БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ОЛЬГА СКОРОХОДОВА

МЕН АТРОФ-ОЛАМНИ ҚАНДАЙ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН…

 (Давоми. Боши ўтган сонларда.)

111. Академик В.П. Воробьев вафот этганида хасталикдан буткул фориғ бўлмаганим сабабли дастлаб бу хабарни менга айтишмаган эди. Бироқ мен Л.И.нинг ўта тушкун кайфиятда эканини сезгандим. Касаллигим боис барибир айтмаслигини билганим учун бунинг сабабларини суриштирмадим. Икки кундан кейин иситмам тушди. Ўриндан турдим. В.П.нинг танасини мўмиёлашадиган куни Л.И. ёнимга келди. Шу дамгача мен В.П. жарроҳликни кўтара олади деган қатъий ишончда эдим. Аммо Л.И. қўлимдан тутган заҳоти унинг вафоти ҳақида хабар беришини ҳис қилдим. Л.И. мени диванга ўтирғизиб, бир неча сония индамай турди-да, кейин “Катта йўқотишга учрадик”, – деди. “Владимир Петрович вафот этди”, – қўшиб қўйдим мен. “Ҳа”.

112. Мени Т. билан таништириб қўйишди. У билан бор-йўғи 15 дақиқа гаплашган бўлсам-да, қўлларини эслаб қолишга улгурдим. Бир ой ўтиб, Т. билан   учрашиб қолдик. У менинг қўлимни сиқиб қўйиб, кафтимга исмини ёзишга тутинди. Мен уни тўхтатдим. “Сизни усиз ҳам дарров танидим”.

113. Болалар машинада сайр қилишаётганида улар орасида мен ҳам бор эдим. А.В. ҳам биз билан бирга эди. Ҳайдовчи менинг кўнглимни кўтаришга чоғланиб, тез ёки секин юришдан қай бирини ёқтиришимни суриштирди.

– Қанча тез бўлса, шунча яхши, – жавоб бердим мен.

Ҳайдовчи соатига 40 км га тезликни оширди.

– Ўзингни қандай ҳис қиляпсан? – сўради А.В.

– Яхши. Олдингидан тезроқ юряпмиз чоғи.

– Ҳа, тўғри...

– Энди-чи?

– Янада тезроқ юряпмиз. Кайфиятим аъло!

114. Бир куни эрталаб Л.И. клиникага келганда уни вестибюлда қарши олдим. Саломлашаётиб у қўлимни руҳсиз сиқиб қўйди ва зинапоядан секин кўтарила бошлади. Мен ёнма-ён кетаётиб Л.И.нинг юқорига кўтарилишга қийналаётганини сездим ва сўрадим: “Мазангиз йўқми?”

115. Т.А. менга ниманидир ўқиб бераётган эди. Ёнимизга К. келиб Т.А. билан суҳбатлашишга тушди. Мен Т.А. ва К.нинг томоғига қўлимни қўйиб, уларнинг овозини эшита бошладим. Кейин К. ва Т.А.нинг юзларини пайпаслаб чиқдим. “Қани, гўзалларим, сизларни кўриб қўяй-чи?” – ҳазиллашдим Т.А.га. “Ҳечқиси йўқ, сенинг юзинг К.никидан яхшироқ”. “Йўқ, К.ники соғломроқ”. “Соғломроқ бўлса бордир, лекин сенинг юзинг жозибалироқ”.

Л.И. билан суҳбат чоғида Т.А. билан К.нинг юзларини қандай кўрганимни унга айтиб бердим. “Айтинг-чи, Т.А.нинг юзи К.никидан чиройлироқ эканини тўғри аниқладимми?” “Ҳа”.

116. Бир куни мен Л.И. ва К. ҳамроҳлигида Журавлевкага бордик. Бу туманда илгари ҳам бўлгандим, аммо К. бизни бошқа йўлдан олиб кетаётганини пайқадим. Илгари ҳам бизга тоғдан тушишга тўғри келганди, унда ўйиқлар бу даражада кўплигини сезмаган эдим. Энди бўлса тиззагача қор кечиб бораётган эдик. “Нимага бизни илгари юрган йўлимиздан олиб бормаяпсиз?” – сўрадим Л.И.дан. “К. бизни яқин йўлдан олиб бормоқчи”. “Нега? Бу йўлдан юриш ёмонроқ-ку”. Л.И. иккимиз қайтаётганимизда мен дарров пайқадим: “Мана бу биринчи юрган йўлимиз. Чунки бу ерда дўнглик ва чуқурликлар йўқ, фақат тоққа кўтарилсанг бўлди”.

117. Менинг хобгоҳимда хонаки гуллар кўп. Ҳар куни эрталаб уларга сув қуйиш керакми-йўқлиги, бирортасининг новдаси синган-синмаганини диққат билан кўриб чиқаман. Бир куни “ўргимчак”нинг бир бутоғидаги барглар бироз уриниб қолганини пайқадим. Бутоқнинг қайси жойидан синганини қидира бошладим. Синчиклаб текширишимга қарамай, даставвал буни аниқлашнинг уддасидан чиқа олмадим. Шундай бўлса-да, бутоқнинг синганига ишончим комил эди. Кейинги дақиқаларда унинг ҳақиқатан синганини аниқладим.

118. Бир куни собиқ фаррошимиз янги туғилган чақалоғи билан бизникига кириб келди. У қўлларида тинчгина ётган гўдакнинг юзларини пайпаслаб кўришимга рози бўлди. Чақалоқнинг жажжи юзига енгилгина тегар-тегмас қатъият билан дедим: “Бурни пучуққина экан”. Онаси кулиб юборди ва менга ўзининг бурнини кўрсатди. “Сиз ҳам ўғлингиз каби пучуқсиз”.

119. Саломлашаётиб қўлимни сиқиб қўйган Т.А.нинг кайфияти яхши эмаслигини пайқадим. “Нимадан шаштингиз паст ёки норозисиз?” “Ҳеч нарсадан” – лўндагина жавоб берди у. Бироқ унинг овози менда баттар шубҳа уйғотди. Бир неча дақиқадан сўнг Л.И. Т.А.нинг норозилиги сабабини айтиб берди.

120. Музейга ташрифларимиздан бирида Л.И. менга рақамлар тикилган кичикроқ байроқни кўрсатди. Ҳар бир рақамни синчиклаб кўриб чиқиб қуйидагиларни ўқидим: “1905 йил”. “Ипакдан экан”, – дея қўшимча қилдим.

121. Бир куни Т.А.никида эдим. У китобларга қизиқишим баландлигини билгани учун мени шахсий кутубхонасига бошлади. Катта китоблардан бирининг муқовасида машҳур кишининг қўли юқорига кўтарилган ҳолдаги бўртма сурати бор эди. Мен уни дарҳол танидим.

122. Байрам арафасида мен ва сафдошларим учун қандайдир совғалар харид қилишди. Буни мендан сир тутишгани боис ёлғиз қолганимда уларни кўриб чиқиш қарорига келдим. Меникида тунаб қолмоқчи бўлган дугонамни ювиниш жойида қолдириб, ўзим совғалар бўлиши мумкин деб ўйлаганим кабиналарнинг бирига йўл олдим.

Стол устида ширинликларга тўла ўрамлар ётарди. Мен бундан-да қизиқарлироқ бирон нарса топиш илинжида дераза олдига яқинлашдим. Қўлларим ўзим аниқлагандай Пушкин баральефига бориб тегди. Хонамга қайтиб келганимда дугонам кутиб ўтирган экан.

– Қаерда эдинг?

– Совғалар билан танишаётган эдим. Улар орасида Пушкин баральефи бор экан.

Байрам куни менга ушбу баральефни совға қилишди.  

123. Хонамда хитой атиргули бор эди. Бир куни уни эҳтиёткорона кўраётиб битта шохини кимдир кесиб олганини пайқадим. Ўсимликларга бундай муносабатда бўлишлари менга ёқмасди. Шохни ким узганини билмоқчи бўлдим, аммо буни ҳеч ким айтиб бера олмади. Л.И. менга: “Балки ўзинг бехосдан синдириб қўйгандирсан”, – деди. Бу мени ҳайрон қолдирди, негаки, мен ўсимликларни жуда эҳтиёткорлик билан парвариш қиламан. Қолаверса, хитой атиргули шохини синдириш ҳазилакам иш эмасди. Боз устига кесилган шохни кўзи соғлом кишига кўрсатганимда у ҳам буни тасдиқлади. Л.И. эса шохни мен синдирганимга ҳамон ишонтирмоқчи бўларди. Мен дедим: “Эҳтимол, беҳуш ҳолатда бўлганимда шундай иш қилишим мумкин эди. Модомики, бу ҳол юз бермаган экан, шохни кимдир кесгани аниқ”.

Рус тилидан СуҳробОЧИЛОВ таржимаси.

(Давоми бор.)

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш