БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Аёлнинг ҳассос қалби ҳам бир қур нигоҳ ташлаган кишига ўзидаги ажиб манзаралар, эврилувчан ҳолатлар, ҳиссиёт кенгликлари-ю меҳр-муҳаббат юксакликларини намойиш қилади. Аёл қалбида зоҳир ҳақиқатларни кашф этиш, туйғулар маънисини англаш, жумбоқларни ечиш йўлида мудом бош қотирадилар. Биз қуйида жамиятимиз фаол аёлларидан бирининг фаолияти-ю шахсияти мисолида мавзуга чизажак чизгилар ҳам бу борадаги кичик бир уриниш бўлса не ажаб. Қолаверса, шу орқали тизимимиз иқтисодий салоҳиятини оширишга ўз ҳиссасини қўшаётган пойтахт корхонасида олиб борилаётган кенг кўламли амалий саъй-ҳаракатларга-да сизнинг диққатингизни қаратмоқчимиз. 

ФАОЛИЯТДА КЕЧА ВА БУГУН

         ЎзКОЖ МБ кадрлар бўлими бошлиғи вазифасида ишлаган Гулбаҳор Қосимова 2010 йил сентябрида раҳбариятнинг катта ишончи билан Тошкент шаҳридаги Й. Сапаниёзов номли ўқув-ишлаб чиқариш корхонасига директор этиб тайинланди. Бу пайтда унинг қаршисида корхонани муаммолар чангалидан қутқариш, мавжуд қарздорликни бартараф этиш, ундаги иқтисодий вазиятни соғломлаштириш каби қатор залворли вазифаларни бажариш машаққати турарди. У бу мушкулотни азму шижоат ила имкон даражасида енгишга ҳаракат қилди. 2011 йил 20 октябрда МБ Раёсати ушбу корхона билан пойтахтдаги яна бир турдош маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи “Тикув-Зиё-Файз” ЎИЧК фаолиятини бирлаштириш тўғрисида қарор қабул қилди. Натижада 2012 йил 1 февралдан эътиборан Г. Қосимова “Тикув-Зиё-Файз” номи билан юритилиши белгиланган мазкур қўшма ЎИЧК МЧЖни бошқаришга киришди. “Тикув-Зиё-Файз” корхонасининг аввалги аҳволи ҳам қарздорлик, ишлаб чиқаришнинг оқсаши, иш тўғри ташкил этилмагани каби кўнгилсиз ҳолатларни намоён этиши билан талабга жавоб бермасди. Й. Сапаниёзов номли ЎИЧК жойлашган бинода иккала корхонага тегишли барча ишга яроқли дастгоҳлар, бошқа зарур воситаларнинг жамланиши, уларда меҳнат қилувчи ишчи-хизматчиларнинг-да бир жамоа атрофига уюшишига ўхшаш бирлаштириш жараёнига алоқадор воқеликлар юз бергач, Гулбаҳор опа ишни 15 млн. сўм атрофидаги ойлик маошлардан бўлган қарзларни узиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш чораларини кўришдан бошлади. Ўзаро қўшилув натижасида фаолият имкониятлари кенгайган тикувчилик цехида ишлаб чиқариш жараёни секин-аста жадаллашиб, бора-бора маҳсулотлар тури ва сифатида сезиларли ўсиш кузатилди. Ҳозирда бу ерда тўшак, кўрпа-ёстиқ ва уларнинг жилдлари, чойшаб, сочиқ, парда, дастурхон, турли хил иш кийимлари, тиббиёт халатлари сингари талай тикувчилик маҳсулотлари харидорлар буюртмасига асосан ишлаб чиқарилмоқда. Кўзи ожизлар асосан тўшак қавиш, кўрпа-тўшак ва ёстиқларга пахта солиш билан шуғулланишса, бошқа турдаги маҳсулотларни тикиш ва қадоқлаш соғлом ҳамда ҳаракатланиш имкони чекланган ишчилар томонидан бажарилади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, корхонада бугунги кунда умумий ҳисобда 27 нафар ишчи-хизматчи, 2 та касаначи фаолият кўрсатмоқда. Шулардан 17 киши кўриш бўйича ва бошқа тоифадаги ногиронлардир. Кимлар кўз нури, кимлардир қалб қўри билан тайёрлаётган юқоридаги тикув маҳсулотлари сифатлилиги, чиройли кўриниши, замон талабларига жавоб бериши билан харидорлар эътиборини тортмоқда. Ишлаб чиқаришда бундай ижобий самаралар юз кўрсатишида, табиийки, раҳбарнинг изланувчанлиги, маҳсулотлар сифат даражасини ошириш йўлида қатъий интилиши муҳим роль ўйнайди. Шу маънода қаҳрамонимиз қайд этилган сифатларни фаол намоён этиши асносида соҳани имкон доирасида ислоҳ этиш ва равнақ топтириш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Мавжуд имкониятлардан фойдаланиш билан бирга янгиларини излаб топиш, ишда ўсиш мезонлари ва манфаатли ҳамкорлик муносабатлари устуворлик қилишини таъминлаш борасида айрича жонбозлик кўрсатмоқда. Хусусан, хом ашё таъминоти масаласида нафақат тизимга қарашли тузилмалар, балки мато ишлаб чиқарувчи оммавий корхоналар билан ҳам яхши шерикчилик ва ҳамкорлик алоқалари мавжуд. Эътиборлиси, “Тикув-Зиё-Файз” корхонаси маҳсулотларига буюртма берувчилар сони тобора ўсиб борар экан, улар орасида хавфсизлик тузилмалари, турли ўқув даргоҳлари-ю мактабгача тарбия муассасалари, тиббиёт масканлари, меҳмонхона ва оромгоҳларни кўриш мумкин. ЎИЧКнинг турли кўргазма ва корпоратив ярмаркаларда бошқа турдош маҳсулотлар билан бемалол рақобатлаша оладиган тикувчилик намуналарини намойиш этаётгани буюртмачилар сафи кенгайишига туртки бераётганини қайд этиш лозим. Яъни ушбу тикув маҳсулотлари кўпчиликка манзур бўлганидан ҳар хил йўналишдаги ташкилот ва муассасалар билан корхона ўртасида турли қийматдаги шартномалар имзоланмоқда. “Тикув-Зиё-Файз” ЎИЧК МЧЖ томонидан 2013 йилда “Нефтьгазминерал” шўъба корхонаси (қиймати 18 млн. 212 000), Республика Солиқ академияси (4 млн. 727 000), Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги тиббиёт муассасалари (33 млн. 452 400), Республика Олимпия заҳиралари коллежи (81 млн. 166 000), ЎзМУ қошидаги Сирожиддинов номли академик лицей (14 млн.), имконияти чекланганлар учун ихтисослашган Республика касб-ҳунар коллежи (8,5 млн.), турли ҳудудлардаги мактабгача тарбия муассасалари (23 млн.), Тошкент шаҳар касаба уюшмасига қарашли “Гулбаҳор” болалар оромгоҳи (7 млн. сўм) билан ўзаро шартномалар тузилиб, уларнинг ижроси таъминланганини мисол тариқасида айтиб ўтиш мумкин. Жорий йил бошида Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети билан 82 млн. сўмликдан ортиқ маҳсулот тайёрлаб бериш юзасидан йирик келишувга эришилган. 2013 йилда бажарилган салмоқли ишлар ҳисобига йиллик режа белгиланган 120 млн. сўм ўрнига 260 млн. сўм миқдорида ортиғи билан уддаланган. Кўп сонли мижозлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши буюртмачиларнинг кўзи ожизлар фаолиятидан хабардорлик даражаси ортиши ва уларнинг меҳнат маҳсуллари кенг миқёсда эътироф этилишига хизмат қилаётир.

         Пластмасса маҳсулотлари қайта ишланувчи цех фаолияти ҳам буюртмачилар билан ҳамкорлик ва ўзаро келишувлар асосида олиб борилади. Бу ерда тикув цехидаги каби қизғин иш жараёни юз бермаса-да, ҳарқалай вақт-вақти билан тушажак буюртмалар эвазига ишчиларнинг маълум даражада иш билан таъминланиши кузатилади. Яъни ҳамкорлар томонидан у ёки бу пластмасса маҳсулотининг тайёр қолиплари олиб келинган тақдирда кўриш ногиронлари уларни қайта ишлаш амалларини моҳирлик билан бажарадилар. Албатта, цех фаолиятини ривожлантириш учун уни технологик жиҳатдан янгилаш, замон талабига мос равишда тўла қувват билан ишлашини таъминлаш ва шу тариқа буюртмачилар оқими кўпайишига эришиш лозим. Замонавий технологиялар олиб келиниши ва ишлаб чиқаришнинг модернизациялашувига бу йўлда баъзи ҳаракатлар рўй берганини ҳисобга олмаганда ЎИЧКнинг тикув цехида ҳам эҳтиёж мавжуд. Айни заруратни чуқур ҳис қилган Гулбаҳор опа грант танловларида қатнашиш, хорижий шериклар билан ҳамкорлик муносабатлари ўрнатиш масалалари бўйича жиддий шуғулланмоқда. Маълум бўлишича, корхона янги ишлаб чиқариш ускуналари харид қилишда молиявий қўллаб-қувватловга эришиш учун Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонасида шу мақсадда ўтказилувчи лойиҳада ўз бизнес режаси билан иштирок этишга ҳозирланмоқда. Умуман, опанинг ЎИЧК ёруғ истиқболи йўлида амалга оширишни кўзлаган эзгу ният ва хайрли мақсадлари бисёр. Шулардан бири фаолият имкониятларини кенгайтириш орқали янги иш ўринлари яратишдир. Ҳозирги мавжуд шароитда ҳам жамият аъзолари, хусусан, кўзи ожиз ёшларни иш билан таъминлаш масаласи эътибордан четда эмас. Устоз-шогирд анъаналари асосида қавиқчилик ҳунарини қунт билан ўрганган Сардор Расуловга ўхшаш тиришқоқ, ҳаракатчан ёшларнинг ишга қабул қилиниб, улар эгаллаган йўналишларида таҳсинга лойиқ равишда натижалар кўрсатаётгани сўзимизни далиллайди. Муҳими, меҳнатга ташна ушбу инсонлар рағбатини қондириш учун иш жараёни гарчи узилишлар билан бўлса-да, ҳарқалай давомли тарзда кечишини таъминлаш борасида ҳаракатлар изчил олиб борилмоқда.

         Раҳбарият томонидан корхонанинг умумий аҳволини яхшилаш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини рўёбга ошириш масалаларига амалий суратда ёндашилаётгани алоҳида эътиборга молик. Ишлаб чиқариш ва ЎИЧКнинг бир қисми ижарага берилишидан тушган фойда ҳисобидан “Тикув-Зиё-Файз” қўним топган бино маълум даражада жорий, унинг том қисми капитал таъмирдан чиқарилиб, тегишли ҳудудларни ободонлаштириш амаллари бажарилди. Таъмирлаш ишлари учун 25 млн. 875 минг сўм миқдорида маблағ сарфланди. Шу каби ҳаракатлар эвазига бино анчайин яхши кўриниш касб этар экан, жорий йилда ундаги эшик ва дераза ромларини тамоман янгилаш ҳам режалаштирилмоқда. Даромад маблағларидан мақсадли фойдаланилиши доирасида ЎИЧК яна янги офис мебеллари ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди. Унинг интернет тармоғига улангани, ўз электрон манзили ва реклама веб-сайтига эга экани замон билан ҳамқадамликда олға боришга интилаётганидан далолатдир.

Юқорида зикр этилган молиявий тушумлар ишчиларни ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилиш мақсадига ҳам йўналтирилмоқда. 2012 – 2013 йиллар давомида корхона меҳнатчиларига 10 млн. 901 минг сўмлик моддий ёрдам кўрсатилгани, улар учун байрам тадбирлари уюштириш, у ёки бу эҳтиёжларини қондириш йўлида кўмаклашиш амаллари яхши анъана тусини олганини қайд этиш лозим. Дарҳақиқат, Гулбаҳор опа кишиларга яхшилик соғиниб, қалбидаги самимий муҳаббат туйғуларини илиниш билан бирга улардаги эзгулик, гўзаллик, етукликни ҳам кўра билади, инсоний сифатлари камолотидан руҳланади. Айниқса, кўзи ожизларга бўлган муомала-муносабати тенглик, ўзаро яқинлик ва дўсту қадрдонлик руҳида кечиши эътирофга арзигуликдир.

МИННАТДОР ҚАЛБЛАР ИЗҲОРИ

         Биз корхона ишчиларининг жамоа етакчиси Г. Қосимова фаолияти хусусидаги фикрлари билан ҳам қизиқдик:

Қавиқчи Сардор Расулов: – Мен 2011 йилда Тошкентдаги имконияти чекланганлар учун ихтисослашган Республика касб-ҳунар коллежини тугатгач, икки йил давомида ишсизлик муаммоси жабрини чекишимга тўғри келди. Ниҳоят, 2013 йил 28 сентябрда мени “Тикув-Зиё-Файз” ЎИЧК МЧЖга ишга қабул қилишди. Бу ерда мен тажрибали кўзи ожиз ишчилардан, керак бўлса, ажойиб раҳбаримиз Гулбаҳор опанинг ўзидан ҳам қавиқчилик ҳунари сир-асрорларини пухта ўргандим. Гулбаҳор опа менга иш жараёнига тегишли йўл-йўриқларни ўзлаштириш, касбий билим ва кўникмаларни бойитишимда, шу тариқа жамоадошларим орасида ўз муносиб ўрнимни топишимда катта ёрдам бердилар. Айтишим керак, мен қавиш билан бирга кўрпа-тўшак ва ёстиқларга пахта ёки унинг замонавий муқобилларидан керакли миқдорда солиш ишини ҳам бажараман. Белгиланган миқдорда пахта солиниши учун уни тарозида тортиб кўриш, демакки, кўзи соғлом ишчилар хизматидан фойдаланишга эҳтиёж сезилади. Раҳбарият шуни ҳисобга олиб, “гапирувчи” тарози харид  қилиш ҳаракатларига бел боғлаган. Агар махсус тарози келтиришга эришилса, аниқки, биз кўзи ожизлар учун иш жараёнида яхши бир енгиллик юзага келган бўларди.

         Тикувчи Шоира Усмонова: – Мен фаолиятим давомида бир нечта раҳбарлар билан ишлашимга тўғри келди. Улар орасида Г. Қосимова жўшқин ғайрат-шижоати, ишчанлиги ва тиниб-тинчимаслиги билан алоҳида ажралиб туради. Чиндан ҳам Гулбаҳор корхонада иш бир маромда кечиши ва ривожланиши учун доимо интилишда ва ҳаракатда. Унинг корхона манфаатини кўзлаб, ишчилар ғамини чекиб, улар оғирини енгил қилиш йўлида бажараётган эзгу амаллари, ёрдаму эътиборда сахийлиги ҳам кишини мамнун этади. Бизни ҳар бир вазиятда қўллаб-қувватлайдиган, мудом ишдаги қувончу ташвишлар билан яшайдиган бу инсондан ғоят миннатдормиз!

ТАДБИРКОРГА ЮТУҚ ЁР

         Г. Қосимова бошқараётган махсус ишлаб чиқариш тузилмаси ишида хайрли самаралар бўй кўрсатаётгани кенг доирада ҳам эътироф ва муваффақиятларга ноил кўрилмоқда. 2012 йил ноябрида республика миқёсида ўтказилган ижтимоий корхоналарнинг 1-миллий кўргазмасида “Тикув-Зиё-Файз” ЎИЧК МЧЖ муваффақиятли иштирок этиб, диплом билан тақдирлангани мана шундай эътиборли ютуқлардан биридир. Тошкент шаҳар тадбиркор аёллар уюшмаси аъзоси бўлган Гулбаҳор опанинг турли нуфузли тадбирларда қўлга киритаётган натижаларидан ҳам ЎИЧК жамоаси алоҳида фахр туяди. У ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаоллик кўрсатаётган, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аёлларни ислоҳотларга кенг жалб этиш борасида истиқболли лойиҳаларни амалга татбиқ этаётганларнинг бири сифатида ўтган йили “Тадбиркор аёлнинг энг яхши лойиҳаси” республика танловида сертификат билан тақдирланди. Қаҳрамонимиз ЎзР Президенти соврини учун ўтказилган “Ташаббус-2013” кўрик-танлови туман босқичининг фаол қатнашчиси сифатида диплом билан мукофотланган бўлса, “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида бўлиб ўтган “Тадбиркор аёл-2013” танлови шаҳар босқичида фахрли учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Шунингдек, унинг меҳнатлари Тошкент шаҳар истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг фахрий ёрлиғига муносиб кўрилганини қайд этмоқ жоиз. Интилиш ва изланишлар йўлидан чекинмайдиган Гулбаҳор опанинг фаоллик миқёси сиёсий жараёнлар қадар кенгайганки, у Ўзбекистон тадбиркорлар ва ишбилармонлар Либерал-демократик партияси аъзоси сифатида ушбу фирқанинг йиғинларида ҳам иштирок этиб келади. Муҳими, махсус корхона раҳбари масъулиятли ва машаққатли фаолият залворини кўтариши асносида мудом замонавий иш усулларини ўрганиш, янги-янги шериклар билан кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, шу йўсин ЎИЧКни истиқболли ўзгаришлару иқтисодий юксалишларга ошно этиш мақсадлари сари олға интилади. Ўзи билан бир жамоада меҳнат қилаётган фарзанди Фаррух ҳам хайрли ва савобли ишларни олиб боришда опанинг яқин кўмакдошидир.

ЎТГАН КУНЛАР УНУТИЛМАСА...

         Юқоридаги чизгилардан равшанлашдики, қаҳрамонимиз ишга масъулият ва қатъият билан ёндашиши, юксак марралар сари дадил одимлаши туфайли зиммасидаги раҳбарлик вазифасини ўрнак бўларли даражада уддаламоқда. Аҳамиятлиси, у фаолият учун фидойилик ва жонкуярлик, жамоадошларига нисбатан меҳр ва самимият, доимо жўш урувчи эзгулик соғинчи-ю истиқбол умиди ила йўғрилган ажойиб қалб соҳибасидир. Биз унинг корхона келажагига дахлдор хайрли орзулари ушалишига тилакдош бўлган ҳолда Гулбаҳор опа томонидан билдирилган қуйидаги мушоҳадалар ила сўзимизга нуқта қўймоқ истадик. Зеро, бу фикрларда ҳаётнинг текис-нотекис йўлларидан юриш асносида англаб етилган ҳақиқатларнинг айрим кўринишлари мужассам: “Ҳар бир инсон ҳаётда яхши-ёмон кечмишларни кечиради, унинг синов ва машаққатларида тобланади. Бир пайтлар аранг кун кўриб, озига сабр қилиб яшаган киши вақти келиб, тўқчилик ва фаровонликка етишиши, юқори мартабаларга эришиши мумкин. Шундай кезда инсон ўтган кунларини асло унутмаслиги, ўтмишда қолган қийинчилик ва етишмовчиликларга оид умр битикларининг бир сатрини-да хотира дафтаридан ўчириб ташламаслиги лозим. Ана шунда бугунги кунлар қадри ортади, шукроналик ҳисси дилда жўш уради. Яна бир муҳим жиҳати, бойлик ва мансабдан ўзни йўқотиш, кибрга юз тутиш хавфи ортга чекинади. Ниятимиз – мозийга қайтиб, ўтмишни хотирлаб иш кўриш, бугунги давру давронлар доимий эмаслигини ёдда тутиш ва албатта, эртанги яхшиликлардан умидвор бўлиб яшаш саодати барчамизга насиб этсин!”

Нодира ЗОКИРОВА.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш