БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ОЛЬГА СКОРОХОДОВА

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН…

 (Давоми. Боши ўтган сонларда.)

36. Ёшлар саройида гуллар ниҳоятда кўп. Шу ерда эканимда қўлим беихтиёр гуллардан бирининг япроғига тегиб кетди. Бу гул менга танишдай туюлди. Қўлимни барглар бўйлаб юргизиб дедим: “Менинг хонамдаги гулнинг ўзи-ку!” “Ҳа” –  жавоб берди Х.

37. Танишим В.В.никида бўлганимда у ерда ажойиб гуллар борлигини билдим. Гулларни жуда ёқтираман, шунинг учун бизда ҳам шунақаси бўлишини орзу қилардим. Бир маҳал ювиниш хонасига кирганимда Е.нинг қандайдир гулни юваётганини билиб қолдим. Қараб чиқиб, унинг танишимникидаги гулларга жуда ўхшашини англадим. Мен А.В.нинг ёнига бориб сўрадим: “Бизникида кимнинг гуллари турибди?” “Ўзимизники, ҳозиргина уларни сотиб олдик”.

38. Мен Мариянинг ёнига борганимда унинг кўйлаги узайтирилганини пайқадим, у олдин жуда калта эди. Мен кўйлакнинг чокларини қарай бошладим ва кўкланган ипи олиб ташланмаганини аниқладим. А.И.ни чақириб ундан сўрадим: “Нега кўкланган ипни олиб ташламадингиз? Кўзга чалинмаса-да, уни кесиб ташлаган маъқул”.

39. Бир сафар А.И.нинг енгига нон ушоқлари илашганини билиб қолдим. “Нега халатингизга нон увоқлари ёпишган?” “Мен нон кесаман-ку!”  “Халатингизда ушоқ борлигини кўрмаяпсизми?”  “Йўқ”.

40. Мабодо боққа чиқиш, истироҳат маскани ё бирор танишимникига боришга тўғри келса, чанг босган ёки нам ўриндиққа ўтириб олмаслик мақсадида уни аввалига қўлим билан пайпаслаб текшираман. Бир куни биз А.И. билан боғимизга кириб китоб ўқимоқчи бўлдик. У ерда иккита курси турарди. Мен ўтиришим керак бўлган курсини текшириб чиқдим – у қуруқ ва тоза эди. Бошқасини қараганим йўқ. Иккинчи курсига хотиржам ҳолда ўрнашиб олган А.И. зум ўтмай ўрнидан туриб кетди. “Нима бўлди?” – дедим унга. “Курсининг ҳўл эканини пайқамай унга ўтириб олибман, кўйлагим жиққа ҳўл бўлди”.

41. Мен В.М.нинг эгнида янги халатни кўриб қолдим, у бир неча кундан бери кийиб юрарди. “Халатингиз сатинданми?” – дедим мен. “Йўқ”, – деди у. “Сезгиларингизни ишга солиб кўринг”. В.М. узоқ пайпаслаб кўргач деди: “Ҳа, сатин экан, билмаган эканман”.

42. А.И. билан ўқиётган пайтимиз унинг стулга қўйиб ўтирган оёғига тўсатдан тегиб кетдим. А.И.нинг пайпоғи бир жойидан йиртилган экан.  “Пайпоғингиз ситилибди”. “Йўқ, кечагина уни пайпаслаб кўргандим”. “Мен эса кичиккина тешик топдим”.  А.И. қараб чиқиб деди: “Ҳа, тешик бор экан, кўрмабман”. 

43. Буфетдаги столга яқинлашганимда оёқ остида ниманингдир сочилиб ётганини пайқадим. “Полга нима тўкилган?” – сўрадим мен Л.И.дан. “Туз сочилиб кетган”. 

44. Бир куни В. М. менга тунаб қолишини айтди. Мен ундан эрталаб қай вақтда уйғотишини сўрадим. Бироқ тонгда мени В.М. эмас, Р.Л. уйғотди. Жуда қаттиқ ухлаётган бўлсам-да, елкамга қандай тегинишидан унинг В.М. эмас, Р.Л. эканини сездим.

45. Мен ўз хонамда Н. билан ўтирган эдим. Ҳаво эпкинидан кимнингдир кириб келганини пайқадим: “Ким келди?”  “Д. Ф. келди” – жавоб берди Н.

46. Х. менинг ёзув машинкамни мойлаб бериш учун олди, бироқ   Антоннинг машинкасини олиб келди. Мен ёзишга ўтирдим. Машинкага теккач, унинг Антонники эканини билдим ва бу ҳақда Х.га айтдим. “Бу сенинг машинканг деб ўйлабман” – деди Х.

47. Эрталаб ҳали ухлаётган пайтимда мени уйғотишга киришдилар. Мени кутганим Р.Л. эмас, балки Л.И. уйғотди. Буни унинг тегинишидан дарҳол пайқадим. Кейин билсам, Р.Л. келмагани боис унинг ўрнига Л.И. тунаб қолган экан.

48. Бир куни уйғотишларидан бир неча дақиқа олдин уйғондим. Ёнимга Р.Л. яқинлашди. Мен унинг нимадандир асабийлашаётганини илғадим. “Сиз бирон нарсадан безовталаняпсизми?” – сўрадим ундан. “Ҳа, кейин айтаман”.

49. Менинг олдимга Н. келди. У кайфияти ёмонлигини мендан яширишга уринди. Бироқ мен илк дақиқалардаёқ буни сездим ва унга дедим:

– Ҳозир сен керагидан ортиқ ҳафсаласиз ва зерикарли кўриняпсан. Нима бўлди сенга?

– Кайфиятим йўқлиги сезиляптими?

– Жудаям.

– Мен ёмон кайфиятимни яшира оламан, деб ўйлардим.

– Йўқ, бу ҳали қўлингдан келмас экан.

50. Бир куни танишим Л. ташриф буюрди. У пальтосини ечаётиб муфта (енглик)ни менга узатди. Мен муфтани узоқ вақт пайпасладим ва унинг қандайдир қуш терисидан тикилганига тобора амин бўла бошладим. Л.дан сўрадим: “Муфтанг ниманинг мўйнасидан тайёрланган?” “Денгиз чағалайи терисидан”.

51. Мен Ч. билан китоб мутолаа қилаётган эдим. Столнинг нарги томонида Ц. ўтирганди. Тўсатдан ҳаво эпкини юзимга урилди. Эпкин келаётган тарафга бурилдим. Ч. деди: “Бу Ц., ўқиётган газетасини бошқа ёққа ўгирди”.

52. Ч. билан китоб ўқиётганимизда уни бир неча дақиқага чақириб қолишди. Мен ёлғиз қолдим. Қаршимдаги стол устида соғлом кишиларга мўлжалланган бир қанча китоблар турарди. Ўзим уларнинг нима ҳақдалигини билмасдим. Бироқ улардан бирининг жилдида доира, ўртасида эса бўртма портрет акс эттирилганди. Мен қўлим билан портретда тасвирланган кишининг юзини осон топдим. Шу тариқа кўзлари, бурни, оғзи, ияги, қулоғини ҳам. Ч. келганида ундан сўрадим:

– Бу қанақа китоб?

– Бу Ламаркнинг “Зоология фалсафаси” асари.

– Демак, бу Ламаркнинг портрети экан-да?

– Ҳа.

53. Хонамда диванда ўтирганча тикиш билан машғул эдим. Тўсатдан ҳаво эпкинини ҳис қилдим, шу ондаёқ Х. келиб диванга ўтирди. У секин кирганидан қадам товушларини ҳис қилмасам-да, бироқ ҳаво эпкинини сезганимданоқ Х. келганини билдим.

54. В.М. билан китоб ўқишимиз керак эди, мен стулларни тайёрлаб қўймоқчи бўлдим. Стулларнинг бирини кўтариб кўрганимда унинг бошқасидан оғирроқ эканини ҳис қилдим. Қўлим билан пайпаслаб кўриб, ўтирадиган жойида катта портфель борлигини билдим. Унга енгил тегинишим билан портфель Л.И.ники экани аён бўлди. Ёнимга В.М. яқинлашганида ундан сўрадим: “Л. И. келдими?” “Ҳа”.

55. Менга Х. керак эди. Кутубхонага бориб уни чақирдим. Х. менга яқинлашиб, “Нима?” дейишга улгурди, холос. Мен дарҳол у асабий ҳолатда эканини пайқадим. Адашмаган эканман – кейинроқ Х. асбийлашгани сабабини айтиб берди.

56. Музейда эканлигимизда Ч. менга деди: “Мана, битта ҳайкалча, унинг нималигини топинглар-чи”. Мен ҳайкалчани тезда пайпаслаб, қичқириб юбордим: “Ахир, бу Венера-ку!” “Ҳа”.

57. Музейда ёнма-ён турган Дафна ва Аполлон ҳайкалчаларини пайпаслаб чиқдим. Дафна аста-секин лавр дарахтига айланиб борарди. Қўл бармоқларида лавр япроқчалари ўса бошлаганди. Шохлар  кўринишидаги  қўли юқорига чўзилган ва бошидан пастга қараб тушган сочлар билан қопланган, салкам белигача дарахт қобиғи билан ўралган эди. Пастда, илдиз остидан Дафнанинг оёқлари билиниб турарди. Оёқ панжаларидан томирлар шохлаб кетганди. Орқадан, Дафна қобиққа ўралган жойдан Аполлон уни қўллари билан қучиб турарди. Дафнанинг оғзи ярим очилган, Аполлоннинг лаблари эса маҳкам қимтилган эди.

Рус тилидан Суҳроб

 ОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)                                 

 

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш