БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ОЛЬГА СКОРОХОДОВА

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН…

 (Давоми. Боши ўтган сонларда.)

         80. Игнани йўқотиб қўйдим ва навбатчидан кўмак сўрадим. У узоқ вақт полдан, стол устидан қидириб тополмади. Кейин игнанинг тушмаган ва бирон жойда қистирилган ҳолда турган бўлиши мумкинлигини айтди. Унга ишонмасдан ўзим қидиришга тушдим ва игнани тумбочка тагидаги полдан топиб олдим.

         81. А.И. болаларини ётқизиб, узоқ куттирган тунги навбатчининг олдига бориб келишини айтди.

      – Хоҳласанг, мен билан юр, – таклиф қилди у.

       Яхши, фақат эшикни очиш учун калитни ўзимиз билан ола кетамиз, ахир, бу ерда биздан бошқа ҳеч ким йўқ, – дедим мен.

         Калитни қўлга олганимда А.И.:

         – Бу бизга керакли калит эмас, агар биз эшикни ёпсак, кейин уйга киролмай қоламиз, –дея ташвишланди.

         – Бу эшигимизга тушадиган калит, ахир.

         Бироқ А.И. менга ишонмади. Мен қатъиян дедим:

         – Сиз чиқиб туринг, мен эшикни ёпаман ва унинг ўша калитлигини исботлайман.

         А.И. бир неча дақиқа каловланиб турди ва чиқди. Мен эшикни ишонч билан шарақлатиб ёпдим, кейин осонгина ўша калит билан уни очдим. А.И. ҳайратдан ёқасини ушлади ва бир неча кун бу ҳақда ўтган-кетганга айтиб юрди.

         82. В.М. билан китоб ўқишимиз керак эди, бироқ у тирноқ билан белгиланган жойни ҳадеганда топавермади. Унинг қўлидан китобни олиб, бармоқларимни варақлар бўйлаб юргиздим ва белгини кўрсатдим. Бу тез-тез бўлиб турадиган ҳол  ва мен қаердан ўқилиши кераклигини ҳамиша топа оламан.

         83. Эшитиш қобилиятига эга инсонларнинг деярли ҳеч бири дактилология билан ифодали ўқиш нима эканини тушунмайди. Мен ўқиб берувчи кишига буни кўп марта уқтирганман ва ўз қўлларим билан намойиш этганман. Кўзи очиқлар ҳам буни деярли илғашмайди. Аммо мен ва бизнинг атрофимиздаги болалар ушбу ҳолатни жуда яхши ҳис қиламиз. Масалан, В. гарчи унга буни махсус ўргатмаган бўлсалар-да, ўзига ёқимли бўлган нарсалар ва одамлар ҳақида гапирганида қўллари билан гўёки ниманидир силаётгандай нозик, аксинча, бирор нарса ёқмаган ёки кимдандир норизо бўлган ҳолларда бармоқлари билан кескин ҳаракатлар қила бошлайди. Шахсан мен кўзи очиқ ва эшитадиганлар тили билан айтганда, “товуш интонацияси”, “жонли юз ифодаси” ва ҳоказоларни ҳис қила олувчи  шундай қўллар ҳаракатини “ифодали ҳаракатлар” деб биламан.

         84. Бир куни мен сирка солинган шишани қўлимга олдим ва Н.дан сўрадим:

          Сен нима деб ўйлайсан, бу ерда сирка кўпми?

         Н. қўли билан ҳайратомуз ҳаракат қилиб деди:

         – Албатта, кўп.   

         Шишадаги сирка жуда кам эканини ҳис қилганим боис бу менинг кулгимни қистатди. Кўзи ожиз, аммо эшитиш қобиляти бўлган Н.га эса сирка кўпдай туюлганди. Мен дедим:

          Бу ерда деярли ҳеч нарса йўқ.

         Н. шишани қўлимдан олиб, бир неча бор силкитди.

         – Ҳа, энди камлигини ҳис қиляпман, менга кўпдай эшитилганди.

         85. Болалар билан кўчада сайр қилаётган эдик. Қўлларим совқотганидан қўлқопимни кийишга тутиндим, бироқ шу пайтда кимнингдир қўли пальтомнинг енгига тегинганини сездим. Енгил, мулойим тегинишидан унинг Ч.лигини билдим.

         86. Асосий чиқиш майдончасига ҳаво қандайлигини билиш учун чиққан эдим (Е.А. билан шаҳар кутубхонасига бормоқчи эдик). Мен эшикни қулфламасдан унинг дастасини ушлаб турдим. Тўсатдан кимдир эшикка яқинлашиб, уйга киришга урина бошлади. Мен Е.А.нинг пўстинини танидим, бироқ бу ҳали етарли эмас, қўлини ҳам кўришим керак, деган қарорга келдим. Е.А.нинг қўлидан тутарканман, у дактилология билан деди:

         – Нима, қўрқиб кетдингми?

         – Йўқ, сизнинг пўстинингизни билдим, аммо Е.А. эканингизни аниқлаш учун қўлингизни ҳам ушлаб кўрдим.

         87. Агар мен бирон киши билан шаҳарга бориб, уйимизга қайтадиган бўлсам, оёқларим ёрдамида сезиб ўрганганим боис кўчамиздаги йўлка ва тўсиқларнинг барча хусусиятларини фарқлай оламан. Бир куни шаҳардан Р.Г. билан қайтиш чоғида муюлишдан бизникига бурилаётиб дедим:

         – Мана, уйга ҳам етай деб қолдик.

         – Ҳа.

         88. Бир куни бизникига собиқ ходимамиз келди. Мен у билан уч йил кўришмаган эдим. У менинг ёнимга келиб, қўлларимни қаттиқ сиқиб қўйди. Қўл сиқиши менга танишдай туюлди, лекин кимлигини ҳеч эслолмадим.

         – Мени танияпсанми?

     Йўқ.

         –Ўйлаб кўр, балки эсларсан.

         – Сиз Ф.А.сиз.

         – Ҳа.

         89. Кўча эшиги олдида сайр қилаётган эдим. Ёнимга Ф.А. келди.

         –Сайр қиляпсанми? – сўради у.

         – Ҳа. Сиз қаердан келяпсиз?

         – Мен ҳам сайр қиляпман. Ёнингдан ўтаётиб сени кўриб қолдим. Мени танияпсанми?

         – Ҳа, сизни дарров танидим.

         90. Мен ва болалар М.А. билан кўчада сайр қилаётган эдик. Мен М.А.га Н.ни кутаётганимни айтиб, у келадиган томонга қараб туришини тайинладим. Н. узоқ вақтгача келмади, мен энди келмаса керак, деб ўйладим. Бироқ М.А. тўхтади ва кимнингдир қўлидан тутди. Мен унинг қўлига енгилгина тегиниб, Н.лигини билдим. Мен жимгина унинг қўлидан тутдим, аммо у қўлини силтаб тортиб олганча жим тураверди. Н. менинг қўл сиқишимга ноаниқ жавоб берди.

         –Мени танимаяпсанми? – кулиб юбордим мен.

         Шундагина Н. менинг қўлимни сиқиб:

         –Ҳа, сени таниёлмадим, қўлинг қандайдир бошқача бўлиб қолибди, – деди.

         –Сен билан кўришганимиздан бери шу бир неча кун ичида қўлларим ўзгариб қолган бўлиши мумкин.

         91. Бир куни дугонам Н.никида бўлдим. Онаси Н.га картошка арчишни буюрди. Мен ҳам бу ишни бажара олишимни айтдим. Н. ҳайратланганча деди:

         Наҳотки, сен картошка арчишни билсанг? Сен бунга ўрганмагансан-ку.

Кўрамиз ким бу ишни яхшироқ уддалар экан, дедим мен ва пичоқни қўлимга олдим. Бармоқларим билан картошкани дарров пайпаслаб чиқиб, кесилмаган тугунакларини олиб ташладим. Бир неча картошкани арчиб бўлганимда у деди:

Онам мендан яхшироқ арчаётганингни айтяпти, мен сени умуман билмасанг керак деб ўйлагандим.

         92. Бир куни В.М. билан ўқишга киришганимизда у ўзини ёмон ҳис қилаётганини сездим ва сўрадим:

– Сизга нима бўлди?

         Ҳеч нима,жавоб берди у.

         Менга хастадай туюляпсиз.

         – Йўқ, мен тушкун кайфиятдаман.

В.М. нимадандир асабийлашаётганини яширишга уринди, бироқ мен унинг ҳолатини яхши англадим ва бироз танаффус қилишни таклиф этдим.

93. Аксарият кўзи ожизлар игнага ип ўтказишга тўғри келган ҳолларда соғлом инсонлар кўмагидан фойдаланишади. Айримларгина буни мустақил уддалай олишади. Яъни тил учи ёрдамида игнанинг кўзи топилиб, ипнинг учи тешикка йўналтирилган кўйи ўтказилади. Бироқ мен бошқа усулни қўллайман: чап қўлимнинг бош ва ўрта бармоғи билан игнани кўзига яқинроқ жойидан тутганча ўнг қўлимнинг бош ва кўрсаткич бармоқлари ёрдамида ипни осонлик билан игнанинг кўзидан ўтказаман. Агар игна яхши ва қийшаймаган бўлса ва бармоқлар орасида сирпанмаса, бу ишни дарҳол амалга ошираман. Ҳатто ёруғлик етарли бўлмаган шароитда кўзи соғлом кишиларга ҳам игнага ип ўтказишда кўмаклашаман. А.И. бу ишда ёрдам беришимни илтимос қилганда мен ундан: “Наҳотки, ўзингиз ўтказа олмасангиз?” – деб сўрадим. “Йўқ, ҳовли қоронғи, жуда ингичкалигидан игнанинг кўзини кўрмаяпман”. Қизиғи шундаки, мен ингичка игнага йўғонига нисбатан тезроқ ип ўтказа оламан.

94. Бир куни А.А. олчали пишириқ тайёрлайдиган бўлди. Пишириқларни  ясаётган пайти мен унга  дедим: “Кел, сенга ёрдамлашаман”. А.А. “Бу  сенга қийинчилик туғдиради”, дея таажжубланганча кўмаклашишимга рухсат берди. Мен ушбу вазифани қойилмақом тарзда уддалаганимдан кўзи ожизларга умрида иши тушмаган А.А.нинг ҳайрати ортди. Шу куни А.А. уйига келган меҳмонларга мен ясаган пишириқларни кўз-кўз қилар экан, улар ҳам бу ишда кўрсатган маҳоратимга қойил қолишди.

95. Мен А.В.нинг елкасига бехосдан тегиб кетиб, унинг халатида крахмал бўлаги қотиб қолганини пайқадим. Крахмални юлиб олиб А.В.га кўрсатдим. У ҳайрон бўлиб  деди: “Агар кўрсатмаганингда сезмаган бўлардим”.

96. Менинг олдимга Н. келганини айтишди. У билан кўришаётиб нимадандир безовталанаётганини сездим. Хавотирланиб ундан сўрадим: “Сенга нима бўлди?” Н. бунинг сабабини айтиб берди.

Рус тилидан Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш