БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

РУҲИЙ БЕЗОВТАЛИКДАН БАРҚАРОРЛИК САРИ

ДАРД ВА СТРЕСС

         Биз аксар ҳолларда жисмимиздаги у ёки бу хасталикни даволаш йўлида зўр бериб курашамиз-у, бироқ руҳимизни безовталик ва зўриқишлар чангалидан қандай қилиб қутқариш мумкинлиги борасида кўп ҳам ўйлаб кўрмаймиз. Аслида руҳиятни оғриқли ҳолатлар исканжасидан халос этиш вужуд саломатлигининг бирламчи заруратидир. Бу ҳақда Афлотуннинг шундай сўзлари бор: “Шифокорларнинг энг катта хатоси шундан иборатки, инсон руҳиятини эмас, танасини даволашга киришадилар. Тана ва руҳ мутаносиб ҳолда бир бутунликни ташкил этади. Айрича даволаш мумкин эмас”. Яна айтишларича, шифохоналарга мурожаат қилувчи кўплаб беморлар ўзларидаги руҳий носоғломликни бартараф этганлари тақдирда ўз-ўзини даволаш имконига эгадирлар. Руҳ осойишталигига етишиш учун инсон мушкулотлар қаршисига хотиржам пешвоз чиқа олиши, асабларини  нохушликлар таъсирига берилишдан эҳтиётлаши лозим. Кўзи ожизларда стресс кечимининг ўзига хосликлари ва айни ҳолатни келтириб чиқарувчи омиллар бизни муҳокамага ундаган навбатдаги мавзу.

         Ҳаёт аталмиш кураш майдонида кўзи ожизлар асаби ҳам бошқаларники сингари турли синовларда синалиш ва зўриқишларни кечиришга маҳкум. Шароит тақозосига кўра бу тоифа инсонларни қўшимча зўриқишлар ҳам дам-бадам таъқиб қилади. Жисмоний имконият чеклангани важидан бошқа имконларнинг-да чеклов исканжасида экани, турли тўсиқлар мақсадлар рўёбига ғов бўлиши бунинг бош омилидир. Бошқача айтганда, дардмандлик сабаб дуч келинувчи муаммоли ҳолатлар, носоғлом муносабат, ташқи муҳитдаги нохуш таъсирлар қўшимча зўриқишлар учун асос вазифасини ўтайди. Руҳшунос Ҳақназар Пўлатов кўзи ожизларда стресс қўзғатувчи муайян ҳодисага аксреакция билдириш имкони чекланганига эътибор қаратди:

– Дарддошларимизда кўз қараш, имо-ишора, шунга ўхшаш ифодалар билан бирор ҳолатга нисбатан акстаъсирни изҳор этиш имконсизлиги мавжуд. Улар жавобий муносабатни асосан гап-сўз, хатти-ҳаракатлар ёрдамида ифода этиш усулидан фойдаланадилар. Демак, бизнинг стрессга қарши дистресс кўринишини вужудга келтиришимиз ҳам чекловлардан холи эмас. Гап шундаки, озор берган кишига қарата аксмуносабат билдириш шакллари сифатида салбий юз ифодаларини намоён этиш кўникмаси бизда ёшликдан шаклланмаган. Айниқса, туғма кўзи ожизлар бу борада мушкуллик сезишлари турган гап. Яна бир жиҳати, иккинчи томон ташқи қиёфамиз, юз ифодамиздаги ўзгаришдан қандай таъсирланганини ҳам била олмаймиз. Натижада айни ҳолат биз учун қўшимча стрессни юзага келтиради. Кўзи ожизнинг акстаъсир таъсирини била олмаслиги стрессдан жабрланиши билан бирга ташқи муҳит томонидан у ёки бу тарзда қабул қилинувчи хатти-ҳаракатларини бошқаролмаслигига ҳам сабаб бўлади. Қисқаси, кўришдан бенасиб инсонлар қалбини яраловчи, асабини зўриқтирувчи бу каби ҳолатлар кўплаб учрайди. Биз омма вакилларига қараганда бир неча баробар кўпроқ ташқи муҳит таъсирларига дуч келсак-да, бироқ асаб тизимимиз кучи ва имкониятлари уларники билан бир хил.

АСАБИЙЛИК НИМАДАН?

 Мутахассисларнинг билдиришича, имконияти чекланган кишиларнинг  мураккаб ҳаёт йўлида турфа қийинчиликлар, шароит чекловларига рўбарў келиши уларнинг асабий, жиззаки, зардаси тез сифатларини орттиришларига сабаб бўлади. Чиндан ҳам кимлар учун бир маромда кечган жараён, осон бажарилган вазифа уларга келганда мушкуллик билан рўёбга ошади. Дарддошларимиз кўзланган мақсадга эришиш учун икки ҳисса кўпроқ куч сарфлаб, бор имконият ва салоҳиятдан унумли фойдаланишларига тўғри келади. Кутилмаган муаммо ва иложсиз вазиятлар, табиийки, асаб тизимини жиддий синов остига олади. Аниқроғи, соғломлар билан тенг даражада шароит кенгликларида ҳаракатлана олмаслик туфайли уларнинг асаблари заифлашиб, руҳияти беқарорлик касб эта боради.

Ҳ. Пўлатов дардманд кишиларнинг асабийликда айбланишларига уларнинг асаб тизимини таъсирлантирувчи, издан чиқарувчи ижтимоий омиллар кўплигини сабаб қилиб келтиради: “Ногиронлар табиатан асабий эмас ва улар шундай сифат билан туғилмайдилар. Балки жамиятдаги ҳар турли муносабат ва атроф-муҳитнинг яхши-ёмон таъсирлари бу тоифа кишиларда айни хусусиятни шакллантиради. Чиндан ҳам кўзи ожизлик ҳолатида мавжуд имкониятлардан тенг равишда фойдаланиш ва ижтимоий жараёнларда тўлақонли иштирок этиш учун шароитларнинг чеклангани жисми кемтиклик чуқур ҳис қилинишига олиб келади. Биргина китоб ўқиш масаласида биз соғлом кишилар каби истаган манбани мутолаа қилиш, соҳага оид янги адабиётлар билан танишишга имконсиз эканимиз хоҳлаймизми-йўқми, руҳий барқарорликка раҳна солмай қолмайди. Истаган вақтда хоҳиш ва эҳтиёжларимизни қондира олмаслигимиз оқибатида киши руҳига йўналувчи негатив таъсирлар кўлами кенгайиб, асаблар зўриқувчанликка юз тутади”.

Психолог Муаззам Раҳматуллаева жисмоний кемтиги бўлган инсонларнинг ҳаёт зарбаларини енгиш имкониятини юқори баҳоловчилар тоифасига киради. Унинг урғулашича, вақти келса тўрт мучаси соғ одам биргина тола сочи тўкилишидан кучли стресс ҳолатига тушса, жисми кемтик кишилардаги улкан руҳий куч, қатъий ишонч, яшашга интилиш уларнинг мушкул синовларни-да мардона қарши олишларида намоён бўлади. Суҳбатдошимиз бу борадаги нуқтаи назарини шундай ифодалайди: “Инсонга ато этилган руҳий-маънавий имкониятлар чек-чегарасиздир. Башарти у ўз олдига аниқ мақсадларни қўйса ва астойдил хоҳиш, қунт, сабот билан кўзланган манзил сари одимласа, ҳар қандай маррани забт эта олади. Стресс устидан ғолиб келиш бобида ҳам теран ҳиссиёт, ирода ва сезгиларнинг юксак даражасини ўзида мужассам этган кўзи ожизлар устунликни намоён этишларига ишончим комил. Муҳими, улар вазиятга оқилона ёндашиб, ақлий, фикрий имкониятларни фаолиятга тўғри йўналтирсалар бўлгани”.

МАҚСАД САРИ МУШКУЛ ЙЎЛ

Ўз оламида яшовчи ҳар бир инсоннинг воқеликка ёндашиш, стресс ҳолати билан юзлашиш ва ундан халос бўлиш тарзи ўзига хос. Ким нохушликни уч кун ичида унутиб юборса, кимлардир уни йиллар ўтса ҳамки ёдидан ўчира олмайди. Боз устига киши ҳар қадамда янги объектлар, нотаниш одамлар, турли шароитлар билан тўқнашади. Ўзга муҳит, у ёки бу ўзгаришга мослашув жараёни, табиийки, дарддошларимиз учун зўриқишларсиз кечмайди. Бу пайтда уларнинг ҳар қандай ижтимоий, ҳаётий вазиятга нисбатан руҳий тайёргарлик, мослашувчанлик, келишувчанлик хусусиятларига эга бўлишлари эҳтимолий руҳий тангликнинг олдини олади. Шундай маслаҳат бериладики, инсон ўзидаги бирор нуқсон ёинки ҳаётида юз берган ўзгаришни борича қабул қилиш, тан олиш ва албатта, тўғри баҳолашни ўрганиши зарур.  

Қўқон шаҳридаги “GOLDEN EDUCATION” ўқув маркази раҳбари Умида Ҳошимова ҳаётда ўз ўрнини эгаллаш жараёнида қандай қийинчиликлар, стресс ҳолатларини бошдан кечиргани хусусида қуйидагиларни ҳикоя қилади: “Олий ўқув юртини тугаллар эканман, ўз-ўзидан қаршимда ишга жойлашиш масаласи кўндаланг бўлди. Мен кўп жойларга иш сўраб мурожаат қилдим. Аммо барчасидан бир хилда рад жавобини олдим. Ишсизлик муаммосига олти ойгача ечим топилмади. Уринишлар йўққа чиқиб, кўнгилга ҳеч нарса сиғмайдиган кезлар эди. Стрессни енгишда менга нафақат яқинларимнинг далда-ю кўмагига суяниш, балки ён-атрофда рўй бераётган ҳодисаларни ибрат назари ила кузатиш, китоб оламига шўнғиш ҳам катта ёрдам берди. Фаол ҳаракат, муаммо ечими йўлида курашиш мавқеини мустаҳкам эгаллаган ҳолда синовларни енгиб ўтдим. Мен эндиликда ўз иш ўрнимга эга бўлиш билан бирга янги-янги марралар сари интилишда давом этяпман. Нима бўлганда ҳам ҳаётимдаги ушбу воқеликдан ўзим учун етарли сабоқ олдим. Масала осон ҳал бўлганда эди, синовли дамларда кашф этганим ҳақиқатларни англаб етмасмидим, эҳтимол. Хитой файласуфи Конфуций фикрига кўра: “Кўрганларимни эслаб қоламан, эшитганларимни унутаман, бажарганларимни ҳис қиламан”. Дарҳақиқат, бажарганлари, амалга оширганларини ҳис қилиш инсон учун руҳий қувват манбаидир. Киши эришган ютуқларини кўз олдига келтириб, бунгача босиб ўтилган йўлни бирма-бир хотирдан ўтказиш орқали руҳий инқироздан чиқишга ўзида куч топади.  

Шунга ишонч ҳосил қилдимки, ҳаётда бир эшик ёпилса, иккинчиси очилар экан. Ҳеч вақт икки эшик баробар ёпилгани ёки очилганини кузатмайсиз. Зеро, бу ҳаёт қонуни. Кўришдан бебаҳра инсонлар қаршисида ҳам ўзга имконият эшиклари кенг очилади ва шунинг кўмагида улар ютуқ пиллапояларидан юқорилаб борадилар. Яна бир эътиборли жиҳати, кўзи ожизларда воқеликни ҳиссиёт билан қабул қилиш, уни юракдан ўтказиш ва вазиятга ҳиссий йўсинда ёндашиш устунлик қилади. Ахборот олиш кўпроқ эшитиш сезгисига асосланганидан янги мотивациялар кириб келиши ушбу қобилият воситасида юз беради. Шу маънода яхши суҳбатдош билан мулоқотга киришиш, ташвишларни ким биландир бўлишиш руҳан енгиллашувга хизмат қилади. Теварак-атрофни кузатиш, бир кўришда вазиятни атрофлича идрок этиш имконига эга соғлом кишилар, табиийки, безовталик ва бесаранжомликдан осон қутуладилар”.

Нодира ЗОКИРОВА.

(Давоми бор.)

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш