БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Унда сўз олган МБ Ишлаб чиқариш ва маркетинг бўлими бошлиғи Ш. Алимардоновнинг таъкидлашича, ЎзКОЖ 2013 йилда республика ҳукумати томонидан жамият тизимидаги корхоналар учун яратилган иқтисодий имкониятлар ва солиқ имтиёзлари туфайли Уставда белгиланган мақсад ва вазифаларни бажариш, молиявий-иқтисодий вазиятни яхшилаш борасида бирмунча ижобий натижаларга эришган.

Бугунги кунда жамият таркибида 14 та ҳудудий бошқарув, 3 та ёрдамчи хўжалик, 2 та дам олиш маскани, “Бир сафда” журнали таҳририяти, Юрак ва асаб касалликлари сиҳатгоҳи ҳамда “Санъат Гулшани” маданият саройи фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, мавжуд 48 та ЎИЧК, 35 та шўъба корхонасида ишлаб чиқариш амалиёти йўлга қўйилган. Ўтган йили улар томонидан 23 млрд. 761 млн.  340 минг сўмлик ўрнига амалдаги нархларда 25 млрд. 426 млн. 5 минг сўмлик маҳсулот тайёрланиб, режа 107 фоизга уддаланган.Жумладан, Ғиждувон (1 млрд. 395 млн. 907 минг), Кармана   (1 млрд. 339 млн. 226,1 минг), Нукус (1 млрд. 280 млн. 230 минг) ЎИЧКлари, Тошкент ШБ қошидаги “Тошкент гофра” (1 млрд. 58 млн. 676,2 минг сўм) шўъба корхонаси миллиард сўмликдан ошириб халқ истеъмоли моллари тайёрлашга эришган бўлса, аксинча, Поп, Чирчиқ, Шаҳрисабз, Ёзёвон, Чуст, Чортоқ, Ургут, “Барака”, “Шамс карвон”, “Жиззах саломат”, “Нурафшон зўбр сервис”, “Манғит жозибаси”, “Улуғ мақсад нури” сингари хўжалик субъектлари ишлаб чиқариш режасини бажармай, қолоқликка юз тутган.

2013 йилда корхоналарда миллий кўрпа, тўшак, ёстиқ, ип-калава, нотўқима мато, тикув, чўтка ва пластмасса буюмлари тайёрлаш ортиб бориши натижасида кўзи ожизларни иш билан таъминлаш имкониятлари кенгаяётгани эътиборга моликдир. Йил давомида ЎИЧК ва шўъба корхоналарда рўйхатда турган жами 2172 нафар ишчи-хизматчининг ўртача 1709 нафари, шу жумладан, 1378 та кўзи ожизнинг 1066 нафари тўлиқ иш билан банд бўлган. Тизимда кўриш бўйича ногиронлар иш ҳақи умумий иш ҳақи фондининг 75 фоизини ташкил этиб, корхоналарда ҳар бир ишловчига ойига ўртача 194 минг 323 сўм, ногиронларга эса 195 минг 700 сўмдан иш ҳақи тўланган. Жамият миқёсида яратилган 77 та янги иш ўрнининг 56 таси кўзи ожизлар учун мўлжалланган. ҲБлар ва ТТлар қошида, яъни Тошкент шаҳрида “Қуалитй картон”, Қашқадарёда “Яккабоғ гавҳари”, Бухорода “Шаффоф кўзлар”, Сурхондарёда “Нурли йўл-Ангор”, Наманганда “АТЕКС”, “Диёрим неъматлари” каби шўъба корхоналар ташкил этилиши ҳам бандлик даражасини оширишга муносиб улуш қўшган.

Кейинги йилларда иш ҳақи ва кредиторлик қарзлари ортиб, қолоқлик даражасига тушиб қолган Каттақўрғон, Чўтка, Термиз ЎИЧКларида ҳам ижобий ҳаракатларга қўл урилган. Хусусан, Каттақўрғон корхонасининг молиявий аҳволини барқарорлаштириш мақсадида унинг негизида “Умид Нур Қўрғон” шўъба корхонаси ташкил этилди. Раҳбарият томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Чўтка ЎИЧКнинг 200 млн. сўмлик кредиторлик қарзлари бартараф қилиниб, 2014 йилги маҳсулотлар реализацияси учун 850 млн. сўмлик шартномалар имзоланди. Янги директор саъй-ҳаракати билан Термиз корхонасининг ҳам иқтисоди бирмунча яхшиланди. Бундан ташқари, бозор иқтисодиёти шароитида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун банкдан олинган 379 млн. 600 минг сўмлик имтиёзли кредит ҳамда корхоналарнинг соф айланма маблағлари ҳисобидан Марғилон, “Тикув-Зиё-Файз”, Қува, Қўқон, Чортоқ, “Қалб Нури-Касаначи”, Нукус, Хўжайли, Урганч ЎИЧКларида модернизация ишлари амалга оширилган. Республикамизда ўтказилган кўргазма ва ярмаркаларда муносиб иштирок этган Андижон (500 млн.), Бухоро (200 млн.), “Тикув-Зиё-Файз” (150 млн.), “Қалб Нури-Касаначи” (100 млн.), Кармана ва “НурКож-Пласт” (50 млн. сўмдан) корхоналари 2014 йил маҳсулот реализацияси учун жами 1 млрд. 50 млн. сўмлик шартномалар имзолаган.

ЎзКОЖ тизимида корхона ва ташкилотлар балансида бўлган асосий воситалар, бино-иншоотларни имкон даражасида янгилашга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Шаҳрихон ЎИЧКнинг маъмурий ва ишлаб чиқариш биноси замонавий кўринишда қурилиб ишга туширилган бўлса, Бухоро, “Дизайн-Принт” корхоналарининг бино ва иншоотлари капитал таъмирланган.  Юқоридаги ва Кармана, Қарши, “Тикув-Зиё-Файз”, Жалақудуқ, Хива ЎИЧКларида жами 506 млн. 200 минг сўмлик капитал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Корхоналарнинг молиявий ҳолати хусусида тўхталган МБ бош ҳисобчиси Н. Тойировнинг билдиришича, жамият миқёсида ўтган йили 25 млрд. 222 млн. 384 минг сўмлик маҳсулот, иш ва хизматлар реализация қилинган. Ушбу реализациянинг таннархи 21 млрд. 284 млн. 554 минг сўмга, маҳсулот сотиш рентабеллиги эса 19 фоизга тенг бўлган. Ялпи молиявий даромад 3 млрд. 959 млн. 351 минг сўмни, МБга ажратма ва турли мажбурий тўловлардан кейинги соф фойда 1 млрд. 577 млн. 511 минг сўмни ташкил қилган. Жумладан, Нукус (209 млн. 169 минг), Кармана (179 млн. 689 минг), Ғиждувон (107 млн. 970 минг), “Қалб Нури-Касаначи” (79 млн. 119 минг), “Бест Коттон” (64 млн. 144 минг), Бухоро (47 млн. 72 минг), “Тикув-Зиё-Файз” (44 млн. 795 минг), Б. Қирғизов номли Косонсой (40 млн. 985 минг сўм) корхоналари катта миқдорда соф фойда олишга эришган. Шундай бўлса-да, жамият бўйича олинган ялпи даромаднинг 91 фоизи, хусусан, Поп, Андижон, Қува, Марғилон, Қўқон, Наманган ЎИЧКларининг даромадлари тўлалигича даврий харажатларга сарфлаб юборилган. Нотиқнинг эътирофича, қолоқликка йўл қўйган Қўқон, Урганч, Қарши, Чортоқ, Чуст, “Шербулоқ текстиль” ЎИЧКлари ўз харажатларини айланма маблағлар билан тўлиқ қоплай олмайди. Мазкур корхоналар рентабелликни ошириш, соф фойдани кўпайтириш орқали айланма маблағни шакллантириш чораларини кўришлари зарур.

ЎзКОЖ МБ Ташкилий-ижтимоий бўлими бошлиғи Ш. Ёрмуҳаммедовнинг жамият тизимида ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, спорт-соғломлаштириш ва реабилитация соҳаларида амалга оширилган ишлар юзасидан тайёрлаган маърузасида келтирилишича, 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, мавжуд 184 та маҳаллий ташкилотда рўйхатга олинган 39829 нафар кўзи ожизнинг 23040 нафари жамият аъзоси ҳисобланади. Ҳозирда жамиятдошларимизга бадиий ҳаваскорлик, спорт ва бошқа йўналишлардаги  230 та тўгарак, 209 та турли маданий-маърифий муассасалар хизмат кўрсатмоқда. Жойларда турли хил тадбирлар, жумладан, 122 та кўрик-танлов, 207 та маданий юриш, 165 та спорт мусобақаси ўтказилган. Жамият аъзоларининг соғлиғини тиклаш ва дам олишларини ташкил этиш мақсадида ўтган йили МБ томонидан Янгийўлдаги Юрак ва асаб касалликлари сиҳатгоҳига 145 та, шунингдек, ҳудудий бошқарувлар ҳисобидан сиҳатгоҳларга 112, дам олиш уйларига 189, профилакторийларга 53, болалар оромгоҳига 3, жами 502 та йўлланма тарқатилган.

Грантлар билан ишлаш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, оммавий-ташкилий, спорт-соғломлаштириш йўналишларида ҳам бирмунча ишлар амалга оширилган. Чунончи, Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти томонидан молиялаштирилган грант лойиҳасининг 2-босқичи доирасида Бухоро, Сурхондарё ва Сирдарё вилотятларида қиймати 65000 АҚШ долларига тенг бўлган, Самарқанд вилоятида эса Туркиянинг ТИКА халқаро ҳамкорлик ташкилоти вакиллари иштирокида “Махсус техникавий-дастурий таъминот асосида кўзи ожизлар учун таълимий дастурларни қўллаб-қувватлаш” лойиҳасига мувофиқ 29000 АҚШ доллари миқдоридаги замонавий технологиялар билан таъминланган компьютер ахборот-ресурс марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Бундан ташқари, ЎзР Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган танловларда ғолиб чиққан Қашқадарё ВБнинг иккита грант лойиҳаси молиялаштирилди. Бу борадаги ишлар салмоғини ўтган йиллардаги ҳолат билан солиштирганда бирмунча сусткашлик кўзга ташланади. Шундай экан, жорий йилда ҲБ масъулларидан жамият ҳаётидаги айрим муаммоларни ҳал этишда муҳим молиявий кўмак берувчи грант танловларида қатнашишга жиддий эътибор қаратишлари талаб этилади.

Жамиятдошларимиз иштирокида ҳар йили уюштириладиган анъанавий шахмат-шашка турнири, кўзи ожиз ижрочиларнинг “Қўшиқ-ла кўраман оламни” кўрик-танловларидан ташқари Тошкент Давлат Педагогика Университети раҳбарияти ташаббуси билан пойтахтдаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олувчи кўриш имкони чекланган талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасида армрестлинг, арқонда сакраш ҳамда ҳалқа айлантириш, шунингдек, Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари Касаба Уюшмаси Марказий Кенгаши, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятларининг ҳамкорликдаги спорт мусобақалари, айниқса, Сурхондарёда дзюдо бўйича республика биринчилиги ўтказилгани алоҳида аҳамиятлидир. Юқоридаги тадбирларга ҳамоҳанг тарзда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда жамиятнинг маҳаллий ташкилотлари раислари малакасини ошириш бўйича семинар-тренинглар ҳам ташкил этилганини қайд этиш мумкин. Шу ўринда ўтган йили бўлиб ўтиши  режалаштирилган “Қўлда қалам билан истиқлолни куйлайман” республика кўрик-танлови, кўриш ногиронлари ўртасида футбол мусобақалари ташкиллаштирилмаганини эслатиш жоиз. Йўл қўйилган бундай камчиликлар қайта такрорланмаслиги учун жойлардаги мутасаддилар ўз вазифаларига эътибор билан ёндашишлари зарур.

Йиғилишда яна Марказий назорат-тафтиш комиссияси раиси Қ. Ҳақбердиевнинг ахбороти тингланди. Унда келтирилишича, айни даврда иш билан таъминланган жамият аъзолари сони 3348 нафардан иборат бўлган. ЎзКОЖнинг умумий сарф-харажатлар сметасига кўра, жамият бўйича ўтган йили сиҳатгоҳ йўлланмаларига 70 млн. сўм, ҲБлар дотациясига 61 млн. 451 минг сўм, маданий-маърифий, спорт тадбирларига 16 млн. 345 минг сўм, жамият аъзоларини рағбатлантириш, моддий ёрдам, солиқ ва бошқа турдаги тўловларга ҳам тегишли тартибда маблағ сарфланган. Бундан ташқари, ҳомийлар томонидан жамиятга хайрия сифатида келиб тушган 38 млн. 600 минг сўмлик кийим-кечаклар белгиланган тақсимот асосида ҲБлар ҳамда тизимдаги бошқа ташкилот ва муассасаларга тарқатилган. МНТК тавсиясига мувофиқ эндиликда жамиятдаги раҳбар кадрлар масъулият ва ижро интизомини кучайтирган ҳолда ЎзКОЖ МБ раиси фармойиши ва Раёсат қарорлари бажарилишини таъминлашга жиддий эътибор қаратишлари, тузилган сметалар ижроси устидан назорат ўрнатишлари, иш режаларида назарда тутилган оммавий-ташкилий, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш тадбирларини белгиланган муддатда ўтказишлари лозим.

Пленум кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр билдирган ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиевнинг қайд этишича, тизимимизда кўзи ожизлар учун янги иш ўринлари яратиш, жамият мулкини бойитиш ва шакллантиришда муҳим омил ҳисобланувчи шўъба корхоналар ташкил этилиши ижобий ҳолдир. Айрим ЎИЧКларда даврий харажатлар салмоғи юқори даражада бўлганини эса улардаги эскирган бино-иншоотларни таъмирлаш ёки қайта қуришга маблағ сарфлангани билан изоҳлаш мумкин. Шу боис корхоналар директорлари МБга тақдим этаётган бизнес режаларида таъмирлаш ишлари, ёнғинга қарши чоралар, кузги-қишки мавсумга тайёргарлик масалаларини кўзда тутувчи ҳисоб-китобларни аниқ кўрсатишлари зарур. Бугунги кунда Германия, Туркия халқаро ҳамкорлик ташкилотлари билан жамият ўртасида тузилган меморандумга биноан 9 та ВБ замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланган. Келгусида яна 4 та ҲБ қошида кўзи ожизларга хизмат кўрсатувчи компьютер ахборот-ресурс марказлари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.  

Музокараларда сўзга чиққан Қорақалпоғистон РБ раиси Қ. Шаропов, Андижон ВБ раиси А. Абдукаримовлар Жамиятда соҳаларни ривожлантириш йўлида қатор амалий қадамлар ташланаётгани, кузатилаётган айрим нуқсонли ҳолатларни эса бартараф этиш зарурлигини таъкидлаб, МБнинг 2013 йилдаги фаолиятини қониқарли деб топишни таклиф қилдилар. Наманган ВБ раиси К. Шералиев ва Сариосиё ЎИЧК директори Ш. Ҳожиевлар эса махсус интернат-мактабларни тугаллаган ўқувчиларнинг лицей ва коллежларда таълим давомийлигини таъминлашда, кейинчалик кўриш қобилиятини йўқотганларнинг олий таълим даргоҳларига қабул қилинишида юзага келаётган муаммоларга чек қўйиш, шунингдек, болалар спортини ривожлантириш, талабалар ташкилотини тузиш масалаларига эътибор қаратдилар. Ушбу ҳолатлар юзасидан мутасаддиларнинг маълумот беришича, 2013 йил давомида МБга мурожаат қилган 20 нафардан зиёд талабанинг коллеж ва олийгоҳларга кириш жараёнидаги муаммоларни ҳал этишга кўмаклашилган. Жорий йилда ҳам Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари масъуллари билан ҳамкорликда бу борада ижобий ўзгаришларга эришиш режалаштирилган. Қолаверса, жамиятимизда талаба ёшлар марказини тузиш, болалар спортини ривожлантириш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилади.

Йиғилишда ЎзКОЖнинг навбатдаги ХYI Қурултойи жорий йилнинг 9 – 11 сентябрь кунларида ўтказилиши белгиланиб, бош анжуманда Андижон, Фарғона, Самарқанд ва Қорақалпоғистондан 9, Наманган, Хоразм вилоятлари, Тошкент шаҳридан 7, Қашқадарё, Бухоро, Тошкент вилоятларидан 6, Сирдарё, Сурхондарёдан 5, Жиззах, Навоий ВБларидан 3 нафардан, жами 91 киши ҳудудий конференциялардан делегат сифатида қатнашишига келишиб олинди. Пленум якунида иштирокчилар томонидан ЎзКОЖ МБнинг 2013 йилдаги фаолияти қониқарли деб топилиб, МНТК далолатномаси, тизимдаги назорат-тафтиш комиссияларининг иш тартиби Йўриқномаси  тасдиқланди. 

Қудрат ОЧИЛОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш