БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

АСАБЛАР, ЗЎРИҚТИРАР КЎП САБАБЛАР

ҲОДИСА ҚАНДАЙ СОДИР БЎЛАДИ?

Ҳаёт йўлининг сабр-қаноатни синов ва машаққатларда тобловчи ўнқир-чўнқирлари, паст-баландликлари мўл. Шунга кўра бизнинг бундаги ҳамроҳларимиз – қувонч ва қайғу, бахт ва бахтсизлик, омад ва омадсизлик тез-тез ўрин алмашиб туради. Ютуқлар ортидан муваффақиятсизликлар изма-из келиши ҳам ҳаётнинг одатий кечмишларидан. Турли қарама-қаршиликлар таъсирида эврилувчан руҳиятимиз бизни гоҳ у, гоҳ бу кўйга солади. Кундалик ташвишларнинг ўзиёқ асабларимиз чидамлилигини кунига неча бор синовдан ўтказади. Қалбнинг очиқ эшикларидан дам-бадам кўнгилсиз ҳолатлар кириб келар экан, руҳий безовталик, асабий таранглик билан кечувчи стресс бу ташрифнинг нохуш ҳосиласи ўлароқ бот-бот юз кўрсатади. Аслида руҳшунослар таъкидлаганидек, инсон туғилгандан то сўнгги нафасигача стресс қучоғида яшайди. У билан кечажак кураш ҳар бир куннинг чекига тушган кўргуликдир. Шундай бўлса-да, биз мазкур руҳий кечим моҳияти, сабаб ва оқибатлари, уни бартараф этиш йўллари ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмасмиз. Шуни эътиборга олган ҳолда айни масала юзасидан кенгроқ мушоҳада юритишга жазм этдик.

Инглиз тилидан ўзлашган “стресс” сўзи “босим, зўриқиш, таранглик” деган маъноларни англатади. Ушбу психик жараён инсон жисмининг ҳаётий зарбалар, кучли ҳис-ҳаяжон ва чарчоқ туфайли руҳий зўриқишга юз тутиши, турли экстремал таъсир (стрессор)ларга қарши жавоб қайтариши асносида содир бўлади. Бу вақтда организмда стресс гормони ҳисобланмиш адреналин миқдори ортиб, тушкунлик таъсирини енгишга қаратилган биокимёвий ва физиологик ўзгаришлар рўй беради. Кишининг умри давомида у ёки бу нохушликлар бири иккинчисига уланиб, узун стресс занжирини ҳосил қилиб бораверади. Рўй берган бирор кўнгилсиз ҳодиса, эшитилган нохуш хабар, жисмда туйилган оғриқ, бирор жиддий муаммонинг йўлда тўғаноқ бўлиши, кўпдан буён режалаштирилган ишнинг амалга ошмаслиги кабилар бунга асос яратувчи ҳаётий вазиятлар саналади. Мазкур асабий зўриқиш жиззакилик, тезда жаҳл отига миниш, тушкунликка берилиш, нотинч уйқу, иштаҳа пасайиши ёки кучайиши, умидсизлик, гап кўтара олмаслик белгилари билан аксланади. Стресс забтига олган кезларда кишида бефарқлик, диққатни жамлай олмаслик, фикрлаш, қарор қабул қилишнинг секинлашиши, фаолият мароми бузилиши, ҳаётга нисбатан қизиқиш сўнишига ўхшаш ҳолатлар кузатилади.

Психологияда стресс тушунчаси қай тарзда изоҳланиши хусусида руҳшунос Ҳақназар Пўлатовнинг маълумотлари қуйидагича: “Стресс инсон вужудининг ташқи муҳитга нисбатан акстаъсири демакдир. Аниқроғи, жисмимиз атроф-муҳитдан таъсирланиш натижасида унга акстаъсир билан жавоб беради ва бошқа бир таъсирнинг вужудга келишига замин ҳозирлайди. Ҳаёт шу кўринишдаги занжир реакциясидан иборат. Бунда табиий қонуниятга кўра руҳиятни, асаб тизимини таранглаштирувчи ҳолатлар кўплаб учрайди. Айни тизимнинг шу каби ташқи таъсирлар остида ўз ўзанидан чиқиб кетиш даражасида зўриқишидан стресс вужудга келади. Бу вақтда асаб толалари ўзидан импульсларни ҳаддан ортиқ даражада ўтказиши боис уларнинг ишлаш жараёнидаги мувозанат бузилади. Асабий толиқиш кучайганда гўё тўлган сабр косасига бир томчи ҳам ортиқчалик қилгандаги манзара намоён бўлади. Айни дамда организм ўзини ҳимоялаш учун акстаъсир ташқарига чиқишига эҳтиёж сезади. Стрессга берилажак аксреакция “Дистресс” дея аталиб, ушбу ҳодиса кучли кулги, йиғи, бақириқ, жазава, столни муштлаш, қўлларни асабий қимирлатиш каби кескин хатти-ҳаракатлар кўринишида акс этади. Айтайлик, кулги ва йиғи инсонни қийнаб келаётган муаммоли ўй-фикрларнинг портлаш тарзида юзага чиқишини таъминлайди. Аёллар кўп йиғлашга мойил бўлгани-ю шу тариқа ташқи таъсирлардан ҳимоялана олганидан касалликларга камроқ чалиниши, буни ўзига эп билмаган эркакларда билъакс, юрак-қон томир хасталиклари кузатилиши тажрибада исботланган. Аслида эркаклар ҳам вақт-вақти билан ҳеч бўлмаса бақириш, қўл силташ, ер тепиниш каби шаклларда акстаъсирларни ташқарига чиқариб туришлари зарур. Стресснинг ташқи ифодаси, инъикоси бўлмиш дистресс шуниси билан аҳамиятлики, бунда асаб зўриқиши боис ўтган вақт давомида тўпланиб қолган заҳарли модда ва салбий қувватлар танадан чиқиб кетишига имкон туғилади. Жамиятда портлаш табиатига эга дистресс ҳолатларидан кенг фойдаланиш учун ўзига хос шароитлар мавжуд. Яъни театрлар, концерт заллари, футбол стадионларига ташриф асносида овоз ва ҳаракатларга эрк бериш орқали кўнгилдаги ғуборлардан фориғ бўлиш мумкин. Чет давлатларда стресс оловини сўндиришнинг турли антиқа усулларидан фойдаланилиб, шулардан бири Японияда кишилар ўзлари нафратланган одамлар ҳайкалини ясаш ёки расмини чизиш орқали уларга нисбатан норози муносабатини турли агрессив шаклларда ифода этиш билан аламдан чиқишларидир. Қисқаси, стресслар охир бориб инқилобий кўриниш касб этмаслиги учун вақтида уларни бартараф этиш чорасини кўриш зарур”.

Мавзуни ўрганишда амалиётчи психолог Муаззам Раҳматуллаеванинг ушбу руҳий ҳодиса атрофидаги мулоҳазалари билан ҳам қизиқдик: “инсон жисмида асаб тизими ва мушаклараро икки томонлама алоқа мавжуд. Мушак ва бўғинлардан ушбу тизимга ўзида муайян маълумотларни акс эттирувчи биологик импульслар юборилади ва улар фаолият жараёнида қўзғатувчи восита вазифасини ўтайди. Бошқача айтганда, мушаклардаги кучланиш даражасига боғлиқ равишда сони ортиб борувчи импульслар асаб толаларига йўналтирилади. Асаблар таранглашуви юз берган ҳолларда мушак ва бўғинларда одатдан ташқари кучланиш ҳосил бўлиши асносида стресс юзага келади. Бу эса нафақат психик, балки жисмоний саломатликка ҳам зиён етказади. Айтиш жоиз, мушак ва бўғинлар мувозанат ҳолатида бўлиши, шу тариқа бош мияга кам импульс юборилиши асабларда хотиржамликни қарор топтиради”.

Стрессга туртки берувчи омиллар сифатида экзоген (ташқи) ва эндоген (ички) таъсирларни айтиб ўтиш мумкин. Ташқи таъсиротлар манбаи бўлмиш атроф-муҳитдаги муносабат, ўзгариш, яхши-ёмон кечмишлар ва воқеликдаги муаммоли вазиятлар боис асаблар зўриқишга учрайди. Яъни айтилган ҳолатлардан кучли даражада таъсирланиш натижасида организмда ички гомеостаз, мувозанат бузилиши рўй беради. Бу ўз-ўзидан шахснинг безовта қиёфаси, асабий хатти-ҳаракатларида зоҳирий ифода касб этади. Ички таъсирлар хусусида сўз кетганда руҳиятдаги ҳар бир ўзгариш инсоннинг шахсий сифатлари, индивидуал психологик хусусиятлари билан боғлиқ равишда бўй кўрсатишини алоҳида урғулаш лозим. Шу жиҳатдан ҳар ким ўзига хос стресс кечимини намоён этади. Оддий мисол: намойиш этилаётган бир фильмга уни томоша қилаётган бир неча кишининг руҳий-асабий ўзига хосликларидан келиб чиқиб муносабати турлича кўринишда бўлади. Кимдир воқеадан таъсирланиб йиғласа, кимдир мийиғида кулиш, яна биров лоқайд қараш билан ўз жавоб реакциясини ифодалайди. Демак, бошқа ҳолатлар қатори стрессни кечиришда ҳам унга туртки берган биргина ахборотнинг кишилар томонидан ўнлаб қабул қилиниш тарзи мавжуд. М. Раҳматуллаеванинг қайд этишича, шахснинг феъл-атвори билан бирга ундаги наслий белгилар ва асаб тизимининг туғма асоси ҳисобланмиш темперамент ҳам руҳий зўриқишга чидамлиликни белгилайди. Кучли асаб тизимига эга шахслар вазиятларни босиқлик билан хотиржам равишда қабул қилсалар, мўрт, заиф асаб эгалари стрессга берилувчан, таъсирчан бўлишлари кузатилади. Айтайлик, меланхолик темперамент соҳиблари стресс билан курашда тезда енгиладиган ва руҳига йўналаётган зарбаларни қайтара олмайдиган кишилар тоифасига киради. Аён бўладики, организмнинг у ёки бу таъсирга нечоғли реакция бериши ундаги асаб тизими қай ҳолатда экани билан узвий боғлиқ. Бу ўринда яна шу жиҳатга диққат қаратиш лозимки, кимлар учун жиддий кўринган ва унда стрессни келтириб чиқарган муаммо бошқа бировларни бу даражада таъсирлантирмай, улар томонидан арзимас ҳолат сифатида баҳоланиши мумкин. Руҳиятнинг айни манзараси ҳам шахсда шаклланган ўзига хос темперамент хусусиятлари билан бирга унинг дунёқараши, воқеликка ишончли-ишончсиз муносабати, ақлий-руҳий имкониятларининг амалдаги инъикосидир.

ЁШ ДАВРЛАРИДА СТРЕСС

Умрнинг ҳар бекатида инсон стресс ҳолатига тушиш ва унинг босимига қарши курашиш савдоси билан юзлашиши аён. Бошқа жиҳатдан, ҳар бир ёш даврининг ўзига тегишли алоҳида стресс кўринишлари мавжуд. Англашиладики, руҳий зўриқишларнинг улкан гирдоби катта-ю кичикни бирдек ўз домига тортаверади. Ҳ. Пўлатов масаланинг айни жиҳатига қуйидагича чизгилар беради: “бола ўсиши жараёнида юз беражак гормонал ўзгаришлар бевосита унинг руҳий саломатлигига ҳам таъсир кўрсатади. Секин-аста атроф-муҳитга мослашаётган гўдаклардаги кўп йиғлашга мойиллик уларнинг заифгина асаб толалари ташқи таъсирларни ўзига фаол сингдириши туфайлидир. Теварак-олам билан муносабат фаоллашиб, ён-атрофдан келаётган ахборотлар оқими кучайгани сари боланинг асаб тизимида бундай таъсирларга берилувчанлик янада ортади. Икки-уч ёшга тўлганда унда “мен”лик, мустақил ҳаракатланиш даври бошланади. Шу вақтда жамиятда мавжуд “мумкин эмас” қабилидаги чегаралаш ҳолатлари унинг асабларига кучли импульслар йўлланишига сабаб бўлади. Юкламаси оғир ушбу ахборотни сингдира олмаслик кичкинтойда инжиқлик, руҳий тангликни юзага келтиради. Ўзга муҳит билан юзлаштирувчи мактаб даврида болани янги-янги чекловлар ва риоя қилиниши зарур кўплаб талаблар қарши олади. Балоғат палласида эса ўсмир организмида янги гормонлар ишлаб чиқилиши-ю чуқур физиологик, психик ўзгаришлар юз бериши, катталар билан зиддият чуқурлаша бориши оқибатида унинг руҳияти таранглик ва мураккабликлар қуршовида қолади. Демакки, даврлар алмашинуви асносида руҳий зўриқишлар янада кенг кўлам касб этиб бораверади”.

Мутахассисларнинг уқтиришича, инсон вояга етган оила муҳити, унинг тарбияланганлик даражаси стрессни қарши олиш ва енгиш жараёнида айрича таъсир кучига эга. Агар у ўзаро ҳурмат-эътибор, соғлом руҳий иқлим ҳукм сурган оилада тарбия топган бўлса, стрессга нисбатан вазминлик, сабр-тоқат ила йўғрилган жавобий муносабатни ифода этади. Бу ён-атрофдан келаётган яхши-ёмон сигналлар, ахборотларга оқилона ёндашув шаклланганининг аломатидир. Аксинча, оилада нотинчлик, тарбияда қусурлар кузатилган ҳолларда айни кемтикли вазиятнинг салбий таъсири стресслар келиб-кетиш тарзини-да нишонга олмай қўймайди. Қолаверса, нотўкис оилавий муҳитда улғайган фарзандлар негатив феъл-атворга эга бўлишлари баробарида бошқалар учун стресс ҳолатларини вужудга келтиришда ҳам ташаббусни ўз қўлларига оладилар. Лекин бир нарса равшанки, ёш улғайгани, ҳаётий тажриба ортгани сайин киши салбий таъсиротларга кескин жавоб қайтариш мавқеидан йироқлашиб боради. Энди ҳаёт синовларида тобланган сабр ва ирода руҳий зарбалар оловини сўндириб, стрессларнинг олдини олувчи куч ўлароқ ўртага чиқади.

ЗЎРИҚИШ КЎРИНИШЛАРИ

Стресснинг физиологик, психологик ва бошқа турлари фарқланади. У яна давомийлик нуқтаи назаридан қисқа ва узоқ муддатли бўлиши мумкин. Асаб тизими кучли зўриқишга учраб, негатив ҳиссиётларни жиловлаш иложсиз бўлиб қолганда кишини узоқ муддатли стресс исканжага олади. Ҳаво ҳароратини кескин равишда кўтарилиши ёки пасайиши, хасталикдан азият чекиш, ҳаддан ташқари кўп жисмоний юкламаларни бажариш натижасида жисман зўриқиш, кучли ёруғлик, қаттиқ шовқин, ўткир ҳид кабилар организмда физиологик стрессни пайдо қилади. Шахснинг эмоционал ҳолати билан боғлиқ психологик стресс эса яқин кишидан айрилиш, автоҳалокатга йўлиқиш, кучли аламзадалик, ғазаб, қўрқув, қай бир ерда табиий офат содир бўлганини эшитиб саросимага тушиш каби қатор вазиятларда бўй кўрсатади. Буни қарангки, ўқишга кириш, яхши ишга жойлашиш, оила қуриш, фарзанд кўриш асносидаги ижобий ҳис-туйғулар ҳам стресс чақирувчи омиллар экан. Умуман, кундалик ҳаётимизда кишиларга меъёрдан ортиқ руҳий-асабий юкламалар тушишидан уларнинг асаблари толиқиши ва таранглашишига сабаб бўлувчи вазиятлар талайгина. Жумладан, иш, яшаш жойларидаги муҳит, теварагимизда тобора кенг кўлам касб этаётган турфа хил ташқи таъсирлар инсон асаб толалари импульсларни қабул қилиб, ташқарига чиқаришидаги мувозанатга жиддий путур етказмоқда. Айтайлик, меъёрдан ортиқ ишлаш асабни зўриқтирувчи руҳий юкламалар миқдори ортишига олиб келади. Шу боис ишхоналарда кишиларни танадаги салбий энергиядан халос этишга қаратилган психологик енгиллашув хоналарини ташкил этиш фаолиятда самарадорлик гаровидир. Чунки бу турли психологик усуллардан фойдаланилиши натижасида толиққан руҳият зарур қувват билан таъминланишига хизмат қилади.

Маълумки, инсон руҳиятида ташқи муҳит таъсирлари қамраб олинувчи ўзига хос майдон мавжуд. Мана шу психологик майдон торайганда одамларда тажанглик, дилтанглик кучая бошлайди. Биз бу ўринда Ҳ. Пўлатов айтмоқчи, аҳолининг ҳудудларда зич жойлашуви кишилар қаршисида яна бир асабий таранглик манбаи сари йўл очаётгани манзарасига ишора қиляпмиз. Ижтимоий стресснинг бу хил кўринишлари кенглик торлик билан ўрин алмашиши бевосита одамлар феъл-табиатида ўз инъикосини топаётганидан далолат. Боз устига бугун уяли телефон, компьютер ва бошқа техника воситалари онгу шуурни забт этишда етакчиликни қўлга олган палла. Улар туфайли ёғилаётган яхши-ёмон ахборий сигналлар, тарқалаётган зарарли тўлқинлар замондошларимизни яна бир информатив стресс билан юзлаштирмоқда. Айниқса, бугун уяли алоқа телефонлари кичик ёшли болаларни тинчлантириш воситасига айлангани ташвишланарли. Болакай мурғаклик чоғидан бошлаб реал воқеликдан узилган кўйи мобил қурилмадаги турфа хил ўйинлар билан соатлаб андармон бўлишни одат қилади. Айтишларича, давомли машғулотдан четлатилган тақдирда боланинг мияси ўрганилган озуқа манбаидан айрилади ва бу унда илк стресс кўринишларини вужудга келтиради. Натижада болалар қурилма катталар томонидан олиб қўйилишига дод солиб йиғлаш, ўзини ерга отиш тарзида кучли норозилик билан муносабат билдирадилар. Ёш авлод руҳий оламини носоғломлик сари элтаётган бу каби манзаралардан ташқари, умум қабул қилаётган ахборотнинг кўплиги ва унинг залворига асаблар дош беролмаётгани ҳам руҳият учраётган зарбалар миқёсини янада кенгайтирмоқда. Шундай қилиб, бугунги шиддаткор даврда башариятга хавф солаётган турли хил стрессларга қарши муҳофаза чораларини кучайтириш долзарб масалага айланди.

КАСАЛЛИКЛАР ДОЯСИ

Ҳаёт бор экан, стрессли вазиятларга дуч келмай ва улар билан курашмай иложимиз йўқ. Уларнинг у ёки бу сабаб билан ташриф буюриши кунда такрорланадиган манзара. Шундай бўлса-да, биз стрессдан азият чекмаслик учун унинг сабабларини аниқлаш ва вақтида бартараф этиш йўли билан айни ҳолатни орадан кўтариш заруратига кўпда риоя қилмаймиз. Аслида эса жисмонан соғломликни таъминлашда руҳий кечимлар тўкислигига эришишнинг аҳамияти муҳим. Стресс биринчи навбатда кишининг асаб тизимига чанг солади, унинг издан чиқиш хавфини кучайтиради. Асаб толалари заифлашуви боис инсон муаммоларни ҳал этиш қобилиятини йўқотади. Стресс давомли тус олган тақдирда юқори даражадаги зўриқишни акс эттирувчи депрессив, агрессив ҳолатлар, ҳатто невроз, психоз касалликлари келиб чиқиши айтилади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда ривожланган давлатлар аҳолисининг 20 фоизи замона хасталигига айланиб улгурган депрессия, хусусан, америкаликларнинг нақ 90 фоизи кучли стрессдан жабр чекмоқда.

Асабий танглик организмнинг умумий аҳволига-да ўз ҳукмини ўтказмай қолмайди. Айтмоқчи бўлганимиз биргина стресс неча-неча касалликларга доялик қилишни уддалайди. Бунинг таъсирида юрак уриши, нафас олишнинг тезлашиши, қон томирлари кенгайиши, бош оғриғи, юқори қон босими, ички аъзолар фаолиятида носоғломлик кузатилади. Аниқланишича, ташқи муҳитдаги салбий таъсирларга берилувчанлик организмнинг юқумли касалликлар ва инфекцияларга қарши курашиш имкониятини пасайтирар экан. Демак, иммун тизими ҳам мазкур ҳолатдан етарлича жабр кўради. Боз устига асаб фаолиятидаги нохуш ўзгаришлар боис инфаркт, инсульт, гипертония, қандли диабет сингари хасталиклар бош кўтаражагидан огоҳлантирадилар. Хулоса шуки, имкон қадар стрессдан четда бўлиш ва унинг зарарли оқибатларидан ҳимояланиш инсон саломатлигининг муҳим талабидир.

РУҲИЯТГА ДАВО ИСТАБ

Руҳимиз, безовта қалбимизни қайта-қайта нишонга олувчи стрессга енгилмаслик, унинг қурбонига айланмаслик учун қай жиҳатларга аҳамият қаратиш лозим? Бошқача айтганда, стрессга учраган кишига биринчи кўрсатилажак ёрдам нимадан иборат? М. Раҳматуллаеванинг айтишича, бундай пайтда стресс жабрланувчиси ҳолатини тўлақонли ҳис қилиш, панд-насиҳат йўлидан бормай, балки уни тушуниш, руҳан қўллаб-қувватлаш, бу вазиятдан чиқа олишига қатъий ишонч билдириш эффектив чора саналади. Керак бўлса йиғлаши, шу орқали титраётган вужудидан салбий ҳиссиётлар ташқарига чиқишига имкон бериш зарур. Кишига мушкул вазиятда қолганини айтиш билан ҳамдардлик изҳор этиш, таскин-тасалли бериш, қўлларни қаттиқ мушт қилиб ёзишга ундаш орқали асаб толаларидаги зўриқишни пасайтириш тавсия этилади. Дарҳақиқат, руҳий енгилликка эришишда қўл мушакларини аввал таранглаштириб, сўнг бўшаштириш тарзидаги аутотренинг машқидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Танага бирор шикаст етганда дарҳол биринчи ёрдам кўрсатилгани каби қалб жароҳат олганда ҳам илк кўмак шу тариқа амалга оширилади. Шундан сўнг руҳий вазиятни ўнглашда қўлланувчи бошқа амаллар қадам-бақадам бажарилади. Суҳбатдошимиз бу борадаги фикрларини шундай давом эттиради: “стресс ҳолатида инсоннинг эриша олмаганлари қадрини пасайтириш билан унга ижобий таъсир кўрсатиш мумкин. Яхши тингловчи бўлган кўнгилга яқин кишилар билан суҳбатлашиш, пиёда юриш, бир маромдаги енгил жисмоний машқларни бажариш, душ қабул қилиш, сокин мусиқа тинглаш каби руҳий бардамлик сари элтувчи усуллардан ҳам фойдаланса бўлади. Тўйиб ухлаш йўқотилган қувватни тиклашда алоҳида ўринга эга. Айтайлик, ким ёки нима биландир боғлиқ кишидаги ҳисларни жунбишга келтириб, руҳини безовта қилаётган қандайдир муаммоли вазият мавжуд. Уни қоғозга туширган ҳолда моддий кўринишга келтириш ва ҳолат акс этган варақларни йиртиш, ёқиб ёки ташлаб юбориш тарзида аламдан чиқиш мумкин. Бу ҳам руҳиятдаги тангликка чек қўйишнинг ўзига хос йўли. Қолаверса, дармондориларга бой антистресс маҳсулотлар, ширинликлар истеъмол қилиш, сузиш машғулотларига қатнашиш, мактуб битиш, кундалик тутиш ҳолатни изга солишда кўмаклашишини эслатиш жоиз”.

Руҳиятни бошқариш ва уни бир маромга келтириш ҳар биримиз учун ғоят аҳамиятли. Мутахассисларнинг қуйидаги тавсияларига амал қилиш руҳий барқарорликни таъминлашда яхши наф беради. Жумладан, мириқиб кулиш, кўтаринки кайфият, мароқли ҳордиқ онлари кишини руҳий безовталикдан халос этади. Самимий кулги мия тўқимасига кислород етиб бориши, руҳият тетиклашишига кўмаклашса, йиғи ички ҳис-туйғуларни юзага чиқариб, қалбни ғуборлардан фориғ этади. Пайти келганда болалар сингари бир вақтнинг ўзида ҳам кулиш, ҳам йиғлашни уддалаш фойдалидир. Кўнгилсизликларни юракда асраш ярамайди. Қандай бўлмасин, уларни кўнгилдан чиқариш тадбирини қўллаш даркор. Руҳий зўриқишдан қутулишнинг бошқа чоралари ғам-аламларни тўкиб солиш, салбий ҳиссиётларни ижобийлари билан алмаштириш, шунингдек, онгу шуурни нохуш ташқи таъсирлардан узиб қўйишдир. Табиат қўйнида ҳордиқ чиқариш, очиқ ҳавода сайр қилиш, қалбга яқин хотираларни ёдга олиш, муваффақиятларни эслаб ҳузурланиш ҳам муҳим тавсиялар сирасига киради. Нафсиламрини  айтганда, руҳий тангликни бартараф этишда асқотувчи оптимизм, эртанги кунга умид, ҳар ҳодисанинг ижобий жиҳатини кўра олиш ва ҳаётга ҳикмат назари ила ёндашиш ҳар биримизда тарбияланиши керак бўлган хусусиятлардир.

Стресс зарарларига қарама-қарши қутбда клиник кузатувлар асносида исботланган кичик зўриқишлар инсон учун керакли ва фойдали эканига оид хулоса ҳам илгари сурилади. Руҳшунослар стресс инсонни муваффақиятлар сари йўналтирадиган ёки аксинча, инқироз ёқасига етаклайдиган куч эканини таъкидлашда якдилдирлар. Киши ҳаёт тарзини фаоллаштирувчи стресслар билан курашиш жараёнида руҳан тобланиб, ундаги ирода, чидамлилик сифатлари, руҳий ҳолатларни бошқариш кўникмаси шаклланиб боради. Шундай экан, канадалик физиолог Ганс Селье айтганидек: “стресс ҳаётнинг аччиқ ва зарур қўшимчасидир”.

Нодира ЗОКИРОВА.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш