БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҚАДИМ ВОҲА: ЎЗГАРИШ ВА ИСТИҚБОЛЛАР

Сўнгги йилларда Хоразм воҳасида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, халқ фаровонлиги йўлида бажарилган эзгу амаллар том маънода асрларга татигулик десак янглишмаймиз. Бундан аҳолининг бошқа қатламлари қатори жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ҳам бирдек баҳраманд бўлиб, туб ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда уларнинг дунёқараши, ижтимоий ҳаёт тарзи юксалишга юз тутаётгани айни ҳақиқат. Бугунги кунда вилоятда ЎзКОЖ корхона ва ташкилотларининг иш жараёни жадаллашиб, кўзи ожизларнинг таълим олиш, меҳнат қилиш, умумжамиятга интеграциялашиш имкониятлари кенгаймоқда. Биз қуйида вилоятдаги айни тузилмалар фаолияти, жамиятдошларимиз ҳаёти хусусида ҳикоя қилмоқчимиз.

ИМКОНИЯТЛАР ИШГА СОЛИНМОҚДА

Ўтган йилнинг апрель ойида Хоразм Вилоят Бўлими раиси лавозимига сайланган Бердиғоли Тўлегенов 2005 – 2016 йиллар давомида Хива МТ (маҳаллий ташкилот) етакчиси, бир муддат Хива ЎИЧК МЧЖ директори вазифаларида фаолият юритиб, кўзи ожизларни жамият атрофига жипслаштириш, ёшларни таълим ва меҳнатга жалб этиш, қолаверса, корхонани янги бино билан таъминлашга катта ҳисса қўшди. ВБни бошқариш масъулиятини зиммасига олгач, маъмурий бино билан боғлиқ муаммоларни бартараф қилиш, молиявий имкониятларни кенгайтириш, жамият аъзолари ҳақида маълумотлар базасини шакллантириш ишига киришди.

         Маълум бўлишича, 2015 йилда Урганч шаҳар ҳокимининг қарорига биноан вилоят бўлими биноси жойлашган истироҳат боғи кенгайтирилиши муносабати билан унинг учун шаҳардаги маҳалла идорасидан алоҳида жой ажратилди. Ўтган асрнинг 60-йилларида барпо этилган умумий майдони 295,37 кв. м га тенг мазкур идора ҳудудининг 3 хона, даҳлиз ва боғ майдонининг тенг ярмидан иборат қисми ВБ ихтиёрига ўтказилди. Кўримсиз аҳволга келиб қолган ушбу маъмурий бино ўтган йилнинг ёз мавсумида ҳашар йўли билан жорий таъмирдан чиқарилди. Мутасаддиларнинг хабар беришича, яқин келажакда марказий автомобиль йўли бўйида жойлашган айни иншоотни бузиш режага киритилган. ВБ биносида электр ва газ таъминоти мавжуд бўлса-да, бироқ ҳали-ҳануз шаҳар телефон тармоғига уланмаган. Боиси, ҲБ масъуллари олдида ҳали коммунал тўловлар муаммосини ҳал этиш вазифаси турибди. Гап шундаки, маҳалла идорасининг йиллар давомида табиий газ истеъмолидан юзага келган салкам 7 млн. сўмлик қарздолигини тугатиш эндиликда ВБ зиммасига тушмоқда. Авжи қиш кунлари идора газ таъминотидан узиб қўйилганини кўриш мумкин. Ажабланарлиси, объект жамият балансига ўтказилиши жараёнида ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар ўртасида далолатнома тузилмаган. Айни масала   газ таъминоти корхонаси ва маҳалла идораси билан ўзаро ҳал қилинишини сўраб ВБ раҳбариятининг ҳокимлик ва суд идораларига йўллаган мурожаатлари жавобсиз қолмоқда.

Бугунги кунда вилоятдаги маҳаллий бўлинмалар томонидан жами 3341 нафар кўзи ожиз ҳисобга олинган бўлиб, уларнинг 1703 таси жамият аъзоларидир. ВБ раҳбарияти томонидан кўриш бўйича ногиронларни ўз вақтида аниқлаш ва жамият аъзолигига қабул қилиш юзасидан тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Халқ Демократик Партияси ҳудудий кенгаши кўмагида жойлардаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали кўриш имконияти чекланган шахслар уй манзиллари аниқланиб, улар ўртасида тарғибот ишлари юритилмоқда. Ўтган йили янгидан аниқланган 22 нафар кўзи ожиз кишининг 7 таси жамият аъзолари сафига қабул қилинган. Айтиш жоизки, ҳисобда турган жамият аъзоларининг аксариятини 50 ёшдан ошган кишилар ташкил этади. Бунда 30 ёшгача бўлган аъзолар бор-йўғи 119 нафардан иборат.

Кўзи ожизларнинг иш билан таъминланганлик даражасига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳудуддаги корхона ва ташкилотларда 72, тизимдан ташқаридаги муассасаларда 79 нафар киши фойдали меҳнатга жалб қилинган. Ушбу рақамлар воҳада яшовчи меҳнатга лаёқатли кўзи ожизлар сони билан солиштирилганда бандлик вазияти нақадар долзарблиги аён бўлади. Буни ўтган йили вилоятда биронта кўриш ногирони ишга жойлаштирилмаганидан англаш қийин эмас. Б. Тўлегеновнинг таъкидлашича, кўзи ожиз ёшлар бандлигини таъминлашда жамият корхоналарида бўш иш ўринларининг етарли эмаслиги, қолаверса, муносиб иш топишда қийналаётган чекка туманларда яшовчиларнинг марказда ҳам фаолият имкониятлари чекланаётгани асосий тўсиқ бўлмоқда. Шундан келиб чиқиб, эндиликда уларнинг якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланишларига кўмаклашиш, ЎИЧКларда янги иш ўринларини яратиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Яна бир оғриқли муаммо шундаки, ҳудудда истиқомат қилувчи жамият аъзоларидан 343 нафари ҳатто бошланғич маълумотга, 445 таси Брайль ёзуви саводхонлигига эга эмас. Демак, бу тоифа кишиларни ўқитиш ва меҳнатда банд этишга кўмаклашиш жамият ташкилотларининг муҳим вазифаси саналади.

ВБ раҳбариятининг кўзи ожизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маданий ва спорт тадбирларини ўтказиш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилиш мақсадида йўллаган мурожаатларига жавобан вилоят ҳокимлиги, “Маҳалла”, “Нуроний” жамоат фондларининг ҳудудий бўлимлари томонидан озми-кўпми молиявий кўмак кўрсатилмоқда. Турли сана ва байрамлар муносабати билан ВБ ва айрим МТларда жамият аъзолари учун тўкин дастурхон тузаш, совға-салом улашиш анъана тусини олган. Жумладан, Халқаро ногиронлар куни арафасида Хонқа, Ҳазорасп, Боғот туманларида уюштирилган ана шундай тадбирларда 650 нафар кишининг иштироки таъминланди. “Ёшлар иттифоқи” ҳудудий кенгаши билан ҳамкорликда вилоят миқёсида ташкил этилган кўзи ожиз йигит-қизлар ўртасидаги маданий тадбир кўпчиликнинг ёдида қолди. Шунингдек, ВБ ташаббуси билан Урганч ёғ-мой МЧЖ молиявий кўмагида 18 нафар спортчи иштирокида шахмат-шашка мусобақаси уюштирилди. Республика кўрик-танловларида Н. Қиличев, Б. Қўчқоров, Ў. Яхшимуродов каби вилоятдаги жамиятдошларимизнинг истеъдод ва маҳоратини намоён этиш билан совринли ўринларни қўлга киритгани ҳам эътирофга молик.

         Ҳозирда МБ томонидан вилоят бўлмига икки штат бирлиги бўйича иш ҳақи учун дотация ажратилиб, қолган икки штатнинг ойлик маошлари, коммунал тўловлар, хизмат сафари, моддий ёрдам билан боғлиқ харажатлар Урганч, Хива ЎИЧКларининг 0,5 фоизли ажратмалари, ёрдамчи хўжаликдан тушган даромад ҳисобидан амалга оширилмоқда. Яқин келажакда ВБ қошида бозор талабларидан келиб чиқиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга йўналтирилган кўп тармоқли шўъба корхона очиш кўзда тутилган. Илгари Урганч ЎИЧК тасарруфида бўлган Хонқа туманидаги 11 гектар экин майдонига эга ёрдамчи хўжалик 2015 йилда ВБ ихтиёрига ўтказилди. Бу ерда фермер хўжаликлари билан тузилган шартномага мувофиқ етиштирилган ҳосилдан олинган даромаднинг 50 фоизи ВБ молиявий ҳолатини яхшилаш, жамият аъзоларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга сарфланмоқда. Биргина ўтган йилнинг ўзида ёрдамчи хўжаликдан ВБ ҳисобига 17 млн. сўм маблағ кирим қилиниб, тизимда ишловчи 75 кишининг ҳар бирига 50 кг дан гуруч бепул тарқатилган. Мавжуд тажрибани маҳаллий бўлинмалар фаолиятида қўллаш мақсадида ВБ раҳбарияти томонидан тегишли ҳокимликларга қилинган мурожаатлар ўз натижасини бериб, Урганч Шаҳар бўлинмасига фойдаланиш учун 9, Хива Маҳаллий ташкилотига 10, Янгибозор туман ташкилотига 15 гектар ер майдони ажратилган. Бироқ Хива, Янгибозор туманларидаги экин майдонлари шўрланиши юқори ва лаълмикор бўлгани туфайли зироатчилик кутилган натижани бермаган. Урганч ШБ эса етиштирилган ҳосилдан 8 млн. сўм даромад олишга эришган.

ВБ назоратидаги 1 та шаҳар, 7 та туман, 2 туманлараро маҳаллий бўлинмалар ўз бино-иншоотларига эга бўлмай, уларнинг аксарияти маданият муассасаларида қўним топган. Урганч шаҳар, Хива, Хонқа, Қўшкўпир туман бўлинмалари ҳомийлик маблағларини жалб этиш орқали молиявий имкониятларни кенгайтириш, турли тадбирлар ташкиллаштиришда алоҳида намуна кўрсатмоқда. Мисол тариқасида ўтган йили умумий ҳисобда 13,5 млн. сўм маблағ ундирилганини айтиш мумкин. Қувонарлиси, 2017 йил вилоятдаги жамият тузилмалари ичида илк бор ЎзР Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондининг грант танловида ғолибликка эришган Қўшкўпир МТ 25 млн. сўм қийматидаги лойиҳа доирасида жамият аъзолари учун спорт, мусиқа тўгаракларини очиш, ташкилот моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишларига киришди.  

         Ижтимоий ҳимоя тадбирларига келсак, ўтган йил мобайнида ВБ томонидан  жамият аъзоларига 6 млн. 414 минг 900 сўм пул кўринишидаги, 7 млн. 480 минг сўмлик моддий ашёвий ёрдамлар кўрсатилиб, МБ тақсимотига биноан Янгийўл сиҳатгоҳига 7 дона имтиёзли йўлланма ажратилган. Таассуфки, кўзи ожизларнинг бепул тиббий кўрикдан ўтишлари, санаторийларда даволанишларини ташкил этиш бўйича жамият ташкилотлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, ТМЭКлар ўртасида фаол ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмаган. ВБга кўриш имконияти чекланган фуқаролардан кўпроқ имтиёзли уй-жой харид қилиш, маиший турмуш шароитларини яхшилаш, ТМЭК кўригидан ўтишга кўмаклашиш масалаларида мурожаатлар келиб тушади. Ушбу мурожаатлар натижаси ўлароқ 3 та кўзи ожизлар оиласи “Ёшлар иттифоқи”нинг имтиёзли кредит асосидаги уйлари, кам таъминланган бир оила намунавий типдаги бепул турар жой билан таъминланди. ВБ раиси вилоят ҳокими қабулида бўлиб, тизимдаги хўжалик субъектларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ВБ учун хизмат машинаси, замонавий ахборот технологияларини ажратиш масаласида ҳокимликдан бевосита ёрдам кўрсатиши сўралган. Зеро, ҳозирда ВБ идорасида бор-йўғи 1 дона эски русумдаги компьютер жамламаси бор, холос. Нима бўлганда ҳам вилоятдаги жамият ташкилотлари мавжуд имкониятлар доирасида фаолият юритиб, Устав мақсад-вазифаларини бажаришда янги ресурсларни ишга солиш йўлида изланишда давом этмоқда.

ЯНГИ ҚИЁФАДАГИ УРГАНЧ ЎИЧК

         Бугунги кунда юртимизнинг қай гўшасига борманг, замонавий шаҳарсозликка асосланган кўркам бино-иншоотлар, ижтимоий объектлар бунёд этилаётганига гувоҳ бўласиз. Бунинг исботини 2017 йилда қурилиб ишга туширилган Урганч корхонаси янги биноси мисолида яққол кўриш мумкин. Биз сафаримиз давомида ушбу ЎИЧКка ташриф буюриб, бу ерда ишчи-ходимлар учун яратилган шароитлар, ишлаб чиқариш жараёнидаги ўзгаришлар билан яқиндан танишдик.

Корхона директори А. Ҳусаинбековнинг маълумотига кўра, Урганч ЎИЧК ихтиёридаги ўтган асрнинг 50-йилларида  барпо этилган умумий майдони 4321,69 кв.мдан иборат эски бино-иншоотлар вақт ўтиши билан нураб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган эди. Мавжуд токарлик устахоналари, гараж, қўшимча цехлар қарийб 10 йилдан буён қаровсиз жойга айланганди. Маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари ҳар йили жорий таъмирланишига қарамай, ёғингарчилик мавсумида том ва деворларга жиддий шикаст етарди. Шу боис ҳатто бу ерга ижарачиларни жойлаштириш орқали даромад топиш имкони ҳам йўқ эди. Катта   йўл бўйида жойлашган мазкур иморатнинг шаҳар кўркини бузиб тургани, қолаверса, йиқилиш хавфи борлиги инобатга олиниб, Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан чиқарилган 2586-қарорда ЎИЧКни бошқа манзилга кўчириш ёхуд қайта қуриш ҳақида кўрсатма берилди. Шундан келиб чиқиб, корхона учун бўш турган фойдаланишга ноқулай, ер майдони кичик бинолар таклиф қилинди.

ЎзКОЖ МБ Раёсатининг 2016 йил 27 декабрдаги 96-қарорида Урганч ЎИЧК биносини бузиш ва қайта тиклашга жамиятнинг молиявий имконияти етишмаслиги туфайли тадбиркорлик тузилмалари билан ҳамкорликда мазкур ҳудуднинг ўзида янги иншоотлар барпо этиш кўзда тутилган. Шу тариқа МБ, Урганч ЎИЧК ва “Foreigng exparience” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага мувофиқ эски иншоотларни бузиш ва улар ўрнида пудратчи ҳисобидан маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари билан бирга кўп қаватли турар жой ҳамда 300 кв.м га тенг автотураргоҳ бунёд этиш, янги уй-жойлардан кўзи ожиз ишчиларга имтиёзли тўлов асосида камида 8 та квартира ажратиш, корхонанинг трансформатор қурилмасидан эркин фойдаланишини таъминлаш вазифалари белгиланди. 2017 йилдан эътиборан ушбу вазифалар ижросига киришилиб, ажратилган 2 млрд. сўмга яқин маблағ эвазига кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари жадал суръатда олиб борилди. Ниҳоят, ноябрь ойида мазкур ҳудудда корхонага тегишли ҳар бири икки қаватли иккита бино ва унга туташ қўшимча объектлар, шунингдек, аҳоли учун беш қаватли турар жой қад ростлади.

Янги объектда ишчилар учун зарур меҳнат шароитлари яратилиб, цехларга акфа эшик-ромлар, ҳаводаги чангни тозаловчи вентиляторлар, ёнғинга қарши қурилмалар ўрнатилган. Унинг замонавий иситиш ускуналари, иссиқ ва совуқ сув, табиий газ билан узлуксиз таъминлангани бу ерда йил давомида фаолият юритиш имконини беради. Қолаверса, корхона ҳисобидан 32 млн. сўмлик офис мебеллари ва ошхона жиҳозлари харид қилинган. Эндиликда ҳовли йўлаклари ва биноларнинг кириш жойларига кўзи ожизлар бемалол ҳаракатланиши учун махсус тутқичлар ўрнатиш кўзда тутилган. Айтиш жоизки, ЎИЧК биносининг тенг ярмини эгаллаган вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси шохобчаси, Урганч шаҳар маданият ва аҳоли дам олиш маркази, эркак ва аёллар сартарошхоналаридан ишчиларга бепул хизмат кўрсатиши боис ижара тўлови ундирилмайди.

ЎИЧКнинг асосий даромади пахтани қайта ишлаш эвазига шаклланади. 2017 йил мобайнида умумий ҳисобда 829 млн. 836 минг сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 835 млн. 887 минг  500 сўмлик товар реализация қилинган. Ўтган давр давомида Хитой давлатида ишлаб чиқарилган пахтани қайта ишлаш дастгоҳи ҳамда тўқув мато тайёрлашга мўлжалланган тикув машинаси харид қилиниши ҳисобига модернизация ишлари амалга оширилган. Бироқ тўқув матоси харидоргир бўлмагани туфайли уни ишлаб чиқариш жараёни суст кечиб, натижада бу билан боғлиқ ўзгаришлар ўз ижобий самарасини бермаяпти. Боз устига кўзи ожизлар қўл меҳнати ёрдамида тайёрланадиган бўз маҳсулотига ҳам кундан-кун талаб камайиб бормоқда. Турли кўргазма ва биржа савдоларида қатнашиш натижасида ўтган йилнинг ўзида “Жайхун-Осиё текстиль” МЧЖга 21 млн. 200 000, “Хоразамгазқурилиш” корхонасига 6 млн. 880 000, “Гулчеҳра-Нилуфар люкс” хусусий фирмасига 55 млн. сўмлик кўрпа-тўшак, ёстиқ, пахта маҳсулотлари етказиб берилган. Маъмурият томонидан кўзи ожизларга мос иш турларини кенгайтириш мақсадида яқин келажакда корхонада кўрпа-ёстиқ жилдлари, чойшаб тайёрлаш, макарон, нон маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бу борада зарур дастгоҳ ва ускуналар харид қилиш бўйича жиддий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бугунги кунда корхонада меҳнат қилаётган 71 нафар ишчи-хизматчининг 48 таси кўзи ожизлар ҳисобланади. Ўтган йили соғлом ишчиларга ҳар ой ўртача 358 880, ногиронларга 247 946 сўм миқдорида ойлик маоши тўлангани корхонада соғлом ва кўзи ожиз кишиларнинг иш ҳақлари ўртасида номутаносиблик мавжудлигидан далолат беради. Маъмурият томонидан ишчи-хизматчиларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур меҳнат ва дам олиш шароитларини яратиш бўйича бор имкониятлар ишга солинмоқда. Хусусан, корхона касаба уюшмаси кўмагида 2017 йилнинг ёз мавсумида ишчилар учун Хонқа сиҳатгоҳи ва ногиронларнинг фарзандлари учун Бўстонлиқ оромгоҳига иккитадан имтиёзли йўлланма ажратилган. Қолаверса, ЎИЧКка тегишли “Дамас” автомашинаси меҳнаткашларнинг ишга келиб-кетишлари учун хизмат қилмоқда. Шу ўринда таъкидлаш керакки, йиллар мобайнида қаровсиз аҳволда ётган кўзи ожизлар умумий ётоқхонаси 2015 йил Урганч корхонаси ҳамда шаҳар ҳокимлиги маблағлари ҳисобидан капитал таъмирланиб, иситиш ва канализация тизимлари янгиланди. Бир сўз билан айтганда, ЎИЧК раҳбарияти ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш орқали иқтисодий муҳитни барқарорлаштириш, меҳнатчиларга муносиб шарт-шароитлар яратиш йўлида астойдил изланмоқда.

ВАЗИЯТ ҚАЧОН ЎНГЛАНАДИ?

Хусусий тадбиркор Шавкат Абдуллаев етакчилигидаги ЎзКОЖ Хива ЎИЧК МЧЖда сўнгги йилларда ишлаб чиқариш режаларини бажариш, қарздорлик ҳолатларига барҳам бериш бўйича бирмунча ижобий силжишлар рўй беришига эришилди. Қурилиш тарихи ўтган асрнинг 60-йилларига бориб тақалувчи корхона жойлашган икки қаватли бинонинг умумий майдони 3745,9 кв.м га тенг бўлиб, у 2009 йилда жамият балансига ўтказилган. Бу ерда ЎИЧК билан бирга Хива маҳаллий бўлинмаси, туман кўзи ожизлар кутубхонаси ҳамда икки ўртада тузилган ижара шартномасига кўра “Автотест” ўқув маркази фаолият юритади. Аслини олганда, ҳозирда эскириб, таъмирталаб ҳолга келгани боис корхона биносининг бўш турган жойларидан самарали фойдаланиш, ҳеч бўлмаганда уларни ижарага бериш ҳисобидан қўшимча даромад топиш имконияти чекланган.

Корхонада мавжуд пахта тозалаш, бўз, кўрпа-тўшак, ёстиқ тайёрлаш цехларида меҳнат қилувчи 30 кишининг 18 нафари кўзи ожизлардир. 2017 йил мобайнида ушбу хўжалик субъектида 425 млн. 800 минг сўмлик маҳсулот тайёрлашга эришилган. Йиллик иш ҳақи фонди 54 млн. 803 минг сўмни ташкил этиб, бунда ногиронлар улуши 25 млн. 377 минг сўмга тенг. Куз-қиш мавсумида иссиқлик таъминоти етарли эмаслиги боис ЎИЧКда фақат ёз ойларида фаолият жараёни бир маромда кечиши кузатилади. Иш ҳажми ва ойлик маошларнинг камлиги, зарур меҳнат шароитлари яратилмагани туфайли ишчилар сони йил сайин қисқаришга юз тутмоқда. Буни ўтган йилга нисбатан ҳозирда улар сони 45 тадан 30 тага тушиб қолганида кўриш мумкин. 2012 йилда Урганч корхонасидан келтирилган 16 та бўз тўқиш дастгоҳи ҳамда хорижда ишлаб чиқарилган 2 дона тикув машинаси харид қилинганини ҳисобга олмаганда сўнгги даврда бу ерда модернизациялаш жараёни юз бермаган. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга талаб ҳам у қадар юқори эмас. Буни ўтган йили корхонада бўз ишлаб чиқариш амалга оширилмагани бор-йўғи 2 та ташкилотга шартнома асосида тайёр маҳсулот етказиб берилгани яққол исботлайди. Юқоридагилардан келиб чиқиб Хива корхонасида сармоядорларни жалб этган ҳолда кенг кўламли таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, янги ишлаб чиқариш линияларини ўзлаштириш, бўш турган ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш чораларини кўриш талаб этилади.

Икром РАЖАБОВ.