БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Жорий йилда бўлиб штган МБ Раёсатининг илк йиғилишида ушбу сайловларнинг умумий натижалари таҳлил қилинар экан, бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари белгиланди. 

Аён бўлишича, баъзи ташкилий ва молиявий сабаблар туфайли Навоий вилоятида ҳисобот-сайлов йиғилишлари декабр ойининг сўнгги саналарида, Фарғонада эса жорий йил бошида якунига етказилган. Жойларда ўтган айни тадбирларда 22807 нафар ЎзКОЖ аъзосидан 12148 нафари, яъни уларнинг 54,5 фоизи қатнашиши таъминланган. Жамият аъзоларининг сайловларда иштирок этиш даражаси Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Наманган вилоятларида анча юқори, аксинча, Қорақалпоғистон, Фарғона, Самарқанд ҳудудларида бироз паст натижани ташкил қилган. Амалдаги ЎзКОЖ Уставига мувофиқ, Андижон ВБ томонидан жамият аъзоларини тўплаш имкони бўлмаган айрим туманларда вакиллар йиғилиши ўтказилган.

Навбатдаги муддатга сайланган 184 та МТ раисларининг 20 таси илк бор ушбу масъул вазифани ўз зиммасига олди. МТ етакчиларининг 149 нафари эркаклар, 35 таси аёллардан таркиб топган бўлиб, уларнинг аксарият қисмини 30 – 50 ёш оралиғидаги кишилар ташкил этади. Шунингдек, маҳаллий ташкилот кенгаши (МТК) аъзолигига лойиқ кўрилган жами 899 нафар номзоднинг 183 таси ушбу жамоатчилик ишига биринчи маротаба жалб этилган шахслар ҳисобланади. Таассуфки, Самарқанд, Фарғона, Сирдарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида МТК аъзолигига биронта янги номзод сайланмаган. ЎзКОЖ МТК вакилларининг 676 нафари эркаклар, 223 таси аёллардан иборат бўлиб, улар орасида ёшларнинг улуши бир мунча камлиги кузатилади. Хусусан, Тошкент шаҳри бўйича 54, Навоий ҳудудида 35 нафар МТК аъзолари ичида 1 тадан, Тошкент вилоятида 90 нафардан 7 та вакил ёшлар ҳиссасига тўғри келгани эътирозга лойиқдир. Ҳисобот-сайлов йиғинларида назорат-тафтиш комиссияси (НТК) аъзолигига 546 нафар номзод сайланган. Шулардан 153 таси аёллар, 393 нафари эркаклар эканини қайд этиш мумкин.

Йиғилишлар давомида ЎзКОЖ тизимидаги узоқ йиллик самарали меҳнати учун жами 4180 нафар жамият аъзоси тегишли МТ ва ҳомийлар ҳисобидан 37 млн. 812260 сўм миқдоридаги совғалар билан тақдирландилар. Таассуфки, Хоразм, Сирдарё ва Қорақаплпоғистон ҳудудларидаги МТлар томонидан кўзи ожизларни моддий рағбатлантириш ишлари амалга оширилмаган. Ҳисобот-сайлов йиғилишларида жами 558 нафар жамият аъзоси навбатдаги ЎзКОЖ ҳудудий конференцияларига делегат этиб сайландилар.   Бир сўз билан айтганда, МТларда кечган ҳисобот-сайлов жараёни ЎзКОЖнинг амалдаги меъёрий ҳужжатлари талаблари асосида ташкил этилиб, ушбу мақсадлар йўлида аксар қисми ҳомийлик ёрдамларидан таркиб топган жами 89 млн. 128167 сўм маблағ сарфланган.

Раёсат қарорига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқарувлари раисларига белгиланган муддатга қадар МТларда ўтказилган сайлов натижаларини ҲБ Раёсат мажлисларида атрофлича таҳлил қилиш, бу борадаги ҳисоботларда аниқланган нуқсонларни бартараф этиш ҳамда ҳудудий конференцияларнинг ташкиллаштирилишида   камчиликларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, шунингдек, янги муддатга сайланган ТТлар раислари ҳақида ЎзКОЖ МБга тўлиқ маълумотларни етказиш, МБ кадрлар бўйича катта нозири Д.Убайдуллаевага эса ташкилий-ижтимоий бўлим билан биргаликда барча МТлар етакчиларига доир электрон маълумотлар базасини шакллантириш вазифалари топширилди.

МУҲИМ ВАЗИФА ЕЧИМИ САРИ

         Кўзи ожизларни таълимга жалб этиш ЎзКОЖнинг асосий вазифаларидан бири саналади. Ушбу жараён уларнинг брайль ёзуви бўйича саводхонлигини таъминлашдан бошланади. Маълумки, мустақиллик йилларида юртимиздаги умумтаълим муассасаларида ёш авлодни лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида ўқитиш йўлга қўйилди. Ўз навбатида айни ислоҳот республикамиздаги кўзи ожиз болалар интернат-мактабларида ҳам босқичма-босқич жорий қилинди. Аммо брайль тизимидаги лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг мукаммал тарзда ишлаб чиқилмагани, натижада ясси ҳамда брайль шрифтларида мазкур янги алифбонинг қўлланиши борасида жиддий фарқланишлар юзага келгани баъзи муаммоли ҳолатларнинг ўртага чиқишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, МБ Раёсатининг навбатдаги йиғилишида брайль ёзувидаги янги ўзбек алифбосини стандартлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада билдирилган таклифларга мувофиқ келгусидаги муҳим вазифалар белгилаб олинди.

         Таъкидланишича, 1998 йилда ЎзКОЖ ташаббуси билан бўртма нуқтали кирилл ёзувини лотин графикасига ўгириш масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда МБ масъуллари, Тошкент ва Қашқадарёдаги махсус интернат-мактаблар етакчи педагогларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ёш авлоднинг яқин ўтмишда нашр этилган брайлча ўқув адабиётларидан фойдаланиш имкониятини сақлаб қолиш мақсадида тўла лотинлашмаган ва бутунлай кириллчадан воз кечилмаган оралиқ вариантдаги махсус ёзув ишлаб чиқилган. Яъни амалдаги кирилл алфавитидан “е”, “ё”, “ю”, “я”, “ц” ҳарфлари ва юмшатиш (ь) белгиси тушириб қолдирилган, “э” ҳарфи “е”, айириш белгиси (ъ) эса тутуқ (‘) белгиси шаклида ифодаланган жами 29 ҳарфдан иборат брайлча лотин ёзуви амалиётга татбиқ этилган. Бироқ у муайян меъёрий ҳужжат асосида тегишли давлат идоралари тасдиғидан ўтказилмаган. Маълумки, ҳар бир халқ ўз миллий қадриятлари, ўзига хос ёзув тизимига эга. Брайль шрифти ҳам ҳар бир миллат алфавитига мос тарзда дунё миқёсида турлича шаклда қўлланади. Ҳозирда компьютерда мустақил иш юрита оладиган кўзи ожиз ёшларимиз брайль ёзувидаги ўзбек алифбосини тўлиқ лотинлаштириш ғоясини илгари суришмоқда. Чунки ясси лотин ёзуви билан амалдаги брайль ҳарфларининг ўзаро номутаносиблиги натижасида электрон маълумотлардан махсус дисплей ёрдамида бевосита фойдаланувчи кишига компьютердаги овозли дастурнинг матндаги сўзларни тушунарсиз, нотўғри талаффузда етказиши муаммо туғдиради. Айтиш жоизки, аксарият кўзи ожиз ёшларимиз ёзма нутқида имло қоидалари, аниқ ва табиий фанларга оид белгиларнинг қўлланилишида ҳам турли тафовутларни кузатиш мумкин. Ваҳоланки, дунё миқёсида математика, геометрия, мусиқа ва бошқа соҳаларга оид брайлча белгилар стандарт шаклда юритилади. Шундай экан, келгусида юртимизда уларни тўплаш, меъёрий ҳужжатларда акслантириш ҳамда назарий қўлланма сифатида кўзи ожизлар интернат-мактаблари ўқув амалиётига татбиқ қилиш, дарсликларни шу асосда чоп этиш лозим.

         Раёсат қарорига мувофиқ, брайлча лотин ёзувининг қўлланиш амалиётидаги мавжуд муаммоларни ўрганиш, умумлаштириш ва ушбу ёзувни стандартлаш мақсадида МБ қошида ЎзКОЖ раиси ўринбосари Д. Султонов, “Бир сафда” журнали бош муҳаррири А. Мирҳамидов,  Қашқадарё ВБ раиси Ҳ. Пўлатов, “Ёғду” нашриёти бош муҳаррири Р. Аббосхонов, Республика таълим маркази мутахассиси И. Ҳакимов, Тошкент шаҳридаги ногиронлар касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Н. Санатова, пойтахтдаги кўзи ожизлар интернат-мактаби математика фани муаллимаси И. Жўраева, филология фанлари доктори, профессор С. Содиқов, Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти доценти Ў. Расулов ҳамда филология фанлари номзоди М. Қурбоновалардан иборат жамоатчилик комиссияси тузилди. Унинг доирасида брайль тизимида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш ва стандартлаш, аниқ ва табиий фанлар, мусиқага оид махсус белгиларнинг халқаро меъёрлар даражасида бўлишини таъминлаш, мазкур йўналишда ноширлик ва матбаа ишларини юритиш бўйича ишчи гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш юзасидан аниқ чоралар белгиланди. Юқоридаги комиссия аъзолари томонидан жойлардаги мутахассислардан олинган таклиф ва тавсиялар асосида брайлча лотин ёзувининг стандарт ҳолда қўлланилиши бўйича якуний хулосалар тайёрланиши, шунингдек, унинг такомиллашган варианти расмий равишда тасдиқланиши учун МБ раҳбарияти орқали ЎзР Халқ таълими вазирлиги ҳамда бошқа дахлдор идораларга тақдим этилиши зарур. МБ Ташкилий-ижтимоий бўлим бошлиғи Ш. Ёрмуҳаммедов зиммасига айни масала бўйича жамоатчиликдан келиб тушган таклифларни умумлаштирган ҳолда комиссия муҳокамасига киритиш, ишчи гуруҳларининг соҳа вакиллари билан алоқаларини мувофиқлаштириб бориш, қолаверса, бу борада меъёрий ҳужжатларнинг қатъий тартибда юритилишини таъминлаш мажбурияти юклатилди.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш