатган ҳолларда даволаш тадбирларини тизимли равишда амалга ошириш яхши натижа беради. Яъни хасталикларни даволаш амалиётида турли самарали усуллардан фойдаланиш, мия қувватини ошириш, тегишли ҳужайралар таркибида модда алмашинувини яхшилаш, қон томирларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли муолажа чораларини қўллаш тақозо қилинади.

         Хотира издан чиқишининг бир неча кўринишлари мавжуд бўлиб, шулардан бири қуввайи ҳофизада қисман бузилиш юз бериши ёки кишининг ушбу қобилиятдан маълум вақт маҳрум бўлишини англатувчи амнезиядир. Беихтиёр кинофильмларда кўп бор гувоҳ бўлганимиз қаҳрамонларнинг хотирадан айрилиши ҳодисаси ёдимизга келади. Демак, бу ҳолат фанда ҳам тасдиқланган ва реал асосга эга. Амнезия менингит, бош мия чайқалиши, мия қобиғи зарарланиши ва бундаги бошқа жароҳатлар оқибатида юзага келиши айтилади. Бундай дардга чалинган бемор ўзи ва яқинларига оид маълумотларни, ҳатто уларнинг исм-шарифларини-да унутиши мумкин экан. Хотира нуқсонлари орасида фаол кузатилиши билан ажралиб турувчи амнезиянинг бир неча тури фарқланади. Айтайлик, киши автомашина ҳалокатига йўлиқиши туфайли бош мияси жиддий шикастланди. Бу пайтда жароҳат олувчининг айни хасталанишга туртки берган ҳалокат рўй бергунга қадар содир бўлган воқеаларни эслай олмаслиги ретроград, ундан кейинги ҳодисалар ёдидан ўчиб кетиши эса антероград амнезия деб юритилади. Кузатувларда аниқланишича, юз берган кучли шок (фавқулодда оғир зарба) мияни маълум муддат ўзига таъсир этган қўзғатувчилар изларини сақлашга қобилиятсиз қилиб қўяр экан. Бундай кезларда инсон ўтган ҳаёти билан боғлиқ кечмишларни хотирлашда мушкулликка учрайди. Юқоридаги икки ҳолатнинг биргаликда воқе бўлиши антероретроград амнезия деб аталади. Автоҳалокатдан сўнг маълум фурсат ўтгач, юз берган воқеалар бемор ёдида секин-аста тиклана бошлайди.

         Хотира касалликларининг яна бир тури – парамнезия хусусига келсак, бунда киши ҳаётида ҳеч қачон бўлмаган воқеаларни гўё бошдан кечиргандек, улар худди юз бергандек ҳолга тушади. Кўпроқ оғир руҳий хасталиклар таъсирида ўзини намоён этувчи, ёлғон эсдаликларга асосланувчи бу хил нуқсонли эслаш тарзи сохта хотира деб ҳам юритилади. Мисол тариқасида айтсак, “Кеча нима қилдингиз?” – деб берилган саволга бемор: “Мен кеча докторга бордим, сўнг бир дўстимникида меҳмон бўлдим”, тарзида жавоб беради-ю, аслида уйидан остона ҳатлаб кўчага чиқмаган бўлади. Баъзи кишиларда яна қачонлардир воқе бўлган ҳодисаларни кеча ёки бугун рўй берди деб ҳисоблаш ҳолати учрайди. Бу уларда псевдореминисценция аталмиш хотира нуқсони мавжудлигининг белгисидир. Айни вазиятда киши қуввайи ҳофизасидаги ахборотларнинг унутилган қисмини олдин бўлиб ўтган воқеликлар билан тўлдириш йўлидан боради. Бошқа бир ўзига хос ҳолат беморнинг ўнгида ва тушида юз берган воқеаларни фарқламай қолишида кўринади.

АХБОРОТНИНГ КЎПИ ЗАРАРМИ?

         Бугунги давр кишиси турфа манбалардан шиддат билан кириб келаётган чеки кўринмас ахборотлар қуршовида яшаётгани сир эмас. Уларнинг бири ўзлаштириб улгурилмай, қатор янги-янги хабар ва маълумотлар онгни банд этишга шай бўлиб турибди. Ахборотнинг бу қадар катта тезлик билан инсон шуури томон йўл солишига унинг хотираси дош бера оляптими? Бу саволга руҳшунос Н. Шомуродованинг жавоби қуйидагича: “Дарҳақиқат, биз бугун техника тараққий этиб, ахборот оқими ғоят тезлашган замонда яшаяпмиз. Бугун маълумотлар ҳаддан зиёд кўплиги ва турли-туманлигидан киши хотирасида улар сиғимининг кескин ортиши, натижада таранглашув, тўйинганлик ҳолатлари вужудга келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса қуввайи ҳофизада тормозланишни келтириб чиқармоқда. Кўплаб ахборот қабул қилинган кезларда толиққан хотирага дам бериш усулларини қўллаш фойдалидир. Яна бир муҳим жиҳати, муайян ахборотдан узоқ муддат фойдаланмай қўйиш, унга мурожаат қилишдан жиддий равишда четлашиш айни маълумотнинг вақти келиб хотирада қайта жонланишини мушкуллаштиради. Бу унинг хотира хазинасини батамом тарк этганини билдирмайди, албатта. Аслида инсон ҳаёти давомида қуввайи ҳофизасига жо этган ахборотларнинг бари сақланади. Фақат бу каби сақланмишлар тўлақонли ҳаракатга келмай, уларга кириш йўллари очилмай қолиши мумкин, холос. Хотира бир олмос кабидирки, у тозаланмай, ишлов берилмай, муносиб қадру эъзоз кўрсатилмаган чоғда ўз ёрқинлиги, ярқироқлиги, демакки, қиммат баҳосини йўқотишга маҳкум. Бу билиш жараёни асл кўринишини сақлаб қолиши учун уни ҳамиша парваришлаш, алоҳида қаров ва эътибор билан сийлаш талаб этилади”.

          Хулоса ўрнида айтадиганимиз шуки, инсон вужуди бир мураккаб хилқат бўлса, унинг ичра ўзига хос яралмиш бу бағрига имконияту синоатлар яширинган қуввайи ҳофизадир. Ушбу юксак салоҳият шундай сифат билан муваффақиятлар қўлга киритилишида ҳам муҳим ўринга эга. Фақат бунинг учун айтилган имкониятлардан оқилона фойдалансак, янги-янги билим ва ахборотлар хотирани макон тутиши ҳамда бунда яшаб қолиши йўлида интилишни одатга айлантирсак бўлгани.

 

                                                                  Нодира ЗОКИРОВА.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш