БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Қатнашчилар ижтимоий таркиби таҳлили шуни кўрсатдики, Қурултойга 90 нафар кўриш бўйича I, 8 нафар II гуруҳ ногиронлари, 7 нафар соғлом жамият аъзолари, 86 эркак ва 19 нафар аёллар, 1 нафар 16 дан 30 ёшгача, 43 нафар 30 дан 50 ёшгача, 61 нафар 50 ёшдан юқори бўлганлар, 72 олий, 20 ўрта махсус, 13 нафар ўрта маълумотлилар, 89 ўзбек, 6 қорақалпоқ, шунингдек, 10 нафар бошқа миллат вакиллари сайланишган.  Анжуманга яна Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ж.Чоршанбиев, Адлия Вазирлиги Жамоат бирлашмалари ва диний ташкилотлар бошқармаси сектор мудирлари А.Набираев ҳамда А.Рўзиевлар, республика нодавлат ташкилотлар миллий Ассоциацияси ходими Д.Муталов, Ўзбекистон Енгил, мебель саноати ва коммунал-маиший хизмат ходимлари касаба уюшмаси марказий кенгаши раиси М.Одилова, айни ташкилотнинг Тошкент шаҳар бошқармаси раиси О.Сафоев, БМТ Тараққиёт дастурининг АССЕSS лойиҳаси ходими Ж.Нажмиддиновлар ташриф буюрдилар.

         Қурултой кун тартибига кўра ЎзКОЖнинг 2004 йил 1 октябрдан 2009 йил 1 апрелгача бўлган даврдаги фаолияти, Марказий назорат-тафтиш комиссияси (МНТК)нинг айни даврни ўз ичига олган ҳисоботи, ЎзКОЖнинг амалдаги Низомига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш, жамият раиси, ЎзКОЖ МБ аъзолари, МНТК раиси ҳамда аъзоларини сайлаш масалалари муҳокама этилди.

         Дастлабки масала бўйича, яъни икки қурултой оралиғидаги муддатда ишлаб чиқариш, молиявий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ҳамда реабилитация соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрланган маърузада қайд этилишича, низомий вазифаларимизни бажариш кўп жиҳатдан тизимдаги ЎИЧКларнинг ишлаб чиқариш соҳасида оладиган даромадларига боғлиқ. Ўтган давр ичида корхоналаримиз сони 6 тага кўпайиб, бугунги кунда улар миқдори 52 тани ташкил этади. Аёнки, уларнинг асосий вазифаси кўриш бўйича ногиронларни иш билан таъминлашдан иборат. Шундай бўлса-да, ҳисобот даврида корхоналаримизда рўйхатда турган жами ишчи-хизматчиларнинг умумий сони 3545 нафардан 1911 нафарга тушиб қолган. Бунинг асосий сабаблари қилиб жамият ишлаб чиқараётган маҳсулотларга нисбатан рақобатнинг кучайганлиги, коммунал хизмат учун нархларнинг ўсганлиги, янги иш ўринлари ташкил этилмай, аксинча, мавжудларини ҳам қисқартиришга мажбур бўлинаётганлигини кўрсатиш мумкин.

         2004 йилда жамият бўйича 1 млрд. 974 млн. 717 минг сўмлик халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқарилган бўлса, 2008 йил мобайнида бу кўрсаткич 8 млрд. 308 млн. 312 минг сўмга етган. Йиллик ўсиш ўртача 20 фоизни ташкил этган. Шунга мос равишда ўртача иш ҳақи ҳам 15,9 минг сўмдан 60 минг сўмга кўтарилган. Жамиятимизда тайёрланадиган бўз, кўрпа-тўшак, ёстиқ, чойшаб, ип-калава ва бошқа анъанавий маҳсулотлар, шунингдек, пахтани қайта ишлашга қўшимча ўлароқ нотўқима мато, электр симлари, макарон, косметика маҳсулотлари тайёрлаш ҳам йўлга қўйилди. Шу билан бирга, хизмат кўрсатиш соҳаларида акфа эшик-ромлар тайёрлаш ва ўрнатиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича маълум ишлар амалга оширилди. Умуман олганда, ҳисобот даврида 762 киши ишга жойлаштирилди. Қолаверса, меҳр-мурувват давлат дастурига таяниб, жамият корхоналарига 330 млн. сўмлик кам фоизли имтиёзли кредитлар олиб берилди. Юқорида баён этилганларга қарамай, кўриш бўйича ногиронлар ўртасида иш билан таъминланмаган юртимиз фуқаролари кўплигини инобатга олиб, жамият корхоналарида уларга мос ва қулай иш турларини йўлга қўйиш, бунинг учун бандлик хизматлари, лизинг компаниялари, турли жамғармалар ва ташкилот грантлари асосида сармоялар жалб қилиш йўли билан замонавий дастгоҳлар харид қилиш талаб этилади. Шунингдек, бюджетдан маблағ билан таъминланадиган турли ташкилот ва муассасаларга давлат буюртмаси сифатида маҳсулот етказиб беришга эришиш йўлларини излаб топишимиз лозим.

         ЎзКОЖ МБ Раёсати қарорига мувофиқ ишлаб чиқаришни такомиллаштириш ва бошқарувда жамоатчилик иштирокини кучайтириш мақсадида жамиятнинг ягона таъсисчилигида 2006 йилдан эътиборан ЎИЧКларимизга масъулияти чекланган жамият мақоми берилди. Бунинг натижасида корхоналаримиз қарийб 4 фоизга ишлаб чиқаришдан тўланадиган солиқлардан озод бўлишга эришди. Шунга кўра ҳар йили ўртача 200 млн. сўм маблағ жамият ихтиёрида қоладиган бўлди.

         Таъкидлаш жоизки, жамият фаолиятини бошқариш ҳамда кўзи ожизларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун корхоналаримиз ишлаб чиқарадиган маҳсулот таннархидан ўтказиладиган 2,5 фоизли ажратма ва бошқа турли тушумлардан фойдаланилади. Ҳисобот даврида жамиятимизда тайёрланган маҳсулотлар 23 млрд. 211 млн. 682,4 минг сўмни ташкил этган бўлса, ундан тушадиган ажратма 509 млн. 497 минг сўмни ташкил этди. ВБлар фаолиятини ривожлантириш учун 2007 йилдан 2009 йилнинг 1 апрелига қадар корхоналаримиз томонидан ажратилган 0,5 фоизли тушум миқдори 71 млн. сўмга етди. Фойдаланилмаётган жамият мулкларини ижарага бериш натижасида қарийб 300 млн. сўм фойда кўрилди. Бироқ айни борадаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш зарур.

         Маълумки, республикамизда  кадрлар масаласига  жиддий эътибор қаратилган. Истаймизки, жамиятимизнинг  барча соҳадаги  раҳбарлари ҳам замонавий фикрлайдиган, вазиятни тўғри баҳолайдиган ва масалаларга ечим топа оладиган кадрлар бўлиши лозим. Лекин айрим раҳбарлар бу каби талабларга жавоб бера олмайдилар. Ижро интизоми кўнгилдагидек эмас. Айни важларга кўра беш йил мобайнида МБ аппарати ва номенклатура ходимлари билан тузилган жами  86 та меҳнат шартномаси бекор қилинган. Ҳозирда фаолият юритаётган 74 ташкилот раҳбарларидан 55 нафари олий, 17 нафари ўрта махсус ва икки нафари ўрта маълумотга эга. Келгусида раҳбар ходимларни тизимимиз ва ундан ташқари малака ошириш ҳамда қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш, заҳирадаги кадрларни ҳам имкони борича жамият бошқаруви ишларига жалб этиш мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, директорлар ва бошқа мутахассис ходимларнинг лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқиш ва уларга оғишмай риоя қилиш кадрлар ишини яхшилашга хизмат қилади.

         ЎзКОЖ ҳудудий бошқарувлари ҳамда туман, шаҳар ташкилотлари жойлардаги ҳокимликлар, маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини  ўрнатишган. Жумладан, Навоий, Бухоро, Андижон, Фарғона, Самарқанд, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё ва Наманган вилоят бошқарувлари айни уринишлар самараси ўлароқ ўз фаолиятлари учун бюджет ва бюджетдан ташқари  маблағларни  жалб қилишга эришдилар.  2006 йил – Ҳомийлар ва шифокорлар йилига бағишланган Давлат дастурига  мувофиқ юзга яқин жамият аъзолари оилаларига маҳаллий органлар томонидан  биттадан қорамол ажратилди. Ўтган беш йил мобайнида Сирдарё ва Навоий ВБларидан ташқари барча ҳудудий бошқарувлар компьютерлар билан  таъминланди. Андижон, Бухоро, Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент, Навоий вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳар бошқарувлари биноларини таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига ЎзКОЖ МБ томонидан маблағ ажратилди.

         Жамият аъзоларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларнинг қизиқишларини қондириш мақсадида  икки қурултой оралиғида ҳудудий бошқарувлар саъй-ҳаракатлари билан жами 16862 маротаба маданий-маърифий, спорт ва реабилитация тадбирлари ўтказилган. Фаолият юритаётган тўгаракларнинг умумий сони 1260 тага етган. Республикамизда ҳисобга олинган кўзи ожизлар сони 2004 йилда  33110, бугунги кунда эса 36400 кишини ташкил этгани ҳолда ушбу муддат ичида жамият аъзолари умумий сони  27336 нафардан 23679 нафарга тушиб қолган.

         2006 йилдан буён “Бир сафда” журнали таҳририятига давлат  бюджетидан маблағ ажратилаётгани қувонарли ҳолдир. 2004 йил кўрсаткичи бўйича журналнинг брайлча нусхаси 211 донани ташкил қилган бўлса, эндиликда унинг адади 350 донадан ошиб кетди.  Биламизки, “Санъат гулшани” маданият саройи ходимлари республика миқёсидаги деярли барча тадбирларда фаол қатнашиб келадилар. 2006 йилдан эътиборан айни ташкилот томонидан яна бир хайрли ишга қўл урилди. Яъни ушбу маскан қошида “гапирувчи” китоблар тайёрланадиган овоз ёзиш студияси ташкил этилди. Шу кунга қадар кутубхоналар буюртмасига кўра 61 номдаги китоб дунё юзини кўрди. Шу билан бирга сарой қошида кўзи ожиз ёшларга компьютерни ўргатиш мақсадида ўқув курслари очилди. Бундан ташқари МБ томонидан ўғил-қизларимизни жамият ҳаётига кўпроқ жалб этиш мақсадида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети билан ҳамкорликда кўзи ожиз талабаларни бирлаштирувчи фаоллар клуби ташкил этилди.               

Реабилитация соҳасининг муҳим йўналиши бўлган жамият аъзоларининг соғлиғини тиклаш катта аҳамиятга молик масалалардан ҳисобланади. Айни мақсадда МБ ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан Товоқсой, Олтиариқ, “Тошмаъданлисув”, Семашко, Юрак ва асаб хасталикларини даволаш сиҳатгоҳларига 1504 дона йўлланмалар ажратилган.  Қолаверса, жамият томонидан 25521 нафар кишига  139 млн. 544 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

         МБга келиб тушган хатлар, ариза ва шикоятлар ҳамда уларга ёзилган жавоблар жамият фаолиятида  муҳим ўрин тутади. Ўтган беш йилликда МБга тизимдаги ва бошқа ташкилот ҳамда муассасалардан турли масалалар бўйича жами 2074 та ёзма мурожаатлар бўлган. МБ аппарати томонидан эса 2305 та хат тайёрлаб жўнатилган. Маъруза якунида таъкидланишича, жамиятнинг турли жабҳаларида ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар залвори камайган эмас. Зеро, бутун республика миқёсида кўзи ожизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини  ҳимоя қилиш, дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш билан доимий равишда шуғулланиш лозим.

         ЎзКОЖ МНТК ҳисобот маърузасидан аён бўлишича, ўтган муддат давомида  ЎзКОЖ МБ фаолияти беш марта ҳамда Самарқанд ВБ фаолияти бир маротаба  комиссия аъзолари томонидан текширилган. 2009 йил 1 январь ҳолатига кўра  тизимда  52 та ЎИЧК, 14 та ҳудудий бошқарув, сиҳатгоҳ, иккита дам олиш маскани, “Бир сафда” журнали таҳририяти, “Санъат гулшани” Маданият саройи, “Балиқчи”, “Самарқанд чорвадор”, “Умид кўзи” ёрдамчи хўжаликлари мавжуд бўлган. Ҳисобот даврида I гуруҳ ногиронлари 15528 дан 12893, II гуруҳ ногиронлари 11838 дан 10786, шу жумладан, эркаклар 14247 дан 13965, хотин-қизлар эса 13191 дан 9714 нафарга камайганлиги  кузатилади.

         Тафтиш натижалари шуни кўрсатадики, ЎзКОЖ МБ томонидан ЎИЧКларимизга “Ўзпахтасаноат” уюшмасидан жами 13750 тонна пахта толаси ва 9000 тонна  линт олиб берилган. Ўтган даврда МБнинг 11 та Пленуми, 46 та Раёсат мажлиси ўтказилиб, турли масалалар юзасидан уларда  658 та қарор қабул қилинган. Шунингдек, жамият раисининг 206 та фармойиши чиқарилган. МБ аппарати ходимлари штат бирлиги 41 тадан  30 штат бирлигига туширилган. Айни муддатда ЎзКОЖ МБ ҳисоб рақами орқали 1 млрд. 524 млн. 920,2 минг сўм кирим, 1 млрд. 521 млн. 152,6 минг сўм чиқим қилинган. МНТК комиссияси хулосасига кўра ЎзКОЖ МБ ҳисобот даврида қониқарли фаолият юритган.

         Юқоридаги маърузалар юзасидан савол-жавоблар жараёнида жамият томонидан сотиб юборилган кўчмас мулклар ҳақидаги ЎзМУ ўқитувчиси Д.Султоновнинг саволига ЎзКОЖ раиси вазифасини бажарувчи А.Абдунабиев биргина 2008 йилнинг ўзида 570 млн. сўмлик бино ва иншоотлар сотилгани,  МБ қарорига биноан улардан тушган маблағнинг 60 фоизи  МБ, 40 физи эса мулкка эгалик қилувчи ташкилот ихтиёрида қолдирилиши лозимлигини маълум қилди.

Самарқанддаги кўзи ожиз болалар махсус интернат-мактаби ўқитувчиси Л.Алимуҳаммедов кўзи ожиз фарзандларимизнинг бугунги таълими ва уларнинг соғлом кишилар орасида ўз ўринларини топа олишлари борасида қандай имкониятлар яратилаётганлиги ҳақида савол билан мурожаат қилди.

А.Абдунабиев жавоб тариқасида Тошкент ва Фарғона шаҳарларида  ногиронлар касб-ҳунар коллежлари мавжудлиги, фаолият юритаётган  12 та махсус интернат-мактабларни ҳар йили юздан зиёд ўқувчилар тугатаётгани, махсус таълим муассасаларига эса йилига бор-йўғи 50–60 нафар битирувчиларни ўқишга жойлаш мумкинлигини таъкидлади. Боз устига кейинги пайтларда кўзи ожизларни бошқа ўрта-махсус таълим даргоҳларига қабул қилишда айрим таълим мутасаддилари томонидан турли сунъий тўсиқлар юзага келтирилаётгани ва айни коллежларга ёш авлод кириб ўқишида  чекловлар содир этилаётгани, бу каби муаммоларни Олий таълим ҳамда  Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш  вазирликлари билан  ҳамкорликда ҳал этиш лозимлиги ҳақида гапирди. Эндиликда БМТ Тараққиёт дастурининг АССЕSS лойиҳаси билан алоқалар йўлга қўйилиб, бандлик клублари ташкил этиш, жамоатчи мухбирлар семинар-тренингини ўтказиш, шу жумладан, кўзи ожизларга компьютер сабоқларини бериш борасида келишувлар мавжудлиги ҳақида маълумот берди. 

         Сўнгра кун тартибидаги  дастлабки икки масала юзасидан  мунозаралар бўлиб ўтди. Унда Наманган ВБ раиси К.Шералиев сўзга чиқиб, маърузаларда  танқидий мулоҳазаларга етарли ўрин берилмагани, кўрилаётган масала  ва ечимини кутаётган муаммолар моҳияти яхши очиб берилмагани хусусида тўхталди. Унинг айтишича, биргина ўтган йили сотилган жамият мулки эвазига МБ ҳисоб рақамига 336 млн. сўм тушиши керак бўлгани ҳолда айни маблағнинг тақсимоти борасида маърузада ҳеч нарса дейилмаган.  МНТК маърузаси ҳам ишлаб чиқариш ва маданий-маърифий  соҳалар ҳақидаги  ҳисобот такрорига ўхшаб қолган. Борди-ю, маърузалар жамиятнинг беш йиллик фаолиятини тўғри акс эттирганида унинг фаолияти қониқарсиз деб топилган бўлур эди, дея мулоҳаза билдирди К.Шералиев.

         “Санъат гулшани” маданият саройи директори Б.Ҳожиев қурултойлар оралиғидаги муддатда жамиятнинг жуда кўп асосий воситалари сотиб  юборилганлиги, Тошкент шаҳрининг ўзида  ЎзКОЖга қарашли кўчмас мулкнинг каттагина қисмидан маҳрум бўлинганлиги, Тошкент вилоятида аҳвол бунданда ёмонлиги, айни масалада Тошкент ВБ раҳбариятининг иштироки борлиги, қолаверса, кейинги пайтларда яккаю ягона бўлган сиҳатгоҳимиздан ҳам маҳрум бўлиш эҳтимоли юзага келганлиги, бундай вазият яна давом этиб, МБ раҳбарияти шу йўсинда иш тутадиган бўлса, жамият бор мулкидан айрилиши муқаррарлиги ҳақида куйиниб сўзлади. У турдош жамиятлар тажрибасига мурожаат қилиб, Бутунроссия кўзи ожизлар жамиятида мавжуд мулкни сотиб юборишга  жамият аъзолари ҳам, раҳбарият ҳам қатъиян қарши сиёсат юритаётгани, БКОЖ барча жабҳаларда илғор тажрибага эга экани, бу борада улардан кўп ўрганиш лозимлигини эътироф этиб, тизимимиз фаолиятини шартли равишда қониқарли деб топишни таклиф қилди.

         Косонсойдаги интернат-мактаб ўқитувчиси М.Устабоев 2000 га яқин кўриш имконияти чекланган фарзандларимиз таълим-тарбия олаётган махсус ўқув масканларида етарли шарт-шароит яратилмаганлигига йиғилиш иштирокчилари эътиборини қаратди. Билдирилишича, ушбу даргоҳлар учун давлат таълим стандартлари аниқланмаган. Кўзи ожизларни ўқитиш услублари, дастурлари такомиллаштиришни талаб этади. Ўқув қуроллари етишмовчилиги ҳақидаги мурожаатлар эътибордан четда қолмоқда. Шу боис МБ қошида таълим билан шуғулланувчи махсус бўлим ташкил этиб, унга малакали, билимдон мутахассисларни жалб этиш лозим. М.Устабоевнинг таъкидлашича, ЎзКОЖда спорт соҳасида олиб борилаётган ишлар халқаро мусобақалар, хусусан, паралимпиада талабларига мутлақо жавоб бермайди. Ўқувчилари ҳам фақат шахмат-шашка, енгил атлетика мусобақаларида интернат-мактабда таҳсил олиш жараёнидагина иштирок эта олишади. Лекин улар ушбу масканларни тарк этгач, спортдан анча йироқлашиб қолмоқдалар. Шу боис ЎзКОЖ тизимида ҳам паралимпиадага кирувчи спорт турларини ривожлантириш орқалигина юқори натижалардан умид қилиш мумкин.

         Музокараларда яна Самарқанддаги кўзи ожиз болалар интернат-мактаби ўқитувчиси А.Абдуллаев, Қашқадарё вилоят кутубхонаси директори Д.Чигарёв, Қизилтепа ЎИЧК директори Т.Шарипов,  Хива интернат-мактаби ўқитувчиси Ў.Умиров, Қорақалпоғистон РБ раиси Қ.Шаропов ҳамда Сариосиё ЎИЧК директори Ш.Ҳожиевлар сўзга чиқиб, жамият равнақи учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз, ишлаб чиқаришни яхши йўлга қўйишимиз, юзага келадиган носоғлом муҳитга чек қўйишимиз, кўзи ожизларнинг меҳнат билан бандлик даражасини оширишимиз, кўчмас мулкларни узлуксиз сотиш анъаналарига чек қўйишимиз лозимлигини уқтириб, янги сайланажак раҳбариятга қатъият билан ҳамкорликда ишлаш истагини билдирдилар. Қурултой вакиллари 2004–2009 йилларда ЎзКОЖ МБ томонидан олиб борилган ишларни қониқарли деб топиб, МНТК далолатномасини тасдиқладилар.

         Шундан сўнг ЎзКОЖ Низомига киритилган қўшимча ва ўзгартишлар ҳақида МБ Ташкилий-ижтимоий бўлими бошлиғи А.Алибеков маъруза  қилди. Унинг билдиришича, жамият фаолиятининг барча соҳалари  тегишли Низомда аниқ ва тўлиқ тарзда ифодаланиб, тартибга солинган бўлса, самарали иш юритишга асос бўлади. Тўғри, амалдаги Низомимиз ушбу вазифани имкон қадар бажарди. Аммо ҳозирги тезкор давр бизнинг олдимизга ўзининг жавобини жадаллик билан  талаб қиладиган долзарб масалаларни қўймоқдаки, бу вазифаларни янада мукаммалроқ Низом билан амалга ошириш зарурати туғилаётир. Шунинг учун ҳам ЎзКОЖ МБнинг 2008 йил мартидаги VIII Пленумида 5 кишидан иборат таркибда жамият низомига қўшимча ва ўзгартишларни  тайёрловчи  комиссия тузилди. 

         Бунда комиссия даставвал  жойлардан  амалдаги Низомга киритилиши  зарур деб ҳисобланган таклиф-мулоҳазаларни тўплади.  2009 йилнинг апрель ойига қадар ёзма ва оғзаки равишда 40 дан ортиқ таклифлар тушди. Комиссия томонидан жамиятнинг амалдаги Низоми бандма-банд ўқилиб, муҳокамадан ўтказилгач, таклифлар билан тўлдирилиб, таҳрир қилинди. Низомнинг мазкур таҳрирдаги нусхалари ЎзКОЖнинг ҳудудий бошқарувларига етказилиб, бошқарувлар раҳбариятига ушбу матнга нисбатан фаолларнинг муносабатларини аниқлаш ва улар баёнини комиссияга тақдим этиш топширилди. Иккинчи босқичда жойлардан ҳам 30 га яқин мулоҳазалар билдирилди. Якуний босқичда ҳам Низом матни  ҳавола этилган  фикрлар билан бойитилиб, бандма-банд  таҳрир қилинди ва  яна бир карра тўлиғича имловий, услубий, луғавий жиҳатдан кўриб чиқилди.

         Жамиятнинг амалдаги Низоми 9 боб, 76 банд ва бир неча кичик бандлардан иборат эди. Янги таҳрир давомида унга юздан зиёд қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Хусусан, 7-банд: “Жамият ишида фаол қатнашаётган ва ЎзКОЖ тизимида ҳамда кўзи ожизларга хизмат кўрсатувчи бошқа ташкилот, муассасаларда камида беш йилдан буён ишлаётган кўзи соғлом кишилар, шунингдек, кўриш бўйича III гуруҳ ногиронлари ҳам жамиятга аъзо бўлишлари мумкин”, дея ўзгартирилди.

         9.7-бандда: “Камида беш йил ЎзКОЖ аъзоси бўлган кўриш бўйича I,II гуруҳ ногиронлари туман ва шаҳар ташкилотлари раислигига 25 ёшдан; камида 10 йил ЎзКОЖ аъзоси бўлган кўриш бўйича I,II гуруҳ ногиронлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар бошқарувлари раислигига 30 ёшдан; камида 15 йил ЎзКОЖ аъзоси бўлган кўриш бўйича I,II гуруҳ ногиронлари МБ раислигига 35 ёшдан сайланишлари мумкин”, деган қўшимча ўз аксини топди.

         25.7-бандда: “Жамият қурултойида ЎзКОЖ МБ ва МНТК фаолиятларига  тегишли баҳо бериб бўлингач, янги муддат учун сайловлар бошланиши олдидан ЎзКОЖнинг амалдаги раиси ва жамият раиси ўринбосарларининг ваколатлари буткул тугаган деб ҳисобланади”, дея белгилаб қўйилди.

         27.7-бандда: “Марказий бошқарув ҳузурида жамият фаолиятининг айрим йўналишлари бўйича жамоатчилик асосида вақтли ёки доимий ишлайдиган турли кенгашлар, комиссиялар тузилиши мумкин”, деб таъкидланади.

         43.1-бандда эса: “Зарур ҳолларда таркибида 15 та жамият аъзоси бўлган  корхона, ташкилот, муассасаларда тегишли ҳудудий ЎзКОЖ ташкилотларига  қарашли жамият гуруҳлари ташкил этилиши мумкин. Бундай гуруҳларга юридик шахс мақоми берилмайди”, дея қайд этилган.

         Низомда ўз аксини топган сўнгги Х боб: “Жамият низомига  қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, уни янгидан қабул қилиш тартиби” деб  юритилади. У 77–82-бандларни ўз ичига олган бўлиб, жамият низомига киритиладиган қўшимча ва ўзгартиришларни ёки унинг янги таҳририни тайёрлаш 5 йил муддатга тузилган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи низом комиссияси томонидан амалга оширилади. Комиссия қўшимча ва ўзгартишлар ҳақидаги таклиф-мулоҳазаларни йиғади, умумлаштиради ва таҳлил қилади. Амалдаги низомдан келиб чиқувчи меъёрий ҳужжатлар (йўриқномалар, иш тартиблари ва бошқалар)ни тайёрлаб, ЎзКОЖ МБ Пленуми ва Раёсатига тақдим этади. Тизимда қўлланаётган меъёрий ҳужжатларнинг жамият низомига мувофиқ (номувофиқ)лигини ўрганиб, тегишли хулосалар тайёрлайди. Зарур ҳолларда низомнинг айрим қоидаларини  амалда қўллаш бўйича шарҳ ва тавсифлар беради. Шунингдек, туман ва шаҳар ташкилотлари атамаси маҳаллий ташкилот (МТ)лар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  ташкилотлари жумласи умумий шаклда ҳудудий ташкилот (ҲТ)лар, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар  бошқарувлари атамаси жамиятнинг ҳудудий бошқарув (ҲБ)лари шаклида қўлланилди. Қолаверса, ЎЗКОЖ МБ Пленумини ҳудудий бошқарувларда бўлгани каби йилига камида  бир марта  чақириш мақсадга мувофиқ деб топилди. Бундан ташқари, жамиятдошларимиздан йиғиладиган кириш ва аъзолик бадаллари туман ва шаҳар ташкилотлари ихтиёрида қолдириладиган бўлди. Бир сўз билан айтганда, ЎзКОЖнинг амалдаги низомига кенг қамровли, жамият ҳаётий заруратини акс эттирувчи қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Ушбу жараён шуни кўрсатадики, бу ишлар нафақат кўламдор, балки доимий изчил изланишларни талаб қиладиган фаолиятдир. Шунинг учун ҳам жамият низомига киритиладиган қўшимча ва ўзгартишларни мунтазам ўрганиб, тайёрлаб борувчи, низомга мувофиқ йўриқномалар, иш тартиби ва бошқа меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқувчи доимий фаолият кўрсатадиган комиссияни тузишга эҳтиёж туғилди.

–Умид қиламизки, янги таҳрирдаги низом жамиятимизнинг келгуси йиллардаги равнақи учун ҳуқуқий асос бўлиб қолади, –дея ўз нутқини якунлади А.Алибеков. Қизғин муҳокамадан сўнг низом лойиҳаси қабул қилиниб, бир овоздан тасдиқланди.

Шунингдек, йиғилиш раиси Ҳ.Ғиёсовнинг ЎзКОЖ раиси ва унинг учала ўринбосарлари ваколатлари тугаган деб эътироф этилсин, деган таклифи овозга қўйилди ва маъқулланди.

Жамият раиси лавозимига ЎзКОЖ раиси вазифасини бажарувчи А.Абдунабиев ҳамда Тошкент вилоят бошқаруви раиси Т.Эрматовлар номзодлари қўйилди. Унда  Абдуқаюм Воҳидович Абдунабиев кўпчилик овоз билан ЎзКОЖ раиси этиб сайланди. У ўзига билдирилган ишонч учун қурултой қатнашчиларига самимий миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, жамият яхлитлигини мустаҳкамлаш, ЎИЧКлар кўриш бўйича ногиронларнинг ижтимоий-касбий реабилитацияси асоси бўлиб қолишини таъминлаш, корхоналарни ЎзКОЖнинг асосий молиявий манбалари сифатида сақлаб қолиш, барча жабҳаларда ҳукуматнинг кўзи ожизлар, уларнинг корхона, ташкилот, муассасаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатини татбиқ этишда ЎзКОЖ ролини ошириш лозимлигини таъкидлади. 

*  *  *

А.Абдунабиев 1959 йил Тошкент шаҳрида туғилди. У 1979 йили Тошкентдаги Й.Охунбобоев номли Республика кўзи ожиз болалар махсус интернат-мактабини аъло баҳолар билан тамомлаб, Тошкент Давлат Халқ хўжалиги институтининг талабалари сафидан ўрин олди. 1983 йил айни институтнинг Саноатни режалаштириш бўлимини имтиёзли диплом билан тугаллаб, иқтисодчи мутахассислигига эга бўлди.

А.Абдунабиев худди шу йили ЎзКОЖ Тошкент ЎИЧКда оддий ишчи сифатида ўз меҳнат фаолиятини бошлади. Кейинчалик ишчанлиги ва касбий салоҳиятини намойиш эта бориб, 1986 йили МБ йўлланмаси билан Бутунроссия Кўзи Ожизлар Жамиятига қарашли Малака ошириш институтининг директорлар тайёрлаш бир йиллик курсида таҳсил олди. 1988 йилдан комбинатнинг маданий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари, 1997 йилдан Касаба уюшма қўмитаси раиси, 1999 йилдан цех бошлиғи, 2000 йилдан корхона директори лавозимларида ишлади. У 2002–2004 йилларда ЎзКОЖ босмахонасига, 2004 йилдан 2009 йилнинг июлигача Тошкент шаҳар бошқарувига раҳбарлик қилди.

*  *  *

Мажлисда 35 кишидан иборат МБ аъзолари сайландилар. Эътиборингизга улар рўйхатини ҳавола қиламиз: А.Абдунабиев – ЎзКОЖ МБ раиси, А.Абдукаримов – Андижон ЎИЧК директори, А.Алибеков – ЎзКОЖ МБ Ташкилий-ижтимоий бўлими бошлиғи, О.Аҳмаджонов – Самарқанд ВБ раиси, Ҳ.Боқиев – Косон ЎИЧК директори, Ш.Валиев – Хоразм ВБ раиси, Х.Жўраева – ЎзКОЖ Пастдарғом ТТ раиси, А.Иномов – Жиззах шаҳридаги кўзи ожизлар маданият уйи директори, О.Комилов – Қашқадарё ВБ раиси, Қ.Мирзааҳмедов – ЎзКОЖ МБнинг Фарғона водийси бўйича минтақавий вакили, А.Мирҳамидов – “Бир сафда” журнали бош муҳаррири, Э.Норпўлатов – Сурхондарё ВБ раиси, Ж.Отақориев – Наманган ЎИЧК директори, Ҳ.Пўлатов – Қаршидаги  кўзи ожиз болалар интернат-мактаби ўқитувчиси, Ж.Раҳматов – Бухоро ВБ раиси, З.Ризаев – Навоий ВБ раиси, А.Собиров – ЎзКОЖ МБ раисининг 1-ўринбосари, Д.Султонов – ЎзМУ ўқитувчиси, Д.Тўраниёзова – Хўжайли ЎИЧК директори, Т.Шарипов – Қизилтепа ЎИЧК директори, Қ.Шаропов – Қорақалпоғистон Республика бошқаруви раиси, К.Шералиев – Наманган ВБ раиси, Ш.Шофайзиев – Тошкент шаҳар бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи, С.Эргашева – Жиззах ВБ раиси, Т.Эрматов – Тошкент ВБ раиси, Т.Юсупов – Андижон ВБ раиси, С.Ўринов – Ғиждувон ЎИЧК директори, С.Қодирова – Сирдарё ВБ раиси, М.Қўзибоев – Фарғона ВБ раиси, А.Қўлдошев – Фарғона ЎИЧК директори, Б.Қўчқоров – Ҳазорасп туман 8-умумтаълим мактаби логопед ўқитувчиси, Ҳ.Ғиёсов – Тошкент чўтка ЎИЧК директори, В.Ҳалимов – Сирдарё ЎИЧК директори, Б.Ҳожиев – “Санъат гулшани” Маданият саройи директори, Ш.Ҳожиев – Сариосиё ЎИЧК директори.

Шунингдек, Қаршидаги кўзи ожиз болалар интернат-мактаби директори  Қ.Ҳақбердиев бир овоздан МНТК раиси, Термиз шаҳар ногиронлар маркази ўқитувчиси Н.Боймуродов, Навоий ВБ раиси ўринбосари С.Йўлдошев, Бўстонлиқ ТТ раиси Х.Нурматова, Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси директори  Д.Чигарёвлар эса МНТК аъзолари этиб сайландилар.

Қурултой якунлангач, ЎзКОЖ МБнинг I ташкилий пленуми бўлиб ўтди.  Унда ЎзКОЖ МБ Раёсати аъзолигига А.Абдунабиев, А.Мирҳамидов, Э.Норпўлатов, Ҳ.Пўлатов, А.Собиров, К.Шералиев, Т.Шарипов, Т.Юсупов, Ҳ.Ғиёсовлар сайландилар. Шунингдек, А.Алибеков, А.Мирҳамидов, Ҳ.Пўлатов, Д.Султонов ҳамда А.Ҳасановлардан иборат доимий Низом комиссияси тузилди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш