БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Биз қуйида Сурхондарё вилоятидаги ЎзКОЖ маҳаллий ташкилотларида ўтган ҳисобот-сайлов йиғилишлари натижаларига бир қур назар ташлаш асносида 2008 – 2013 йиллар давомида мазкур ҳудудда жамият аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, реабилитация қилиш борасида бажарилган ишлар хусусида сўз юритмоқчимиз.

         Ҳисоботларга кўра, 2009 – 2012 йиллар оралиғида Сурхондарё ВБ ҳамда айрим МТлар қошида 4 та шўъба корхонаси ташкил этилиб, уларда 28 та кўриш имконияти чекланган кишининг иш билан бандлиги таъминланган. Айни муддат ичида янгитдан иш ўрнига эга бўлган  кўриш бўйича ногиронлар сони 63 тага ўсгани ҳолда охирги 5 йил мобайнида воҳада ЎзКОЖ тизимида ва  жамиятдан ташқарида меҳнат қилувчи кўзи ожизлар сони 28 нафаргагина ортган. Буни ҳудуддаги Термиз ва Сараосиё корхоналарида кўплаб иш ўринларининг қисқарганлиги билан изоҳлаш мумкин. Демак, ЎИЧКларимизни замонавий ишлаб чиқариш технологиялари билан таъминлаш, уларда кўзи ожизларнинг меҳнатда машғуллик даражасини ошириш муҳим вазифалардан саналади.

         2003 – 2008 йилларда МТлар томонидан вилоятда яшовчи кўриш ногиронларининг 138 нафарига 12 млн. 632 минг 200 сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган бўлса, кейинги 5 йилликда айни мақсад учун 1015 нафар кишига 48 млн. 305 минг 354 сўм маблағ сарфланган. Жамият аъзоларининг соғлиғини мустаҳкамлаш учун эса воҳадаги туман (шаҳар) ташкилотлари таққосланаётган даврнинг дастлабкисида 201 нафар кишига сиҳатгоҳ йўлланмалари ажратган. Кейинги даврда ушбу кўрсаткич 271 тага етган. Шу билан бирга, ўтган 5 йил давомида жамият қуйи ташкилотлари фаолиятига йўналтирилган ҳомийлик маблағлари миқдори 110 млн. 836 минг 941 сўмни ташкил этган. 2003 – 2008 йилларда Сурхондарёдаги ЎзКОЖ МТлари томонидан 32 минг 939 нафар кишини қамраб олган 945 та, кейинги 5 йилликда эса 36 минг 260 қатнашчини жамлаган 1307 та маданий-маърифий, спорт тадбирлари уюштирилган. МТларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масаласига келсак, ҳозирда вилоятдаги ЎзКОЖ Денов, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Жарқўрғон туман ташкилотлари офислари замонавий мебеллар, техника воситалари билан таъминланган. Айни пайтда 6 та қуйи ташкилот ўз фаолиятида компъютер хизматидан бевосита фойдаланмоқда. Аммо аксарият ТТларда маҳаллий ҳокимликлар, тадбиркорлар, дахлдор идора ва муассасалар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмаганлиги, натижада молиявий ресурсларнинг етарли эмаслиги туфайли тегишли биноларни таъмирлаш, зарур жиҳозларга эга бўлиш қийинчилик туғдирмоқда.

         Шу ўринда Сурхондарё вилоятидаги ЎзКОЖ МТларида ўтказилган сайлов жараёнлари натижалари хусусида қисқача тўхталсак. Ҳисоботларга кўра, ҳудудда 2008 йилга нисбатан 2013 йилда жамият аъзоси ҳисобланган сайловчилар умумий сони 137, ушбу жараёнларда иштирок этганлар 54, маҳаллий ташкилот кенгаши (МТК) аъзолигига сайланган 30 ёшгача бўлганлар 5, назорат-тафтиш комиссия (НТК)лари аъзолигига лойиқ кўрилган ёшлар 4, олий маълумотлилар 12, вилоят конференциясига вакиллар орасида олий маълумотлилар сони 12 нафарга ортган. МТК ва НТК аъзолиги ҳамда вилоят конференциясига сайланган вакиллар 164 тага тенг бўлиб, уларнинг 36 нафарини аёллар ташкил қилади. Вилоятда умумий жамият аъзоларининг салкам 40 фоизи хотин-қизлардан таркиб топганлигини инобатга олсак, юқоридаги рақам ҳудудда яшовчи кўзи ожиз аёллар жамият ишига етарли даражада жалб этилмаганини англатади. Шунингдек, воҳада истиқомат қилувчи 264 нафар 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ЎзКОЖ аъзоси сифатида МТлар томонидан рўйхатга олинган бўлса-да, уларнинг 24 нафари, яъни бор йўғи 10 фоизи жамиятнинг турли тузилмаларига сайланган кишилардир. Шундай экан, яқин 5 йилликда Сурхондарё ВБ ва унга қарашли МТлар фаолиятида кўпроқ ёшлар ва аёллар фаоллигига эътибор қаратиш асосий вазифалардан бири десак, янглишмаймиз.

         Ҳисобот-сайлов жараёнлари нафақат муайян даврдаги иш самарадорлигини баҳолаш ва янги муддат учун масъул лавозимларга муносиб номзодларни саралаб олишни, балки намунали фаолияти билан кўпчиликнинг ҳурмат-эътиборини қозонган жамият аъзоларини моддий рағбатлантириш каби мақсадларни ҳам кўзлайди. Сурхондарёда кечган сайлов йиғилишларида ушбу хайрли ишлар ёрқин тарзда намоён бўлди. Жумладан, анжуманлар якунида тақдирдошларимиз учун тўкин дастурхонлар безатилиб, 81 нафар кўриш бўйича ногирон тегишли МТларнинг пул мукофотлари билан тақдирланди. Айни мақсадлар учун жамият ташкилотлари ҳисобидан 3 млн. 988 минг сўм, ҳомийлар томонидан эса 11 млн. 911 минг сўм маблағ сарфланди.

Мухтасар қилиб айтганда, Сурхон воҳасида яшовчи 18 дан 82 ёшгача бўлган кўзи ожизлар иштирокидаги навбатдаги ҳисобот-сайлов йиғилишлари кўтаринки руҳда, очиқлик ва ошкоралик тамойили асосида ўтказилди. Уларни ташкиллаштиришда Сурхондарё вилоят ҳокимлигининг махсус йиғилиш баёнига мувофиқ ҳудуддаги тегишли идора, ташкилот ва муассасалар вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган дастур бўйича қизғин иш олиб борилди. Ҳа, ҳамкорликда гап кўп. Мақсадлар, марралар аниқ, аммо йўл нотекис, олис. Бунда барчанинг ўзаро ҳамжиҳатликда нурафшон манзилларни кўзлаб дадил одимлаши талаб этилади.

                   Оксана ХУШВАҚТОВА, Фуқаролик жамияти

шаклланишини мониторинг қилиш мустақил

институти Сурхондарё вилоят бўлими етакчи мутахассиси.

Юлдуз БОЙХОНОВА, ЎзКОЖ Сурхондарё ВБ йўриқчиси.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш