БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

         Инсон ҳаёти зулмату сукунатга ғарқ бўлган тақдирда ҳам улуғвор мақсад йўлига дадил қадам қўяди, бошқалар каби нурли манзиллар сари интилади. Илм уммонига шўнғиб, бундаги сирларни кашф этиши орқали ҳақиқатлар ёғдуси қалбига чароғонлик бағишлайди. Бу ҳолатлар ўткир заковату иқтидори, улкан матонати эвазига илмий даражаларга эришиб, ўзидан эътиборли манбаларни мерос қолдирган, замонасининг чинакам қаҳрамонига айланган Ольга Ивановна Скороходовага ҳам хос.

Болаликдаги хасталик туфайли кўриш, эшитиш имконидан маҳрум бўлган О. Скороходова улкан қалби воситасида атроф-оламни кўриб, ундаги товушларни тинглай оларди. Собиқ СССР Педагогика Фанлар Академияси Дефектология институти катта илмий ходими, педагогика фанлари номзоди, кўплаб мақолалар ва учта китоб муаллифи бўлган изланувчан олима дунё ҳақида ўз қабул қилганлари ва англаганлари асосида тасаввурида яралган олам тасвирини асарларида ёрқин акс эттирди. Биз ушбу сондан эътиборан бериб боришни ният қилганимиз “Мен атроф-оламни қандай қабул қиламан, тасаввур этаман ва англайман” китобида асосий дистант аъзоларидан айрилган инсоннинг билиш жараёнидаги ўзига хослиги улкан миқёсда тавсифланади. Таниқли руҳшунос А. Н. Леонтьев шундай ёзади: “Ольга Скороходованинг ўткир ақли ва ҳиссиётлари, унинг нафақат ёзув тили ва дидактологияни, балки товушли оғзаки нутқни ҳам мукаммал эгаллаганлиги (ҳатто мажлислардаги жонли чиқишлари) феномен каби нодир иқтидор натижаси сифатида қабул қилинадиган тасодифий ҳодисадай таассурот туғдиради, ҳатто бир қарашда жумбоққа ўхшаб кетади”. Дефектология фанининг ёрқин намунаси сифатида баҳоланган мазкур китоб дунёнинг кўпгина тилларига таржима қилинган.  Сиз ҳам айни ноёб асар мутолааси орқали шояд шуурингиздаги дунё аксини янги қирралар, қарашларингизни янгича мазмун билан бойитсангиз, қалбингизда ўзгача равшанлик, руҳингизда уйғоқлик ҳис этсангиз.

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН...

ЎЗ-ЎЗИНИ КУЗАТИШ, ҲИС ЭТИШ

1. Бир куни буфет ва ошхонадаги эшикни икки-уч марта очиб-ёпишди. Бу лаҳзаларда юзимда ғалати сезги пайдо бўлди: гўё хона торроқ бўлиб қолган, нафақат юриш учун, балки чойли финжонни оғизга олиб бораётганда қўлимнинг ҳаракати учун ҳам қулай эмасдай туюлаётганди. Бу сезги жуда ёқимсиз эди. Мен ошхонадан буфетга ўтиш эшиги доимо очиқ бўлишига кўникиб қолганман. Ҳавонинг ҳаракати ва юзимга келиб урилишини ҳис қилган ҳолда тўғри очиқ эшикка қараб юриб бораман. Эшик ёпиқ бўлганда эса бироз четга буриламан. Менинг кўзим ёруғликни умуман сезмайди, бироқ бўйи ўзимдан паст бўлган бирон нарсаси бор жойдан ўтсам, гўё ёруғлик таъсири остида тургандек ҳиссиёт пайдо бўлади. Қизиғи шундаки, бу сезги ҳамиша ҳам бир хил бўлавермайди: умумий ҳолатим яхши бўлмаган, асабийлашган ва чарчаган пайтларимда сезги заифлашиб кетишидан эркин муҳитни ҳис қила олмайман. Жисмоний ва руҳий ҳолатим яхши бўлганида ҳарорат, ҳавонинг ҳаракати, эркин муҳит сезгиси кучаяди. Мен тағин ёруғликни кўзларим билан эмас, бутун юзим билан ҳис қилаётгандай бўламан.

2. Мен денгизни нафақат унинг нафасини сезганим учун, балки чўмилаётганимда тетиклантириши учун ҳам ёқтираман. Менга денгиз тўлқинларининг танамни ҳар томонга куч билан итқитиши, гоҳо қаърига тортиб кетиши жуда ёқади. Гарчи сузишни билмасам-да, бу менга чўмилишдан завқланишимга халал бермайди. Денгиз нотинч кезларда ҳам унинг шовқинини бутун танам билан ҳис қилиш учун сувга тап тортмай кириб боравераман.

3. Шундай воқеа рўй берганди: тонг-саҳар палласи қаттиқ ухлаб ётганимда Р. Л. уйғотишга келди. У секин кириб келганидан қадам товушларини сезмадим. Бироқ ҳамроҳим яқинлашишидан пайдо бўлаётган ҳаво юзимга тегаётганини ҳис қилдим. Ҳаво эпкинига уйғониб, унга қараб қўл узатдим.

4. Шундай пайтлар ҳам бўладики, бирор ишга қаттиқ берилиб кетганимдан менга яқинлашаётганларини дарров сезмайман. Жуда яқин келсаларгина сезиб, гўё мени урган ёки ҳайқириқ билан кар қилиб қўйганларидай чўчиб тушаман. Бир куни ёзув машинкасида ишлаётиб, шунчалик қизиқиб кетганимдан Х.нинг ёнимга келганини сезмабман. Ҳаво эпкини юзимга текканида чўчиб тушдим ва ҳаяжонланганимдан қизариб кетдим.

5. Бир куни хонада Ч. билан китоб ўқиб ўтиргандик. Тўсатдан эшик томондан эсган эпкин бўйним ва елкамни силаб ўтди. Мен чўчиб кетиб, у томонга ўгирилдим. Ч. менга “Х. кирди”, деб айтди.

6. Агар Л. И мен билан кўришаётиб қўлларимни сиқиб қўйса, унинг жисмоний ҳолати қандай эканини биламан. Шунингдек, унинг нимадандир хафа ёки норози бўлганини ҳам. Буни унинг бармоқлари ҳаракати, қўлларининг зўриқиб туриши, шунингдек, титрашига қараб англайман. Кўпинча у ҳеч нарса безовта қилмаётганини айтади, аммо мен ишонмайман. Агар Л. И.нинг юз ҳолатини кўзим билан кўрганимда, эҳтимол, юз ифодасидан жисмоний ва руҳий вазиятини маълум белгилар орқали англаганимга қараганда ёмонроқ билган бўлардим, деб ўйлайман. Бир куни у мен билан машғулот ўтказаётган пайти кайфияти бузуқ ва нимадандир жуда ҳаяжонланаётганини пайқадим, бироқ “Сизга нима бўлди?” – деган саволимга у индамади. Бир соатлардан кейин у тамоман бошқача, хотиржам ва қувноқ бўлиб қолди. Мен тағин сўрадим: “Машғулотлардан олдин сизга нима бўлганди?” У “Ҳеч нима”, – деб жавоб берди. “Бироқ сиз ҳаяжонда эдингиз” – дедим мен яна. “Бошим оғриганди” – деди у ўнғайсизланиб. Мен бунга ишонмадим.

7. Х.нинг бирор бармоғининг сезилар-сезилмас ҳаракати ёки томир уришидаги арзимас ўзгаришлардан унга бирон нарса ёқмагани ёхуд норози бўлганини биламан. Шунингдек, мамнун эканлигини ҳам.

8. Кўп ҳолларда нафақат яқин танишларим, балки сал-пал биладиган кишиларимнинг ҳам жисмоний ва руҳий ҳолатлари қандай эканини била оламан. Л. исмли бир танишим бор, у билан кам учрашамиз. Бироқ юзлашган дамларимизнинг илк онлариданоқ унинг хотиржам ва мамнун ёки шашти сустлигини айта оламан. Дарров бу ҳақда сўрайман, у ҳайрат билан: “Ҳа, сен адашмадинг. Ҳақиқатдан ҳам кўнглим ғаш”, – дейди ва сабабларини тушунтира кетади.

9. Қўлларим кўпинча кўриш ва эшитиш ўрнини босади. Аммо оёқларим ҳам бундан мустасно эмас. Одатда кўча ёки истироҳат боғида юрганимда тупроқнинг жиндеккина чўкишини ҳам осонгина сезаман. Кўчада кетаётиб қачон йўлка четига ёки йўлкага ўтадиган жойга яқинлашишим, қачон тўшама йўлга чиқишим кераклигини яхши биламан. Ҳатто уйда полнинг бирор томонга сал пасайганини ҳам пайқайман. Бир пайтлар уйимизда ўйинлар хонаси полини цементлашган эди. Хонага биринчи киришимдаёқ полнинг бир томонга сал сурилганини пайқадим.

10. Юқорига, аспирантлар билан ўқийдиган хонага кўтарилдим. Ц. мен билан саломлашди ва курсини узатди. Ўтирдим. Менга бугун Ч. китоб ўқиб бериши керак эди, аммо унинг ўрнига ёнимга Е. А яқинлашди. Мен уни қўлидан танидим. Бироқ унинг ҳеч нарса демасдан қўлимни ушлаб туришидан ким биландир гаплашяпти, деб ўйладим. Ниҳоят, Е. А.нинг гапиришини кутиш жонимга теккач, ундан сўрадим: “Нимани айтмоқчи эдингиз?” Е. А қўлини Ч.никига ўхшатишга ҳаракат қилганини паст овозда “ним-а-а”, деб сўраганидан билдим. Ҳазили билан мени чалғита олмаганини билдириш мақсадида унинг бармоқларини қаттиқроқ сиқиб қўйдим.

11. В. М. менга йиғилишга бормоқчи эканини, унинг ўрнига Л. И. бўлишини айтди. Машғулотдан кейин мен дам олишга ётдим ва ухлаб қолдим. Уйқуда эканимда мени уйғотиш учун елкамга тегинганларида унинг В. М. эканини сездим. Уйғонгач, ундан: “Сиз йиғилишга кетмадингизми?” –  деб сўрадим. “Ҳамма кетди, мен эса қолдим”, – деб жавоб берди В. М.

12. Хонада Ч. билан китоб ўқиётгандик. Кириб келган Х. менга яқинлашиб, елкамга қўлини қўйди. “Бу мен”, – деди Ч. “Буни елкамга қўлингизни қўйгандаёқ билган эдим”, – дедим.

13. Телефонда гаплашаётган аёллардан бирининг ёнидан ўтиб қолдим. Тўхтаб аёлнинг қоматига секин тегиндим ва унинг Е. А. эканини дарҳол сездим. Янглишмаган эканман. Умуман олганда, қўлимни тегизишим биланоқ Е. А. эканини айта оламан.

14. Менга кўзи ожиз қизлардан бири сўраётганини айтишди. Мен бу қизни яхши билар, кайфияти қандайлигини тез илғар эдим. Мен у томонга йўналганимда кўзи ожиз қиз жаҳд билан “Оля” дейишга улгурди, холос. Унинг сўзини бўлдим: “Хат олдингми?” Қиз деди: “Ҳа, сен қаердан биласан?” Унинг сўроғига жавоб бермай, яна сўрадим: “С. М.данми?” “Ҳа, ундан. Сенга ким айтди?” “Ҳеч ким айтгани йўқ, лекин ҳаракатларингга қараб қандайдир қувончли воқеа содир бўлганини сездим. Балки С. М.дан хат олгандир, деб ўйладим”.

15. Ч. билан китоб ўқиётган чоғимиз баногоҳ ўнг юзимга урилган ҳаво эпкинини сездим. Ўша томонга ўгирилдим. Ч. менга стол ёнидан Ц. ўтиб кетганини айтди. Менда худди кимдир ўтиб кетганини кўрганим каби таассурот уйғонди.

Рус тилидан Суҳроб

ОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш