БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ОЛЬГА СКОРОХОДОВА

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН…

 (Давоми. Боши ўтган сонда.)

16. Кўпгина танишларимни аҳён-аҳёнда учратганим боис уларнинг қўллари қандайлигини мутлақо унутса керак, деб ўйлашингиз мумкин. Кам учрaтадиган кишиларнинг қўл ҳаракатларини эслай олишимга кўпинча шубҳаланаман, бироқ баъзида уларни кўрганимда барча жиҳатларини яхши билишим аён бўлиб қолади. С. исмли танишим бор, 8 йил давомида уч-тўрт марта учрашганмиз, холос. Учрашувларимиз қисқа бўлганидан С. менда ёрқин таассурот қолдирмаганлиги ўз-ўзидан тушунарли. Уни кўрмаганимга анча бўлган эди, бироқ Украина амалий тиббиёт институти йўлагидан ўтиб бораётган пайтим кимдир орқа томондан қўлини елкамга қўйди. Мен тўхтадим ва унинг қўлини ушладим. С. эканини дарҳол сездим. Ҳолбуки уни мутлақо унутган ва бу ерда учратишим мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим.

17. Менга китобни имо-ишора воситасида ўқиб берувчи кишининг қўллари эпчил ва эгилувчан, бошқа юмушлар билан сира толиқмаган бўлиши жуда муҳим. Мабодо ўқиётган одамнинг қўли чарчаган ва бармоқ ҳаракатлари енгил бўлмаса, бу менинг ҳиссиётларимда ҳам ўз аксини топади. Бундан менда ҳам толиқиш пайдо бўлади. Нафақат бошим, ўқишни идрок этадиган қўлим ҳам оғришга тушади. Афсуски, менга ўқиб берувчиларнинг барчаси ҳам буни тушунавермайди ва кўпинча қўлимнинг жуда залворли эканлиги, ўқишга эътиборсизлигим ҳақида гапиришади. Улар сўздаги бирон ҳарфни ўтказиб юборсалар ёки кераксиз ҳаракат қилсалар, ошиқча зўриқишим туфайли бармоқларини қаттиқроқ сиқишимга тўғри келади. Бу тарздаги ноқулай ўқишдан бир соат ўтибоқ бошим ва қўлим ўқилаётган нарсани идрок этишдан тўхтайди. Менинг ёмон идрок этмаётганим, билъакс уларнинг ўзлари ёмон ўқиётганларини бўйнига олмаётганларидан жуда ранжиган пайтларим ҳам бўлиб турарди.

18. Ёшлар саройига борган пайтимизда зинапояга чиқаётиб, оёқларимиз тагида гилам борлигини ҳис қилдим. Бошқа барча хоналар ва йўлакда ҳам шундай эди. Залга кирганимизда эса полнинг мармардан эканини билдим.

19. Мен амалий тиббиёт институтида бир неча бор бўлганман. Шунинг учун бино менга яхши таниш. Бир гал мен у ерга Х. билан бордим, лекин институтга кирганимиз ҳақида у лом-мим демади. Шунга қарамай, эшикдан ҳатлашимиз биланоқ институтга келганимизни билдим. Эшиклари, поли, зинапояси қандайлигини билганим учун танидим.

20. Мен Х. билан лабораторияда ишлаётган эдим. Бу ердаги қурилма шовқин солаётган бир шароитда кимнингдир қадамларини пайқадим ва Х. дан сўрадим:

– Бу ким?

– Бу Н. А.

21. Кўпинча кўзи соғлом инсонлар менинг сочим ва кўйлагимни тўғрилаётганимдан ажабланишади. Ахир, кўзи ожиз-карлар ҳам соғломлар қаторида батартиб юришлари керак-ку! У ҳам либосига нимадир бўлганини жуда яхши фаҳмлайди. Бундай пайтда ногирон инсоннинг сезгилари кўришдан мосуволиги ўрнини тўла босади. Шуни айтишим керакки, биз ногиронлар нафақат ўз либосимиздаги тартибсизликни, балки ўзгалар устидаги кийимларнинг камчиликларини ҳам илғай оламиз. Шундай воқеани эслайман: Қўлимни ҳаракатлантираётиб тўсатдан А. И. нинг юбкасига тегиб кетдим. Менга юбка тескари кийилгандай туюлди. Яхшилаб текширсам, юбка ҳақиқатдан ҳам астари билан кийилган экан.

– Юбкани астари билан кийибсиз.

– Йўқ.

– Қаранг, чоклари устида турибди.

А.И. қаради:

– Ҳа, тўғри.

– Шу ҳолда қандай кийдингиз?

– Эрта тураман, хона ҳам қоронғи бўлади, ҳеч нарсани кўрмайман.

– Пайпаслаб кўрсангиз бўлмайдими?

– Улар бир хилга ўхшаб туюлади.

– Йўқ, бир хил эмас. Қаранг, ички томони устига ҳеч ўхшайдими?

22. Харьковдаги кўчалар қандай эканини яхши биламан ва бунга кўникиб кетганман. Аммо Киевда бўлганимда у ердаги йўлкалар Харьковдагига нисбатан пастқамроқ эканини сездим ва менга қишда қор билан қопланган йўлкаларнинг бундай арзимас даражада фарқланиб туриши киевлик ногиронларга қийинчилик туғдирадигандай бўлиб туюлди. Гап шундаки, кўзи ожиз киши кўчада юрганида йўлни паст-баландлигига қараб фарқлайди. Агар пиёдалар йўлкаси машина йўли билан деярли бирлашиб кетган бўлса, кўзи ожиз киши йўлнинг фарқига бориши қийин кечади. Шундай қилиб, тротуар катта йўлдан қанчалик кескин фарқ қилса, кўзи ожиз шунчалик яхши мўлжал олади. Киевда соғломлар етовида юрганимга қарамасдан, тротуарни тош йўлдан фарқлашим қийин бўлганини эслайман.

23. Чой ичаётган эдим. Қўлим финжон ва нон билан банд эди. Ёнимга Х. келиб, елкамга туртди. Тегинишидан унинг кимлигини билдим.

24. Бир куни кечаси қаердандир А. И. билан қайтаётган эдик. Йўлакка кирган пайтимиз тим қоронғи эди. А. И.: “Қабрдагидай зимистон экан, қаёққа юришни билмаяпман”, деди. Йўлакни яхши билардим, А.И. ни етовга олдим. Аммо у ғоят секин ҳаракатланар, оёқлари билан пайпасланар, ҳар бир қадамини ўлчаб босар эди.

– Қўрқманг, сизни етаклаб кетяпман-ку!

– Мени қаерга бошлаётганингни ким билади?

Мен сизни эшикнинг олдига олиб бораман.

         Ниҳоят, мен А.И. ни эшиккача судраб бордим ва қўнғироқни босдим, у ҳатто қўнғироқни тополмади ҳам. Кўзи очиқларнинг ўзига таниш бўлган муҳитда ҳам қоронғиликда бундай чорасиз аҳволга тушиб қолишларига кўп бора гувоҳ бўлганман.

25. Бир куни Е. А. ни хонасига кузатиб қўйдим, чунки уй мутлақо зимистон эди. Биз зинапояга етганимизда Е. А. қўлларимдан маҳкам ушлаб олди ва жуда эҳтиёткорлик билан юришга ўтди.

         – Қўрқманг, зинапоягача ҳали анча бор, тушиш керак бўлган пайтда ўзим сизга хабар бераман... Ана, зинапояга ҳам етдик... Мен қўлимни пастга йўналтириб, Е. А. га шартли ишора қилдим.

– Йиқилишни хоҳламайман, сенинг ишораларингни эса тушунмайман, – деди Е. А.

– Ана, зинапоя ҳам тамом бўлди, энди қўрқмасдан юраверинг.

26. Х. билан гаплашиб турганимизда тўсатдан чироқ ўчиб қолди. “Тезда ёниб қолса керак”, – дея Х. чиқиб кетди. Бир неча дақиқадан сўнг мен хобгоҳга кирдим, у ерда стол устида ёритгич бор эди. Унинг иссиқлигидан чироқ ёнганини илғадим. Навбатчидан бу ҳақда суриштирсам, у чироқ борлигини айтди.

27. Вестибюлда ечиниб, хонага кирганимда эшик ёнида кимнингдир пальтода турганини пайқадим. Бундай пайтда келиши ноодатий бўлишига қарамай, пальтосидан унинг В. М. эканини билдим.

28. Ичтерлама билан оғриган пайтимда Х. ни бир неча кун кўрмадим. Х. бўлмага келган куни ўзимни ёмон ҳис қилаётгандим. Менга айтилаётган гапларни тушунишим учун анча-мунча уринишларига тўғри келди. Бироқ Х. менга яқинлашиб, қўлимни ушлагани заҳоти уни дарҳол танидим.

29. Одессада дам олишда эканимда бир куни Амалий тиббиёт институти ходимлари гипсдан қилинган қандайдир бошни кўриб чиқиб, нуқсонларини айтиб беришимни сўрашди. Кўриш асносида мен шундай нуқсонларни аниқладим: ўнг кўз қаншардан анча узоқ, чап кўз ўнгига нисбатан пастроқда жойлашган, бир ёноғи бошқасидан каттароқ, қулоқлар ҳам ўз жойида эмас. Қўлимни бош бўйлаб юргизган заҳоти уларни сездим. Институт ходимлари қойил қолишганидан мени фақат ҳайкаллар билан шуғулланса керак, деб ўйлашди. Шахсан мен гипсли бош нуқсонларини аниқлашни катта иш деб ҳисобламайман. Шунчаки кучли сезгиларим мени ҳайкалтарош сифатида қабул қилган одамларнинг ҳайратини оширган эди.

30. Бир куни дўконда боши узра чилдирма кўтариб рақс тушаётган лўли қиз ҳайкалчасини кўрдим. Бу ҳайкалчани кўрганимга неча кун ўтганига қарамасдан, унинг келишган қадди-қомати, нафис оёқчалари кафтимда рақс тушаётгандай туюларди.

31. Гиппократ бюсти билан танишганимда менга унинг эллинларга хос чиройли юзи ва жингалак сочлари жуда ёққан. Ёнимда бўлган Е. А. га: “Унинг юзлари жуда чиройли, бош қисми ниҳоятда мутаносиб”, – дедим. “Ҳа, жуда чиройли!” – жавоб берди Е. А.

32. Мен танишган Геркулес ҳайкалчаси тик турган ҳолатда тасвирланганди. Менинг тасаввуримда у тирикдай, залворли, кучли ва чайир мушаклари бўртиб турган фавқулодда эпчил паҳлавон сифатида гавдаланди...

Рус тилидан Суҳроб

ОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш